1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Исломдан олдинги даврда аёл кишининг мероси

14:42 / 07 февраль 792 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олам узра Ислом қуёши порлашидан олдин аёл киши жанг қила олмайди, оила шаънини ҳимоя қила олмайди, деган баҳоналар билан унга меросдан ҳеч нарса берилмас эди. Араблар: «От мина олмайдиган, қилич кўтара олмайдиган, душман билан жанг қила олмайдиган кимсага нима учун мол-мулк берамиз?!» дейишар, ёш болаларни меросдан маҳрум қилганларидек, аёл кишиларни ҳам меросдан мосуво қилишар эди.

Инсофли тадқиқотчиларга маълумки, Ислом шариати жорий қилингунга қадар араблар аёлларга зулм қилишар, уларга эри ёки отасидан қолган меросдан ҳеч нарса беришмас эди. Бағрикенг шариат эса юқорида келтирилган ояти карималар билан аёллар учун меросдан ҳақ ажратди. Аёллар бу ҳақни иззат-ҳурмат билан оладиган бўлдилар. Бирор киши бу хусусда уларга миннат қила олмайдиган бўлди. Зеро, аёлларга мерос бериш фақат яхшилик ёки меҳрибонликкина эмас, балки Аллоҳ томонидан фарз қилинган буйруқдир.

Мерос оятлари нозил бўлганда бу ҳукмлар арабларга келди. Улар ушбу ҳукмнинг насх қилинишини исташди, чунки аёл кишига мерос бериш уларнинг урф-одатларига, нафсларига тўғри келмас эди.

رَوَى ابْنُ جَرِيرٍ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: لَمَّا نَزَلَتِ الْفَرَائِضُ الَّتِي فَرَضَ اللهُ فِيهَا مَا فَرَضَ لِلْوَلَدِ الذَّكَرِ وَالْأُنْثَى وَالْأَبَوَيْنِ، كَرِهَهَا بَعْضُ النَّاسِ، وَقَالُوا: تُعْطَى الْمَرْأَةُ الرُّبُعَ وَالثُّمُنَ، وَتُعْطَى الِابْنَةُ النِّصْفَ، وَيُعْطَى الْغُلَامُ الصَّغِيرُ، وَلَيْسَ مِنْ هَؤُلَاءِ أَحَدٌ يُقَاتِلُ الْقَوْمَ، وَلَا يَحُوزُ الْغَنِيمَةَ!! اسْكُتُوا عَنْ هَذَا الْحَدِيثِ، لَعَلَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَنْسَاهُ، أَوْ نَقُولُ لَهُ فَيُغَيِّرُهُ... فَقَالَ بَعْضُهُمْ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَنُعْطِي الصَّبِيَّ الْمِيرَاثَ، وَلَيْسَ يُغْنِي شَيْئًا، أَنُعْطِي الْجَارِيَةَ نِصْفَ مَا تَرَكَ أَبُوهَا، وَلَيْسَتْ تَرْكَبُ الْفَرَسَ وَلَا تُقَاتِلُ الْقَوْمَ؟!

Ибн Жарир Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Аллоҳ таоло ўғил ва қиз ҳамда ота-она учун (улуш) фарз қилган мерос оятларини нозил қилганида баъзилар буни ёқтирмай, «Аёлга тўртдан бир, саккиздан бир, қизга ярим ва гўдак болага ҳам улуш бериладими?! Буларнинг бирортаси душманга қарши жанг қила олмаса, ўлжага эга бўла олмаса! Бу гапни қўйинглар. Балки Аллоҳнинг Расули уни эсдан чиқарар? Ёки ўзимиз у зотдан бу ишни ўзгартиришни сўрайлик», дейишди.

Шунда баъзилар «Эй Аллоҳнинг Расули! Гўдакка ҳам мерос берамизми, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди-ку? Қиз болага отасидан қолган нарсанинг ярмини берамизми? Ахир у от мина олмаса, душманга қарши жанг қила олмаса?» дейишди» (Тобарий тафсиридан).

Аммо Исломнинг аёлларга муносабати бошқача бўлди. Ислом аёлнинг елкасидан зулмни кўтариб, уларга нисбатан адолатсизликни даф қилди. Олдин мерос олмайдиган аёлга мерос ажратди. Эркаклардан баъзилари ёқтирмаса-да, унинг учун фарз қилинган улуш белгилади. Лекин ушбу даврда хатарли авлод етишиб чиқиб, (уларда) нотўғри ва ёмон фикрлар зоҳир бўлди. Улар: «Ислом мерос борасида аёл кишининг ҳаққини топтади, унга бир эркак улушининг ярмини берди!» деб, ўзларича меросда аёлни эркакка тенглаштириб, ундан зулмни даф қилмоқчи бўлишди. Улар одамлар орасидаги тулкилар бўлиб, аёлга нисбатан макр ишлатиб уни ислом таълимотларига исён қилиши ва эркак билан тенгликни талаб қилиши учун йўлдан уришга уриняптилар. Лекин ажабланарли томони шундаки, аёлларга ачиниб йиғлаётган ёки ўзини йиғлаган қилиб кўрсатаётган ушбу расволарнинг ўзлари аёлга бир луқма таом беришга қурумсоқлик қилиб, унинг нафақасига бахиллик қилишади. Аёл киши пул топиб, ўша тўплаган молидан ўзига ўзи нафақа қилиши учун уни фабрика, дўкон ва идораларга чиқишга мажбурлашади. Улар аёлга эътибор қаратмайдиган ғарбликларнинг шогирдлари, уларнинг ёлғон маданиятига алданганлардир. Уларнинг нияти – аёлдан фақат шаҳват ва нафс йўлида фойдаланиш холос. Бундайлар аёлни таъминлашга келганда зиқналик қилишади, ҳатто аёлнинг ўз мулкидан тасарруф қилиш эркини тортиб олиб, ундан фақат эркакнинг рухсати билангина фойдаланишга рухсат беришади. Аёлни ўзи учун ўзи ишлаб, пул топишга буюришади. Бу йўлда заифанинг шаънига, номусига тўғри келмайдиган ишларга ҳам рўбарў қилаверишади. Шунча расволикнинг устига яна «Дин аёлларга зулм қилади, шариат аёлнинг ҳаққини поймол қилади», деб даъво қилишади!

Эй динга таъна отаётганлар! Агар ростдан ҳам инсофли бўлсангиз, ўзингиз аёлларга инсоф қилинглар, уларни Ислом «зулм»идан озод қилишдан олдин ўзингизнинг зулм ва туғёнларингиздан озод қилинглар!

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Асаба билғойр биров туфайли асаба бўлиш ва унинг ҳукми .Асаба билғойр, тўртта меросхўр билан чегараланади. Уларнинг барчаси аёллардир 1. Марҳумнинг қизи. давоми...

765 16:13 / 12 ноябрь
Аслида агар она ота билан бирга мавжуд бўлса, меросдан молнинг учдан бирини олишларини юқорида кўриб ўтдик. Ояти карима ҳам шунга ишора қилади. Аллоҳ таоло шундай давоми...

942 12:55 / 08 октябрь
Аллоҳ таоло марҳамат қилади Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг, агар уларнинг фарзанди бўлмаса, давоми...

1697 14:51 / 22 март
Қуръонда зикр қилинган улушларнинг адади Ҳақдорларнинг мерос олиш шартлари Мероснинг ярмига ҳақдорлар Тўртдан бирга ҳақдорлар Саккиздан бирга давоми...

1281 11:55 / 20 август