1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Фитначиларнинг хуружи

14:15 / 04.11.2024 1982 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитнабошилар Мадинадан қайтиб боришлари билан халифага қарши чиқишга махфий равишда тайёргарликни бошлаб юборишди. Улар ўзаро мактуб ёзишиб, ўзларини ҳажга бораётган қилиб кўрсатиб, Мадинада учрашишга ва ўша ерда режаларини амалга оширишга келишиб олишди.

Мисрликлар тўрт гуруҳ бўлиб чиқишди. Уларнинг тўрт амири бор, сонлари эса минг киши атрофида эди. Уларнинг бош амири Ғофиқий ибн Ҳарб эди. Улар одамларга урушга кетаётганларини айтишга журъат қилолмай, ўзларини ҳажга кетаётган қилиб кўрсатишди. Фитнабоши яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ ҳам улар билан бирга эди.

Фитначилар ўз ишларининг ноҳақ эканини билишади. Ниятларини халқ оммаси билиб қолса, уларнинг нафратига учрашларини ҳам яхши билишади. Шунинг учун асл мақсадларини яшириб, савобли ишларни ниқоб қилиб олишади. Тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳатто ўзлари билан кетаётган кишиларга ҳам асл ниятни эмас, ниқоб қилиб олинган шиорни айтишади. Уларга одам керак. Агар асл ниятни билса, одамлар айниб қолишлари мумкин. Шунинг учун олиб бораётган одамларига нисбатан ҳам алдамчилик қилишади.

Куфалик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқишди. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Куфаликларнинг бош амири Амр ибн Асам исм­ли одам эди.

Басралик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқишди. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Басраликларнинг бош амири Ҳурқус ибн Зуҳайр Саъдий исмли одам эди.

Улар ҳижрий 35 йил шаввол ойида уч томондан Мадинаи мунавварага яқинлашиб келиб, уч жойга – басралик фитначилар Зухушубга, куфаликлар Аъвасга ва мисрликлар Зулмарвага тушишди. Уларнинг ниятлари турлича эди. Мисрликлар: «Алий ибн Абу Толибни халифа қиламиз», дейишарди. Басралик фитначилар Талҳани ва куфаликлар эса Зубайрни халифа қилиш ниятида эдилар.

Уларнинг ниятлари турли кишиларни халифа қилиш бўлса ҳам, ҳаммалари бараварига ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши эдилар. Хўш, бу фитначи тўдадаги одамлар кимлар эди? Улар ўзлари даъво қилаётганларидек, дину диёнат равнақи учун курашчилармиди ёки бош­қа одамлармиди?

Уламолар уларнинг кимлигини илмий асосда жуда синчиклаб ўрганиб чиққанлар. Ана шундай уламолардан энг машҳури Абу Бакр ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-авосим минал қавосим» номли китобида қуйидагиларни ёзадилар:

«Явмуд-дор куни Исломга қарши жиноятда иштирок этганлар бир неча даражадаги тоифалардир:

1. Динда ғулувга кетганлар, яъни ҳаддидан ошганлар. Улар арзимаган нарсаларни бировга катта айб қилиб қўйишди. Ўзлари эса уларни инкор қиламан деб, ҳалокатга олиб борувчи гуноҳларни қилишди.

2. Қурайшлик катта саҳобийларга қарши яманликларга тарафкашлик қилиб, мутаассиблик қилганлар. Бундайларнинг Исломда эришган ҳеч бир муваффақияти йўқ эди. Шунинг учун Исломда пешқадам бўлиб, қилган хизматлари ва фатҳлари учун мукофот олган қурайшликларга ҳасад қилишди. Ўзларининг ҳеч қандай хизмати, эришган муваффақияти бўлмаса ҳам, улар сазовор бўлган мартабаларга етишишни хоҳлашди.

3. Ўзларининг баъзи қариндошларига шаръий жазо қўлланганидан дарғазаб бўлганлар. Ана шу сабабдан уларнинг қалблари ҳиқду ҳасадга тўлган эди.

4. Сабаъчилар ақлларининг пастлигидан фойдаланиб, фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларга бошлаган аҳмоқлар эди.

5. Ҳазрати Усмоннинг яхшилигини, одамгарчилигини билмай, ҳовлиққан кимсалар эди. Улар ўзларининг ҳақлари бўлмаган раҳбарлик лавозимларга тама қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг яхшиликларига нонкўрлик қилишди.

6. Ислом одобларига қарши ишлар содир этишгани учун ҳазрати Усмон томонидан таъзири берилганлар эди. Усмон розияллоҳу анҳу жорий этган шаръий таъзир уларнинг ғазабини қўзғатди. Улар ҳазрати Умардан ундан кўра шиддатлироқ таъзир еганларида ҳам, жимгина бўйинларини эгиб юришган эди.

7. Ўзлари муносиб бўлмай туриб, раҳбарлик лавозимларига эришишга шошилганлар. Ҳикматлари бўлмаса ҳам, зеҳнларининг ўткирлиги ва фасоҳатлари уларни ғурурга кетказган эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қалби меҳрга тўла экани, ниҳоятда раҳмдиллиги кўпчиликни тамагир қилиб қўйган эди. У кишининг меҳрибонлигидан ўзларининг ҳавои нафсларини қондиришга восита сифатида фойдаланишди».

Улар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлисини қамал қилишди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан иккинчи юртга инсонпарварлик ёрдамини уюштирган шахсдирлар. Ибн Абдул Ҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят давоми...

1413 16:47 / 12.07.2024
Макка мушриклари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳақиқий Пайғамбар эканларига далил сифатида ҳужжат ndash мўъжизалар кўрсатишни сўрашарди. Ана шулар ичида давоми...

2922 11:00 / 10.03.2020
халифалик даври ҳижрий 105125 милодий 723742 Ҳишом ибн Абдулмалик ибн Марвон ўзининг акаси Язиднинг амрига биноан халифа бўлди. У ўғилларини Румдаги жиҳодга раҳбар давоми...

941 09:38 / 08 октябрь
1. Набавий масжидни бино қилишРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари бўлажак масжиднинг ўрнига чўккан эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2165 15:06 / 17.07.2020
Аудиолар

211070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130331 14:35 / 11.08.2021