1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Умматнинг машҳур қориси

14:11 / 19 ноябрь 1219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улуғ саҳоба Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Муовия ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор ибн Саълаба ибн Амр Ҳазражий Мадинаи Мунавварада туғилган, биринчилардан бўлиб иймон келтирган мадиналиклардан эди. У зот Ҳазраж қабиласининг Бану Нажжор қавмидан эди. Отасининг исми Каъб, онасининг исми Суҳайла бинти Нажжор бўлиб, Абу Толҳа ансорийнинг аммаси эди.

Имом, қори, фақиҳ, муфассир бўлган бу саҳоба иккала Ақаба байъатида, барча ғазотларда, жумладан, Бадр, Уҳуд ва Хандақ ғазотларида қатнашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорларни биродар тутинтирганларида Убай ибн Каъбни жаннат башоратини олган ўн саҳобадан бири – Саид ибн Зайд билан биродар тутинтирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни «Абул Мунзир» деган куня билан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса «Абу Туфайл» деган куня билан чақиришган. Умар розияллоҳу анҳу у кишини «мусулмонларнинг саййиди» дер эди.

Убай ибн Каъб жоҳилият даврида ўқиш-ёзишни биладиган оз сонли кишилардан бири эди. Мадинада ансорлар орасидан биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга котиблик қилган киши Убай ибн Каъб бўлди. Шу тарзда Мадина даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган илк ваҳийни айнан Убай ибн Каъб ёзган. Убай ибн Каъб бўлмаган пайтларда эса оятларни Зайд ибн Собит ёзиб борар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ваҳийни қабул қилиб олсалар, Убай ибн Каъб уни ёзиб бўлгач, ҳали сиёҳи қуриб улгурмай ёд олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берар эди.

Убай ибн Каъб жангларда ҳам энг биринчи сафда эди. Аҳзоб урушида ярадор бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга табиб юбордилар. Табиб ҳазрат Убайнинг бир томирини кесиб туриб, кейин қиздирилган нарса босди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аҳзоб урушида бемор бўлган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга табиб юборишлари у зотнинг ҳар хил табибликни даъво қилувчиларни эмас, ҳақиқий тажрибадан ўтган тибни эътироф қилишларини билдиради. Шу билан бирга, у зот алайҳиссаломнинг Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга нисбатан бўлган эҳтимом ва эҳтиромларини кўрсатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан бирор жойга сафар қилсалар, кўпинча Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни ўрниларига қолдириб, беш маҳал намозга имомлик қилишни буюрар эдилар.

Аллоҳ таоло Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга ўткир заковат ато этган эди. У зот бу заковатни Қуръони Каримни ўрганишга, илм олишга сарфлади. Бу саъй-ҳаракат тезда ўз самарасини бериб, у саҳобаи киромлар ичида қироатда ҳам, бошқа илмларда ҳам пешқадам бўлиб қолди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Умматимдан Аллоҳнинг Китобига энг қориси Убай ибн Каъбдир», деганлар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида кўп ва хўп айтилган. Аммо уларнинг гултожи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қуръон қироатини тўрт кишидан – Ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан, Убайдан ва Муоз ибн Жабалдан ўрганинглар», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Қуръони Карим ўргатиш учун айнан Убай ибн Каъбни тайин қилдилар. Убай ибн Каъб Масжиди Набавийда барчага Аллоҳнинг Каломини ўргатар эди. Кўплаб саҳобийлар, хусусан, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос каби машҳур саҳобалар ҳам Убай ибн Каъбдан илм ўрганишган.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг Китобидаги энг улуғ оят қайси?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», деди Убай ибн Каъб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саволларини яна бир марта такрорлаган эдилар, «Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳувал Ҳаййул-Қоййум», деди Убай. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мамнун бўлиб, «Илм сенга осон қилинсин, Абу Мунзир», дедилар.

Бу улкан башорат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга илм неъмати берилганига ишора ҳамда бу илм янада зиёда бўлишини сўраб қилинган дуо эди. Аллоҳ таоло бу дуони ижобат қилди. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу мусулмон умматининг энг машҳур қорисига айланди, бу умматнинг энг илмли кишиларидан бири бўлди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга:

– Убай, Аллоҳ таоло менга Қуръонни сенга ўқиб беришимни буюрди, – дедилар.

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! У Зот сизга менинг исмимни айтдими? – деди Убай.

– Ҳа, исминг ҳам, насабинг ҳам малаъул-аълода, – дедилар у зот.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга малаъул-аълода – фаришталар даврасида бир инсоннинг, бир банданинг исми зикр қилинишидан улуғ мартаба борми?

Аллоҳ таоло Ўзи Қуръонни ваҳий қилиб юбораётган зотга «Қуръонни Убай ибн Каъбга ўқиб беринг», деб буюришидан улуғ даражот борми?

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздаги қироатда иккиланиб қолдилар. Намоздан кейин Убай ибн Каъбга: «Сен ҳам биз билан бирга намоз ўқидингми?» деб сўрадилар. «Ҳа», деди Убай. «Нега луқма ташламадинг?» дедилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қуръонга энг моҳир қорилардан бири эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот намозда у кишидан луқма кутган эканлар.

Аммо Убай ибн Каъбга ато этилган даражотларнинг энг олийси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига жаннатни ваъда қилганлар!

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлишга интилар, у зот билан энг узоқ вақт бирга бўладиган саҳобалардан эди. Шунинг учун ҳам кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қаторидаги олти қозининг бири бўлди. Шунингдек, Убай ибн Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларидаёқ фатво берган оз сонли саҳобийлардан бири бўлди. Муҳаммад ибн Саҳл розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида фатво берган саҳобийлардан учтаси ансорий, учтаси муҳожир эди. Муҳожирлар – Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳум, ансорлар эса Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум эди», деган.

Тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа кўплаб диний илмларнинг шаклланиши ва ривожланишида Убай розияллоҳу анҳунинг катта хизматлари бор. У киши Қуръони Каримдан ташқари Таврот ва Инжилни ҳам яхши билар эди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг буйруғи билан мусулмонлар илк бор таровеҳ намозини ўқишганда уларга айнан Убай розияллоҳу анҳу имом бўлган.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг даврида Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга қори сифатида ҳам, олим сифатида ҳам Ислом умматига катта хизматлар насиб қилди. Эҳтимол, шунинг учундир, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишини «саййидул-муслимин» дер эдилар. Бир куни Жобияда хутба қилиб, шундай деганлар:

«Эй одамлар! Ким Қуръон бўйича савол сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъбнинг олдига келсин.

Ким мерос бўйича савол сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.

Ким фиқҳ бўйича савол сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.

Ким мол-дунё сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени мусулмонларнинг мол-мулкига волий ва тақсимловчи қилди».

Бу ривоятда ҳам ўша пайтда мусулмон уммати ичида Қуръони Каримни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳучалик биладиган одам йўқлигига далолат бор.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ўша пайтнинг энг кўзга кўринган қозиси ҳам эдилар. Бир куни Умар розияллоҳу анҳу Масжиди Набавийни кенгайтирмоқчи бўлдилар. Масжид ёнида Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг ҳовлиси бор эди. Ҳазрат Умар у кишига ўша ҳовлини сотишни сўради. Ҳазрат Аббос эса ҳовлини сотишдан бош тортди. Шунда Умар: «Ундай бўлса, уни менга ҳадя қил», дедилар. У яна бош тортди. Шунда Умар: «Бўлмаса, уни сотиб, масжидни кенгайтиришга ҳисса қўш», деди. Аббос розияллоҳу анҳу бунга ҳам рози бўлмагач, ҳазрат Умар: «Шулардан бирини албатта танлашинг керак», деди. У бундан ҳам бош тортган эди, Умар: «Унда ўртамизга битта одам (ҳакам) танла», деди. У эса Убай ибн Каъбни танлади. Иккови қозининг олдига боришди. Убай Умарга: «Менимча, уни рози қилмай туриб, ҳовлисидан чиқара олмайсан», деди. Умар унга: «Сенинг бу ҳукминг Аллоҳнинг Китобида борми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келганми?» дедилар. Убай: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида», деди. Умар: «Қайси суннатларида?» дедилар. Убай ибн Каъб шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом Байтул-Мақдисни бино қилганида қайси деворни қурса, йиқилиб тушаверди. Шунда Аллоҳ унга «Бировни рози қилмагунингча унинг ҳаққига бино қурма», деб ваҳий қилди», деганларини эшитганман». Бу сўзни эшитгач, Умар уни ўз ҳолига қўйди. Аббос розияллоҳу анҳу эса ҳовлисини масжиднинг ҳудудига қўшиб, уни кенгайтиришга ҳисса қўшди.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуни бемалол танқид қилаверар эди.

Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг бир оятни ўқиганини эшитиб, ҳайрон бўлиб қолди. Шунда Убай: «Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, у пайтда сен Бақиъда бозорда юрган бўлсанг керак», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Тўғри айтасан! Орамизда ҳақни айтадиган одам борми, йўқми деб, синамоқчи бўлдим, холос. Ҳузурида ҳақ сўз айтилмайдиган, ўзи ҳам уни айтмайдиган амирда яхшилик йўқ», деди.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Лайлатул-қадр Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечаси эканини айтган саҳобалардан биридир.

Бир куни Убай ибн Каъб бетоб бўлиб қолди. Абдуллоҳ ибн Нусойр розияллоҳу анҳу бир нечта саҳоба билан бирга уни кўришга келди. Шу пайт азон эшитилиб қолди. Ҳазрат Убай «Бу азонми ё такбирми?» деб сўради. Зиёратчилар «Такбир», дейишди. У: «Нимани кутиб турибсизлар? Тезроқ намозга бормайсизларми?» деди. «Сени шу ҳолатда ташлаб кетамизми?» дейишган эди, у шундай деди: «Бундай қилманглар! Туринглар! Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бомдод намозини ўқиб бериб бўлиб, сўнг жамоатга юзланиб, «Фалончи борми? Фалончи борми?» деб, намозга келмаган уч кишини чақирдилар. Сўнг бундай дедилар:

«Мунофиқлар учун энг оғир намоз бомдод билан хуфтондир. Агар улар бу икки намознинг қанчалик савоблигини билишганда эмаклаб бўлса ҳам масжидга келган бўлишар эди. Билиб қўйинглар: ёлғиз ўқилган намоздан икки киши бўлиб ўқилган намоз афзал. Кўпчилик билан ўқиган намозингиз Аллоҳга севимлироқдир. Биринчи саф фаришталарнинг сафи кабидир. Агар унинг фазилатини билишса, унга шошилган бўлишарди. Билиб қўйинглар, жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз, жамоатсиз ўқилган намоздан 24 ёки 25 даража афзалдир».

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 164 та ҳадис ривоят қилган. Улардан олтмиштаси «Кутуби ситта»да келган, учтаси Имом Бухорийнинг, еттитаси Имом Муслимнинг ҳадислар тўпламига киритилган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисларнинг бири шундай мазмунда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Одам боласининг бир водий тўла олтини бўлса, иккинчисини истайди. Икки водий тўла олтини бўлса, учинчисини истайди. Инсоннинг кўзини тупроқдан бошқа нарса тўйдира олмайди. Аллоҳ таоло эса тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади!»

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 30-йилида вафот этди.

Ибн Замра айтади: «Мадинага келсам, халқ қўзғалган, шов-шув бўлаётган экан. «Нима бўлди», деб сўрасам, «Бу ерлик эмасмисан? Ахир барча мусулмонларнинг, қориларнинг саййиди вафот этдилар-ку», дейишди».

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг вафот этган санаси ҳақида бир неча хил маълумотлар бор. Ал-Воқидий бундай дейди: «Бир қанча ҳодисалар у зот Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этганини кўрсатади. Яқинлари ва бошқалар эса Мадинада, ҳижрий 22 йили вафот этганини айтишган. Бироқ Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида – ҳижрий 30 йилда вафот этгани ҳақда маълумотлар ҳам бор». Бизнингча, мана шу ҳақиқатга яқинроқ бўлиб, ҳазрат Усмоннинг Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни жамлашни буюрганлари фикримизнинг далили бўла олади.

Аллоҳ таоло Убай ибн Каъбдан рози бўлсин!

Мустафо Маҳмуд тайёрлади

«Ҳилол» журнали 4 (61) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр розияллоҳу анҳу эркаклардан биринчи мусулмон бўлган зот эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Исломда Абу Бакрдан бошқа бирор одамга бир нарса давоми...

1685 16:15 / 26.12.2023
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига келиб киришга рухсат сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларида ўша давоми...

2606 11:30 / 29.12.2021
Абодилаrdquo сўзи Абдуллоҳrdquo исмининг кўплик шакли ҳисобланади. Ибн Салоҳга кўра, Абдуллоҳ исмли саҳобалар сони икки юз йигирмага, Ибн Фатҳунга кўра, уч юзга яқин. давоми...

4888 19:35 / 21.04.2017
Маккадан Шомга кетадиган карвонлар ўтадиган Виддан номли водийда саҳровий Ғифор қабиласи истиқомат қилар эди. Агар ўтган карвонлардан қоладиган баъзи давоми...

11749 20:15 / 21.04.2017