Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Билиб-билмай қилган амали туфайли ота-онасига оқ бўлиб қолган одам ўзидан бу гуноҳни кетказиши мумкин экан. Бу иш ота-онанинг кечиримига сазовор бўлиш ила ҳосил бўлар экан. Ана шундай мақомга сазовор бўлиш учун эса барча молини ота-онасига ҳадя этиш лозим экан.
عَنْ مَكْحُولٍ قَالَ: أَوْصَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعْضَ أَهْلِهِ فَقَالَ: «لَا تُشْرِكْ بِاللهِ شَيْئًا وَإِنْ حُرِقْتَ، وَإِنْ عُذِّبْتَ، وَلَا تَعُقَّنَّ وَالِدَيْكَ، وَإِنْ أَمَرَاكَ أَنْ تَخْتَلِعَ لَهُمَا مِنْ مَالِكَ فَانْخَلِعْ لَهُمَا، وَلَا تَدَعْ صَلَاةً مَكْتُوبَةً عَمْدًا، فَإِنَّ مَنْ تَرَكَهَا عَمْدًا بَرِئَتْ مِنْهُ ذِمَّةُ اللهِ، وَلَا تَشْرَبِ الْخَمْرَ؛ فَإِنَّهَا مِفْتَاحُ كَلِّ شَرٍّ، وَإِيَّاكَ وَالْمَعْصِيَةَ؛ فَإِنَّهَا مِنْ سَخَطِ اللهِ، وَلَا تُنَازِعِ الْأَمْرَ أَهْلَهُ وَإِنْ رَأَيْتَ أَنَّ لَكَ، وَإِذَا كُنْتَ فِي قَوْمٍ كَثُرَ فِيهِم الْقَتْلُ أَوِ الْمَوْتُ فَاثْبُتْ، وَإِيَّاكَ وَالْفِرَارَ مِنَ الزَّحْفِ، وَأَنْفِقْ عَلَى أَهْلِكَ مِنْ طَوْلِكَ وَلَا تَرْفَعْ عَصَاكَ عَنْهُمْ، وَأَخِفْهُمْ فِي اللهِ».
Макҳулдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларига қуйидаги васиятни қилдилар:
«Аллоҳга ҳеч қачон бирор нарсани шерик қилма, агар куйдирилсанг ва азобга қолсанг ҳам.
Ота-онангга оқ бўлма. Агар иккиси учун мулкингдан бутунлай воз кечишни амр қилсалар ҳам, воз кеч.
Фарз намозини зинҳор ва зинҳор қасддан қолдирма. Чунки уни қасддан тарк қилган одамдан Аллоҳнинг зиммаси кетади.
(Ҳеч қачон) ароқ ичмагин. Чунки у ҳар бир ёмонликнинг калитидир.
Маъсиятдан ҳазир бўлгин. Чунки у Аллоҳнинг қаттиқ ғазабидандир.
Амалга аҳл бўлганлар билан ҳеч амал талашма. Агар бунга ўзингни лойиқ билсанг ҳам.
Агар ичида қатл ёки ўлим кўпайиб кетган қавм билан бўлсанг, собит тур.
Зинҳор ва зинҳор урушда орқангга қараб қочма.
Ўз аҳлингга имконинг борича нафақа қилгин. Улардан асоингни кўтарма ва уларни Аллоҳдан қўрқишга чақириб тургин».
Шарҳ: Набийимиз алайҳиссолату вассаломнинг бу ҳадиси шарифда келган васиятларида жуда кўп муҳим нарсалар зикр қилинибди. Улардан бири – нима қилиб бўлса ҳам ота-онага оқ бўлмаслик ҳаракатини қилиш. Ҳаттоки ота-она «Топган молингнинг ҳаммасини бизга берасан, шундагина рози бўламиз», дейишса, берсин, лекин уларнинг кўнглини қолдирмасин.
Келинг, ушбу набавий васиятни алоҳида эътибор билан ўрганиб чиқайлик.
1. «Аллоҳга ҳеч қачон бирор нарсани шерик қилма, агар куйдирилсанг ва азобга қолсанг ҳам».
Чунки Аллоҳ таоло бошқа барча гуноҳларни кечса ҳам, Ўзига шерик келтирилишини кечмайди. Дунёда ширкдан оғир гуноҳ йўқ. У Зот Нисо сурасида айтади:
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимдан хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир» (48-оят).
Ширк келтириш катта гуноҳ экани бошқа оятларда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Аммо бу оятда ширк ягона кечирилмас гуноҳ эканлиги билдирилмоқда.
«Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас».
Аслида ширк яратувчиликда ва ибодатга лойиқликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақийдани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади. Жумладан, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар ҳам бир томондан мушрик ҳисобланишади. Чунки уларнинг мушриклик аломатлари кўп. Масалан, яҳудийларнинг Узайр Аллоҳнинг ўғли, деб эътиқод қилишлари мушрикликнинг айнан ўзидир. Насороларнинг Ийсо Аллоҳнинг ўғли, деб билишлари ҳам шундан бошқа нарса эмас.
Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган Зотга, ризқ берган Зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди. Аммо иймон билан ўтганларнинг – ширк келтирмаганларнинг бошқа гуноҳлари бўлса, хоҳлаган одамини мағфират қилаверади.
«Ундан бошқа гуноҳни, кимдан хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир».
Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимдан хоҳласа, кечиради», – деганлар.
2. «Ота-онангга оқ бўлма. Агар иккиси учун мулкингдан бутунлай воз кечишни амр қилсалар ҳам, воз кеч».
Фарзанд ота-онага оқ бўлмаслик учун ёки оқ бўлган бўлса, бу гуноҳини ювиш учун бор молини сарфлаши керак бўлса, шуни ҳеч иккиланмай амалга ошириши керак бўлади.
Ота-онага оқ бўла туриб, бой бўлишнинг нима кераги бор? Ундан кўра ўлгани яхши эмасми?!
Ушбу ҳадиси шарифнинг бу бобда келтирилиши айнан мана шу жумланинг эътиборидандир.
3. «Фарз намозини зинҳор ва зинҳор қасддан қолдирма. Чунки уни қасддан тарк қилган одамдан Аллоҳнинг зиммаси кетади».
Бу ердаги «Аллоҳнинг зиммаси» нима эканини қуйидаги ҳадиси қудсийдан билиб олишимиз мумкин.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен Ўзимга Ўзим «Ким уларни муҳофаза қилиб, ўз вақтида ўқиб келса, албатта жаннатга киритаман», деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир», деди», деб айтдилар».
Демак, намозини муҳофаза қилмаган, балки уни қасддан тарк қилган одам учун Аллоҳнинг зиммасидаги аҳд, яъни уни жаннатга киритиш ваъдаси соқит бўлади.
Намозни тарк қилиш, яъни бенамозлик қанчалар ёмон нарса, улкан гуноҳ экани ҳақида кўпгина оятлар ҳам мавжуд.
Жумладан, Қуръони Каримда қуйидаги оятлар келган:
«Сизларни дўзахга нима киритди?» (дейилур). Улар дерлар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик» (Муддассир сураси, 42-43-оятлар).
Яъни қиёмат куни бенамозлар намоз ўқимаганлари учун «Сақар» номли ўта даҳшатли дўзахга солинади. Уларнинг бу аянчли ҳолга тушишларининг сабаби ўзларидан сўралганда, улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик, шунинг учун бу аянчли ҳолга тушдик», деб жавоб берадилар.
Аллоҳ таоло Моъун сурасида: «Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки… улар намозларини унутувчилардир», дейди (4-5-оятлар).
Бу оятдаги «вайл» сўзи «ҳолига вой», «азоб» деган маъноларни англатади. Шунингдек, жаҳаннамдаги бир водийнинг номи ҳам Вайлдир. Намозни қасддан тарк этганларга уларнинг барчаси бўлишида шубҳа йўқ. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч қачон беҳуда гап айтмайди.
Аллоҳ таоло Марям сурасида қуйидагиларни айтади:
«Уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар» (59-оят).
Ушбу ояти каримада ҳам намозни тарк этувчилар охират азобига албатта дучор бўлишлари қатъий таъкидланмоқда.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Макҳул розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозни қасддан тарк қилса, у Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг зиммасидан соқит бўлибди», деганлар.
Расулуллоҳнинг зиммаларидаги нарса шафоатчиликдир. Бу ҳадиси шарифнинг мазмунига кўра, намозни қасддан тарк қилган кимса Аллоҳ таолонинг раҳматидан ҳам, Набий алайҳиссаломнинг шафоатларидан ҳам маҳрум бўлар экан.
4. «(Ҳеч қачон) ароқ ичмагин. Чунки у ҳар бир ёмонликнинг калитидир».
Ароқ ичишни ўзига раво кўрган одам бошқа барча ёмонликларни ҳам тап тортмай қилаверадиган бўлади. Бу ҳақиқатни қуйидаги ривоятдан тўлиқ тушуниб олишимиз мумкин.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у (қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёлнинг ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл: «Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Мен сени менга яқинлик қилишинг, ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг, ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди.
Эркак: «Менга манави хамрдан бир қадаҳ бер», деди. Аёл унга ичирди.
Эркак: «Менга яна беринглар», деди.
Сўнг у ўша ернинг ўзида аёл билан яқинлик ҳам қилди, (бегуноҳ) жонни ҳам ўлдирди.
Шундай экан, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасамки, у абадул-абад иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолса ҳам, бири иккинчисини чиқариб юборади».
Бошқа бир ривоятда: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган.
Иккисини Насоий ривоят қилган.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилинган биринчи ривоятда у киши хамрдан огоҳлантирувчи ажойиб гапларига мисол қилиб, ўтган умматларда бўлиб ўтган ибратли бир қиссани ҳам келтирмоқдалар: «Хамрдан четда бўлинглар! Чунки у ифлосликларнинг онасидир».
Ҳа, хамр бор жойда ифлосликнинг барча тури ҳам бўлади. Она асл бўлиб, ҳамма болалар ундан туғилганидек, хамр ҳам ифлосликларнинг онаси бўлиб, барча ифлосликлар ундан келиб чиқади. Бунга оддийгина бир мисол келтирилса, тушуниш осон бўлади.
«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди».
У ўз ибодати, тақвоси, ҳаром-харишдан узоқлиги билан шуҳрат топган эди.
«Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди».
Одатда, ифлос хулқли аёллар ҳалол-пок эркакларни йўлдан уришни ўзига мақсад қилиб олган бўлади. Чунки ўзларига ўхшаш ифлос эркаклар уларга ҳамиша шерик бўлгани учун уларнинг қадри бўлмайди. Ҳалол-пок, тўғри эркакларни йўлдан уриш учун пасткаш аёллар ҳар хил ҳийла-найрангларни ишга солишади.
«У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради».
Бузуқ аёл тақводор кишининг олдига ўзи бормай, хизматчи чўри қизини юборди ва мазкур кишидан савобли бир иш қилишини, гувоҳликка ўтишини илтимос қилди. Унинг бундай иш тутишидан ниҳоятда пихини ёрган маккора аёл экани кўриниб турибди.
Агар ўзи ҳалиги кишининг олдига борса, юриш-туриши, гап-сўзи ва бошқа омиллардан кимлиги фош бўлиб, тақводор эркак ўзини ундан олиб қочиши мумкин эди.
Чўри қизни юборганда эса аёлнинг кимлиги сир бўлиб қолади. Бунинг устига, чўриси бор аёл обрў-эътиборли, шарафли ва кўчага чиқишни эп кўрмайдиган мастура аёл бўлса керак, деб ўйлайди одам.
Гувоҳликка ўтишни сўраш ҳам савоб учун ҳар нарсага тайёр турган тақводор инсонни ишонтиришнинг осон йўли. Бузуқ аёлнинг ҳийласи иш берди.
«Эркак у (қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди».
Гувоҳликка ўтиб, савобли иш қиламан, деган умидда тақводор эркак бузуқ аёлнинг чўри қизига эргашиб, унинг уйи томон йўл олди. Уйга етиб борганларидан кейин ичкарига кира бошладилар.
Ичкарида хоналар, хоналарда эшиклар кўп экан. Тақводор эркак ҳар бир эшикдан ўтганидан сўнг чўри қиз ҳалиги эшикни маҳкамлаб, қайта очилмайдиган қилиб беркитиб борди. У бу билан ўз ойимининг амрини бажарар, тақводор эркакнинг уйдан қайта чиқиб кета олмаслиги чорасини кўрар эди.
«Охири бир гўзал аёлнинг ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди».
Гувоҳликка ўтиб, савоб касб қиламан, деган ниятда чўри қизга эргашиб келган содда тақводор юриб-юриб, кема-кет эшиклардан ўтиб-ўтиб, ниҳоят кўрган кишининг кўзини қамаштирадиган даражада ўзига оро бериб олган гўзал аёлнинг олдидан чиқди. Аёл ёлғиз ўзи эмас эди. Унинг ёнида бир ёш қул (ғулом) турарди. Нарироқда эса бир идишда хамр ҳам қўйилган эди. Тақводор киши ҳайрон қолиб турган эди, маккора аёл гапни чўзиб, имо-ишорали сўзлар танлаб ўтирмасдан, бирданига асл мақсадини айтиб қўя қолди. Аввал тақводор кишига уни алдагани ҳақида хабар берди:
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ», деди.
Бу бузуқ аёлга ўхшаш устаси фаранглар кези келганда қасам ичишни ҳам жойига қўйиб қўйишади. Шу билан бирга, ёлғон тўқиганини ҳам тан олишади. Ушбу аёл ҳам шундай қилди. Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб, у кишини алдаганини юзига очиқ айтди. Сўнгра асосий мақсадга ўтди:
«Мен сени менга яқинлик қилишинг, ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг, ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди».
Маккора аёл ушбу гуноҳларни тақводор кишига тақдим қилишда ҳам ўта нозик жойларигача ҳисобга олиб, усталик билан гапирди.
Биринчи ўринга ўзининг асосий мақсадини – шаҳватини қондириш ишини қўйди. Мабодо «Хўп», деб қолса, ҳеч қандай оворагарчиликсиз мақсад ҳосил бўлади, деб ўйлади.
Иккинчи ўринга бир қадаҳ хамр ичишни қўйди. У «Идишдаги ҳамма хамрни ичасан», демади. Чунки тақводор киши маст бўлиб қолишдан ва оқибатда бошқа ишларни ҳам қилиб қўйишдан қўрқиб, айниб қолиши мумкин. «Фақатгина бир қадаҳ ичасан», дейилганда эса эркак назар-писанд қилмаслиги мумкин.
Маккора аёл учинчи ўринга оғир ишни – ғуломни ўлдиришни қўйди.
У тақводор кишини қийин ҳолга қўйди. «Ушбу уч ишдан бирини қилишга мажбурсан, бошқа иложинг йўқ», демоқчи бўлди.
Тақводор киши ўйланиб қолди. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг умуман иложи йўқ. Қаршилик кўрсатишга ҳам имкон йўқ. Бировнинг уйида, хилват жойда, уй эгасининг қул ва чўрилари орасида турибди. Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳуда ўлдириш мутлақо мумкин эмас. Осони, бировга зарар етмайдигани – бир қадаҳ хамр ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичса, ичибди-да. Кейин тавба қилса, кечирилиб кетар. Ушбу фикрларни хаёлидан ўтказиб бўлиб:
«Менга манави хамрдан бир қадаҳ бер», деди».
У ўзича масалани ҳал қилишнинг энг тўғри йўлини топгандек бўлди. Бир қадаҳ хамрни ичади-да, қутулади. Аёл худди мана шу гапни кутиб турган эди.
«Аёл унга ичирди».
Ўзи айтганидек, бир қадаҳгина хамр ичирди. Ўша ичилган бир қадаҳ хамр эркакнинг ичига кирганидан кейин унга ўз таъсирини ўтказа бошлади. Бир қадаҳ ичганидан кейин яна ичгиси келиб қолди. Эркак: «Менга яна беринглар», деди.
Энди бузуқ аёлнинг ўзига эмас, ўша ерда турганларнинг ҳаммасига хитоб қила бошлади. Хамрдан кўпроқ ичиш пайига тушиб қолди. У хамрни ичиб-ичиб, ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолди.
«Сўнг у ўша ернинг ўзида аёл билан яқинлик ҳам қилди, (бегуноҳ) жонни ҳам ўлдирди».
Мастликда билмай, мазкура бузуқ аёл билан зино ҳам қилди. Ҳаддидан ошиб, мастликда қутуриб кетиб, ғуломни ҳам ўлдирди. Ифлосликларнинг онаси бўлмиш хамрга яқин бўлгани учун ифлосликларнинг ҳаммасини қилди. Ҳа, биродарлар!
«Хамрдан узоқда бўлинглар!»
Ким унга яқинлашса, ифлосликларнинг онасига, конига, уясига яқинлашган бўлади. Натижада кўп нарсалардан, ҳаттоки инсон учун энг азиз нарса бўлга иймондан ҳам ажраб қолиши мумкин.
«Аллоҳга қасамки, у абадул-абад иймон билан жам бўла олмас».
Хамр бор жойда иймон бўлмас, иймон бор жойда хамр бўлмас. Бу икки нарса бир-бирига мутлақо зид нарсалардир.
«Агар иккиси жамланиб қолса ҳам, бири иккинчисини чиқариб юборур».
Шунинг учун ҳам Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабида, хамр ичувчи хамр ичганида иймони ташқарига чиқиб туради, дейилади.
Хамрнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан таъсирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Аллоҳ таоло хамрга мубтало бўлган бандаларга инсоф берсин, уларга ифлосликларнинг онаси чангалидан қутулишларида Ўзи ёрдам берсин.
5. «Маъсиятдан ҳазир бўлгин. Чунки у Аллоҳнинг қаттиқ ғазабидандир».
«Маъсият», «осийлик», «исён» сўзлари бир ўзакдан бўлиб, луғатда «тоатдан чиқиш» деган маънони билдиради.
Уламолар истилоҳида «осийлик» Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунишни тарк қилишдир.
Бошқа бир таърифда айтилишича, осийлик – амрларни тарк қилишдир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Расулининг тилидан фарз ва вожиб қилган нарсаларни тарк этиш ҳамда Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган сўзлар, зоҳир ва ботин амалларни содир этмасликдир.
Маъсиятнинг катта ёки кичиклигига қараб, унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради.
Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ҳазир бўлишга чақирган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади:
«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг чегараларини бузса, (У Зот) уни мангу қолиши учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир» (14-оят).
Демак, бу дунёда фақат Аллоҳ таолога ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолога бўйсуниб, У кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда яшаш демакдир.
Демак, охиратда ҳар кимга бу дунёдаги амалига қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг итоатини қилмай, осийлик қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий қолишлари учун дўзахга киритилади. У ердаги хорловчи азоблар ҳам абадий бўлади.
Маъсиятнинг зарарлари:
Маъсият Одам ва Ҳаввони жаннатдан чиқарди.
Маъсият иблисни Аллоҳ таолонинг лаънатига учратди.
Маъсият Нуҳ қавмини тўфонга гирифтор қилди.
Маъсият Од қавмини томири чириган дарахтдек қулатди.
Маъсият Самуд қавмининг даҳшатли овоз ила ҳалок бўлишига сабаб бўлди.
Маъсият Лут қавмини чаппа айлантирилган ер остида ҳалок қилди.
Маъсият Шуъайб қавмини булутдан ёққан азоб ила ҳалок қилди.
Маъсият Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилди.
Маъсият Қорун ва унинг мол-мулкини ерга юттирди.
Маъсиятлар банда қалбининг моғор босишига, ғофил бўлиши ва муҳрланишига сабаб бўлади.
6. Амалга аҳл бўлганлар билан ҳеч амал талашма. Агар бунга ўзингни лойиқ билсанг ҳам.
Ақли расо кишилар айнан мансаб талашиш кўпгина ёмонлик ва душманликларга сабаб бўлишини яхши биладилар. Аввало, нолойиқ шахснинг мансабдор бўлишига йўл қўйилмайди. Аммо мансабга ўтирдими, у билан мансаб талашилмайди.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қийинлигу осонликда, ёққандаю ёқмаганда ва биздан бошқалар устун қўйилганда ҳам қулоқ осиб, итоат қилишга ва «иш»ни аҳлидан тортиб олишга уринмасликка, қаерда бўлсак ҳам ҳақни айтишга, Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка байъат қилдик».
Бошқа бир ривоятда «иш»ни ўз аҳлидан тортиб олишга уринмаслик ҳақида у зот: «Магар очиқ куфрни кўрсангиз-у, ҳузурингизда бу ҳақда Аллоҳдан бурҳон бўлса, мустасно», дедилар», дейилган.
Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифдаги «иш»дан мурод мансабдир. Бу ерда мансаб талашиш яхши эмаслиги баён қилинмоқда. Модомики ҳақдор одам бошлиқ бўлиб турибдими, у билан мансаб талашиш керак эмас, балки унга итоат қилиш лозим.
7. «Агар ичида қатл ёки ўлим кўпайиб кетган қавм билан бўлсанг, собит тур».
«Қатл кўпайди» ибораси арабларда уруш пайтида бир тарафнинг одамларидан кўпи ўлдирилганда айтилади.
Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам урушда иштирок этаётган шахсни ўз қавми ичида қатл этилганлар кўпайиб кетса ҳам собит туришга чақирмоқдалар. Қавмнинг ҳақиқий фарзанди ўшандай пайтда собит турмаса, қачон собит турарди?!
«Ўлим кўпайди» ибораси бирор қавм ичида вабога ўхшаш офат тарқалгани оқибатида ўлим кўпайганини билдиради. Бундай пайтда ҳам юртни ташлаб, ўзини олиб қочмасдан, собит туриш ва халқининг дардига малҳам бўлишга ҳаракат қилиш талаб этилади.
8. «Зинҳор ва зинҳор урушда орқангга қараб қочма».
Ватан ҳимояси ва халқ омонлиги йўлида душманга қарши курашда сафни ташлаб қочиш катта гуноҳ ҳисобланади. Бу гуноҳдан ҳам ҳазир бўлиш лозим.
9. «Ўз аҳлингга имконинг борича нафақа қилгин».
Зотан, аҳли аёлнинг нафақаси мўмин-мусулмон эр учун вожибдир. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.
Қуръондан далил:
Аллоҳ таоло Талоқ сурасида:
«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонлик берур», деган (7-оят).
Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир», деган (233-оят).
Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «Уларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», деган (6-оят).
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.