1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Уламоларга кўра Кавсарий...

14:48 / 14.04.2018 4967 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

-Устоз, рухсат берсангиз, сиз билан марҳум Шайх Имом Зоҳид Кавсарий ҳазратлари ҳақида суҳбат қилсак дегандим...

Шайх Муҳаммад Аввома - Албатта, марҳамат.

-Уламолар наздида Шайх Имом Кавсарийнинг ҳадис ва фиқҳдаги ўринлари қандай?

Шайх Муҳаммад Аввома - Бироз кутиб турсангиз, бунга алоқадор бир қоғоз олиб келаман. (Устоз ёнларидаги илмий изланиш хоналарига кириб, Амин Сирож ҳазратлари ҳадя қилган, Кавсарий ҳақида баён қилинган бир қоғоз билан келдилар). Азҳар университетининг замондош олимларидан бири билан Мисрда учрашган эдим. Исми Шайх Абдулваҳҳоб Абдуллатиф, шундай исмдаги кишини танийсизми?

-Ҳа, адашмасам, муҳаддис у киши.

Шайх Муҳаммад Аввома - Суютийнинг Тадрибур равий асари билан бирга бир қанча асарни таҳқиқ қилганлар. Ундан ташқари бошқа тадқиқотий фаолиятларга ҳам ёрдам берганлар. Шайхнинг шахсан ўзи ёзган, бугунги кунда Азҳарнинг ҳадис бўлимида таълим олаётган талабаларга ўқитаётган дарс китоблари ҳам бор. Шулардан бири “Ал-мухтасар фий илмир-рижалил асар” китобидир. Айни пайтда Кавсарийнинг замондоши бўлмиш Шайх Абдулваҳҳоб Абдуллатиф “Ал-мухтасар фий илмир-рижалил асар” номли асарини нашр қилдиргач, ундан бир нусхани Кавсарийга тақдим қиладилар. Кавсарийга тақдим қилган асарнинг биринчи саҳифасида шундай ёзилган бўлади: Қориларнинг Имоми, ҳадисда мўминларнинг амири, Ҳужжатул Ислом, дунёнинг буюк олими, тадқиқотчи, ишончли, тақводор, зоҳид, буюк устоз, устозларимиз устози, Шайх Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий ҳазратларига... Аллоҳ умрини узоқ, Исломга бўлган хизматларини бардавом айласин.” Муаллиф Абдулваҳҳоб.

-Ҳақиқатдан ҳам ортиқча сўзга ҳожат йўқ экан.

Шайх Муҳаммад Аввома - Шундай... (Устоз Аввома, доимгидек Шайхнинг марҳум Кавсарийга ҳақидаги санаб ўтилганларни иккинчи маротаба ўқидилар). Ҳа, кўриб турганингиздек, Мисрлик, Азҳардаги бир муҳаддис олим, марҳум Кавсарий ҳақида шуларни айтганлар. Ҳадис илми билан машғул бўлган инсон у зотни шундай сифатлар билан сифатлаяптилар. Биз Мисрликлар таниймиз. Шимолий Африкаликлар унча-бунчада бундай мадҳ этувчи сўзларни ишлатмайдилар. Лекин бу урфга қарамасдан Шайх Абдулваҳҳоб шундай деганлар. Мана кўриб турганингиздек бу ёзув айнан муқаддимада битилган. Кавсарий ҳазратлари ҳам китобни талабаси бўлмиш Муҳаммад Амин Сарочга ҳадя қилганлар. Мана бу ерда эса, Муҳаммад Амин Сарочнинг битиклари бор.

-Устоз, марҳум Кавсарий ҳазратларини замондош олимларга ва муҳаққиқ олимларга нисбатан ажратиб турган хислатлар нималар эди?

Шайх Муҳаммад Аввома - Замондош деб айнан кимларни назарда тутяпсиз? Туркиядагиларми ёки бутун дунёдаги замондошлариними?

-Умумий маънода сўраяпман. Мисол учун Истанбулда улар билан бирга ўқиган жуда кўп дўстлари бор эди. Лекин Мустафо Сабри Афанди у киши ҳақида “Кавсарий, Фотиҳ мадрасасининг мадори-ифтихоридир!” деганлар. У зот фақиҳ ва муҳаддис бўлатуриб, бутундунёдаги олимларнинг муаммоларини ҳал қилиб, шуҳрат қозондилар. Бунга нима омиллар сабаб бўлган?

Шайх Муҳаммад Аввома - Марҳум Кавсарий ҳазратларини шуҳрат қозонишлари ва бу қадар забардаст олим бўлиб етишишларининг бир қанча сабаблари бор. Менимча энг асосийси бу: у кишининг қобилиятлари ва яшаш муҳитларидир. Амин Сарочдан эшитишимча, Кавсарий 20 ёшларида қўлёзма асарлар борасида машҳур бўлган. У ёшлигининг илк чоғлариданоқ олимлар учун мурожаат манбайи бўлган. Бундан ташқари хотираси кучли, зеҳни ҳам ўткир бўлган. Бу ерда (Мадинаи Мунавварада) яшайдиган турк олимларидан Шайх Мустафо Нажотуддин исмли бир қўшнимиз бўлар эди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. У кишининг менга айтиб беришича, Туркияда Шайх Ҳамдий Кучук исмли Кавсарийнинг дўстларидан бир олим киши бўлган. Шайх Ҳамдий ўзининг тингловчиларига, Кавсарийнинг илми ва ҳофизасининг қанчалик кучли эканлигини мана шундай ўхшатиш орқали айтиб берар экан: “Бирор киши сандиққа бир нарсасани қўйиб, уни қулфласа, ўша нарса сандиқдан йўқолиши мумкинми?”, тингловчилари ҳам: “Йўқ!”, дейишгач, у киши шундай давом қилар эканлар: “Кучли хотирага эга инсон ҳам бирор китобни ўқиганида, ўша китоб унинг бошида ўрнашиб қолади. Яъни ҳеч нарсасини унутиб юбормайди”. Кавсарийнинг шогирдлари ва асарлари мазкур ўхшатишни ҳеч қандай муболаға эмаслигини кўрсатмоқда. Кавсарий айнан мана шундай ҳофизага эга эдилар.

Марҳум Кавсарийнинг ақл-заковот ва қобилиятига келсак, устозимиз Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг (роҳимаҳуллоҳ) бизга айтиб беришларича, Суриянинг эски Адлия вазирларидан Нуҳад ал-Қосим, Кавсарий билан учрашганида хайратланиб, шундай деган: Умрим бино бўлиб, бундай кучли зеҳнга эга олимни кўрмаганман”.

Яна устозимиз Абдулфаттоҳ билан, устози Мустафо Зарқо (роҳимаҳуллоҳ) – қолаверса Зарқо барчамизнинг устозимиздир – орасида Марҳум Кавсарийнинг илмий ҳолатлари ҳақида шундай суҳбат кечади. Устозимиз шундай дейдилар: “Мисрга борган йилимнинг охирида Сурияга қайтганимда, устозим Зарқо мендан у ерда қайси уламолар билан учрашганимни сўрадилар. Мен ҳам Кавсарийни айтиб бердим. У кишининг илмларининг бепоёнлигини айтиб бердим. Орадан маълум бир вақт ўтди. Кейин Мустафо Зарқо Мисрга боришга қарор қилдилар ва мендан Кавсарийнинг манзилларини сўради; мен бердим. Устоз Зарқо Қоҳирада маълум вақт бўлиб, Сурияга қайтганларидан кейин бориб учрашганимда менга шундай дедилар: Ҳаётда афсус қилган бир нарсам бор, у ҳам бўлса Устоз Кавсарийдан 6 йил фиқҳдан таълим ололмаганимдир”. Бу гапларни ким айтган? Зарқо ҳазратларининг шахсан ўзлари. Ўзлари фақиҳ бўлиши билан бир қаторда отаси ҳам, бобоси ҳам фақиҳда ҳужжат бўлганлар. Уларнинг оиласи фақиҳ ҳисобланган. Мана шундай уламо Кавсарийни шундай таърифлаган.

Уни бошқа олимлардан кўра қадрли бўлишининг сабабларидан бири, умрининг катта қисмини Қоҳирадек кўплаб уламолар яшайдиган шаҳарда ўтказганидир. Қоҳира Азҳарнинг юртидир. Азҳар эса, илм борасида Ислом оламининг қибласи саналади. Дунёнинг турли ҳудудларидан келган олимлар ўша ерга боришарди. Кейин эса Миср. Миср ҳам китобларнинг нашр қилинган жойдир. У ҳам муҳим сабабларидан.

Ундан ташқар Кавсарий Аҳли Суннатни ва Ашъарийларни ҳимоя қилиши, фақиҳларни, хусусан Абу Ҳанифани ҳимоя қилишлари бу борадаги асарларни тадқиқий ва танқидий ҳолда нашр қилдириши, таълиф қилишлари уни янада шуҳрат қозонишига сабаб бўлган омилдир. Ҳатто бугунгача у кишига қарши тоифалар на эътиқодий, на фиқҳий соҳада ундан ўзабилдилар. Унга раддия ёзишга журъат қилолмаганлар фақатгина Яманийнинг орқасига беркиниб бир нарсалар дея олмоқдалар. Лекин аҳли илм шуни биладики, Абдурраҳмон ибн Яҳё ал-Муаъллимий ал-Яманий ҳам бу китобни ўз ихтиёри билан ёзмаган. Аксинча ёзишга мажбурлашганлар.

Яманийнинг Ат-Танқил асари.

-Муаъллимийни мажбурлаганлар кимлар эди?

Шайх Муҳаммад Аввома - Улар маълум. Уларни биласиз ким эканлигини.

-Демак, у ҳолда Яманийнинг Ат-Танқил асарининг ишончлилигини аниқлаштириш лозим бўлади, шундай эмасми?

Шайх Муҳаммад Аввома - Албатта шундай... Ал-Муъллимий қаерлик? Яманлик. Яъни Шофеъий олим. Кавсарий эса, Ҳанафий. Устоз Кавсарий кучли олимлар орасида улғайиб Мисрга келганларида жуда кўп баҳс-мунозараларга берилиб кетадилар. Қаламини қилич қилиб Аҳли Суннани ҳимояга киришадилар. Шу ерда жуда кўплаб асар ёзадилар. Муаъллимий ҳам муҳаққиқ Шофеъий олимларидан. Аслида иккиси ҳам бир ғояни кўзлайдилар. Лекин Муаъллимийнинг Шофеъий эканлигидан фойдаланиб қолишни кўзлаган Кавсарийга қарши тоифалар бўш турмайдилар. Маълумки, одатда Шофеъийлар Ҳанафийларга раддия ёзишлари билан машҳур. Лекин бу нарса илмга асосланмайди. Ат-Танқил ҳам худди шундай тоифалар воситасида ёзилган.

Асарнинг ишончлилиги борасида шуни айтиб ўтмасам бўлмайди: Ҳижрий 1400 йилда, Мадинаи Мунавварага кўчиб келганимдан 2-3 ой ўтар ўтмас, умра қилиш учун Маккага бордим. У ерда Ҳарамнинг кутубхонасига кириб, қўлёзма асарлар қисмида айланиб юрганимда Муаъллимийнинг Кавсарийга ёзган раддиясини кўриб, қизиқиб сўраб олдим. Муаъллимийнинг қўлёзма китоб мактабдаги ўқувчиларнинг қоралама дафтарига ўхшаш кичкинагина эди. Ичида ҳам Кавсарийнинг Таънибул Хотиб асарида ёзган фиқҳий мавзуларигина раддияга учраган эди.

-Яъни бугунги кундагидек эътиқодий масалалар бўлмаган, шундайми?

Шайх Муҳаммад Аввома - Ҳа. Зотан китобнинг номи ҳам Таънибдаги фиқҳий масалаларга раддия эди. Кавсарий раддия ёзган Хотиб ал-Бағдодий ҳам Шофеъий уламоларидан эди. Ал-Муаъллимий Кавсарийга қарши уни ҳимоя қилган. Буни кўриб, мен 2 йил олдинги воқеани эсладим. Исми нима эди? Ҳиндистонлик олим Ҳабибурраҳмон ал-Азамийнинг Ҳалабга келиши...

-Муҳаддис Ҳабибурраҳмон ал-Азамийми?

Шайх Муҳаммад Аввома - Ҳа, асли Ҳиндистонлик буюк муҳаддислардан. Ҳалабда бир-икки ой яшади. Мен бир муддат у кишининг хизматларини қилиш шарафига ноил бўлдим ва у зотдан бир қанча саволларимга жавоб олдим. Муаъллимийни танийсизми, деб сўрадим. Ҳа, дедилар. Қандай инсон деганимда менга шундай дегандилар: “У Шофеъийлардан”. Мен ҳам унга бўлган ҳурматимдан бошқа нарса сўрамадим. Зотан “У Шофеъийлардан” деган ифодадан Муаъллимийнинг қайси тоифалар таъсирида қолиб Ат-Танқил асарини ёзганини пайқаш мумкин.

Боя айтганим Ҳарам кутубхонасидаги ўша дафтарни кўриб Шайх айтган гаплар ёдимга тушди: Муаъллимий – шофеъийдир. Шофеъийлар Ҳанафийларга раддия ёзишлари мумкин. Кейин эса, бу ердаги замондош уламолар унинг бу жасоратини кўришгач, яъни Кавсарийга жавоб ёза оладиган даражада илмга эгалигини кўришгач, буни фурсат билиб, уни “Таъниб”га тамоман раддия ёзишга тайинладилар. Шундай қилиб у ҳам “Танқил”ни ёзди. Унинг муқаддимаси Кавсарий тириклигида ёзила бошланган. Кавсарий ҳам уни кўриб, ўқиган. Кейин эса, унга раддия ўлароқ Ат-Таҳриб би нақдит Таъниб асарини ёзди. Ат-Таҳриб ҳам тириклигида босилган. Муаъллимий Кавсарийдан 15 йилдан кейин вафот этган. Муаъллимий бундан хабар топгач, Ҳарам кутубхонасида маъмур бўлиб ишловчи, айни пайтда Муаъллимийнинг хизматида ишлаган Африкалик Муҳаммад ибн Усмон ал-Канавийга шундай деган: Бўлди. Бу инсон буюк олим. Иккинчи марта унга раддия ёзилмайди!”.

Муаъллимийга оид шу ибораларни ҳам Канавийнинг ривояти тўғрилаяпти. Муаъллимий Ат-Таҳрибдан кейин Ибн Абу Хотим ар-Розийнинг Ал-Жарҳ ват Таъдил асарини тадқиқ қилиб чиқади. Асар Ҳиндистонда нашр қилинади. Муаъллимий асарнинг кириш сўзида шундай дейдилар: Буюк олим, устоз Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий – Аллоҳ умрларини зиёда қилсин – Тақдимату жарҳ ват Таъдилнинг Истанбулдаги Мурод Мулла кутубхонасида бир нусхаси сақланаётганини айтмоқда. Аллоҳ ундан рози бўлсин. Аллоҳ унинг илмга хизмат қилишни ва унинг ёйилишини муваффақ айласин.

Энди ўз-ўзидан бир савол пайдо бўлади: Ким Танқилни ўқиса, Кавсарийни куфурга кетганини, имондан чиққан деб ўйлаши мумкин. Китобдан ўқиганимизга қарасак шундай тасвирланган Кавсарий. Энди, қандай қилиб шундай тавсифлаган Муаъллимий Кавсарийга Буюк олим, “Аллоҳ ундан рози бўлсин”, “Аллоҳ умрини зиёда айласин” дейиши мумкин? Мисол учун сиз, Тоҳа Ҳусайнга Аллоҳ умрига барака берсин, дейсизми?

-Йўқ, албатта.

Шайх Муҳаммад Аввома - У ҳолда нега Муаъллимий Кавсарийга “Аллоҳ умрини зиёда айласин” деган. Яъни бу ерда ғалатилик йўқми? Бир одамга эътиқодинг бузиқ, дейсану, кейин “Аллоҳ умрини зиёда айласин” десанг. Буни ақл қабул қилмайди. Устига устак буни Муаъллимий айтяпти. Муаъллимий бу эътирофини Кавсарийнинг вафотидан 26 кун олдин, 1371 йил, шаввол ойининг 23-куни ёзган. Яъни Кавсарий ҳали тирик. Шуни ёзяптики, китоб нашр қилиниб, дарҳол Мисрга етиб борсин. Танқил асарида Кавсарий ҳақида ёзганлари учун узр сўрашни истайди: лекин аксига олиб, китоб Мисрга бормасидан Кавсарий оламдан ўтади.

-Устоз! Албонийнинг Танқилга ёзган муқаддимасида Кавсарийни ерга урган ифодалар бор. Шу даражадаки, исмини ёзишга ҳазар қиладигандек ёзилган... У ҳақида ёза туриб “одам” деб кетган. Сатр ораларида куфрга иймондан кўра яқин деб билинган ва ерга урилган Кавсарий тасвирланган гўё. Албонийнинг бу тарзда ёзишига алоқадор нималар дейсиз?

Шайх Муҳаммад Аввома - Албоний, Танқилнинг муқаддимасида Муаъллимийдан шуни нақл қилиб келтиради: “Агарда кимда ким китобни ўқиб, қайд ёзмоқчи бўлса, қайдини қизил қаламда ёзсин. Қайдининг остига имзосини (исмини) ёзсин”. Муаъллимий нега бундай талаб қўйган? Чунки, Танқилни Маккада яшовчи, асли Мисрлик бир киши томонидан жуда хунук ифодалар ишлатиб Мисрда нашр қилинган. Жумладан Кавсарий, Муаъллимийнинг Талиаътут Танқилга раддия ўлароқ ёзган Таҳрибда “Мен шу, шу ва шу жумлаларни мадҳ деб кўрмоқдаман” деган. Лекин мазкур Мисрлик шахс, Кавсарий ёзган сўзларни топиб, китобдан чиқариб ташлаган. Яманликларни яхши биламан: улар ўйлаб гапирадилар. Танқилдагига ўхшаб, ёмон сўзларни ишлатишмайди. Лекин китоб кимнинг номидан чиқарилса, у китоб учун ўша шахс масъул бўлади. Мана шунинг учун ҳам Муаъллимий Танқилни турли ҳужумлардан ҳимоя қилиш учун: “Агарда кимда ким китобни ўқиб, қайд ёзмоқчи бўлса, қайдини қизил қаламда ёзсин. Қайдининг остига имзосини (исмини) ёзсин” дейишга эҳтиёж сезган. Лекин Албоний, муқаддимасида буни нақл қилган бўлса-да, бунга риоя қилмай, ҳақиқатни беркитган.[1] Ҳа, майли.


____________________________

[1] 1-Танқил Кавсарийга қарши тоифанинг энг кучли ва ягона мурожаат манбайи бўлганлиги боис жуда кўп маротаба нашр қилинган. Жуда кўп маротаба муаллифидан хабарсиз қўшимчалар қўшиб нашр қилинган. Муҳаммад Носуриддин Албонийнинг асарнинг биринчи нашрига ёзган муқаддимадан маълум бўладики китоб инсофдан бенасибларнинг тижорат маркази бўлган ва нашриётларнинг иштаҳасини оширган. Албоний ҳам Танқил дан насибасини олиш учун (!) унга таҳқиқ (текширишга) киришган ва Муаъллимийнинг вафот этган йили ҳижрий 1386қайдлар билан нашр қилдирган. Шу сабабли ҳам Муаъллимий Албоний қайд ёзган нашрни кўра олмаган. У қанчалик асарни диққат билан кўздан кечирган бўлсада, муаллифга оид бўлмаган ифодаларни ҳам қўшганини, ўзига оид қайдларни (нун ҳарфи билан), Муҳаммад Абдурраззоқ Ҳамзага оидларини (мим ва аъйн ҳарфлари билан) ажратганини, Муаъллимийга оидларини ажратмай ёзган бўлса-да, Кавсарийни ёзаётганида ишлатган иборалар, асарни нашр қилиши учун Муаъллимийнинг вафотини кутиши ва Устоз Шайх Муҳаммад Аввоманинг Танқил асарининг ёзилишига доир фикрларини бир нуқтага олиб келсак, гап оғзимизда қолади. Абу Вафо ал-Афғонийнинг қайд қилишича: Аллома, муҳаққиқ, мудаққиқ, ал-фиқҳул кабийр, ал-муҳаддисуш шаҳийр, Мавлоно Шайх Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий”га раво кўрилганлар машҳарда аниқ жавоби бўлади. Танқилнинг Албонийнинг қайди билан чиққан босмасини кўриш учун қаранг: Абдурраҳмон ибн Яҳё ал-Муаъллимий, Ат-танкил бима фий танбиъл Кавсарий минал абадил, таҳқиқ, Муҳаммад Носуриддин Албоний, Мактабатул маъориф, Риёд, 2005, I-II;

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Мустафо алАъзамий билан Профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбатиР. Шантурк Ўзига хос ижтимоий сўровнома услубидан фойдалангансиз, тўғримиАъзамий давоми...

3460 21:32 / 13.01.2018
Моликий мазҳаб асосчилари, Имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир алАсбаҳий 93 ҳ.санада таваллуд топдилар. У кишининг оналари фозила, оқила аёл давоми...

7170 21:53 / 27.04.2017
Биламизки, Кавсарийнинг жуда кўплаб шогирдлари бўлган. Лекин улар орасида Абу Ғудданинг ўрни бошқача. У киши нега айнан Абу Ғуддани ўзларига яқин кўрганларШайх давоми...

3981 16:40 / 25.04.2018
Шайх Муҳаммад Аввома Шайх Имом Зоҳид алКавсарийга алоқадор ҳар қандай саволга жавоб беришим мумкинАҳли сунна ва жамоа мактабининг энг забардаст тамсилчиси давоми...

4894 21:05 / 13.04.2018
Аудиолар

134345 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54665 14:35 / 11.08.2021