1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Бир ҳадис олимининг илм йўлидаги сафари (5-қисм)

21:32 / 13.01.2018 3524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Муҳаммад Мустафо ал-Аъзамий билан Профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбати)

Р. Шантурк: Ўзига хос ижтимоий сўровнома услубидан фойдалангансиз, тўғрими?

Аъзамий: Қалбларида туғилган фикрларни илҳом қилинганидек шаклда жавоблашган эди. Аммо ўша пайтда миямда мутлақо бошқа бир ўй бор эди. Шундан кейин бу мавзуда дарс бердим ва уни ривожлантирдим. Бу Ибн Моиннинг ҳикояси эди. Ибн Моин жуда машҳур олим эди. У Ҳаммоднинг китобларидан бирини Ҳаммоднинг деярли танилмаган бир талабасига ўқиб бериш учун боради. Аслида, бу иш юксак даражани ўқиб тамомлагандан кейин яна тубан, қуйи савияга қайтишдек бир ҳолдир. Таниқли бир шайх танилмаган бир кишининг ҳузурига бориши, қандайдир янглиш иш борлигидан далолатдир. Ҳаммоднинг талабаси: “Китобни ўқидингизми?” деб сўраган. У эса: “Мен юздан ўн еттисини, сен эса юздан ўн саккизини”, деб жавоб берган. Шунда Ҳаммоднинг талабаси: “Бу нима деган гап? Мен юздан ўн еттисини, сиз эса юздан ўн саккизини ўқиганмиз!” деган. Шу билан бирга: “Мен Ҳаммоднинг энг билимсиз, охирги ўринда турувчи талабасиман. Нега айнан менга келдингиз?” дея норози бўлган. Мен учун унинг жавоби ниҳоятда қизиқ, Ибн Моин: “Ҳаммоднинг хатолари бор, бунга қўшимча равишда унинг талабалари ҳам хатога йўл қўйишди”, деган.

Мен эса Ҳаммоднинг хатолари билан талабаларнинг хатоларини бир-биридан ажратишни хоҳлардим. Агар ўқиган қисмингизда хатолар умумий хатолар билан ёпилиб кетса, у ҳолда бу хатолар Ҳаммодга тегишлидир. Аммо баъзи талабалари хато қилмасдан, баъзилари хатога йўл қўйса, демак, бу катта эҳтимол билан хатолар талабаларнинг хатолари эканини, устозга тегишли эмаслигини кўрсатади.

Ибн Моин изланишлари натижасида Ҳаммоднинг 60 ёхуд 70 талабасини тўплаб, улардан олган илмий маълумотларига асосланган ҳолда, кимнинг қаерда ва нечта хато қилганини катта бир нисбатда аниқлагандир. Бу усул худди талабаларнинг ҳамма баҳоларини тўплаб, кейин шунинг ўртачасини олиб, баҳолашга ўхшайди. Шу йўл билан қайси хатолар устозга тегишли ва қайсилари талабаларига тегишли эканини исботлай олган.

Ўқиган вақтимда бу воқеа мени ниҳоятда таъсирлантирган эди.

Р. Шантурк: Бу китобдан кейин Жозеф Шахт (SCHACHT Joseph) асарини танқид қилувчи китобингизни ёздингиз. Бу асарни ёзишингиз шунчалик муҳиммиди? 

Аъзамий: Шахт ўша даврда жуда машҳур эди. Унинг асари бугунга қадар ҳамон муҳимлигича қолмоқда. Барча ундан иқтибос олар эди.

Р. Шантурк: Кишилар нима учун уни бунчалик муҳим санашган ва ундан ўз асарларида фойдаланишган? Ва нега сиз Жозеф Шахтни танқид қилдингиз?

Аъзамий: Чунки у барча мусулмон ҳамда мусулмон бўлмаган илм аҳлига раҳбарлик қилаётган, уларни нотўғри йўлга бошлаётган эди. 

РШантурк: Бу китобингизда нима борасида тортишган эдингиз?

Аъзамий: Мен унинг китобларини ўқишдан олдин барча манба ҳамда тафсилотларини кўздан кечирдим. Ва уларнинг қай даражада саҳиҳ эканлигини ўргандим. Иқтибосларининг манбалардан олинмаганини, шу билан бирга саҳиҳ эмаслигини, қасддан ёхуд билмасдан нотўғри нарсаларни баён қилганини аниқладим. У: “Бу ҳадис шу-шу сабабларга кўра мана бу ва мана бу ҳадислар ичидан тўқиб чиқарилган. Чунки бу ҳадисга доир биттагина манба бор”, деган иддаосига жавобан бошқа манбаларни келтириб, унинг фикри хато эканини исбот қилдим.

Р. Шантурк: Кейинроқ “History of Quranic Text” (Қуръон тарихи) номли китобингизни ёздингиз.  

Аъзамий: Шундай.

Р. Шантурк: Бу сизнинг Ҳадис илмидан бошқа майдонга ўтганингизни билдирадими?

Аъзамий: Бундан олдин нашр қилинган, аммо бу ерда ҳали айтилмаган яна бир китобим бор: “Саҳиҳи Ибн Ҳузайма” номли. Бу китоб Тўпқопи саройида сақланадиган нодир қўлёзма асар эди ва унинг борлигини ҳеч ким билмасди. Мен уни кашф этдим, алҳамдулиллаҳ! Кейин уни нашр қилдик. Айни вақтда Имом Моликнинг “Муватто” китобини ҳам нашр қилдим. Шу кунга қадар еттита қисми нашрдан чиқди. Бу китобда Башшар Маъруфни танқид қилдим. У Имом Моликнинг ҳадисдаги сўзларни алиштирганини айтган. Бу фикрларнинг барчаси сафсата, туҳмат эканини исботлаб бердим. Яна бир неча китоблар бор...

 

РШантурк: Айнан “Муватто”ни нима сабабдан танладингиз?

Аъзамий: Аслида Америкада, Нью-Йоркда эканимда бу китобни ёзишим сўралган эди. Мен ушбу таклифни қабул қилдим. Тўғрироғи, бу масалага ўзимнинг ҳам ҳассосиятим бор эди.

Р. Шантурк: Шундай қилиб, Ҳадисдан Қуръонга ўтдингиз?

Аъзамий: Тобэ Лестер “Atlantik Monthly” (1999) журналидаги мақоласини ёзган вақтда унга қарши кимдир раддия бериши керак эди, бу ишни эса мен бажаришимга тўғри келди. Шуни тушуниб етган эдимки, агар фақат Қуръон ҳақида ёзадиган бўлсанг, тасдиқлайдилар ё тасдиқламайдилар ёки мана бундай бўлса, яхшироқ, дейдилар. Шу боис уларни ҳам ушбу баҳсга тортишим керак эди. Ажабо, асли уларнинг китоблари қандай? Уларнинг китоблари билан бизнинг Китобни таққослашингиз керак. Шу мақсадда мен Эски Аҳд ва Янги Аҳдни ўқишни бошладим.  

Р. Шантурк: “Ваҳий қилинишидан тортиб, тўпланишигача Қуръон тарихи” китобингиз билан танишгач, сизнинг ҳадислар мавзусидан Қуръон мавзусига ўтганингизни кўриш мумкин. Буни ўзингиз ҳам эътироф этасизми? Эътироф этсангиз, сабаблари ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.

Аъзамий: Аслида, бу менинг наздимда улкан ўзгариш эмас. Чунки бизнинг барча китобларимизда ҳар доим Китоб ва Суннатни топа оласиз.  Бундан ташқари Қуръони Карим ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари асосан биргаликда ифодаланади. “Фил Китоби вас-Сунна, Раайно фил-Китаби вас-Сунна”. Чунки Суннат, яъни ҳадислар Қуръоннинг шарҳидир, изоҳидир. Шу боис бирини иккинчисидан ажратолмайсиз. Кўпроқ диққатимни суннатга ва шахсан шарқшуносларга қаратдим. Тобэ Лестер “Қуръон нима?” номли мақоласида аксарият яҳудий, христиан ҳамда тафтиш мактабидан етишиб чиққан ўн иккита янги номни келтирди. Мусулмонлар бунга қарши чиқишини кутган эдим. Зотан мусулмонларнинг академик ишлари ниҳоятда оз эди. Афсуски, бу мақолага бор-йўғи учтагина раддия ёзилди. Менинг фикримча, улар ҳам жуда заиф ёзилган эди. Уларнинг номларини бу ерда айтмайман.   

Р. Шантурк: Ғаззолий шундай дейди: “Агар ҳақ тарафдорлари заифлашса, ботил авомнинг назарида ўзлари ҳақдек туюлади”.

Аъзамий: Ўзга эътиқодлараро суҳбат тайёрловчи бир аёл, менинг уларга қарши чиқишимни қоралаб, ўзга дин вакиллари аро муносабатлар давом этиб турган ушбу даврда бундай тортишув номақбул эканини айтди.

РШантурк: Улар гап нима мавзуда эканини билишармиди?

Аъзамий: Йўқ, бундан хабарлари йўқ эди. Агар билимга эга бўлмасангиз, у ҳолда бирор ишга қарши чиқолмайсиз, унинг ботил эканини исботлай олмайсиз. Шу сабаб мен ҳам бу масала билан қизиқишга, ўрганишга қарор бердим. Ишни бошлаган пайтимда Янги ва Эски Аҳд ҳақида жуда оз билимга эга эдим. Кейин тўлиқ ўқий бошладим. Яҳудий ва христианларнинг китобларининг қандай юзага келганига, қандай муҳофаза қилинганига ва агар ўзгариш бўлса, фарқли ёзувларда уларнинг нималар эканига диққат қилишимиз кераклигини ўйладим. Тўғриси, бу иш давомида бир қанча қимматли илм аҳли билан танишиш мен учун жуда ҳаяжонли бўлди. Бошқа томондан Эски Аҳд ва Янги Аҳд ҳақидаги жуда аниқ ўзгаришларнинг кучли бир шаклда айнан иккинчи асрда юзага келганини кўрдим.

Р. Шантурк: Бошқа нарсалардан олдин Қуръонга бундай тажовуз қилишнинг ҳамда ушбу ҳаракат давом этишининг ортида қандай асл мақсад бўлиши мумкин, деб ўйлайсиз?

Аъзамий: Бу маълум бир сиёсий мақсадга етишиш учун қўлланилган бир услубдир. Чунки Қуръон ва Ҳадисга туҳмат қилиш, қарши чиқиш сиёсий эҳтиёжлардан келиб чиқади. Сал аввалроқ айтганимдек, ҳижратнинг илк йилларидан бошлаб, еттинчи юз йилликка қадар ҳамда ўн учинчи асрга, ундан эса ўн саккизинчи асрга қадар асосий мақсад маълум бир девор тиклаб, христианларнинг мусулмонлашмаслигига эришмоқдир. Бунинг учун масалан Қуръонни, уни ўқиганларни “Бу қандай бир кераксиз китоб”, деб айттиришга мажбурлайдиган тарзда таржима қилишарди. Жуда таниқли протистан раҳбар Мартин Луцер (Martin Luther) иккита душмани борлигини айтар эди: “Бири ишғол қилиш йўли билан Ўрта Оврўпадаги бир қанча христиан жамоаларга Исломни ёйган турклар: иккинчиси эса Папа!” Бундан кўринадики, унинг учун икки Исо душмани бор эди. Бири Папа, бошқаси эса турклар ҳамда уларнинг китоблари. 


(Давоми бор) 

Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устоз, бугунги кунда толиби илмлар Кавсарийнинг асарларига қайси жиҳатдан кўпроқ эҳтиёж сезмоқдаларШайх Муҳаммад Аввома Аввало шуни айтиб ўтай, илмга энди қадам давоми...

3568 17:50 / 20.04.2018
Имом, ҳофиз, мусанниф, сиқа Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Осим Розий.Оталаридан, Али ибн Мадиний, Иброҳим ибн Ҳажжож Сомий, Абу Рубай Заҳроний, Ҳудба ибн Холид, давоми...

1545 11:00 / 08.11.2020
Бу зотлар вақтдан унумли фойдаланиш ҳамда унинг нафосати ва қиймати ниҳоятда қимматли эканини англаш, ўтаётган дамларни хайрли амаллар билан тўлдириш, ҳар ону давоми...

1942 15:03 / 08.11.2020