1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

55-боб. Қўшнига васият қилиш

15:10 / 17.08.2019 1658 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ота-она, қавму қариндош ва бола-чақа билан олиб бориладиган муомала маданиятига оид боблардан кейин қўни-қўшни муомаласи маданиятига оид бобларни очмоқдалар. У кишининг ижтиҳодлари бўйича, мазкурлардан кейинги ўринда айнан қўни-қўшнилар туради.

Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида истайдими-истамайдими, барибир доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Кишининг ҳаёти осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшнилар билан кечадиган алоқаларига ҳам боғлиқ бўлади.

Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшнини ато қилса, кўпгина хайрга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан турли ёмонликлар кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кетказади.

Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа мулоҳазалар асосида Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар берилган. Қуйидаги боб ва ривоятларда бу масалага оид баъзи таълимотларни қўлдан келганича ўрганишга ҳаракат қиламиз.

101 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِنِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ».

101. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил қўшни хусусида тавсия бераверганидан уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим», дедилар».

Шарҳ: Демак, Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик, мурувват қилиш тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар қаттиқ таъкидлаган эканларки, у зот гап шундай тарзда давом этадиган бўлса, меросингни ҳам қўшнинг олади, деб қолармикан, деб ўйлаган эканлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тавсия қилиб туришлари.

2. Баъзи тавсиялар кўп бўлгани.

3. Қўшнининг ҳаққи ниҳоятда мўътабар экани.

102 - عَنْ أَبِي شُرَيْحٍ الْخُزَاعِيِّ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إِلَى جَارِهِ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ».

102. Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин.

Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин.

Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар».

Шарҳ: Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан.

Бу ва бунга ўхшаш жойларда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймонни зикр қилиш ушбу ишларга тарғиб муболағали бўлиши учундир. Аллоҳга бўлган иймон доимо У Зотга муҳаббат билан итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса савоб ва гуноҳларимизни эслаб туришнинг асосидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади. Унга озор берилмайди ва эҳсон қилинади.

Қўшнига очиқ юзли бўлиш, ширинсўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади.

Яхши қўшничилик аломатларидан баъзилари унга муҳтож бўлганда қарз бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, таъзиясида иштирок этиш, хурсандчилигини табриклаш, деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда ҳам намоён бўлади.

Меҳмонга икром кўрсатиш ҳам Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган кишининг сифати экан. Мусулмонларнинг меҳмондўстлиги ҳам шундан.

Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладигани йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам тан беради. Мусулмонларнинг бу фазилатлари тилларда достон бўлиб кетган. Ислом адабиётига бир кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари, ушбу ва келажакда ўрганадиган ҳадиси шарифларимизга ўхшаш кўплаб ҳадислар сабаб бўлган.

«Меҳмон – атои Худо», «Меҳмон отангдай азиз» каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилгандир.

Биз, мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб бормоғимиз лозим.

«Яхши гап айтсин ёки жим турсин».

Яхши гапи бор бўлса, уни айтганда бирор манфаат келадиган бўлса, гапирсин. Яхши гапи бўлмаса, жим турсин. Ана шу иши Аллоҳ таолога бўлган иймоннинг, охиратга бўлган иймоннинг аломатидир.

Гапиришнинг ўз шартлари бор. Ким бу шартларга риоя қилмаса, адашган бўлади.

1. Гапириш учун сабаб бўлиши керак. Ундан фойда олиш ёки у билан зарарни даф қилиш кўзланиши лозим. Ушбу мақсадлардан бошқа ҳолда гапириш алжираш бўлади. Сабабсиз алжираш ўз эгасининг айбини очади, холос.

2. Гапни ўз ўрнида гапириш керак. Ўринсиз гап ҳеч қачон фойда бермайди.

3. Ҳожатига яраша гапириш керак. Ҳожатдан ташқари гапириш лақиллашдан бошқа нарса эмас.

4. Гап чиройли ва одоб доирасида бўлиши керак.

Демак, беҳуда гапларни гапириш мўминлик белгиси эмас. Ёлғон, бўҳтон, туҳмат, ёмон, гуноҳ гапларни гапириш ҳам мўминликдан аломат эмас.

Мўмин одам гапирса, яхши гапиради, яхшилик тўғрисида гапиради, бўлмаса жим туради.

Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-тумандир. Улар қалбни маст қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир.

Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар келган.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсани ва икки жағи орасидаги нарсани муҳофаза қилиб берса, мен унга жаннатни муҳофаза қилиб бераман», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Тилдан кўра ҳибсда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ», деганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган», деган.

Мухаллад ибн Ҳусайн: «Эллик йилдан бери кейин узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим», деган.

Юқорида Абу Шурайх розияллоҳу анҳудан қилинган ривот учта буюк маънони ўз ичига олган ва уларнинг ҳар бирини Аллоҳ таолога ва охират кунига бўлган иймонга боғлаган, жуда улкан мазмунга эга ҳадисдир.

Қўшнига яхшилик қилиш, меҳмонни икром қилиш, яхши гап гапириш, бўлмаса жим туриш. Бу аслида жуда осон нарса, ўзи бир ҳадисга жо бўлган, лекин бутун оламга татигулик таълим-тарбияни ўз ичига олган маъно.

Лекин минг афсуски, мўмин-мусулмонлар бугунги кунга келиб, бундай ҳадислардан ниҳоятда узоқлашиб кетишган. Қўшнилар бугунги кунда энг ашаддий душманларга айланган.

Меҳмонларни икром қилиш ҳам маълум маънода бор бўлса-да, аста-секин орқага қараб кетмоқда.

Яхшиликни гапириб, бўлмаса жим туриш эса, Аллоҳ сақласин, тескарисига айланиб кетган, гапларимизнинг кўпи ёмон гаплар.

Мана шу ҳадисларга амал қилиш, унда айтилган нарсаларга қайтиш биз учун бахт-саодат, икки дунёда обрў-эътиборга сазовор бўлиш йўлидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳ таолога ва охират кунига иймоннинг аломати экани.

2. Меҳмонни икром қилиш Аллоҳ таолога ва охират кунига иймоннинг аломати экани.

3. Яхши гап гапириш, бўлмаса жим туриш Аллоҳ таолога ва охират кунига иймоннинг аломати экани.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
7. Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Бир мўминмусулмон инсоннинг мусулмон отаонаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ давоми...

3409 15:01 / 13.10.2018
Кексаларни эъзозлашнинг боши отаонанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Ҳар бир инсон ота ва онадан туғилади ҳамда уларнинг бағрида вояга етади. Фарзанд давоми...

6045 12:05 / 28.11.2019
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди,.Шарҳ Мўминмусулмонлар бирбирларига кўзгу вазифасини давоми...

2006 10:00 / 16.11.2021
Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади.Отам билан ансорий саҳобалар яшайдиган жойга улар ўлмасларидан олдин илм олиш ниятида бордик.Биринчи давоми...

1802 11:02 / 31.08.2020
Аудиолар

135078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55354 14:35 / 11.08.2021