1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Қуръон асосан ўқиб, амал қилиш учун нозил қилиинган илоҳий дастурдир

19:00 / 10 сентябрь 611 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ

«Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб нозил қилдик» (Исро сураси, 106-оят).

Ушбу оятда Қуръони Каримнинг бир йўла тугал бир китоб ҳолида эмас, балки бўлак-бўлак этиб нозил қилинганининг ҳикмати ҳақида сўз боряпти.

Маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни бир оят, икки оят қилиб, баъзида ундан оз, баъзида ундан кўп қилиб, йигирма уч йил давомида нозил қилди. Албатта, бунинг улкан ҳикматлари бор эди. Бу ояти каримада ўша ҳикматлардан бири – одамларга «аста-секин ўқиб бериш» зикр қилиняпти. Албатта, ўттиз пора Қуръон бир йўла тушса, уни одамларга ўқиб бериш осон бўлмас эди. Ўқиб берилганда ҳам, одамларнинг уни қабул қилиб олишлари осон бўлмас эди. Энг муҳими – Қуръони Карим ўқиш учунгина эмас асосан ўқиб, амал қилиш учун нозил қилиинган илоҳий дастурдир. Уни бир йўла ўқиб, бир йўла амал қилиш осон эмас. Шунинг учун ҳам жоҳилият ботқоғига ботган одамларни аста-секин тарбиялаб, Ислом нурига олиб чиқиш учун йигирма уч йил керак бўлди. Шу даврда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ажойиб бир мусулмон уммати тарбияланиб, вояга етди. Улар ҳар бир оятни нозил бўлганидан кейин ўқиб, ўрганишар, ёд олишар ва унга амал қилишар эди. Ушбу шартларни амалга оширмагунларича, бошқа оятлар нозил қилинган бўлса ҳам, уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олмай туришарди. Оқибатда саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари икки оёқда юрадиган тирик Қуръонга айландилар ва оз муддатда ер юзига Қуръон таълимотларини тарқатдилар.

Қуръон ана шундай нарса. Аллоҳ уни бўлиб-бўлиб нозил қилиб, кишиларга осонлик ҳам яратди. Энди бу ёғи одамларнинг ўзига ҳавола, икки дунё бахт-саодатини хоҳласалар, ушбу Қуръонга эргашсинлар, икки дунё бадбахтлигини хоҳласалар, эргашмасинлар. Бу ҳақиқатни уларга етказиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга топширилмоқда:

ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ

«Сен: «Унга иймон келтиринглар ёки иймон келтирманглар – барибир. Албатта, ундан олдин илм берилганлар, у уларга тиловат қилинганда, юзлари ила саждага йиқилурлар», – деб айт» (Исро сураси, 107-оят).

Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилиш вожиб бўлади.

Бу ояти каримадаги хитоб кофир ва мушрикларга қаратилган. Уларга «Қуръон ҳақидаги васфларни билдингиз, уни Пайғамбаримиз сизга етказди, энди хоҳласангиз, унга иймон келтиринг, хоҳласангиз, иймон келтирманг», – дейилмоқда.

«Албатта, ундан олдин илм берилганлар, у уларга тиловат қилинганда, юзлари ила саждага йиқилурлар».

Қуръондан олдин илм берилганлар, деганда Таврот ва Инжил берилганлар тушунилади. Аллоҳни таниганлар, дин-диёнат, пайғамбар, илоҳий китоб, ваҳий, фаришта каби нарсалар нима эканини биладиганлар уларга Қуръони Карим тиловат қилиниши билан ўзларини тута олмай, саждага йиқиладилар.

ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ

 «Ва: «Роббимиз покдир. Шубҳасиз, Роббимизнинг ваъдаси амалга ошажак», – дерлар» (Исро сураси, 108-оят).

Улар саждага йиқилиш билан бирга, Аллоҳ таолони турли айб ва нуқсонлардан поклаб, Унга тасбеҳ ҳам айтадилар. Аллоҳ Ўзи берган ваъдасини албатта амалга оширишини таъкидлайдилар. Аллоҳ уларга Тавротда ва Инжилда замон охирлаб қолганида маълум сифатларга эга бўлган Пайғамбар юбориб, унга Ўзининг охирги Китобини нозил қилишни ваъда этган эди. Улар «Бошқа ваъдалари қатори, бу ваъдасини ҳам амалга оширибди», дейдилар. Уларнинг бу эътирофлари фақат оғизларидан чиқадиган сўзлар билан ифода қилинмайди. Балки амалий жиҳатдан ҳам тасдиқланади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Садақалар Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари давоми...

2749 19:36 / 06.09.2020
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Етимнинг молига токи у вояга етгунича, яқинлашманглар. Яхшилик ила бўлса, мустасно. Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд давоми...

893 19:00 / 19 март
.Нуҳдан сўнг қанчаданқанча асрларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришда Роббинг Ўзи кифоя қилур, Исро сураси давоми...

1309 19:00 / 23 январь
Эй иймон келтирганлар Куфр келтирган ва Аллоҳ уларнинг қалбларида ҳасрат қилиши учун, ер юзида кезиб юрган ёки ғозий бўлган биродарлари ҳақида давоми...

4553 18:30 / 15.03.2022