1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Аллоҳ таоло йўлидаги улкан хизмат

10:00 / 13 ноябрь 1171 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар ишининг ривожланиб бориши Рум империясининг тинчини бузар эди. Румликлар мусулмонларни йўқ қилиб ташлаш ниятида эдилар.

Саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул-ула ойида улар мусулмонларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган уч мингга яқин аскари билан Мўъта урушида тўқнашдилар.

Улар Ислом ва мусулмонлар учун жиддий хавфга айланган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга румликларнинг яна катта аскар тўплаётганлиги ҳақида хабар келди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини Румга қарши урушга тайёргарлик кўришга буюрдилар.

Бу давр ниҳоятда қийин, ҳаво исиб, қурғоқчилик авжига чиққан пайт эди. Мевалар ғарқ пишган, одамлар сояда ўша мевалардан баҳраманд бўлиб дам олишни хоҳлайдиган вақт эди. Мана шу қаттиқ қийинчиликни эътиборга олиб, бу урушни «Усра» («Қийинчилик») уруши деб ҳам аташган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда, бирор урушга чиқадиган бўлсалар, очиқ айтмас эдилар. Бошқа томонга бормоқчи эканликларини айтиб туриб, кейин мақсад қилинган тарафга юрар эдилар. Фақат Табук урушида бундай қилмадилар. Шундай машаққатли ва шиддатли бир пайтда душманнинг кўплиги сабабли одамлар ўзига яраша тайёргарлик кўрсинлар, деб Рум билан уруш қилиш ниятида эканликларини очиқ айтдилар. Сўнгра жиддийлик билан сафарга отландилар ва одамларга керакли нарсаларни олиб, шошилишга амр қилдилар. Бой кишиларни хайр-эҳсон этишга, улови йўқ кишиларга улов олиб беришга қизиқтирдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бундай хайр-эҳсон қилувчиларнинг пешқадами бўлдилар. У киши ҳеч ким қилмаган катта миқдордаги хайр-эҳсонни қилдилар. У кишининг бу сахийликларини тақдирлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим, Усмондан рози бўлгин, мен ундан розиман», дедилар.

وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: جَاءَ عُثْمَانُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِأَلْفِ دِينَارٍ فِي كُمِّهِ حِينَ جَهَّزَ جَيْشَ الْعُسْرَةِ فَيَنْثُرُهَا فِي حِجْرِهِ، فَرَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُقَلِّبُهَا فِي حِجْرِهِ وَيَقُولُ: مَا ضَرَّ عُثْمَانَ مَا عَمِلَ بَعْدَ الْيَوْمِ مَرَّتَيْنِ.

«Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қийинчилик» (уруши) аскарини тайёрлаётганларида Усмон минг динорни енгига солиб келтириб, қўйниларига тўкди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларидагини у ёқ-бу ёққа ағдариб туриб, икки марта:

«Бугундан сўнг Усмонга нима қилса ҳам, зарар қилмайди», деганларини кўрдим».

Шарҳ: Ўша вақтнинг динори тўрт граммдан ортиқроқ соф олтин бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўша дафъа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига тўрт килодан ортиқ соф олтинни тўкканлари маълум бўлади. Бундан бир минг тўрт юз йил илгари тўрт килограмм соф олтин қанчалик улкан миқдордаги мулк бўлганини энди бир тасаввур қилиб кўринг, ана шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қилган молиявий харажатнинг аҳамиятини бир оз тушуниб етасиз. Бу тенги йўқ фидокорлик эди. Бу Аллоҳ таоло йўлидаги улкан хизмат эди. Бу ишни унча-мунча гап-сўз билан баҳолаб ҳам бўлмас эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ишга одатдан ташқари юқори баҳо бердилар:

«Бугундан сўнг Усмонга нима қилса ҳам зарар қилмайди», дедилар.

Бу «Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу умрининг охиригача етадиган ишни қилиб қўйди» дегани эди. «Энди у киши бошқа хайр-эҳсон қилмаса ҳам бўлаверади, ҳатто нима ёмон иш қилса ҳам у кишига зарар етмайди», дегани эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу энди ушбу ишлари билан ва унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган олий баҳолари билан кифояланиб қолармиканлар?.. Йўқ, албатта! Бу билан кифояланиб қолиш Муҳаммад алайҳиссалом дорилфунунлари талабасига хос эмас. Агар шу иш билан кифояланиб қолганларида, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон бўлиб, ўз номлари билан дунёни тўлдирмаган бўлардилар. Ислом умматининг учинчи халифаси бўла олмаган бўлардилар. Ҳа, у киши юқоридаги молиявий харажатлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий баҳоларию ваъдалари билан чегараланиб қолмадилар. Балки ўзларига хос иш тутдилар. Ана шу ишлари ва тутумларини муҳаддисларимиз бизга аниқ ва равшан ривоят қилиб қолдирдилар.

وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ خَبَّابٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: شَهِدْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَحُثُّ عَلَى جَيْشِ الْعُسْرَةِ، فَقَامَ عُثْمَانُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، عَلَيَّ مِائَةُ بَعِيرٍ بِأَحْلَاسِهَا وَأَقْتَابِهَا فِي سَبِيلِ اللهِ، ثُمَّ حَضَّ عَلَى الْجَيْشِ فَقَامَ عُثْمَانُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، عَلَيَّ مِائَتَا بَعِيرٍ بِأَحْلَاسِهَا وَأَقْتَابِهَا فِي سَبِيلِ اللهِ، ثُمَّ حَضَّ عَلَى الْجَيْشِ فَقَامَ عُثْمَانُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، عَلَيَّ ثَلَاثُمِائَةِ بَعِيرٍ بِأَحْلَاسِهَا وَأَقْتَابِهَا فِي سَبِيلِ اللهِ تَعَالَى، فَأَنَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَنْزِلُ عَنِ الْمِنْبَرِ وَهُوَ يَقُولُ: مَا عَلَى عُثْمَانَ مَا عَمِلَ بَعْدَ هَذِهِ، مَا عَلَى عُثْمَانَ مَا عَمِلَ بَعْدَ هَذِهِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

«Абдурраҳмон ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қийинчилик» лашкарига тарғиб қилганларида ҳозир бўлдим. Ўшанда Усмон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан», деди.

Сўнгра у зот яна лашкарга тарғиб қилдилар. Бас, Усмон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида икки юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан», деди.

Сўнгра у зот (яна) лашкарга тарғиб қилдилар. Бас, Усмон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида уч юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан», деди.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан тушаётиб:

«Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам, зарар бўлмас. Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам, зарар бўлмас», деганларини кўрдим».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ўша пайтда туя араблар учун энг мўътабар мулк, асосий бойлик ҳисобланар эди. Туяси йўқ киши ҳеч нарсаси йўқ ҳисобланар эди. Агар бугунги куннинг истилоҳи билан айтадиган бўлсак, туя ўша даврнинг қаттиқ валютаси эди. Кўп нарсалар туя билан баҳоланар эди. Баъзи нарсаларнинг миқдори ҳам туянинг баҳосига қараб бичилар эди.

Ана шундай нарсадан олти юзтасини эгар-жабдуғи билан бирданига Аллоҳ таолонинг йўлида сафарга чиқадиганларга тутиш учун Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлиш керак эди. У киши қилган бу иш шу қадар улкан эдики, унинг улканлигини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан тушаётиб:

«Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам, зарар бўлмас. Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам, зарар бўлмас» деганларидан билиб оламиз.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ана шу улкан ишлари ва унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган олий баҳолари билан кифояланиб қолдиларми? Йўқ, бу билан кифояланиб қолиш Муҳаммад алайҳиссалом дорилфунунлари талабасига хос эмас эди. Агар кифояланиб қолганларида, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон бўлиб, ўз номлари билан дунёни тўлдирмас эдилар. Ислом умматининг учинчи халифаси бўла олмас эдилар. Ҳа, у киши бу билан чекланиб қолмай яна ўзларига хос – Усмончасига иш тутдилар. У киши: «Минг динор пул, олти юзта туяни эгар-жабдуғи билан Аллоҳнинг йўлига атаб қўйдим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам, зарар бўлмас», деган ваъдани олдим, энди бемалол дам олаверсам ҳам бўлади», демадилар. Балки ўзлари ҳам урушга отланиб, оддий жангчи сифатида йўлга тушдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аскар тортиб, Табуккача бордилар. Ўша ерда Рум подшоси у зотнинг йўлга чиққанларини эшитиб, уруш қилишга юраги дов бермай, Димашқдан қайтиб кетганлиги ҳақида хабар келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, ортга қайтдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг таъминоти ила тузилган лашкар бирор талафот кўрмай, хурсанд ҳолда ортга қайтди. Лекин ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўзлари сарфлаган мол-мулкларидан бирортасини ҳам қайтариб олмадилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
олтинчи мақола . . Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ куни одамларни давоми...

2079 16:00 / 01.08.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларФАДАҚ ВОҚЕАСИ 22қисм Фадақ воқеаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давоми...

5283 16:49 / 20.04.2017
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб .Албатта, Аллоҳ бир бандага ё дунёни, ё Ўзининг давоми...

17325 20:06 / 21.04.2017
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан эди. У Ақаба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3431 11:00 / 24.05.2021
Аудиолар

210800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130065 14:35 / 11.08.2021