1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

«Аҳли раъй», «аҳли ҳадис» тушунчалари

15:25 / 21 май 980 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг катта тобеъинлар ва ўртадаги тобеъинлардан олган табақалари ҳам бор. Ушбу тобеъинлар илмни Ислом илмларини тарқатган саҳобалардан олишган, саҳобалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.

Энди «аҳли раъй» ва «аҳли ҳадис» тушунчаларига нисбатан айтилаётган таъналарга тўхталиб ўтамиз.

Шофеъий ва моликий мазҳабларида худди ҳанафий мазҳабидаги каби фикр ва ижтиҳодлар бўлмаганми?! Бу очиқ-ойдин ҳақиқатга тескари нарса-ку?! Мисол учун, моликий мазҳабида ҳанафий мазҳабидаги каби фиқҳий масалалар борми? Бу ҳаммага маълум ва машҳур нарса, китобларда бу ҳақда етарли маълумотлар бор. Масалан, Асад ибн Фурот Ироққа сафар қилганида Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний роҳимаҳуллоҳнинг «Зоҳирур-ривоя» асарига қулоқ тутади. Китобни якунига етказгач, Мадинага қайтади. Бу даврда имом Молик роҳимаҳуллоҳ вафот этган эдилар. Асад ибн Фурот фиқҳий масалалар ҳақида Ибн Қосимдан сўрайди. Асад ибн Фурот «Зоҳирур-ривоя» асаридаги масалаларига имом Молик қандай жавоб берганларини сўраб, Ибн Қосимга саволлар беради. Ибн Қосим эса бу саволларга имом Моликнинг сўзи билан жавоб беради ва бу жавобларни «Мудаввана» асарига жамлайди. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан фиқҳий масалалар нақл қилинганидек, Ибн Қосимнинг ҳам имом Молик роҳимаҳуллоҳдан фиқҳий масалаларни нақл қилганини кўришимиз мумкин. «Ҳижоз аҳлида раъй бўлмаган», деб айтаётган биродарларимиз «Мудаввана» асарига нима деб жавоб беришаркин? Хўш, азизлар, моликий уламоларнинг «Кутубул-уммаҳаат» китобларига, яъни катта фиқҳий манбаларига нима дейсизлар? Имом Шофеъийнинг «Китобул-умм» асарига нима дейсизлар? Бу асарларда ҳам худди ҳанафий уламолардаги каби фиқҳий масалалар нақл қилинган-ку!

Ҳанафий уламолар ҳақида гап кетса, «Уларга ҳадис етиб келмаган», дейишади. Ҳанафий уламолар тўплаган ҳадис китоблари бор-ку! Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган муснадлар ўндан зиёддир[1]. Шулардан бири – Хоразмийнинг[2] 17 жилддан иборат «Жомеъул-масаанид» асаридир. Бу муснадда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган мингта ёки икки мингта ҳадис зикр қилинган. Имом Муҳаммаднинг «Китабул-осор» асарида мингга яқин ҳадис бор; «Асл» деган асарида 1600 га яқин ҳадис ва асарлар зикр қилинган; «Китабул-ҳужжа ила аҳли Мадина» асарида мингга яқин ҳадис келтирилган. «Муватто»нинг имом Муҳаммад қилган ривоятига қарасак, имом Моликнинг ҳадисларига 172 ёки 174 та ҳадис зиёда қилиб ривоят қилганини кўрасиз. Ҳанафий уламоларнинг китобларига мурожаат қилинадиган бўлса, ҳатто фиқҳий китобларида ҳам, масалан, «Асл» китобида 1600 та ҳадис келтирилган. Буни кам деб бўлмайди-ку, ахир! Ушбу асарлардаги ҳадисларга мурожаат қиладиган бўлсак, улар орасидан имом Моликнинг «Муватто»сида ва «Сиҳоҳи ситта»да, яъни олти саҳиҳ тўпламда келган ҳадисларни кўрасиз. Қандай қилиб ҳанафий уламоларда ҳадис йўқ, дейиш мумкин?

Энди яна бир масалани кўриб чиқамиз. Унга раддия бериб, унинг фасод эканини баён қиламиз.

Биз юқорида икки томонда ҳам раъй борлигини, икки томонда ҳам ҳадис борлигини ўргандик. Шу фикрдан келиб чиқадиган бўлсак, бирини аҳли раъй, бошқасини аҳли ҳадис деб ажратишимиз учун аниқ бир мезон йўқлигига гувоҳ бўламиз.

Учинчи ишимиз шуки, мабодо мана шу фикрни тўғри десак, унда нима учун имом Моликка эҳтиёж бор? У зот «Муватто» асарларида ривоят қилган ҳадислар жуда кам-ку? Унда нима учун имом Шофеъий фиқҳ ҳақида гапирганлар? Сизлар: «У киши аҳли ҳадис бўлганлар, яъни одамлар фатво сўраб келса, уларга ҳадис айтар эдилар», дейсизлар. Сизларнинг сўзингизга қаралса, «Бу икки мазҳабда умуман фақиҳларга эҳтиёж йўқ, фақат ҳадис ровийларига эҳтиёж бор», деган хулоса келиб чиқади. Лекин бу худди «Фикр юритадиган одамларга эҳтиёж йўқ», деган гапга ўхшаб қоляпти. Сезяпсизми? Ваҳоланки, бу воқеликка мутлақо хилофдир!

«Кўфага ҳадис етиб бормаган», деган гапни қабул қилсак, Аллоҳ таоло Исломни муҳофаза қилмаган, деган маъно келиб чиқмайдими? Ахир «Абу Ҳанифа ўзининг мазҳабини раъй устига қурган, унда ҳадис йўқ, у киши ақлига келганини гапираверган», дейдиган бўлсангиз, ҳанафий мазҳаби ботилга чиқиб қолмайдими? Аббосий давлати ҳанафий мазҳабида эди, демак, бундан чиқди, аббосийлар халифалиги фасод давлати бўлган экан-да? Унда салжуқийлар давлати ҳам, усмонийлар давлати ҳам фасод бўлган экан-да? Унда биз «Инсонлар учун яратилган энг яхши уммат» бўлишга ҳақли бўлмаган бир уммат эканмиз-да?! Лекин бундай дейиш Қуръонни ёлғонга чиқариш бўлади-ку! «Уларда ҳадис йўқ», деган гапдан уларнинг мазҳаби ботил, бу мазҳаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари устига эмас, балки шайтонларнинг сўзлари устига қурилган, деган хулоса чиқиб қолади-ку! Шунинг учун айтамизки, бундай дейиш ниҳоятда ғарибликдир, ғарибликнинг ҳам энг юқори чўққисидир.

Юқоридаги мавзунинг ғалати эканини баён қиладиган яна бир мавзуга киришайлик, бу мавзуга батафсил, кўпроқ тўхталиб ўтайлик.

Мадинада Саъид ибн Мусаййиб роҳимаҳуллоҳ билан бирга зикр қилинадиган еттита машҳур тобеъиндан ташқари энг кўзга кўринган яна бир тобеъин бор. У Робиъа ар-Роийдир. Бу зотнинг исмларига эътибор беринг: Робиъа ар-Роий. «Роий» сўзи раъй қилувчи, фикрловчи деган маънони билдиради. Ироқда Ҳаммод ар-Роий ёки Иброҳим ар-Роий деган одамларни топа олмаймиз, лекин Мадинада Робиъа ар-Роий деган одам бор. Мадиналик бу олимнинг исми Робиъа ар-Роий экан, у ҳолда аслида Мадина аҳлини аҳли раъй десак тўғри бўлмайдими?

Одамлар «Эй Робиъа, сиздан кейин энг роий, яъни кучли раъй қилувчи, фикрловчи киши ким?» деб сўрашганда у киши: «Мана бу кичик бола» деб, имом Моликка ишора қилган. Робиъа ўз даврида суннатни энг яхши билувчи зот эди. Лекин у зотни Робиъа ар-Роий деб аташган. Имом Молик ҳам худди шундай, яъни раъй қилиш билан сифатланганлар. Абу Қутайба ва Ромаҳурмузий каби кейинроқ яшаган муҳаққиқ уламоларнинг имом Молик ва у зотнинг шогирдлари ҳақида ёзган асарларига мурожаат қиладиган бўлсак, улар икки қисмга ажратиб зикр қилинган. Булар – имом Моликнинг аҳли ҳадис шогирдлари ҳамда имом Моликнинг аҳли раъй шогирдлари.

Демак, улар имом Моликдан ҳадис илмини ўрганиш учун жамланган шогирдларни «Имом Моликнинг аҳли ҳадис шогирдлари» деб аташган. Имом Моликдан фиқҳ илмини ўрганиш учун жамланган шогирдларни эса «Имом Моликнинг аҳли раъй шогирдлари» деб аташган. Кўриб турибмизки, «аҳли ҳадис» деган атама ҳадис илми, ривоят илми билан шуғулланган кишиларга нисбатан ишлатилган экан, лекин фатво билан шуғулланган кишиларни Мадинада ҳам аҳли раъй деб аташган.

Энди Кўфа аҳли ҳақида сўз юритайлик. Мен бундай фикр тамомила ботил экани ҳақида далиллар келтирмоқчиман. Кўфада ҳадис бор эдими ёки йўқми? Бу ҳақда бизгача бир неча ривоятлар етиб келган. Масалан, машҳур тобеъинлардан Ибн Сийрин ҳижрий 110 йили вафот этган. У зот шундай деганлар: «Кўфага келдим. Бу ерда тўрт минг киши ҳадис ўрганаётган бўлса, тўрт юз киши фиқҳ ўрганар эди».

Нима учун бундай? Чунки фиқҳ илми ҳадис илмидан кейинги босқич ҳисобланади. Эътибор берайлик, ҳижрий 110 йилдан олдин Кўфада тўрт минг киши ҳадис ўрганаётган экан, дейиляпти. Энди «Кўфаликлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганмаган», деяётганлар буни нима мақсадда айтишган экан, билмадим. Ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳдек зот: «Тўрт минг киши ҳадис ўрганаётган эди», деяптилар.

Имом Бухорий шундай деганлар: «Фалон-фалон шаҳарларга ўн марта, ўн беш марта, ҳатто йигирма мартагача борганман. Лекин Ироққа, Кўфага ҳадис тўплаш учун неча марта кирганимни билмайман».

Баъзи талабалар имом Бухорийнинг «Шайхим Аффондан фалон ҳадисни эшитдим», деганини эшитишган, у зотнинг ўзлари эса ҳадисни ёзиб олганларини айтганлар, яъни у зот шайхларидан ҳадис қабул қилганида аввал уни эшитиб, кейин ёзиб олар эдилар, фақат ёзиб олишгагина рози бўлар эди. У зотнинг эллик мингга яқин ҳадис ёзиб олганлари зикр қилинган. У зот ривоят қилган ҳадисларнинг санадида бирор ровийнинг ўзгариши унинг янги ҳадис эканига далолат қилиши у зотнинг ажралиб турувчи сифатларидан бўлган.

Энг катта муҳаддислар Кўфадан чиққан. Имом Шаъбий, Саъид ибн Жубайр, имом Аъмаш, имом Шуъбалар, яъни энг машҳур олимлар куфалик эдилар. Яҳё ибн Саъид ал-Қаттон ва шу каби машҳур олимлар қаерда яшашган? Кўфада.

Улар Кўфада яшаб туриб, Мадинага бориб ҳадис айтишлари ақлга сиғадими? Кечаси Кўфада ётиб, эрталаб бориб, Мадинада ҳадис айтадими?! Улуғ муҳаддислар ҳақида бундай фикрлаш, бундай хулосага келиш ғалатимасми?!

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Кўфа Исломнинг пойтахти бўлган. Аббосийлар даврида ҳам Ироқ ва Кўфа энг муҳим, энг катта шаҳарлардан бири бўлган. Бугун биз «Истанбулда 20-25 миллион киши яшайди», деб айтганимиздек, тарих китобларида зикр қилинишича, Аббосийлар даврида Бағдоднинг аҳолиси 3 миллион кишидан кўпроқ бўлган. Ўша пайт учун бир шаҳарда 3 миллион киши яшаши жуда катта гап. У даврда ер юзида аҳоли сони, ҳудудининг катталиги ва нуфузи бўйича Кўфага тенг келадиган шаҳар деярли бўлмаган. Мана шу ўринга эътибор берайлик.

Келинг, қисқача солиштириб ўтамиз: етти қироат соҳибларини олайлик, улардан учтаси куфалик, тўрттаси басралик бўлган. Демак, қироатлар қаерда татбиқ қилинган, қаерда ёзиб олинган? Ироқда, Кўфада ва Басрада.

Яна бир мисол: луғат илмини олайлик. Бу борада иккита катта мактаб – Кўфа мактаби ва Басра мактаби борлигини ҳаммамиз биламиз.

Ақийда илмини олсак, фирқаларнинг ҳаммаси шу ерда бўлган: хаворижлар, мўътазилалар, хуллас, барчасини учратиш мумкин бўлган. Аҳоли кўп бўлганидан кейин бу тоифаларнинг барчасидан вакилларни топиш мумкин бўлади-да. Хўш, бу илмларнинг ҳаммаси Ироқда ёзилиб, таҳқиқ қилингани ва ўша замонга нисбат берилиши ақлга сиғяптими? Нима учун ҳадис илми ҳам етиб келгани ақлга сиғмаслиги керак? Биргина ҳадис илмининг ўзи Кўфага етиб келмай қолиши ақлга сиғадими унда?! Ҳозиргина катта муҳаддисларимиз Кўфада яшашган, дедик. Кўфа эса Исломнинг пойтахти бўлган. Демак, ҳадис илми, ҳадис олимлари пойтахтга етиб келмаслиги мумкин эмас, чунки етакчи уламолар асосан қаерда бўлади? Албатта, Исломнинг пойтахтида бўлади-да! Хусусан, ҳадис илми у ерда энг олий даражада бўлган. Катта муҳаддислар ҳам шу ерда бўлишган. Қироат, луғат ва ақоид илмлари каби, ҳадис илми ҳам кенг қулоч ёзган.

Эътибор беряпсизми? Шу озгина мулоҳаза билан юқоридаги «Ҳадис етиб келмаган», деган фикрнинг хатолигини билиб олсак бўлади. Улар айтаётган гапнинг акси ўлароқ, Кўфада ҳадис кенг тарқалгани, Мадинада эса аҳли раъйлар ҳам бўлганини кўриб турибмиз. Хуллас, улар айтаётган гап-сўзлар бирорта ишончли манбага асосланмаган.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

 

[1] Муайян саҳоба ривоят қилган ҳадислар мажмуаси муснад дейилади (Тарж.)

[2] Бу китобни Абу Ҳанифа ёзмаган, Хоразмий Абу Ҳанифанинг иштирокида ривоят қилинган ҳадисларни жамлаб, бир китоб шаклига келтирган (Тарж.)

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мустабид коммунистик тузум динга қарши курашиб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини пароканда қилгани барчамизга маълум. Аммо даҳшатли аҳволга тушиб қолгач, ноилож давоми...

1304 14:26 / 24.10.2024
Таҳаллул тарафдорлари ақл манфаатли деб кўрсатган нарсани муқаддам қўяди. Улар ақл ҳақ ва тўғри деб кўрсатган нарсани шариатда ворид бўлган нарсалардан олдинроқ, давоми...

1116 10:14 / 14 апрель
Мазҳабга эргашмайдиганлар саҳобаларнинг раъйдан, шахсий фикрдан қайтарганини нақл қилиб .Мана, саҳобалар ҳам раъйдан қайтаришган, сизлар, яъни мазҳабда давоми...

1207 15:31 / 02 апрель
Албатта, ҳамма фақиҳ номининг олганларнинг даражалари бир хил эмас. Балки улар турли табақаларга бўлинадилар ва ўша табақаларида уларниннг даражалари билинади. давоми...

3559 16:12 / 28.03.2017
Аудиолар

210824 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130087 14:35 / 11.08.2021