1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Саккиздан бирга ва учдан иккига ҳақдорлар

10:43 / 16 сентябрь 961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саккиздан бир улушни меросхўрлардан фақат биттаси, яъни хотин (ёки хотинлар) олади. Марҳумнинг хотини битта бўладими ёки ундан кўпми, агар эрнинг шу хотинидан ёки бошқа бирорта хотинидан боласи бўлса, хотин саккиздан бирни олади. Бунга ушбу ояти карима далилдир:

ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡﮢ

«Агар фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири. Сиз қилган васият ёки қарз (адо этилгани)дан сўнг» (Нисо сураси, 12-оят).

Учдан иккига ҳақдорлар

Меросхўрлардан учдан иккини оладиганларнинг барчалари аёл кишилар бўлиб, улар тўрттадир:

1. Ўзидан бўлган икки ёки ундан кўп қиз.

2. Ўғилнинг икки ёки ундан кўп қизи ёхуд ўғилнинг ўғлининг икки ёки ундан кўп қизи.

3. Туғишган иккита ёки ундан кўп опа-сингиллар.

4. Ота бир иккита ёки ундан кўп опа-сингиллар.

Бу тоифалар учдан икки улушни олишлари учун уларда бир неча шартлар топилиши лозим:

Биринчи шарт. Икки ёки ундан кўп ўзидан бўлган қизнинг меросдан учдан икки қисм улуш олиши учун уларда асаба ака ёки ука, яъни марҳумнинг ўғил фарзанди бўлмаслиги лозим. Бунга далил – ушбу ояти каримадир:

ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥﮦ

«Агар аёллар иккитадан кўп бўлсалар, уларга у (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси» (Нисо сураси, 11-оят).

Ояти каримадаги «иккитадан кўп бўлсалар» дегани «иккита ёки ундан кўп бўлсалар» деган маънодадир. Бунга барча уламолар ижмо қилганлар.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ امْرَأَةَ سَعْدِ بْنِ الرَّبِيعِ جَاءَتْ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِابْنَتَيْهَا مِنْ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، هَاتَانِ ابْنَتَا سَعْدِ بْنِ الرَّبِيعِ، قُتِلَ أَبُوهُمَا سَعْدٌ مَعَكَ بأُحُدٍ شَهِيدًا، وَإِنَّ عَمَّهُمَا أَخَذَ مَالَهُمَا، فَلَمْ يَدَعْ لَهُمَا مَالًا، وَلَا تُنْكَحَانِ إِلَّا بِمَالٍ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَقْضِي اللهُ فِي ذَلِكَ»، فَنَزَلَتْ آيَةُ الْمِيرَاثِ: ﮓ ﮔ ﮕ ﮖﮗ

فَأَرْسَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى عَمِّهِمَا، أَنْ أَعْطِ ابْنَتَيْ سَعْدٍ الثُّلُثَيْنِ، وَأُمَّهُمَا الثُّمُنَ، وَمَا بَقِيَ فَهُوَ لَكَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Робиънинг хотини Саъд розияллоҳу анҳудан бўлган икки қизи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, шундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули, булар Саъд ибн Робиънинг икки қизидир. Уларнинг отаси Саъд Уҳудда сиз билан бирга эди, шаҳид бўлди. Буларнинг амакиси молларини олиб бу иккисига ҳеч нарса қолдирмади. Ахир булар мол бўлмаса, турмушга чиқа олмайдилар-ку?» У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булар тўғрисида Аллоҳнинг Ўзи ҳукм чиқаради», дедилар. Шунда «Аллоҳ сизга фарзандларингиз борасида ҳукм қилади...» деган мерос ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у икки қизнинг амакиларига одам юбориб, «Саъднинг икки қизига учдан иккини бер, қизларнинг онасига саккиздан бирни бер, қолгани эса сенгадир», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шариф ояти каримадаги «иккитадан кўп бўлсалар» дегани «иккита ёки ундан кўп бўлсалар», деган маънода эканига қатъий далил бўлмоқда. Баъзилар «Оятда «иккитадан кўп бўлсалар» дегани учта ёки ундан кўп бўлса, деган маънодадир. Агар қизлар иккита бўлса, улар ярим олишади», деган фикрни ўртага ташламоқчи бўлишади. Бу фикр барча уламолар ижмо қилган фикрга зид бўлиб, унинг эътибори йўқ.

Иккинчи шарт. Ўғилнинг икки ёки ундан кўп қизи учта шарт билан учдан иккини олади:

1) марҳумнинг ўғил ёки қиз каби сулбий фарзанди бўлмаслиги лозим;

2) икки сулбий қизи бўлмаслиги лозим;

3) уларнинг даражасида улар билан бирга асаба ака ёки ука (ўғилнинг ўғли) бўлмаслиги лозим.

Шу каби ўғилнинг ўғлининг қизлари қанча пастласалар ҳам, булар тўғрисидаги ҳукм шундайдир. Ўғилнинг қизлари марҳумнинг ўғли бор пайтда меросдан маҳжуб бўлишади, чунки меросда шундай қоида бор: «Ким бир восита билан боғланса, уни ўша восита ҳажб қилади».

Уларнинг ушбу меросни олишларига далил ижмодир. Ўғилнинг фарзанди ўғил бўлмаганда уларнинг ушбу меросни олишларига далил ўғилнинг фарзанди у бўлмаганида фарзанд мақомида бўлишига ижмо бўлганидир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﮓ ﮔ ﮕ ﮖﮗ

«Аллоҳ сизга фарзандларингиз борасида ҳукм қилади» (Нисо сураси, 11-оят).

Ушбу ояти каримадаги «фарзандларингиз» калимаси ўз болаларини ва ўғилнинг болаларини, қанча пастласалар ҳам, ўз ичига олади.

Учинчи шарт. Икки ёки ундан кўп туғишган опа-сингиллар учдан иккини учта шарт билан олишади:

1) ўғил ёки қиз, ота ёки бобо бўлмаслиги шарт, яъни асли ҳам, фаръи ҳам бўлмаслиги;

2) асаба ака ёки ука (туғишган ака ёки ука) бўлмаслиги шарт;

3) қизлар ёки ўғилнинг қизлари (битта ёки кўп бўлса ҳам) бўлмаслиги шарт;

Бунга далил ушбу ояти каримадир:

ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳﭴ

«Агар (сингиллар) иккита бўлса, уларга марҳумдан қолган нарсанинг учдан иккисидир» (Нисо сураси, 176-оят).

Тўртинчи шарт. Ота бир икки ёки ундан кўп опа-сингиллар учта шарт билан учдан иккини олишади:

1) Ўғил, ота ёки бобо бўлмаслиги шарт (яъни асл ва фаръ).

2) Асаба ака ёки ука бўлмаслиги шарт (ота бир ака, ука).

3) Қизлар ёки ўғилнинг қизлари, туғишган ота-она бир ака ёки сингил бўлмаслиги шарт.

Мана шу шартлар туғишган опа-сингиллар учун ҳам қўйилган эди. Буларга туғишган ота-она бир ака ёки сингилнинг бўлмаслиги шарти қўшилди. Буларнинг мерос олишига далил ҳам ижмодир, чунки ояти каримадаги опа-сингиллар туғишган опа-сингилларни ҳам, ота бир опа-сингилларни ҳам ўз ичига олади. Лекин она бир опа-сингиллар буларга кирмайди. Валлоҳу аълам.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўғиллар ва қизларга оид ҳукмлар 1. Аллоҳ таолонинг .Бир ўғилга икки қиз улушича..., деган қавли қуйидаги ҳукмларга далолат қилади bull агар марҳумнинг ортидан фақат давоми...

909 10:57 / 21 февраль
Маҳжуб билан маҳрумнинг ўртасида нозик фарқ бор. Кишининг меросдан маҳрум бўлишига қатл ёки турли динда бўлиш каби сифатлар сабаб бўлса, бу истилоҳда маҳрум ва давоми...

800 11:24 / 17 июль
.Асаба, сўзининг таърифиАсабаларнинг мерос олишдаги далилиНасабий асабанинг турлари.Асаба биннафс,Асабалар кўп бўлганда устун қўйиш усулиНима учун ўғил отадан давоми...

682 10:34 / 28 октябрь
bull бир киши вафот этиб, ортидан биттагина она бир акаукаси ёки она бир опа ёки синглиси қолса, олтидан бирни олади bull бир киши вафот этиб, унинг ортидан биттадан давоми...

1058 14:23 / 18 апрель
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55343 14:35 / 11.08.2021