Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳозирги замонда одамлар Қуръондан, Суннатдан ҳукм чиқаришга жуда журъатли бўлиб кетишяпти. Ҳамма ўзича фикр билдираверади. Ушбу ҳолатнинг келиб чиқишига айнан ташаддуд йўналиши сабаб бўляпти. Ташаддуд айнан мана шундай фикрлашга чақиради.
Ҳаммага маълумки, Ислом динини одамлар бир-биридан, силсилавий тарзда ўрганиб келишган, дин масаласида доим уламоларга мурожаат қилишган. Булар эса олдиларига Қуръон ва ҳадисларни қўйиб олиб, хоҳлаганича ҳукм олишга уринишади.
Урдунлик бир киши бор, у киши ташаддуд йўналишининг катталаридан бўлиб, уни кўпчилик танийди ҳам. Одамларга қўлидаги иккита китобни кўрсатиб: «Ибн Ҳажарнинг мана шу «Тақрийбут-таҳзиб» ва «Нузҳатун-назар» китобини билган ҳар қандай одам бемалол ижтиҳод қилиши мумкин», дер эди. Энди ўйлаб кўринг, мана шу мафкуралар Ислом шариати кўрсатган йўлга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни эндигина қабул қилган диёрларга Ислом ҳукмларини ўргатиш учун саҳобаларни юборганлари каби услубларга тўғри келадими? Албатта, йўқ. Уларнинг «Биз салафларга эргашамиз», деган гапи ёлғон. Набий алайҳиссаломнинг бирорта ишларида буни қўллаб-қувватлайдиган далил йўқ.
Шу ўринда яна бир муҳим нуқтага эътиборни қаратишимиз керак: тақлид қилиш Набий алайҳиссаломнинг даврларидаёқ бор эди. Улар эса: «Тақлид кейинги асрларда пайдо бўлган, унгача тақлид йўқ эди», деб даъво қилишади. Тақлид Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан буён борлигига мана шу Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳадислари ва шунга ўхшаган бошқа ривоятлар далил бўлади. Қолаверса, Қуръонда: «Зикр аҳлидан сўранглар» деб, тақлидга буюрилган. Бу оятнинг татбиқини Набий алайҳиссаломнинг ўзлари амалда кўрсатиб берганлар. Кўриниб турибдики, тақлид кейинчалик келиб чиққан нарса эмас, балки Исломнинг аввалидан бор бўлган. Бу аслида оддий, ҳамма эътироф қиладиган, ҳар соҳада бор ҳолат. Масалан, тикувчиликни олсак, унинг ҳам ўз мутахассислари бор. Бинокорликда ҳам, савдода ҳам, барча аниқ фанларда ҳам мутахассислар бор, ҳаммалари ўз соҳаси бўйича ижтиҳод қилишади, ихтиролар қилишади, шунинг учун одамлар уларга шу соҳа бўйича мурожаат қилади, саволига жавоб олади.
Шариат илми бу илмларнинг барчасидан кўра кенг илмдир. Шундай экан, қандай қилиб шариат илмида уни чуқур ўрганиб, бошқаларга ўргатадиган, одамлар билмаганини сўрайдиган мутахассислар бўлмасин? Шунинг учун ҳам «ҳар ким ижтиҳод қилишга ҳақли» деган даъво урфга ҳам, ақлга ҳам тескари иш. Ҳар бир одам жамики шариат илмларини ўрганиб, ижтиҳод даражасига етсин десак, зироат билан шуғулланадиган, савдо қиладиган ҳеч ким қолмайди, оқибатда насл узилади, инсонлар ҳалок бўлади. Мана, тақлидни ман қилиш даъвосининг нақадар қабиҳлигига ҳужжат!
Аслида тақлид – барча илмларда жорий бўлган одат. Масалан, бир соҳада баъзилар мутахассис бўлса, қолганлар уларга нисбатан авом халқ ҳисобланади. Ташаддудчиларнинг «Қуръон қўлингда турибди-ку», деган ҳийласи дуч келган одамнинг дин ҳақида хоҳлаганини гапиришига йўл очиб беради. Агар ҳамма ўзича ҳукм олаверса, шариат ўйинчоқ бўлиб қолади-ку! Тўғри, Қуръон қўлимизда, истаган одам уни ўқиб, ваъз-насиҳат, ҳидоят олиши мумкин, лекин шаръий ҳукм олиш учун мутахассисларга мурожаат қилиш керак.
Юқорида айтиб ўтганларимиз саҳобалар даврида ҳам савол сўраб, мурожаат қилинадиган уламолар бўлганига, бизга ижтиҳодни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганларига далил бўлади ва Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини қўллаб-қувватлайди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.