Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кун тарихига қарайдиган бўлсак, 26 июнь халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни.
Ёдимга келгани, мактабда ўқиб юрган пайтларимизда ҳам шу кун муносабати билан турли тадбирлар, иншолар танлови, давра суҳбатлари ўтказиларди. Ҳозир ҳам бу ишлар давом этаётир.
Кўча-кўйда, суҳбатларда бу «Аср вабо»сига чалинганларнинг аксари ёшлар эканини, ҳатто мактаб ўқувчилари ичида синтетик гиёҳванд моддалар оммалашганини эшитганим сабабидан ҳозирги ҳолат ҳақида маълумот излашга тушдим.
Афсуски, дилни хира қиладиган ҳолат экан. Мақолалардан баъзи парчаларни келтирай:
1. Kun.uzда эълон қилинган «2023 йилда наркожиноят содир этганларнинг 31 фоиздан ортиғи ёшлар бўлган» номли мақолада шундай дейилади:
«Сўнгги уч йил (2021-2023 йиллар) мобайнида мазкур йўналишда 25 мингга яқин жиноят иши қўзғатилиб, 17 мингдан ортиқ шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 5 мингга яқини (30 фоиз) 30 ёшгача бўлган шахсларни ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, наркожиноят содир этган ёшларнинг сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда бундай жиноятлар содир қилганларнинг 23 фоизини ёшлар ташкил қилган бўлса, 2022 йилда 24,6 фоизга, 2023 йилда эса 31,2 фоизга етган.
Интернетда психотроп моддалар савдосига ихтисослашган 52 та ахборот ресурси аниқланган. Уларнинг 14 таси веб-сайтларни, 38 таси эса Telegram мессенжерини ташкил этган. Телеграм каналлар орқали 120 мингга яқин фойдаланувчи қамраб олинган» (14.06.2024 й).
2. UzA да эълон қилинган «Гиёҳвандликка қарши тизимли курашиш – долзарб вазифа» номли мақолада эса:
«БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича Бошқармаси маълумотларига кўра, 2020 йилда дунё аҳолиси орасида 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган 284 миллиондан ортиқ одам турли хил наркотиклар истеъмол қилади. Натижада 35 миллиондан ортиқ наркотик истеъмол қилувчилар турли хил касалликлардан азият чекмоқда. Бу рақам наркотикларни инъекция йўли билан истеъмол қилувчи 12 миллион кишини ҳам ўз ичига олади, уларнинг деярли ярми С гепатитига, 1,4 миллиони ОИВ инфекциясига чалинган. 15-60 ёш оралиғида қайд этиладиган ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Бир йилда 200 мингдан ортиқ ўлим айнан гиёҳвандлик оқибатида келиб чиқади. Европа давлатларида гиёҳвандлик оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил қилади», - дейилади (26.06.2024 й).
Юқорида эълон қилинган мазкур мақолалардаги хабарлар вазиятни англаш учун кифоя қилади, назаримда.
Бир куни такси ҳайдовчиси билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Унинг айтишича, машинасига чиққанларнинг баъзилари «таблетка» таъсирига тушиб қолганлар экан. Энг ачинарлиси улар ичида талаба, ўқувчиларнинг борлигидир. Уларнинг телефонидаги мулоқотини эшитиб, ота-онасини алдаб юргани, пул топиш учун ҳар хил ишларни қилишаётганини ҳам эслаганди.
Аҳвол ўнгланмаса нима бўлади?
Юқоридаги мақоладан жавоб излаймиз: «…гиёҳвандлик ижтимоий касаллик бўлиб, у нафақат инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолатини издан чиқаради, балки унинг оиласига, ён атрофига, жамиятга зарарли таъсир кўрсатади, турли ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади».
Хўш, нима қилиш керак?
Вазифаси ўлароқ давлат бу ишни назорат қилади, курашади, чора-тадбирлар кўради. Бунга мисол сифатида kun.uzда эълон қилинган яна бир мақоладаги хабарни: давлат раҳбари томонидан 6 май куни имзоланган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакат генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни келтириш мумкин:
«Фармон билан гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинди. Стратегияда ички ишлар органларини наркотестерлар билан таъминлаш, жиноятларни аниқлашда дронлардан фойдаланиш, мутахассислар тайёрлаш ҳажмини 5 бараварга ошириш ва бошқалар мақсад қилинган»и айтилади.
Мақолалардаги кўрсаткичларга қараганда гиёҳвандликка, психотроп моддаларга қарамлик ошяпти. Бунга ҳуқуқуқий-амалий чоралар кўриляпти. Касалланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар амалга ошириляпти.
Ана энди масаланинг бошқа тарафига ўтсак.
Ҳаммага маълум савол: Инсон ўз-ўзидан гиёҳвандликка ружу қўядими?
Ҳаммага маълум жавоб: Тўқликка шўхлик, адашиш, ёшликдаги жиловланмас ҳолатлар, ҳаётдан норозилик ва ҳоказо…
Саволни бошқачароқ қўяйлик: касалликнинг ва унга чалинишга олиб борадиган бўшлиқ нуқтаси қаерда?
Бу саволга муҳтарам ўқувчилар ҳам жавоб ёзсалар хурсанд бўлишимни билдириб, каминанинг жавоб сифатида мулоҳазаси шуки: руҳий тарбия оч қолганлиги, ўзидаги неъматларни кўрмаслик, неъматларни тортиқ қилувчи Зотни танимаслик, ҳаё қилинишга ҳақли бўлган Зот билан ўртадаги пардани йиртганликдир.
Аслида, инсон фитратида зарардан қочиш бор, зарарга ўзини уриш эмас!
Инсон руҳиятида юксалиш бор, қулаш эмас!
Инсон яхшиликка ўч, ёмонликка эмас!
Инсон ёшлигидан оилада руҳий озуқани ололмаса, унга фитратига хос ёндашув қилинмаса, неъматларга буркаган Зотни танитилмаса, киши кимдан уялади, кимдан қўрқади, кимга эргашади.
Жавоб шу: «билганини қилади», дунёси хароб бўлади.
Дунёда оний роҳатлардан бошқа эришадиган нарсаси бўлмайди, талпинадиган манзили, эришадиган мақсади бўлмайди, ҳаётдан топадиган мазмуни бўлмайди.
Ахир яхши ва ёмонни таниш, оқ ва қорани ажратиш оиладан, оиладаги тарбиядан бошланади.
Агар оиладаги тарбияни «қадрият» дейдиган бўлсак, бизнинг минг йилликлар қаъридан келаётган бу қадриятимиз муборак Исломнинг покиза булоғидан сув ичган. Унинг инсонийлик ахлоқидан суғорилган! Унинг бунёдкорлик ғояларидан униб чиққан!
Демак, илк асос оилада қўйилар экан, ота-она фарзандига ҳалол-ҳаромни ўргатиши, яхшиликни танитиб, ёмонликдан четлатиши зарур.
Шунингдек, нафсининг қармоғига илинган, ундан қутулолмаётган одамларни аслига қайтиши учун курашаётган шифокорлар, арбобларнинг хизматларини эътироф қилиб, улар қаторида улуғ хизматлар қилаётган мударрислар, уламоларни аввало ёшларни асраш учун қилаётган илмий, амалий ҳаракатларини ҳамда бу «вабога» чалинганларга инсонийлигини англатишга уринаётганлигини таҳсинга сазовор деб биламан. Чунки улар улуғ Муаллимнинг издошларидир. Қолаверса, илм йўлида юрган ва бу йўлга эндигина тушган йўловчиларни – маърифат улашувчи чироқ бўлган аҳли илмларни – билимлари янада ошишида хайрихоҳ бўлсак, мутахассисликлари бўйича ўқиб ҳужжат олишларида ҳам кўмакчи бўлсак, ёшларнинг камолоти, оилалар саодати учун қиладиган хизматларида дуогўй бўлсак нур устига нур бўлади, деб ўйлайман.
Қамариддин Бекмуҳаммад
26.06.2024
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.