1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ийло масаласи

15:30 / 16.02.2020 3772 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ

Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир. Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.

Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. (Бақара сураси, 226-227 оятлар)

«Ийло» эр кишининг ўз хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичишидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида одамлар хотинидан аччиғи чиқса ёки уни жазоламоқчи бўлса, ийло қилиб, унга жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичиб қўяр экан. Шу билан бир-икки йил ёки ундан ҳам кўпроқ бепарво юраверар, аёл бечора азобда қолар экан. Хотин бўлиб, хотин эмас ёки боши очиқ ҳам эмас. Бу иш, албатта, аёл учун руҳий, маънавий ва асабий тарафдан азобдир. Бу унинг аёллик ҳурматини оёқости қилиш, эр-хотинлик ҳаётини бузиш, оилани парчалашдан иборатдир.

Шу билан бирга, бунда баъзи бир нотўғри ҳолатларни тўғрилашга, ҳар ким ўзини-ўзи синаб олишига фурсат ҳам бор. Шунинг учун ҳам Исломда ийлони бутунлай бекор қилмасдан, балки маълум доирада чегаралаб қўйилган. Бунда ҳам эркакнинг, ҳам аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари эътиборга олинган:

«Хотинларидан ийло қилганлар учун кутиш тўрт ойдир».

Шу билан эркакларнинг қасам туфайли аёлига яқинлик қилмай юришининг энг узун муддати чегараланди. Бу муддат тўрт ойдир. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, қасам ичмасдан, бошқа узрли сабабларга кўра яқинлик содир бўлмаса, бу ҳукмга кирмайди.

Ийлонинг узоқ вақти айнан тўрт ой бўлишининг ҳикмати шуки, аёл киши эрсиз шу муддатга сабр қила олади. Бундан ўтиб кетса, чидай олмаслик эҳтимоли бор.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида кечаси ҳеч кимга билдирмасдан, айланиб, одамларнинг ҳолларидан хабар олиб юриб, бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қолибдилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри Ислом лашкарлари билан жиҳодга кетган экан. Сўнгра ҳазрати Умар одам юбориб, қизлари Ҳафса онамиздан:

– Аёл киши эрсиз қанча сабр қилади? – деб сўрабдилар. У киши:

– Тўрт ой, – деб жавоб берибдилар.

Буни билгандан кейин ҳазрати Умар ҳеч кимни аскарликда тўрт ойдан кўп ушлаб турмасликка фармон берганлар.

Тўрт ой ичида эр ҳам ўйлайдиганини ўйлаб, бир қарорга келиб олган бўлади. Кейин бу масалани бир ёқлик қилса бўлади.

«Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Яъни эрлар хотинларига қайтиб, оилавий ҳаётларини давом эттириб кетсалар, Аллоҳ мағфиратли Зот, олдинги ўтган хатоларни кечиради ва раҳмли Зот раҳм қилиб, қайтишига рухсат беради.

«Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир».

Яъни тўрт ой ўтгандан кейин агар қайтишни эмас, талоқни ирода қилсалар, Аллоҳ эшитиб, билиб турибди, «ийло»си талоққа айланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаблари бўйича, тўрт ой ўтиши билан ражъий талоқ тушади. Эр талоқ қилиши шарт эмас.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима давоми...

7566 11:23 / 13.10.2018
.Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен .Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир,, ndash деб айт, Исро сураси, 85оят. Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши давоми...

719 19:00 / 16 июль
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Эй иймон келтирганлар Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират давоми...

2254 11:07 / 17.05.2020
.Агар намозга нидо қилсангиз, уни эрмак ва ўйин қилишади. Бу уларнинг ақл юритмайдиган қавмлигидандир, Моида сураси, 58оят. Динсизлар, кофирлар ва давоми...

193 19:00 / 12 ноябрь