1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Яхшилик нима?

20:19 / 10.05.2018 21387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик (қилувчи) – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган, намозни тўкис адо этган, закотни берган киши(нинг), ҳамда аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганлардир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар ўзлари тақводорлардир», деган (177-оят).

Одатда одамлар яхшилик матлуб экани ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Улар яхшилик нима экани ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзи тутган йўлни яхши деб ҳисоблайди. «Яхшилик» деган сўзнинг маъносини ўзича таърифлайди, қандайдир чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшилик деганда, ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб тур-
ган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани, бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун турувчи жиҳат белгилаши керак.

Ислом дини нуқтаи назарида яхшилик – бу
Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик.

Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб то-монга буришингиз эмас» демоқда. Унда яхшилик
ўзича маълум бир ҳаракатни қилиш ёки гап-сўз-ларни айтишдан иборат эмаслиги таъкидланмоқда. Сўнгра эса яхшилик нимадан иборат эканини таърифлашга ўтиб:

«Лекин яхшилик (қилувчи) – Аллоҳга, охи-рат кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган, намозни тўкис адо этган, закотни берган киши(нинг), ҳамда аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганлардир», демоқда. 


Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон.

«Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, ки-тобга, набийларга иймон».

Яъни Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиякунанда эканига, илоҳлигига иймон келтириш. Охират кунига, яъни қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймай, ҳаммасига иймон келтириш.

2. Мол-дунёсидан нафақа қилиш.

«…молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга» бериш.

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиши ва яшаши учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб, бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади, мол-дунёга қул бўлиб қолишдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳиби бўлган кишиларгина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беришлари мумкин. Ушбу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

3. Намоз ўқиш.

«...намозни тўкис адо» этиш.

Фарз намозларнинг рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, ўз вақтида, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Инсон намозда ҳам сирти, ҳам ичи, яъни буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаб берган яхшиликни қилмаган бўлади.

4. Закот бериш.

«...закотни» бериш.

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

5. Аҳдига вафо қилиш.

«Аҳд қилганда аҳдига вафо» қилиш.

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, бу сифат Қуръони Каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

6. Сабр қилиш.

«...йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр» қилиш.

Фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим бўлади.

Сабрлилик ҳам иймонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар эканлар.

Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганлар:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўша-лар ўзлари тақводорлардир»деб таърифланмоқдалар. 



Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан «Иймон нима?» деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб ном қўйибди.

Шунинг учун ҳам ушбу ном остига кириб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.

Ҳа, ўшалар иймонида, Исломида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар ақийдасида, амалида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Ўтган азизларимиздан Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:

«Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Одамларни яхшиликка буюриб туриб, ўзингиз­-ни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақл юритмайсизларми?!» деган (44-оят).

Маълумки, яҳудийлар ва хусусан, уларнинг диний олимлари аҳли ширк бўлган арабларни самовий динга, янги келадиган Пайғамбарга эргашишга, китобга амал қилишга, Аллоҳ берган аҳдга вафо қилишга ва бошқа кўпгина яхшиликларга чорлар эдилар.

Вақти етиб, Аллоҳ Қуръони Каримни тушириб, Муҳаммад алайҳиссаломни охири замон Пайғамбари қилиб юборганида, араб мушрикларидан кўплари иймон келтирдилар, аммо яҳудийлар ўзларини унутиб, кофир бўлдилар. Аслини олганда, улар аввалроқ иймонга киришлари керак эди.

Чунки улар Аллоҳ таоло томонидан туширилган Таврот китобини тиловат қилиб турар эдилар. Унда эса сўнгги Пайғамбар келиши тўғрисида хабар бор эди. Китобни, яъни илоҳий китобни тиловат қилиб, одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзини унутиш ақлдан эмас эди.

Шунинг учун Аллоҳ таоло ояти кариманинг охирида «Ақлни юритмайсизларми?!» дея хитоб этиб, уларни ақлсизларга тенглаштиряпти.

Аввал айтиб ўтганимиздек, бу ояти каримадаги хитоб фақат Бани Исроилга хос эмас, балки ҳаммага тегишлидир. Айтганига амал қилмайдиган дин уламолари ҳар бир уммат учун катта офатдир.

Эътиборни жалб қиладиган, диний тус берадиган кийимлар кийиб олиб, чиройли-чиройли сўзларни саралаб-саралаб, ширали овоз ила амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган, аммо айтганига ўзи амал қилмайдиганлар ҳар бир жамиятда топилади. Айниқса, динни ўзларига касб қилиб олганлар хавфлидир. Улар эгаллаб турган мақомларини бой беришдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашлик қилишга тайёрлар. Уларнинг офати ҳаммага уради. Касофати умумийлашади. Дин номидан, Аллоҳни, иймонни аралаштириб, яхшиликка чақирадиган, лекин ўзи унга хилоф иш тутадиганлар кишиларнинг қалбларидаги ҳис-туйғуларини оёқ­ости қиладилар, фикрларини остин-устун қилиб, қалбларида ақийда ёққан шуълани ўчириб, иймон нурини кетказадилар.

Шунинг учун ҳам илмига амал қилмайдиганларнинг бу дунёю у дунёда азоб-уқубатлари улкан бўлади.

Имом Аҳмад Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Аллоҳ таоло қиёмат куни саводсизларни уламоларни ҳимоя қилмаган нарсалардан ҳимоя қилади», дейилган.

Баъзи бошқа ривоятларда:

«Аллоҳ илмсиз кишини етмиш марта мағфират қилганда, олимни бир марта мағфират қилади», дейилган.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Қиёмат куни бир кишини дўзахга келтириб, ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахийлар уни ўраб олиб:

«Эй Фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилмаганмидинг?» дейишади.

Шунда у:

«Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», дейди», дейилган.

Имом Аҳмад Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:

«Исро кечасида лаблари оловдан бўлган қайчилар билан қирқилаётган кишиларнинг олдидан ўтдим.

«Анавилар кимлар?» деб сўрадим.

«Умматингдаги аҳли дунё ваъзхонлар. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларини унутганлар ва ҳолбуки китобни ўқир эдилар. Ақлни ишлатмайдиларми?» дейишди».

Аллоҳ шундай оқибатдан Ўзи сақласин.

Айтганига амал қилиш, ақийдага мувофиқ юриб-туриш осон иш эмас. Бунинг учун сабр-матонат, тиришқоқлик, энг муҳими, доимо Аллоҳ таолога боғлиқ бўла билиш керак.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик тақводорлик қилган кишидадир. Ва уйларга эшикларидан келинг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, зафар топсангиз», деган (189-оят).

Ушбу ояти карима яхшилик бобидаги катта бир қоидага асосдир. Ҳар бир яхшилик шариат белгилаган яхшиликдир. Одамлар ўзларича ўйлаб чиқарган нарса динда яхшилик бўла олмайди.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар саҳиҳ китобларида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:

«Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одати бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганида уйининг эшигидан кирибди. Бу иши учун унга айб иш қилгандек қарала бошланибди. Шунда: «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...» ояти тушди», деганлар.

Бу ҳақда тўлиқроқ гапирадиган бўлсак, илгари ансорийлар ҳаж қилиб, гуноҳларидан покланиб қайтсалар, уйларига биринчи марта гуноҳкорлик қилиб юрган пайтларида кирган эшикларидан эмас, уйнинг орқасидан дарча очиб, киришни яхшилик деб билар эдилар. Улар шу тасаввурларга амал қилишарди.

Иттифоқо, улардан биттаси ҳаждан келиб, уйининг орқасидан дарча очиб ўтирмай, тўғридан-тўғри эшикдан кирибди. Бу иш бошқаларга айб бўлиб кўринибди. Табиийки, «Бу эски одат хусусида мусулмончиликнинг ҳукми нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлади. Оят ўша эҳтимол тутилган саволга жавоб тариқасида ва бўлиб ўтган ҳодисага баҳо бериш учун келган:

«Яхшилик уйларнинг орқасидан киришин­гизда эмас, лекин яхшилик тақводорлик қилган кишидадир».

Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар хил сифатлар, маънолар бериб адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан ҳосил бўлар экан.

Ояти каримадан билиниб турибдики, шариатда кўрсатилмаган иш билан Аллоҳга қурбат ҳосил бўлмайди, яхшиси, бунга  уринмаслик керак. Қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлган одам фарз, вожиб, суннат амалларга қарасин, агар унга ўхшашини топса, яхши бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба айтаётиб қарасалар, бир киши офтобда тик турибди. У киши ҳақида сўраганларида:

«У Абу Исроил, офтобда тик туришни, ўтирмаслик ва сояга чиқмасликни ва рўза тутишни назр қилган», дейишди.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Айтинглар, гапирсин, сояга чиқсин, ўтирсин ва рўзасини охирига етказсин», дедилар».

Бу ҳолатда Расули Акрам алайҳиссолату вассалом шариатда ибодат ҳисобланган рўзани давом эттиришга, савоб берилмайдиган бошқа ишларни эса тўхтатишга буюрдилар.

Мусулмонлар ўзларича тақводорлик деб турли ишларни ўйлаб чиқаравермасликлари керак. Афсуски, одамлар бу ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаганликлари сабабли ҳар хил хатоларга йўл қўядилар.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:

«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагу­нингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деган (92-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада яхшиликка эришиш учун қилиниши лозим бўлган ишлардан бирини баён қилмоқда.

Мусулмонлар бу маънога тўлиқ тушунган замонларида яхшиликка эришиш учун ўзларининг энг яхши, суюкли молларини нафақа қилиб, улуғ даражаларга эришганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:

«Абу Толҳа Мадинада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Унинг молларининг энг маҳбуби Байраҳо қудуғи эди. У масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кирар ва унинг ширин сувидан ичар эдилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганда Абу Толҳа:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», демоқда, молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби Байраҳо қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман.

Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», деди.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Яхши. Яхши. Бу – фойда берувчи мулк. Бу– фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг, дейман», дедилар.

Абу Толҳа:

«Худди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тайин қилди».

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, Ҳазрати Умар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Хайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?» дедилар.

У зоти бобаракот:

«Аслини ушлаб тургин-да, тушган фойдани садақа қилиб тур», дедилар.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ – иқоби шиддатлидир», деган (2-оят).

Аллоҳ таоло узун оятнинг бир бўлаги бўлган ушбу жумлаларда сиз билан бизга оламга татигулик таълимотни тақдим этмоқда.

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».

Ушбу мўъжаз жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.

Исломда эса ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.

Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам «Аллоҳга тақво қилинг!» деб алоҳида таъкидланмоқда.

Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:

«Албатта, Аллоҳ – иқоби шиддатлидир».

Аллоҳ таоло «Мужодала» сурасида:

«Яхшилик ва тақвога махфий суҳбат қи­лингиз. Ҳузурига тўпланиб борадиганингиз Аллоҳга тақво қилингиз», деган (9-оят).

Биров эшитмайдиган суҳбат қурилганда ҳам фақат яхшилик ва тақво ҳақида гапириш лозим экан. Бу Исломнинг яхшилик ва тақво дини эканидандир.



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар.Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг зафар топишларига очиқойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Суранинг аввалида .Батаҳқиқ, ndash давоми...

5901 14:38 / 15.03.2018
Бугунги жумъа мавъизасида имомхатибларимиз quotТафриқага бўлинишнинг диний ва дунёвий зарарлариquot мавзусида маъруза қиладилар. Бу ҳақда ЎМИ расмий сайтида хабар давоми...

4810 06:17 / 24.08.2018
Яқинда Аллоҳнинг фазли инояти билан Европанинг бир қатор мамлакатларига сафар уюштирдик. Сафардан кўзланган асосий мақсадлардан бири ndash Европа кутубхоналарида давоми...

970 18:34 / 15 август
Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва давоми...

6237 14:21 / 30.09.2017