1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Қурбонлик қилишдан мақсад нима?

11:00 / 12.06.2023 7187 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ҳар бир умматга, уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилишлари учун, қурбонлик жорий этганмиз. Бас, илоҳингиз ягона Илоҳдир. Бас, Унгагина мусулмон бўлинг. Тавозеълиларга башорат бер». (Ҳаж сураси, 34-оят )

«Улар Аллоҳ зикр қилинганда, қалблари титрайдиган ва ўзларига етган мусибатга сабр қилувчилар ҳамда намозни тўкис адо этувчилардир, уларга ризқ қилиб берган нарсамиздан инфоқ қиладилар». (Ҳаж сураси, 35-оят )

Демак, Аллоҳ таоло қурбонлик қилишни ҳамма умматларга жорий этган. Қурбонлик ҳам катта ибодатлардан саналади. Ҳамма ибодат Аллоҳ учун бўлганидек, қурбонлик ибодати ҳам Аллоҳ учундир. Одамларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб бергани учун улар шукр қилиб, улуғлаб, Аллоҳнинг номини зикр қилсинлар деб, қурбонлик жорий этилган. Шу боис, Аллоҳдан бошқанинг номи айтилиб сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳаром бўлади.

Ҳамма умматларга қурбонлик қилиш буюрилганлиги ҳақидаги хабардан кейин,

«Бас, илоҳингиз ягона Илоҳдир», – деб, Аллоҳнинг ягоналиги эслатилмоқда.

Ҳа, ҳамманинг илоҳи – маъбуди Биру Бор Аллоҳ таолодир. Ҳамма фақат Унгагина ибодат қилиши керак. Ҳамма Унгагина қурбонлик сўйиши керак.

«Бас, Унгагина мусулмон бўлинг».

Ҳамма фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таслим бўлиб, итоат этиши керак. Унгагина иймон келтириб, мусулмон бўлиши керак. Ана ўшандагина икки дунё саодатига эришади.

Қуйидаги жумлаларда васфи келган бандалар башоратга ҳақли бўладилар:

«Тавозеълиларга башорат бер».

Аллоҳ таолога тоат қилиб, ўзини мутавозе тутган бандаларга башорат бер. Эй Пайғамбар, эй улуғ шаън соҳиби!

Уларнинг васфлари қуйидагича:

«Улар Аллоҳ зикр қилинганда, қалблари титрайдиган...»

Яъни уларнинг қалблари шунчалик пок, Аллоҳнинг муҳаббатига тўлиқки, уларга тарғиб-ташвиқнинг ҳам кераги йўқ, фақат Аллоҳнинг номи зикр қилинса, бас, қалблари титраб кетади.

«...ва ўзларига етган мусибатга сабр қилувчилар...»

Мусибат етганда, жазавага тушмайдилар, сабрсизлик қилмайдилар, балки Аллоҳнинг қазосига рози бўлиб, сабр этадилар.

«...намозни тўкис адо этувчилардир...»

Намозни тўкис адо этмасдан туриб, башоратдан умидвор бўлиш асло мумкин эмас.

«...уларга ризқ қилиб берган нарсамиздан инфоқ қиладилар».

Булар молиявий ибодатлари бўлади.

Ҳажда бадан ибодатига қўшилиб, молиявий ибодат ҳам бор. Мисол учун, қурбонлик қилиш.

Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлоғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг, қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, уларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйдик. Шоядки, шукр қилсангиз. (Ҳаж сураси, 36-оят )

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг энг каттаси бўлмиш туя ҳақида сўз юритмоқда.

«Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик».

Яъни туяларни Аллоҳнинг динидаги улкан ибодатда қурбон этиладиган ҳайвонлардан қилдик.

«Уларда сизга яхшилик бор».

Туяларда одамлар учун кўплаб яхшиликлар бор. Керак бўлганида минадилар, юк ортадилар, маркабларга қўшадилар, сутини ичадилар, гўштини ейдилар, терисидан, жунидан фойдаланадилар, сотиб, моддий манфаат кўрадилар. Энг муҳими, уларни қурбонликка сўйиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қиладилар.

«Уларга олд оёқларидан бири боғлоғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг».

Туя тик турган ҳолида, олд оёқларидан бирини бўйнига боғлаб туриб, сўйилади. Бу ҳол араб тилида бир сўз билан «саваффа» дейилади. Демак, туяни қурбонликка сўйиш учун олд оёқларидан бирини боғлаб қўйган чоғда Аллоҳнинг номини зикр қилиб, сўйиш керак.

Яъни «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар. Аллоҳумма, минна илайка», деб туриб сўйиш керак. Сўйгандан сўнг,

«Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг, қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг».

Яъни сўйилган туялар ерга йиқилганларидан сўнг, гўштидан ўзингиз ҳам тановул қилинг. Иффати тиланишга йўл бермай, қаноат қилиб турган камбағалларга ҳам, қаноат қила олмай, тиланиб юрган камбағалларга ҳам беринг.

«Шундай қилиб, уларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйдик».

Улкан жасадли, қувватли бўлса ҳам, сиз ақл ишлатиб, уларни измингизга соласиз, фойдаланасиз.

«Шоядки, шукр қилсангиз».

Шоядки, шунчалик шароит яратиб берган Аллоҳга мақтовлар айтсангиз, У берган неъматларни ўз ўрнида ва Уни рози қиладиган этиб сарфласангиз.

Қурбонлик қилиш ибодати ҳам, бошқа ибодатлар каби, Аллоҳ учун дейилса-да, аслида, фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-фуқаролар манфаатдор бўладилар.

Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйди. Яхшилик қилувчиларга башорат бер. (Ҳаж сураси, 37-оят )

Ҳа, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У Зот уларга муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳнинг йўлида ҳайвон сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга, қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир.

«Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйди».

Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Имом Абу Ҳанифа мазҳаблари бўйича, моли закот бериш нисобига етган муқим одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

«Яхшилик қилувчиларга башорат бер».

Яъни «Тасаввурни, эътиқодни, амални, ибодатни ўнглаган ва бошқа бурчларни яхши адо этадиганларга хушхабар бер».

Демак, мўмин-мусулмонлар ушбу ибодатларни қилишлари лозим. 

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган давоми...

3251 19:00 / 23.11.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олдисотди, на ошнаоғайничилик ва на давоми...

2748 16:14 / 12.04.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ва Мусога китобни бердик ва уни .Мендан ўзгани вакил тутманглар, ndash дея Бану Исроилга ҳидоят қилиб давоми...

1292 19:00 / 20.12.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Бақара Ичган қасамларингиз сабабли яхшилик қилиш, тақво қилиш ва одамлар орасини ислоҳ этишингизга давоми...

2383 11:06 / 30.01.2020