1446 йил 3 зулқаъда | 2025 йил 30 апрель, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Буюк шахсият соҳиби эдилар

17:18 / 17 январь 2403 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Абдулҳаким қори Матқулов хотиралари)

Абдулҳаким қори Матқулов – 1964 йил 11 сентябрь куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида туғилган. 1986–1990 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Кўп йиллик фаолияти мобайнида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг Халқаро алоқалар бўлими ходими, Таълим бўлими мудири, Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси қошидаги «Шариатул ислом» корхонаси мудири муовини, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мудири, Кувайт халқаро хайрия жамғармаси Осиё мусулмонлари қўмитасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош вакили, Тошкент шаҳар Яшнобод тумани «Ислом ота» жоме масжиди имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси лавозимларида халқимизга хизмат қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан Набийимиз алайҳиссаломнинг ахлоқлари ҳақида сўралганда, мўминлар онаси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди» (Муслим ривояти) деб жавоб қилган эканлар. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам Набийимизнинг ахлоқи ҳамидалари билан зийнатлангандилар. У киши бутун ҳаётларини Қуръонга мувофиқ, саҳобаларнинг умр йўлларини ўзларига йўлчи юлдуз қилиб яшаб ўтдилар. Ҳазрат аҳдига вафо қиладиган, ростгўй, ҳаммага бир хил – чиройли муносабатда бўладиган, илм аҳлига эҳтиром кўрсатадиган, ўта камтар, бир сўз билан айтганда, тақвоси гўзал инсон эдилар. Бирор кимса у кишида ошиқча лағв, хатти-ҳаракатларида риё ёки тама кўрмасди. Яна Ҳазрат тартиб-интизомли, фидокор муаллим ҳам эдилар. У кишининг бу хислатлари сабаб маъҳадда ўқиганимизда барча талабалар дарсни жон қулоғи билан тинглар, яхши ўзлаштиришга ҳаракат қиларди. Илм манфаатли бўлгани ҳамда ёд олинганидан, ҳозиргача Ҳазратнинг қўлида таҳсил олган имом-домлалар устоздан ўрганганлари бўйича маъруза қиладилар.

У кишининг Қуръон аҳлига ихлос ва муҳаббатлари ҳам бўлакча эди, шу сабабдан устоз мени хос шогирдларидан қилиб олгандилар. Ҳазратга яқин бўлиб, кўп бирга юрган инсон сифатида айтишим мумкинки, илм-мартабалари юқори бўлса-да у киши ўта тавозели эдилар. Кибор уламолар билан ҳам, оми одамлар билан ҳам шу қадар чиройли муомала қилар эдиларки, биз шогирдлар бунинг ўндан бирини ҳам кўрсата олмаймиз. Тўй-маъракаларга борсалар, ўша ҳудуднинг имоми ёки кексаларини тўрга, ёнларига ўтирғизардилар. Уларга шундай эҳтиром кўрсатардиларки, бундан аҳолининг ўз пешвосига ҳурмати ошсин, деган мақсадни кўзлардилар. Ҳазрат ҳар бир амални мана шундай дақиқ ўринларигача эътибор бериб қилардилар.

Шунингдек, устозимиз олимларнинг Аллоҳдан энг кўп қўрқувчироқ, набийларнинг меросхўрлари эканлигини чуқур англар, илмни ҳеч ажратмас эдилар. У киши диний соҳа мутахассислари билан бирга дунёвий соҳа вакилларини ҳам ўз ўрнида ҳурматлардилар. Масалан, бир куни Ҳазрат билан бизни тўйга таклиф қилишди. У киши маърузани тугатиб, тўйхона эшиги томон юрдилар. Базмга йиғилганларнинг барчаси ўрнидан турган, устознинг атрофлари ўраб олинганди. Ҳазрат эса бошларини эгиб, қўлларини кўксига қўйиб кетиб бордилар. Ташқарига чиқиб, машинага етай деганимизда, у кишининг кўзлари йўл четида папирос чекиб турган одамга тушиб қолди. Шунда Ҳазрат ўша қариянинг олдига бориб, саломлашиб, бироз суҳбат қилдилар. Уни уйларига таклиф қилиб, хайрлашдилар. Камина устоз ўзларига узатилган қанча қўллар қолиб, нега айнан бу инсон билан кўришганлари сабабини уловга минганимиздан кейин сўрадим. Шунда Ҳазрат бу киши мактабда уларга география фанидан дарс берган муаллим, у ўз соҳасининг билимдони бўлганини айтгандилар. Мана шу вазиятда шайх ҳазратларида одамийлик, меҳр-оқибат қанчалик кучлилигининг гувоҳи бўлгандим. Яна у киши қариялару кекса аёллардан доим дуо олар, болаларни ҳам эркалаб чиройли муомала қилардилар. Хусусан, устозимиз қизалоқларни уларнинг исмига «Онам», «Холам» сўзларини қўшиб чақирардилар. Ҳаттоки, у киши кенжа дилбандларини ҳам «Оминахон хола» деб атардилар.

Ҳазрат, шунингдек, ўта зийрак эдилар, жаҳон янгиликларини кузатишда у кишига тенг келадиган инсон йўқ эди. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, қайси соҳада бўлмасин, ҳар бир воқеа-ҳодисадан хабардор бўлар, ўз ўрнида илмий муносабат билдириб турардилар. Устозда мана шундай гўзал фазилатлар мужассамлиги учун у кишини ҳамма яхши кўрарди. Нафақат халқимиз, балки бошқа юрт вакиллари ҳам устозни эъзозлар, ўзларига яқин инсон деб билардилар. Қанчадан-қанча халқаро анжуманларда у киши билан бирга иштирок этганман. Саудия Арабистони подшоҳу шаҳзодалари, Ливия уламолари ва унинг марҳум раҳбари Муаммар Қаззофий, кувайтлик уламоларнинг Шайх ҳазратга ҳурматлари баланд эди. Шундай катта уламолар юртларидаги ўзлари ҳал қила олмаётган масалаларини Ҳазратга айтишар, ўз навбатида у киши ҳам узоқни кўзлаган ҳолда тавсиялар берардилар. Кувайт халқаро хайрия жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида ишлаб юрган пайтларим эди. Кувайт давлати мустақиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирга биринчи элчи Валид Аҳмад ал-Кандарий мен орқали Ҳазратни таклиф қилди. Ўша кун келгунча элчи мендан устознинг келиш-келмасликларини икки-уч бор сўраганди. Бир гал у менга қарата: «Шайх Муҳаммад Содиқ фақатгина сизларнинг эмас, балки бутун Форс кўрфазининг шайхи, у – Ислом умматининг шайхидир. У – биз кувайтликлар учун азиз инсон, ташрифларига муштоқмиз» дея устозга ҳурматини изҳор қилганди.

Ҳазрат доим «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида фаолият юритдилар. Ватанга қайтганларидан кейин давримизнинг долзарб муаммоларини муолажа қилиш учун «Дин насиҳатдир» китобини ёздилар, «Иймон»нинг ўзбекча ва русча таржимасини нашр қилдирдилар. «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг бир неча жузи ҳам халққа тақдим қилинди. 2005 йили у киши билан бирга Ҳаж зиёратини адо этиш насиб этиб, анча суҳбатлашгандик. Шунда ҳазрат диний идора, масжид-мадраса ходимлари ишларини гўзал тарзда адо этишаётганини айта туриб, булар қаторида фиқҳ академияси очиш таклифини бергандилар. Зиёратдан қайтгач, устознинг ниятларини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг ўша пайтдаги раҳбари Шоазим ака Миноваровга айтдим. У киши ўшанда «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг галдаги нашрга тайёрланаётган жузини ушлаб: «Ҳазрат ушбу китобга рухсат олган кунлари фиқҳ академиясига ҳам рухсат олдилар. Иншааллоҳ, шу китобларнинг ўзи халқимизнинг шариат олийгоҳига бўлган эҳтиёжини қондиради» деганди. Бу сўзларни эшитган устозимиз фиқҳ, сийрат, ақийда – диний илмнинг барча турида китоб таълифи ҳамда таржимасига янада астойдил киришдилар.

Ҳазратни шогирдларию яқинлари охирги марта вафотларидан бир кун олдин, наҳор ошида кўрдик... Тантанага жуда катта жамоат ташриф буюрган, аҳли илм тўпланган эди. Ҳазратнинг тўйда айтадиган ҳамду санолари ўзига хос, бетакрор бўларди. У киши ўша кун ҳам чиройли шукрона билан сўз бошлаб, дунёнинг омонатлиги ҳақида маъруза қилдилар. Ҳазрат бу ҳаёт фонийлиги, амал майдони экани, ундан фақат ва фақат яхшилик ва ибодат қилиб яшаб ўтиш кераклигини, икки дунё бахт-саодатига тақво билан эришилиши, бунинг учун эса илм ўрганиш лозимлигини айтдилар. У киши бугун ўзбек халқи учун илм олмасликка ҳеч қандай узр қолмагани, бу бўйича кўп ишлар қилинганини айтиб қўлларини дуога очгандилар...

Дарҳақиқат устоз жуда гўзал дуо қилардилар. У кишининг дуоларини жон қулоғим билан тинглардим. Ҳазратимиз аввало Аллоҳга истиғфор айтар, сўнгра барча мўмин-мусулмонларга омонлик сўрардилар. Устоз ҳаётимиз гўзал бўлишини, юртимизда қорилар сафи кенгайишини, масжидларимиз одамларга тўлишини сўраб дуо қилардилар.

Бугунги кундаги ислоҳотларни, халқимизнинг илмга бўлган рағбатини кўриб, «Булар Ҳазратнинг жамоат билан қилган дуолари ижобати» деб севинаман. Яна шуни айтишим керакки, устозимиз Аллоҳдан халқи дини учун қайғурадиган, ихлоси баланд юртбоши сўрардилар. Яратган Ҳазратнинг бу илтижоларини ҳам ижобат қилиб, бизни куюнчак раҳбар билан сийлади. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб, диёримизда бўлаётган ўзгаришлар, устозимизнинг ижодига бўлган юксак эътибор учун раҳбаримиз Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдириб қоламан.

 

Флюра Умурзоқова оққа кўчирди.

«Ҳилол» журнали 5(62) сон.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Наср Форобий аввало Қуръон ва шариатни ўрганиш лозим деган. Ислом файласуфлари тўғрисида .Тарих ҳукамо алислом, номли китоб ёзган. Заҳируддин Абулҳасан давоми...

1512 14:32 / 16 март
Кавсарийга қарши тоифалар уни олимлиги ndash таассублигининг соясида қолиб кетганrdquo деб айблашади. Уларга кўра, Ибн Ҳажар муҳаддислар биографика илмида қандай давоми...

3434 12:18 / 17.04.2018
Муҳаммад Мустафо алАъзамий билан Профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбатиР. Шантурк Докторлик ишингиз қандай мавзуда эди Ушбу мавзуни танлашдан бирор аниқ давоми...

3835 17:42 / 11.01.2018
Ҳофиз, аллома, муқрий, имом Абул Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Шомнинг етук олимларидан бўлиб, ҳижрий IIIII асрларда яшаб, ижод қилган.Ҳишом ибн Аммор имом Молик, давоми...

4790 09:00 / 10.10.2019