1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

«Аҳли ҳадис» ва «аҳли раъй» истилоҳлари

12:53 / 27 май 762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Аҳли ҳадис» ва «аҳли раъй» деган истилоҳлар қаердан келиб чиққан?

Булар кейинги келган уламоларнинг истилоҳидир. Бу атамалар ҳижрий учинчи асрдан кейин, «Қуръон махлуқми ёки махлуқ эмасми?» деган гаплар чиққанидан кейин пайдо бўлган. Бу атамалар аввалги мақоламизда айтиб ўтганимиздек иккинчи асрга алоқаси йўқ. Бу воқеалар орадан 150-200 йил ўтганидан кейин содир бўлган.

Ўрни келганда айтиб ўтадиган бўлсак, «Қуръон махлуқми ёки махлуқ эмасми» деган фитна чиққан пайтда баъзи мўътазилалар ўзини ҳанафий мазҳабига нисбат бериб юришган. Лекин кейинчалик ўзларини «аҳли ҳадис» деб, ҳанафий мазҳабидагиларни эса «аҳли раъй» дейдиган бўлишди, кейинчалик эса бу ном ҳанафий мазҳабидагиларга умумий ишлатиладиган бўлиб кетди. Кейинги замонлардан бошлаб эса ҳанафийларнинг ўзлари ҳам ўзларига «аҳли раъй» деб нисбат бера бошлашди, чунки улар фиқҳ илмига чуқур киришиб, бу борада олдинга ўтиб кетишган эди. Шофеъий мазҳабидагиларни эса «аҳли ҳадис» дейишар эди, чунки улар ўз мазҳабини ҳадис нақл қилиш устига қуришган.

Хулоса шуки, буларнинг барчаси кейинроқ пайдо бўлган истилоҳлар эди. Лекин мана бундай фикрлайдиганлар пайдо бўлиб, тобеъинлар асрини ташлаб кетишди. Бу ерда уларнинг ташлаб кетиш-кетмаслиги муҳим эмас, лекин муаммо шуки, улар жуда ғариб тушунчада юришибди, «Ҳижоз аҳлида раъй бўлмаган, Ироқ аҳлида эса ҳадис бўлмаган», деб ўйлашяпти. Мана шу хато фикрни деб, Аҳли сунна мазҳабларининг бузилиши келиб чиқяпти. Афсуски, бундай фикрлар кенг қулоч ёзиб, тарқала бошлади.

«Мазҳабларга ҳадис етиб келмаган» деган биринчи фикр билан «Улар аҳли раъй ва аҳли ҳадисга бўлинади», деган иккинчи фикр кенг тарқалгани учун фиқҳий мазҳабларга эътибор йўқолиб, уларга беписандлик пайдо бўлди.

Бугунги кунда ташаддуд ёки таҳаллул йўналишлари томонидан илгари сурилаётган ушбу икки фикр кенг тарқалиши оқибатида ташаддудчилар қилаётганидек, қайтадан суннатга қайтиш ёки таҳаллулчилар қилаётганидек, ақлий раъйга қайтиш келиб чиқади. Эътибор беряпсизми? Афсуслар бўлсинки, одамлар ушбу икки фикрни ўргангани сари мазҳабларга ишончни йўқотишяпти!

Модомики ушбу икки тушунчанинг ҳиссиётларга кўрсатадиган салбий таъсирларидан хабардор бўлдикми, ёшларнинг мазҳабларга нисбатан ишончини йўқотаётганини билдикми, энди ушбу икки тушунчани улоқтириб, тўғри ва илмий тушунча томон боришимиз керак. Ўрганадиган ушбу тушунчаларимиз қалбимиздан чуқур ўрин олса, мазҳабларга ишончимиз яна ортади. Ана шунда ҳеч қачон «Бу ҳақда ҳадис бормикан ё йўқмикан?», «Бунга далил бормикан ё йўқмикан?» деган хаёлларга бормаймиз.

Биз киришмоқчи бўлган мазкур тушунчалар қандай тушунчалар ўзи?

Бу тушунчалар ниҳоятда гўзал мавзудир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган нақл бизгача бир йўл билан келганми ёки бир неча йўллар орқалими?

Масалан, орангиздан кимдадир Ҳафснинг қироатидан ижоза бор. Нима учун у Ҳафснинг ривоятига кўра ўқийди? Нима учун имом Термизийнинг ривоятига кўра ўқимайди? Нима учун имом Абу Довуднинг ривоятига кўра ўқимайди? Кимдир: «Ахир бу ривоят ҳадис ривояти эмас-ку?» дейиши мумкин. Хўш, Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келмаганми? Муҳаддисларнинг наздида имом Ҳафс заиф деб эътибор қилинади. Унда нега мусулмонларнинг деярли 95 фоизи Ҳафс ривоятига кўра ўқийди?

Бир киши: «Бухорийда «бундай талаффуз қилинади», деб келган экан», деса, унга: «Йўқ, йўқ. Бизга Бухорийдан гапирма. Мен қорилардан нақл қилинганига таянаман», деймиз. Нима учун қорилар барча «Сунан» китобларида келган қироатлар борасидаги ривоятларни қабул қилишмайди?

Улар бу саволга шундай жавоб беришади: «Бизда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандай бўлганлиги ҳақида машҳур, мустафиз ва мутавотир далиллар бор. Бизда еттита ёки ўнта машҳур, мутавотир қироат бор. Саҳиҳ тўпламларда қироат ҳақида келган ҳадисларнинг қадр-қиммати олий бўлса ҳам, улар бизга маълум бўлган мутавотир қироатлар даражасида бўла олмайди. Шунинг учун уламолар қироат йўлига таянадилар, «Сунан» китобларида келган баъзи оятларнинг ўқилиш услубига эса таянмайдилар. Бунга бутун уммат иттифоқ қилган. Ҳамма шунга бирдай амал қилади.

Яхшилаб фикр юритинглар. Қуръонни нақл қилишда қориларга хос бўлган йўналишни қабул қилар экансиз, демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган нақл бир йўналишда келмаган экан. Унинг йўналишлари бир нечта экан.

Бугунги кунда ташаддуд йўналиши бизни тушириб қўйган ҳолат мана шудир. Улар: «Биз фақат муҳаддисларнинг йўналишинигина қабул қиламиз», дейишади. Уларнинг баъзилари ҳатто қироат турларини ҳам инкор қилишади, «Қироат илмини ўрганиш бидъат. Саҳобалар ўз лаҳжаларида ўқишган», дейишади. Хўш, биз нима деймиз? «У зотлар қандай ўқиган бўлишса, биз ҳам шундай ўқиймиз», деймиз. Ҳар ким ўзига муяссар бўлган қироатда ўқийди. Ўзини ташаддуд йўналишига нисбат берадиган баъзиларнинг «Қироат илмини ўрганиш бидъат», деганини уларнинг ўз оғзидан эшитганмиз.

Қироатлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган бўлиб, Қуръони Каримни талаффуз қилиш шаклларидир. Бунга бутун уммат ижмоъ қилган, иттифоқ қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига юзланадиган бўлсак, бу сийратга муҳаддисларнинг йўналиши билан ёндашсак, сийрат илмининг мўътабар уламоларидан саналадиган Муҳаммад ибн Исҳоқ роҳимаҳуллоҳ ҳақларида оғир гапларни учратамиз, ҳадис уламоларининг у зотга таъна қилганларини кўрамиз. Агар муҳаддисларнинг ҳукмини сийратга ҳам қўллайдиган бўлсангиз, сийрат таназзулга учрайди, қироатлар таназзулга учрайди.

Тазкия, тасаввуф ва бошқа илмларга юзланадиган бўлсак, уларда Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳга, Алий розияллоҳу анҳуга етиб борадиган, доим лозим тутиладиган одоб ва ахлоқ, тарбия каби нақл қилинадиган йўналишлар борлигига гувоҳ бўламиз. Агар уларнинг гапига биноан бу илмни ҳам ташлайдиган бўлсак, қалбимизни поклаш, ахлоқимизни чиройли қилиш учун керак бўлган тазкиявий ва тарбиявий илмни ҳам таназзулга учратган бўламиз.

Эътибор беряпсизми? Агар биз ҳам мана шу йўналишда бўлсак, яъни нақл фақат бир йўл билан келган, деган тушунчада бўлсак, исломий илмларнинг катта қисмини таназзулга учратган бўламиз.

Яна ўз мавзуимизга қайтадиган бўлсак, фақиҳларнинг ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган хос йўналиши бор. Айтмоқчи бўлган ушбу фикрларимиз мавзуимизга бевосита алоқадор бўлиб, бир мазмунда бирлашади.

Бу умматга мерос бўлиб, бизгача етиб келган нақл йўналиши бор. Абу Юсуф Абу Ҳанифанинг олдига келиб: «Фалон масала ҳақида ҳадис келганми?» деб сўрар эдилар. Абу Ҳанифа: «Бу борада фалон ҳадис келганини биламан», дер эдилар. Лекин асҳобларимиз бунга амал қилишмаганини, яъни Кўфа аҳли авлоддан-авлодга нақл қилишда юқоридагининг хилофини қилганини кўрамиз. Уларнинг табақама-табақа нақл қилишлари ниҳоятда машҳур ва мутавотир бўлиб, оҳод ҳадисларни нақл қилиш бундан заифроқдир. Мени Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган йўлга олиб борадиган нарса (яъни мутавотир амалга таяниш) сиз айтаётган нарсалардан (яъни саноқли санадлар орқали келган ҳадисларга таянишдан) кучлироқдир. Шу билан бирга, мен иккинчи йўлга ҳам таянаман.

Юқоридаги сўзимизга мисол келтирадиган бўлсак, Кўфа ҳижрий 17 йилда фатҳ қилинган. Бу фатҳда ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу амир бўлганлар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу катта саҳобалардан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари эдилар. Шак-шубҳа йўқки, Кўфа аҳли у зотдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб суннатларини ўрганган.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Аммор розияллоҳу анҳу билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни Кўфага жўнатганлар. Аммор розияллоҳу анҳу Кўфага амир бўлганлар, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса қози ва муфтий бўлганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфада баъзиларнинг айтишича, 10 йилдан кўпроқ яшаганлар, баъзилар 10 йил, баъзилар 11 йил турган, дейишган. У зот ана шу ўн йил мобайнида фақат таълим берганлар, фатво ва қозилик билан шуғулланганлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бешинчи ёки олтинчи бўлиб мусулмон бўлган зотлардан ҳисобланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибн Умму Абд рози бўлган нарсага умматим учун рози бўлдим», деганлар. Ибн Умму Абд Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир.

Имом Тобарий айтганларидек, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳучалик шогирдлари кўп бўлган, сўзлари ёд олинадиган зот йўқ эди». Демак, имом Тобарий гувоҳлик берганларидек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу энг кўп шогирд етиштирган, фатволари энг кўп ёд олинган саҳобалардан эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ана шундай олий, улуғ даражага эришган эдилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтганларидек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошқарувда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг кўп ўхшайдиган зот эдилар. Ана шу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек улуғ, буюк олимнинг барча илмларини уламолар Кўфа аҳлига сўз орқали ҳам, амал орқали ҳам нақл қилишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳижрий 32 йилда Мадинада вафот этгач, Кўфага ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу келадилар. У зот келиб, Кўфа аҳлининг Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан олган таълим даражасини кўргач, Мадинага қайтиш ўрнига Кўфада яшаб қолганлар. У зот халифаликни қабул қила олишда Мадина аҳлидан Кўфа аҳлининг устунлигини ва бунга қодир эканини кўргач, Мадинадан Кўфага кўчиб келадилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Ибн Масъудни Аллоҳ раҳмат қилсин, бу шаҳарни илм билан бойитибди», деганлар. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бу мақтовни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақларида айтмоқдалар.

Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу: «Ибн Масъуднинг шогирдлари бу шаҳарнинг чироқларидир», деганлар. Дарҳақиқат, ҳазрати Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан таълим олган зотлар бу шаҳарни илм билан ёритиб турар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен илм шаҳри бўлсам, Алий унинг дарвозасидир», деганлар. Ҳа, у зот илм шаҳрининг дарвозаси эдилар. Ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кўфада тўрт йил яшаб, мусулмонларнинг халифаси бўлдилар. Шу муддат ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қанча илм нақл қилган эканлар-а?!

Мақом ва мартаба жиҳатидан, тартиб билан айтадиган бўлсак, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумдан кейин турадилар. У зот ўзларида бор илмни умматга тарқатар эдилар. У зот халифа бўлсалар ҳам, қасрда ўтирмаганлар, халқдан узоқлашмаганлар. Аксинча, бомдод вақти киргач, Кўфа бўйлаб юриб, одамларнинг эшигини тақиллатиб, «Бомдод намозига! Бомдод намозига!» дер эдилар. Одамлар орасида мана шундай бемалол юрганлари учун ҳам одамларнинг кўз ўнгида шаҳид қилинганлар.

Ана шундай зот Кўфада тўрт йил яшаганлар. Биз университетларда тўрт йил ўқиб, ҳафтада уч-тўрт кун дарсга бориб, тўрт ёки олти соат дарсда ўтириб, ўзимизни олим деб ҳисоблаймиз. Кўфа аҳли тўрт йил давомида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳудан нималарни ўрганганликларини тасаввур қилиб кўринг!

Алий розияллоҳу анҳу бутун умр инсонлар орасида яшаб, уларга ўзларида бор илмни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанча-қанча суннатларини етказганлар.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар мадрасавий нақл мутавотир бўладиган бўлса, унда нима учун ҳанафийларнинг мутавотирида моликийларнинг мутавотирига тескари келадиган жойлар давоми...

869 16:11 / 15 июнь
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан, уларни номманом зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи давоми...

6304 16:13 / 24.06.2024
Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб ndash ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш давоми...

6537 16:16 / 28.03.2017
Мустабид коммунистик тузум динга қарши курашиб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини пароканда қилгани барчамизга маълум. Аммо даҳшатли аҳволга тушиб қолгач, ноилож давоми...

1304 14:26 / 24.10.2024
Аудиолар

210861 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130126 14:35 / 11.08.2021