
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Отангизга муҳаббатли бўлинг. Албатта, бир кишини яхши кўриш бировнинг тавсияси ёки амри билан бўлмайди. Шунинг учун бу гапимизни эслатма ўрнида қабул айлайсиз. Отангиз сизнинг муҳаббатингизга нечоғлик ҳақли эканини ўйлаб кўринг. Шунда унинг хизматини янада ихлос билан қиласиз.
Отангиз сизни чақирса, унга «лаббай» деб жавоб беринг. Ҳатто бу борада фиқҳда фарзанд намоз ўқиётганда ота-она чақирса, нима қилиш керак деган масала бор. Шундай экан, улар чақирганда ҳар қандай ҳолатда тезда жавоб қайтаришга интилинг. Эътиборсизлик қилиб, узрсиз ҳолатда уни куттирманг.
Отангизнинг олдига тушиб юрманг. Унинг ортида ёки ёнида юринг. Қоронғи тунда қўлчироқ билан йўлни ёритиш учун ёки бирор хавфдан ҳимоя қилиш керак бўлган вазиятларда унинг изни билан олдига ўтсангиз бўлади. Шунинг учун баъзи солиҳ салафларимиз кундузи оталарининг ортида, кечаси олдида юрар эканлар.
Отангизнинг ўрнига ўтирманг. Доим унинг жойи бўш турсин. Уйга кириб келса, ўрнингиздан туриб, кутиб олинг, агар бундан қайтарса, сўзига амал қилинг ва олдида одоб билан ўтиринг. Унинг ҳузурида оёқ узатманг, ёнбошлаб ётманг. Дастурхонда таомга ундан аввал қўл узатманг.
Суҳбатлашаётганда асло сўзини бўлманг. Уни эътибор билан тингланг. Доимо унга яхши суҳбатдош бўлишга интилинг.
Ўзингизга раво кўрган яхшиликларни унга ҳам раво кўринг. Янги машина олсангиз, аввал отангиз минсин, бирор лаззатли таом есангиз, ундан отангизга ҳам илининг. Дўстларингиз билан бирор яхши тамаддихонада таомлансангиз, у ердаги таомдан ота- онангизга алоҳида олиб боринг, имкон қилсангиз, ўша жойда уларни ҳам меҳмон қилиб, дуоларини олинг.
Бирор юмуш буюрса, қовоғингизни, уйманг ва пайсалга солмай дарров бажаришга одатланинг. Бундай вазиятни савоб ишлаш, отанинг дуосини, розилигини олиш учун имконият деб билиш керак.
Агар пулга эҳтиёжи бўлса, имкон қилиб истаганича беринг ва уни ҳисоблаб юрманг. Одатда оталар эҳтиёжи бўлса ҳам фарзандидан пул сўрамайди. Уни ўз фарзандларидан пул сўрайдиган даражадаги ҳолатга олиб келиш фарзанд учун ўта бепарволик ва катта айб ҳисобланади. Сиз қиблагоҳингизнинг харажатларини аввалдан билиб чўнтагига пул солиб қўйинг ёки онангиз орқали эҳтиёжини битиринг. У билан мол-мулкингизни алоҳида ҳисоблашиб, олди-сотди қилманг.
Отангизнинг кийимларига эътиборли бўлинг. Кийими эскирган бўлса, ўзидан сўраб ўтирмай, ёшига муносиб, у ёқтирадиган ранг ва ўзига мос бичимдагисини олиб келиб, кийдириб қўйинг. Агар рози бўлса, бирга дўконга бориб кўнглига ёқадиган кийимларни олиб беринг.
Отангизга қиладиган яхшиликларингиз беминнат бўлсин ва уни бошқаларга кўз-кўз қилманг. Зотан, ўзингиз ҳам ва молингиз ҳам отангизники бўлса, уни ўз нарсасини ўзига бериб бошқаларга қандай мақтана оласиз?! Ҳозир шундай одат пайдо бўлди, айримлар машина ёки бошқа қимматбаҳо ҳадяларни «отамга», «онамга» каби ёзувлар билан безаб, бутун маҳаллага, баъзилар эса ижтимоий тармоқлар орқали дунёга кўрсатишяпти. Бу қайсидир маънода бошқаларга ўрнак бўлиш ва яхшиликка тарғибдир. Лекин барча ота-оналар ҳам бу каби ишни қабул қила олмайди. Сиз бундай йўл тутишдан аввал яхшилаб уларнинг феълини ўрганинг. Агар бу ишдан ранжиб қолишмаса, ниятингизни тўғрилай олсангиз, қиладиган ишингиз бошқаларга ҳам манфаатли бўлса, ортиқча исрофгарлик, дабдабасиз қилинг. Ўйлаб кўринг, отангиз шу пайтгача едириб-ичириб, кийинтириб, борини бериб бирор марта «ўғлимга», «қизимга» деб қилган яхшилигини ошкора қилганми?!
Шу ўринда бир воқеани келтирамиз. Биров отасига яхшилик қилиб, машина олиб бермоқчи бўлибди ва ундан «Отажон сизга машина олиб бермоқчи эдим, қанақасини хоҳлайсиз?» деб сўрабди. Отаси: «Ўғлим, қандай машина олсанг, олавергин. Фақат сендан илтимос, ҳаммага кўз-кўз қилиб олиб келмагин. Унда мен қабул қилолмайман», деб жавоб берибди. Албатта, бундай ҳолатда фарзанд отасини хурсанд қилиш ўрнига ранжитиб қўйиши турган гап.
Қарздор бўлиб қолсангиз ёки бошингизга бирор ташвиш тушса, отангизга билдирманг. У сизнинг ташвишингизга сиздан кўра кўпроқ қайғуриб, ҳаловати ва саломатлигини йўқотиб қўяди. Ҳар қанча муаммонгиз бўлса ҳам унга ошкор қилманг ва хотиржам туришга ҳаракат қилинг. Агар ишингиздаги чигаллик унинг ёрдами билан ечим топадиган бўлса ёки бошқалар орқали унга етиб бориши эҳтимоли бўлса, у ҳақда ўзингиздан эшитгани маъқул.
«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 16 январдаги 02-07/296-сонли хулосаси асосида чоп этилган.