1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Сафар қилишнинг фойдалари

13:27 / 12 ноябрь 1523 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафар қилинглар, саломат бўласиз», деб марҳамат қилганлар. Аждодларимиз ҳам азалдан сафар қилишга тарғиб этиш билан бир қаторда, қадимдан сафар одобларига катта эътибор берилган. Уламолар сафарнинг турларини, фойда-зарарини, сафарда нима муҳиму, нима мумкин эмаслигини батафсил баён қилиб беришган. Журналнинг бу сонидан сиз азизларнинг эътиборингизга устоз Абдуманнон Абдуллоҳнинг сафарнинг таърифи, турлари, ундан кўзланган мақсадлар, сафарга тайёргарлик кўриш, аёлларнинг сафар қилиши, ибодатларнинг сафар чоғида адо этилиши, мусофирнинг одобига оид фиқҳий масалаларни тақдим этишни лозим топдик.

Аллоҳ таолодан ушбу маълумотлар барчамиз учун манфаат бўлишини сўраб, дуолар қиламиз.

Луғавий ва истилоҳий маъноси

«Сафар» сўзи луғатда зоҳир бўлиш, кўзга кўриниш деган маънони англатади, чунки сафарда инсондаги мавжуд ахлоқ юзага чиқади.

Шаръий истилоҳда эса сафар деб, пиёда ёки туяда уч кеча-кундузлик масофани қасд қилиб йўлга чиқишга айтилади. Ўртача юришда уч кеча-кундузлик масофани босиб ўтишни ният қилиб, ўзи истиқомат қилаётган шаҳар-қишлоқ уйларини ортида қолдириб йўлга чиққан киши мусофир дейилади.

 

Сафарнинг жоизлиги

Сафарнинг жоизлигига Аллоҳ таолонинг каломида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида далиллар бисёр.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

«Ер юзида кезиб юрганингизда намозни қаср қилишингизда сизларга гуноҳ йўқ...» (Нисо сураси, 101-оят).

Бу мавзуга оид ҳадиси шарифлар ҳам жуда кўп бўлиб, қуйида сафарда намозни қаср қилиш, сафар одоблари, сафарда ўқиладиган дуолар ва шу каби масалалар билан бу борада келган ривоятлар орқали танишиб чиқамиз.

 

Сафарнинг фойдалари

Сафарнинг бир қанча фойдалари бор:

1. Илм олиш;

2. Одоб-ахлоқ ўрганиш;

3. Улуғ инсонлар билан суҳбатлашиш;

4. Олий мақсадларга эришиш;

5. Ризқ топиш;

6. Тан сиҳатлик;

7. Мусофирнинг дуоси қабул бўлиши.

 

Сафарнинг ҳукмлари

1. Вожиб сафар. Масалан, барча шартлари бажарилиб, ҳаж фарз бўлган кишига ҳажни ният қилиб сафарга чиқиш вожибдир.

2. Мустаҳаб сафар. Масалан, умра амалини бажариш мақсадида сафар қилиш мустаҳабдир.

3. Ҳаром сафар. Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган ҳар қандай ишни қилиш мақсадида сафар қилиш ҳаромдир.

4. Мубоҳ сафар. Масалан, ҳалол нарсаларнинг тижорати учун сафар қилиш мубоҳдир.

5. Макруҳ сафар. Кишининг ёлғиз ўзи, ҳамроҳсиз сафар қилиши макруҳдир, лекин ҳамроҳ билан сафар қилишга имкон бўлмаса зарари йўқ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмас эди», деганлар» (Бухорий ривояти).

 

Сафарнинг турлари

1. Ибрат сафари. Аллоҳ таолонинг чексиз қудратини ва биздан олдин яшаб ўтиб, Аллоҳнинг раҳматига эришган ёки Аллоҳнинг қаҳрига дучор бўлиб, қирилиб кетган қавмларни, тарихий жойларни кўриб, ибрат ҳосил қилиш учун қилинган сафар – ибрат учун қилинган сафардир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бундай сафарга тарғиб этиб, шундай марҳамат қилади:

«Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига қарамайдиларми?! Уларнинг қуввати булардан кўпроқ эди, булар ерга ишлов бериб, уни обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Сўнг уларга пайғамбарлари очиқ-ойдин оятлар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар» (Рум сураси, 9-оят).

Искандар Зулқарнайннинг дунё бўйлаб қилган сафари шулар жумласидандир.

2. Ҳаж сафари. Қудрати етган киши учун бир неча шартларни ўз ичига олган, инсон умрида бир маротаба қилиши фарз бўлган ушбу сафарнинг ҳукмлари фиқҳий китобларда батафсил баён этилган.

3. Ватан ҳимояси учун сафар. Ҳолат ва замон тақозоси билан бундай сафар гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида мустаҳаб бўлади. Бу ҳақда ҳам фиқҳ китобларида зикр этилган.

4. Ризқ талабидаги сафар.

5. Тижорат сафари. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижорат сафари ҳақида шундай марҳамат қилади:

«Роббингиздан фазл исташингизда сизларга гуноҳ йўқ. Арафотдан қайтиб тушгач, Машъарул-ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун У Зотни зикр қилинг» (Бақара сураси, 198-оят).

6. Илм талабидаги сафар. Дунё ва охиратда нажот топиш учун маълум бир илмни ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарзи айндир, яъни бу ҳар бир кишининг зиммасига фарз бўлиб, бошқалар бажариши билан ундан соқит бўлмайдиган амалдир. Баъзи илмларни ўрганиш эса фарзи кифоядир, яъни маълум бир қавмдан бир киши адо қилса, қолганлардан соқит бўладиган амалдир.

Биринчи турдаги илмни ўрганиш учун сафар қилиш фарзи айндир.

Иккинчи турдаги илмни ўрганиш учун сафар қилиш фарзи кифоядир. Бу нарса фақат диний илмлар эмас, дунёвий илмларга ҳам тааллуқлидир. Масалан, соғлиқни сақлаш ҳар бир кишига фарздир. Бир жамият учун тиббиёт илмини ўрганиш фарзи кифоядир, аммо жамият эҳтиёжига етарли даражадаги кишилар бу илмни эгалласа, бошқалардан бу фарз соқит бўлади.

7. Қабр зиёрати учун сафар қилиш. Баъзи инсонларни тириклигида зиёрат қилиш баракотга сабаб бўлганидек, вафотларидан кейин уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам улкан баракотларга сабаб бўлади.

Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар, лекин ёмон сўз айтманглар», деганлар» (Аҳмад ривояти).

Имом Ғаззолий айтади: «Бу ҳадис умуман ҳар қандай қабрни назарда тутган бўлиб, яқиндаги ва узоқ масофадаги қабрларни ўз ичига олади».

8. Таъзия билдириш мақсадидаги сафар. Ҳадисларда мусибатга учраган кишининг ғамига шерик бўлиш, унга тасалли бериб, сабрга ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб ва ажрдан умидворликка чақириш учун сафарга чиқиш тарғиб қилинган.

Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳум отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир мўмин банда мусибат етган биродарига таъзия изҳор этса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло унга каромат либосини кийдиради», деганлар» (Ибн Можа ривояти).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусибат етган инсонга таъзия изҳор қилган кишига унинг (мусибат етган кишининг) ажри мислича савоб берилади», деганлар» (Термизий ривояти).

9. Яқин дўст ва ёр-биродарларни зиёрат қилиш ниятида сафар. Бу ҳақда қуйидагича ривоятлар келган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши ўз қишлоғидан бошқа қишлоқдаги биродарининг зиёрати учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло унинг йўлига бир фариштани қўйди. Фаришта унинг (келишини пойлаб) йўлида ўтирди. Келгач, «Қаерга кетаяпсан?» деди. У киши: «Аллоҳ йўлида мана бу қишлоқдаги биродаримни зиёрат қилмоқчиман», деди. Фаришта: «Унга берадиган қарзинг борми?» деди. Банда: «Йўқ, мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман холос», деди. Фаришта: «Мен Аллоҳнинг сенга юборган элчисиман, сен уни яхши кўрганинг каби. Аллоҳ ҳам сени яхши кўради. У Зот мени сенга мана шуни билдириш учун юборди», деди» (Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким беморни ёки Аллоҳ йўлида дўстлашган дўстини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: «Яхши бўлдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, жаннатдан ўзингга жой ҳозирладинг», дейди», деб марҳамат қилганлар» (Термизий ривояти).

Абдуманнон Абдуллоҳ

«Ҳилол» журнали 5(61) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, шайх, Абул Вафо ибн Ақийл Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ 431 ҳижрий санада туғилиб, 513 ҳижрий санада вафот этган. У Исломда машҳур дунёнинг фозилларидан ва Одам давоми...

2131 17:00 / 14.12.2021
Вақтивақти билан руҳиятимизда ўзимиз ҳам тушунмайдиган ўзгаришлар содир бўлиб туради. Баъзида сабабсиз кулсак, баъзида тўсатдан ичимиздан йиғи тошиб келаверади. давоми...

1785 14:02 / 30 август
Ҳужжатулислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадиларАллоҳ таолонинг сифатлари борасида ҳам аксар инсонлар идрок қилолмайдиган махфий нарсалар бор.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1795 09:00 / 10.09.2021
Филолог олимлардан бирига шайх савол билан юзланди Сиз араб тили бўйича докторлик даражасини олмаганмидингиз ФилологҲа олганман. Шайх Яхши, унда сизга саволим давоми...

1585 09:00 / 13.07.2023