1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозда хушуъ ва уни гўзал қилиб адо этиш

05:00 / 04.01.2017 10992 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Хушуъ» аъзоларнинг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишидир. Намозни гўзал қилиб адо этиш эса, фарзу вожиб, суннату одобларини ўрнига қўймоқдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кўраяпсизларми?! Менинг қиблам, бу томонда! Аллоҳга қасамки, мен учун рукуъларингиз ҳам, хушуъларингиз ҳам махфий қолмас. Албатта, мен сизларни орқамдан ҳам кўрурман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда намознинг хузуъи ва хушуъини жойига қўйиб ўқиш зарурлиги таъкидланмоқда.

Ҳар бир инсон намознинг амалларини яхши адо этиш ва унда аъзолари тўла сокинликда бўлиб, қалби Аллоҳ билан бўлмоғи зарур.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга мени қиблага қараб турибдилар, орқаларидаги нарсани, жумладан, бизнинг рукуъ ва хушуъларимизни кўрмайди, деб ўйламанглар, мен кўриб тураман, деганларининг маъноси шулдир.

Айниқса, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтишлари бу маънони қаттиқ таъкидлайди.

Шунинг учун ҳар биримиз намозимизнинг рукуъ ва хушуъини жойига қўйиб ўқишимиз лозим.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рукуъ ва сужудни батамом қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларни қачон рукуъ қилсангиз, қачон сужуд қилсангиз орқамдан ҳам кўраман», дедилар».

Иккала ҳадисни икки Шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим гапни Аллоҳ номи ила қасам ичиб туриб таъкидлаш жоизлиги.

2. Намозда рукуъ ва сужудни батамом қилиш зарурлиги.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидаги нарсани ҳам кўриб туришлари.


Муслим келтирган ривоятда:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб қайрилдилар ва:

«Эй, фалончи намозингни яхшилаб ўқимайсанми?! Намозхон намоз ўқиганида қандоқ ўқиганига назар солмайдими?! Ахир ўзи учун ўқийдику?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен худди олд томонимдан кўрганимдек, орт томонимдан ҳам кўрурман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозни яхшилаб ўқиш зарурлиги.

2. Намозни яхшилаб ўқимаганларга олим кишилар танбиҳ беришлари кераклиги.

3. Намозхон ўз намози сифатига назар солиб намоз ўқиши лозимлиги.

4. Банда намозни ўзи учун ўқиши.

Аллоҳ учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёки бошқа биров учун эмаслиги.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам орт томонларидан ҳам худди олддан кўргандек кўришлари.


Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Токи рукуъда ва сужудда белини тўғри тутмагунча кишининг намози қониқарли бўлмас», дедилар».

Шарҳ: Демак, намоз қониқарли бўлиши учун унинг рукуъи, сужуди ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ билан ўқимоқ керак. Рукуъни чала қилиб ёки унда қийшайиб туриб, шунингдек, саждада нотўғри туриш билан намоз қониқарли бўлмайди.


Мутаррифдан у отасида ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

Икковини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Мутарриф розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххийр ал-Омирий, кунялари Абу Абдуллоҳ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Басрада таваллуд топдилар. Ишончли ҳадислар ривоят қилувчи улуғ тобеинлардан эдилар.

Ҳадисларни отасидан, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Аммор ибн Ясир, Абу Зарр, Усмон ибн Абул Осслардан ривоят қилдилар.

Бу зот ҳижратнинг 87-йили Басрада вафот этдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи намозхонлар. Намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қазоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

Энди, ўзимизни ўйлаб кўрайлик. Намоз ўқиганимизда бизни хавф босадими ёки дунё ташвишлари, хойи-ҳаваслари босадими?

Кўксимиздан қўрқинч йиғиси эшитиладими ёки хиринг-хиринг кулгу эшитиладими?

Намозда аъзоларимиз барчаси ибодатга берилиб сукунатга тўладими ёки бошқа нарсалар билан машғул бўлиб турадими?

Қалбларимиз ўз Роббисига чамбарчас боғланиб турадими ёки бошқа хаёлларга боғланиб турадими?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, намозни хушуъ ва хузуъ ила ўқишга одатланайлик.


Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир одам жуда яхшилаб таҳорат қилса-ю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади», дедилар».

Шарҳ: Ҳадисдаги «қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда», дегани бутун вужуди ила берилиб хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқиса, дейилганидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги. Намознинг баркамол бўлишига бу ишнинг аҳамияти борлиги.

2. Намозни бутун вужуди ила, қалб ва юз ила иқбол қилган ҳолда берилиб ўқиш кераклиги.

3. Хушуъини жойига қўйиб намоз ўқиган одам, албатта, жаннатга дохил бўлиши.

Шунинг учун доимо хушуъ ила намоз ўқийлик. Ана ўшанда мақсадга эришамиз.


Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки яримигина ёзилган бўлади», дедилар».

Икковини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Аммор ибн Ясир ибн Омир аш-Шомий, кунялари Абу Яқзон.

Исломни аввалгилардан бўлиб, оталари ва оналари билан, оилавий, қабул қилишади. Буларнинг Исломни қабул қилишлари, тинч-тотув ҳаётни, азоб уқубатларга олиштириш эди. Улар Аллоҳ йўлида кўп уқубатлар тортишди. Макка тоғларида мушриклар бу кишини ва оилаларини азабланаётган бир пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларни кўриб:

«Эй, Ясир оиласи сабр қилинглар. Албатта, сизларга ваъда берилган жой, жаннатдир», деб овитар эдилар.

Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-оналари мана шу азоблар остида ўлиб кетишди. Оналари Исломдаги биринчи шаҳид мақомига мушарраф бўлдилар.

Лекин Амморга бу азоблар оғир келиб, тилларига куфр калимасини олганларида, мусулмонлар, Аммор куфр сўзи айтди, деган маънода хабар келтиришди.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Амморни бошидан оёғигача, иймон билан тўлдирилгандир», деб айтдилар. Кейин, мусулмонларни сўзларини рад қилган ҳолда, Қуръондаги «Наҳл» сурасини 106-ояти нозил бўлди.

Аммор ибн Ясир мусулмонлар билан ҳижрат қилиб, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ҳамма жангларда, аввалги сафда туриб иштирок этдилар. Аммор Исломдаги аввалги масжид бўлмиш «Қубо» қурилишида иштирок этган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимки, Амморга тажовуз қилса, Аллоҳ унга тажовуз қилади. Кимки, Амморга ғазаб қилса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», деб айтдилар.

Аммор ҳаммаси бўлиб 62 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зот Сиффин урушида Али розияллоҳу анҳу билан қатнашиб, шу жангда шаҳид бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амморни туғёнга тушган бир фирқа ўлдиради», деб айтган эдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам камайиб ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб камайиб кетаверар экан.

Шунинг учун намозни қўлимиздан келганича тўлиқ қилиб, ихлос билан хушуъ-хузуъини жойига қўйиб ўқишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.


Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Намоз икки (ракъат) икки (ракъат)дир. Ҳар икки ракъатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан, Роббингга икки қўлингнинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб «Ё Робб!» дейсан. Ким шундоқ қилмаса намози чаладир», дедилар».

«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиси шариф ровийcи Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Фазл ибн Аббос ибн Абдулмутталиб Ҳошимий ал-Қураший, кунялари Абу Абдуллоҳ, оталари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос, оналари Умму Фазл Лубоба бинти Ҳорис, саҳобаларнинг паҳлавон ва ботирларидан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Фатҳ, Ҳунайн кунларида иштирок этдилар.

Ҳажжутул Вадоъ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни отларига мингашганлиги учун, саҳобалар у кишига «мингашгувчи», деб лақаб қўйишди.

Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 24 та ҳадис ривоят қилдилар.

Бу кишидан инилари Абдуллоҳ ва Қусам, Умму Фазлнинг қуллари Умайр, Абу Муаббад, Абу Ҳурайра, Сулаймон ибн Ясор, Шаъбий, Ато ибн Рабоҳ ва бошқалар ривоят қилишди. Бу зот тўплаган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Фазл ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин мужоҳид бўлган ҳолда Шомга қараб йўл олдилар. Ва ҳижратнинг 13-йили Фаластинда «Ажнадий» воқеасида шаҳид бўлдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда «намоз икки (ракъат) икки (ракъат)дир» деганларида нафл ва таҳажжуд намозларини кўзда тутганлар. Ўша намозларни икки ракъатдан ўқиш афзалдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Нафл ва таҳажжуд намозлари икки ракъатдан бўлса яхшилиги.

2. Ҳар икки ракъат намоздан кейин ташаҳҳуд ўқилиши.

3. Намозда хушуъ бўлиши зарурлиги.

4. Намозда банданинг Аллоҳга тазарруъи бўлиши зарурлиги.

5. Намозда банда Аллоҳга ўз мискинлиги–бечора лигини изҳор қилиши зарурлиги. Зотан, намознинг сири ҳам шу нарсалардадир.

6. Уламоларимиздан баъзилари, ушбу ҳадисдаги: «Роббингга икки қўлингнинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб: «Ё Робб! Ё Робб!» дейсан» деганлари ни намозда қунут ўқиганда қилинадиган, дуо деганлар.

Намоздан ташқарида дуо қилганда ҳам бу ҳолат бўлиши ҳаммага маълум.

7. Ким шундоқ қилмаса намози чаладир.

Ушбу ҳадиси шарифларни ўрганиб бўлганимиздан кейин ихлос, хушуъ-хузуъ, тазарруъ ва мискинлик ила намоз ўқиш қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етдик. Ўзимизда бу муҳим омилларнинг етишмаслигига минг афсуслар қиламиз.

Шу билан бирга, талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Ана шундагина бу олий мақомга эришамиз. Чунки, аждодларимизда бунга эришганлар кўп бўлган. Ўрнак олиш учун баъзиларини эслаб ўтайлик:

«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар уни девор, деб ҳисоблаб устларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида тош тушиб кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаган».

«Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Муслим ибн Ясорни ҳеч намозда у ёқ бу ёққа қараганини кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган».

«Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:

«Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар», дедилар.

Табиблар:

«Бунинг учун сизга банж беришимиз керак», дейишди.

У киши:

«Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», дедилар.

Табиблар:

«Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:

«Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», дедилар.

У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб хушларидан кетдилар».

Бир одам қилган ишни бошқаси такрорлаши осон. Фақат ихлос ва ҳаракат бўлиши керак, холос.

Бугунги кунимизда айнан ана шу нарсалар етишмайди. Шунинг учун бўлса керак, намозларимиз талаб даражасида эмас. Бу эса ўз навбатида ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсирнинг энг оддий мисоли, дуонинг қабул бўлмаслигидир. Дуо қабул бўлмаганидан кейин, у ёғи нима бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверади.

Бугунги кунги мусийбатларимиз, эҳтимол, намозни қоиллатиб ўқимаётганимиздадир. Ўзимиз, оиламиз, жамиятимиз ва бутун инсониятга кўзланган хайр-баракага сабаб бўла олмаётганимиз ҳам, эҳтимол, шундандир?

Ўқиб ўрганган нарсаларимизга амал қилишга ўтайлик, ҳар бир намозга Аллоҳнинг қабулига кираётгандек тайёргарлик кўрайлик. Ҳар бир намозни Аллоҳ таоло ила муножот, деб билайлик. Уни рукуъ, хушуъни жойига келтириб ўқийлик. Натижа, Аллоҳ хоҳласа кўп кутдирмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўқийдиган намозимиз биз учун охирги намоз бўладигандек, дунё билан видолашмоқчи бўлган одамнинг намозидек намоз давоми...

1616 15:36 / 04 октябрь
Пайпоққа масҳ тортиш тўғрисида авваллари ҳеч гап бўлмас эди. Аммо кейинги пайтларда турли кишилар томонидан бу масала ҳам гап қилиб кўтариладиган бўлиб қолди. давоми...

11496 05:00 / 04.01.2017
. . Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Ўн ёшга етса, унинг давоми...

4387 12:31 / 09.09.2021
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни такбир ила очганларини, такбир айтаётганларида икки қўлларини давоми...

7412 05:00 / 04.01.2017