1446 йил 10 зулқаъда | 2025 йил 07 май, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

«Онамни эъзозлашни ўргандим...»

18:13 / 22.09.2024 2109 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бадиий китоб мутолааси ўқувчисини ўз оламига олиб кириб кетади. Бир юқори савияли асар, қаҳрамон ёки ҳодиса борасида алоҳида тасаввур ҳосил қилмаган, шу орқали улар устида ҳукм чиқармаган, уларни ўз дунёси мулкига айлантирмаган китобхон бўлмаса керак. Ҳа, мутолаа жараёнида инсон беихтиёр ўзга инсон тақдирини ўзиники деб қабул қилади, у билан бирга яхши-ёмон кунларни яшаб ўтади. Китоб саҳифалари тугаганини пайқагач эса ғарибгина бўлиб қолади. Гоҳида асар берган завқ, бутун ёки чала қолган ҳис-туйғулар китобхонни кунларча тарк этмайди, охир-оқибат қўлига қалам тутқазиб, дилидан тошиб келаётган изҳорларини битмакка ундайди. Қуйида эътиборингизга Аҳмад Лутфий Қозончининг Йўлдош Эшбек томонидан ўзбек тилига таржима қилинган «Ўгай она» асарини ўқиб, ундаги аксар ўқувчи эътибордан четда қолдирадиган бир қаҳрамондан дунёларга тенг сабоқ олган китобхоннинг мактубини ҳавола қиламиз.

«Бир-икки шеър қоралаганимни айтмаса, мана уч ойдан бери ҳеч нима ёза олмадим. Университет дарсларидан ортиб бўлмаяпти. Лекин... бугун ёзмасам бўлмайди!

«Исмоилга...

Салом, Исмоил! Тўғриси, хатни нима деб бошлашни билмадим... Ахир илк дафъа севимли асарим қаҳрамони – сенга бир мактуб битяпман. Табиийки, кўп образлар билан хаёлий суҳбат қурганман, кулганман, йиғлаганман, мактуб-ку ўз йўлига, бу тамоман бошқа нарса.

Исмоил, сени нима учун сенлаётганимни билмайман. Балки хотирамда Фотиманинг куёви бўлиб эмас, асар бошидаги бир беғубор бола сифатида қолиб кетганинг учундир. Майли, менимча, бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими мактуб эгаси ҳам, қабул қиладиган ҳам аниқ – мен ва сен!

Биласанми, Исмоил, мен... Мен сени Фотимадан кам яхши кўрмайман! Сен ҳис қилган кечинмаларнинг мингдан бирини ҳам бошимдан ўтказмаганман. Чунки менинг ўгай онам йўқ. Яратганга шукурки, менинг ўз онам бор. Лекин бу билан етимлигингни қайта юзингга солмоқчи эмасман. Асло! (Шундоғам ҳар бир китобхон асарни мутолаа қиларкан, сенга қайта-қайта етимлик юкини юклайверади...)

Исмоил, сенинг ҳолатингни кўриб, соғинчингдан мутаассир бўлдим. Онамга меҳрим сеникичалик эмаслигидан уялдим, ҳатто ғазабим келди. Дунёнинг арзимас матоҳлари ортидан волидамга гап қайтарганларим кўз олдимда гавдаланиб, юрагимни нимталади. «Қандай фарзанд бўлдим?!» деган саволга ҳануз жавоб топа олмай изтиробдаман. Мен сендан кўп нарсани ўргандим, Исмоил. Энг асосийси – САБР ВА МЕҲРНИ!!! Айнан сен сабаб онамни қайтадан севдим, қайтадан туғилдим. Онасиз қолишдан қаттиқ қўрқдим, қаттиқ...

Оҳ, сен қандай масъум яратиқсан-а, Исмоил?! Қайси бола отасининг бир марта суйганига сенчалик қувониши, ҳатто мақтанишга бориши мумкин. Шунчаки суйиш учун!!! Тўғри, бошқалар айтиши мумкин, қолган болалар ҳам шундай-ку, мақтовсуяр-ку, деб. Шундай одамларга «Шошманг!» дейман. «Сиз кўрган болаларнинг оталари «қуруқ» суймайди. Ўша сиз айтган болалар отасининг суйганидан эмас, аксарият, қўлидаги қанддан мамнун бўлишади. Исмоил эса...»

Эҳ, Исмоил, содда Исмоил...

Майлими сендан бир нарса сўрасам?! Қабристон бола қалбингни заррача бўлса-да қўрқитмадими? Тупроқ-чи тупроқ, нозик баданингни муз каби ўймадими?! Юрагинг-чи, митти юрагинг қандай бардош берди бу оғриққа?!

Ёзувчи меҳрибон бўлмас экан, у шафқатсиз. Шу қадар шафқатсизки, кимнидир етим қилади, кимнидир бефарзанд, кимнидир бахтсиз, яна кимнидир ўлдиради! Оппа-осон!!! Сен ҳам ёзувчининг тақдир қаламидан омонда қолмаганларнинг бирисан, Исмоил. Кимнингдир назарида шунчаки қаҳрамонсан, яна ким учундир омадсиз бола, кимгадир онасиз етим...

Биз ўзбекларда шундай гап бор: «Отасиз бола – гул етим, онасиз бола –шум етим». Сен ҳам «онасиз», ҳам «отасиз» етимсан, Исмоил. Отангнинг эрки ўзида, муҳаббати эса сенга етмас экан, мен уни ота демайман. Кечир, отангни ҳақорат қиляпман. Балки сен ҳам фикрларимни тасдиқларсан, лекин ота-она қанчалик ёмон бўлмасин, фарзанд минг айбини билса ҳам, уларни ҳимоя қилишга бир дона сабаб топа олади. Сен эса фарзандсан!

Худо сенга синов бериб, онадан айирди, ота масаласида ҳам синади. Аммо, минг шукрки, Фотима каби бир опа, она, ота юборди (кейинчалик қайнона ҳам). Мен Фотиманинг ўрнида бўлгим келади, унинг сенга берган ширинлигини ўзим қўлларингга тутқазгим келади.

Ноилож, мен ойнанинг бу тарафидаман. Мен оддий китобхонман. Китобхон учун энг оғири нима биласанми, Исмоил? Китобдаги қаҳрамонга ачина туриб, ёрдам қўлини чўза олмаслиги. Қоронғу қабристонда қабр қучиб кўз ёш тўккан укасига, сени укам дейман, (бу ҳам бир хаёл-да, Исмоил) далда бўла олмаслиги... Оғир, жуда оғир.

Назаримда, сўзларим занжири чўзилиб кетди. Сенга шунчаки ҳис қилдирганларингни билдирмоқчи эдим. Албатта, буни сўзлар билан тўлалигича амалга ошириш қийин. Қани энди имкон бўлса (буни уддалаб бўлмаслигини иккимиз ҳам биламиз) бундай узундан-узун мактуб ёзмай, сени узоқ қучардим. Сен билан тўйиб йиғлардим...

Исмоил, сўнгги сўзим шуки, сафаринг узоқ давом этсин, сени таниган ҳар қайси китобхон камида мендек тўлиб-тошсин.

Сени яхши кўриб қолувчи опанг Жадира»

«Ҳилол» журнали 2(59) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Олдимга икки етим қизини олиб, бир аёл кириб келди. .Бир нарса беринг,, деб давоми...

1987 17:04 / 21.01.2020
Муҳтарам жамоат Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, отаона ҳақларини фарзандлар давоми...

11326 10:56 / 05.10.2018
Амр ибн Динордан ривоят қилинади .Ибн Аббос .Улар билан машварат қил,, .баъзи ишларда,, деб қироат қилди,. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1895 09:00 / 17.03.2023
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Исломда отаонага яхшилик қилишга давоми...

1986 10:00 / 01.05.2024