1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Устоз эътирофи: «Ёрқинжонни икки хислат юксалтирди»

13:40 / 11 сентябрь 1510 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир толиби илм камолотга эришишида ўнлаб, юзлаб устозларнинг меҳнати синади. Уларнинг иршодлари, меҳнат-машаққатлари ва дуолари натижасида талаба илмда юксалади. Шайх Ёрқинжон домла ҳам кўплаб устозлардан сабоқ олиб, уларнинг назарларига тушганлар. Уларнинг барчалари домлани фақат гўзал ахлоқлари ва фазилатларини ёд этиб, илм йўлидаги жидду-жаҳдларини эътироф этадилар. Зеро, кишининг шахсиятини энг яқиндан билувчи ва у ҳақида энг тўғри баҳо берувчи — бу унинг устозидир.

У киши ҳақларида устозлари муҳтарам Аҳмаджон домла Махмуджон Махдум ўғли шундай дейдилар:

«Ёрқинжонни Аллоҳ раҳмат қилсин, уни икки хислат юксалтирди. У нимагаки эришган бўлса, аввало устозларига бўлган эҳтиром туфайли эришган деб ўйлайман. У гарчи устозларидан илмда ўзиб кетган бўлса ҳам, ҳаммаларини ҳурматларини жойига қўяр ва риояларини қиларди. Бирор фикрини ёки масаланинг жавобини айтмоқчи бўлса, тўғридан тўғри сўз қилмас, балки одоб билан: «Домла шундай деса ҳам бўладими?» деб изн сўрарди. Зеро, талаба одоб ва устозларининг қалбига йўл топа олиши билан юксак мақомга эришади.

Иккинчиси улуғларни кўп зиёрат қилар, қаерда бир аҳли илм борлигини эшитса, дарров ҳузурига бориб ҳамсуҳбат бўларди. Уларнинг олдидан келиб бизга «Домла фалон жойга фалон кишини зиёрат қилиб келдим» деб уларни бизга таништирар ва у ердаги суҳбатдан айтиб бериб, бизни ҳам баҳраманд қиларди. У туфайли биз ҳам кўплаб улуғларни таниб олганмиз. Агар бир муддат кўришмай қолсак, дарров телефон қилиб, китобларини кўтариб уйимизга келарди ва бирга узоқ суҳбат қурардик.

 Ҳақиқатда ким қандай даражада эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. У Зотнинг дўстлари аҳли илмлар бўлиб, уларнинг ичларида ҳам улуғ даражаларга етганлари бўлади. Агар ким улуғларнинг дуоларини олиб, назарларига тушса, албатта илмида барака топади. Ёрқинжоннинг мана шу одоби ва улуғларга муҳаббати ва уларнинг назарига тушиши юксак даражага кўтарди. 

Ёрқинжон аввал Мадрасаи Мир масжиди муаззини Файзуллоҳ ҳожи Салимжон қори ўғлида таълим олган. У киши бир куни Ёрқинжон билан бирга жиянларини менинг олдимга олиб келиб, сабоқ беришимни сўради. Ўша пайтда ўн беш ёшларда эди. У фиқҳ фанига кўпроқ қизиқарди. Биз наҳв ва сарфдан дарс қилардик. У: «Домла бу фанлар ўрнига ҳам фиқҳни ўқисам бўладими?», деб сўраб қоларди. Мен: Йўқ, бу фанларни ўқимасанг бўлмайди. Илмни пойдевори шу фанлар билан бўлади. Фиқҳни чуқурроқ тушунишингда ҳам кўп асқотади» дердим. У сўзимни икки қилмай дарсларга қатнашарди лекин фиқҳга кўпроқ эътибор қаратарди. Фиқҳдан бирор масалани ўтсак, уйда бошқа китобларни ҳам ўрганиб, шарҳларни кўриб келарди. Шунингдек, мустақил кўп қитоб ўқир, форсча байтларга ҳам алоҳида эътибор қаратарди. Дарсда мендан турли китоблардаги ўзи ўқиб тушунмаган жойларни сўраб қоларди. Ҳатто бир куни Амирий тахаллуси билан ижод қилган зулисонайн шоир, Қўқон хони (1787-1822) Умархоннинг «Амирий» номли девонидаги форсча байтлар ҳақида сўраб қолди. Биз аввал бу китоб ҳақида эшитмаган эдик. Балки уни Файзуллоҳ домла оталари Салим қори акада ўқигандир. Чунки у киши форсий байтларни чуқур ўрганган эдилар. У пайтда мадрасамизда етмишга яқин талаба ўқир, Ёрқинжон уларнинг ичида пешқадами эди. Баъзан онаси уни кўргани келиб турарди. Сўнг отаси кела бошлади. Бир куни яна биров келиб, у билан кўп гаплашиб қолди. Мен узоқдан кузатиб турган эдим, у кетгандан кейин Ёрқинжондан «У киши ким эди, нимага узоқ қолиб кетдинг» деб сўрадим. У: «У киши отам эдилар. Уйда моддий жиҳатдан муаммо бўлиб қолибди. Бироз ёрдамлашишим керак экан» деб йиғлаб юборди. Шунда мен: «Сен ташвиш қилма, ўқишингни давом эттирасан» дедим ва уни Гулистонга бориб ўқиса, уйдан узоқроқда чалғимайди деган фикрда Иброҳимжон домла ҳузурларига олиб бордим. У кишига:«Домла бу болани зеҳни юқори, хотираси кучли келажаги бор. Баъзан бизни саволлар билан шошириб қўйяпти. Уни ўзингиз тарбия қилсангиз» деб топширдим. Шундан сўнг у Гулистонга кетти. У ерда Орифжон амаки уйларида туриб ўқиди. У кишини Ёрқинжон жуда яхши кўрарди. Улар бир-бирларига жуда боғланиб қолишган. Имом Бухорий шогирдлари имом Термизийга: «Сен мендан ўрганганингдан кўра, мен сендан кўпроқ нарсани ўргандим» деганларидек, улар бир-бирларидан кўп нарса олишди. Ёрқинжонни шундай бир одати бор эди. У ким билан кўришса, агарчи илмли киши бўлмаса ҳам бирор фазилати бўлса, унинг яхши хислатларини ўзлаштириб олар ва ўрганганларини ўз ўрнида ишлатар эди. Аслида барча толиби илмлар шундай бўлиши керак. Фақат ўзидан юқоридан эмас, пастроқ савияли кишилардан ҳам илм ўргана билиши керак. Ҳадисда келганидек, «Ҳикмат мўминнинг йўқотганидир. Қаерда топса, ўша ерда уни олишга ҳақлидир». Яъни, ҳикмат, илм қаерда, кимда бўлишидан қатъи назар ундан ўша нарсани ўрганиш лозим.

* * *

Ёрқинжон аввал Қуръони Каримни ёдламаган эди, кейинчалик ёши катта бўлганда олти ой муддатда ёдлаб олди.

Ёрқинжонни бир ажойиб хислати бор эди. У доим китобини кўтариб юрарди. Бу аввалги уламоларимиз, улуғларнинг одатлари шундай бўлган. Улар китобсиз юрмаганлар. Масалан, устозимиз домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳ «Адабуд дунё» ва «Имом Аъзам маноқиблари» китобини, Сулаймон қори домла «Унвонул баён» китобини кўтариб юрганлар. Ёрқинжон ҳам шу одатни ўзлаштириб доим халтада китоб билан юрарди. Сўнгги пайтларда технология ривожлангандан кейин компьютер ёки планшет олиб юрадиган бўлди. Табиийки, бу жиҳозларда бемалол юзлаб, минглаб пдф китоблар сиғдирса бўлади. Олдимга келганда ҳам дарров уни очар ва: «Домла шу масалани кўраётгандим» деб биргалашиб илмий суҳбатни бошлаб, соатлаб ўтирардик. Сўзимиз шаръий масалалар муҳокамаси ёки авлиёларнинг зикри, уламолар илмий фаолияти ҳақида бўларди. У ҳамма нарсага улгурар, вақти баракали эди.

У мажлислардан жуда ҳам ўзини олиб қочар ва айниқса устозлари олдида ваъз қилмасди. Кўпинча уни ўзим: «Бирор нарса айтиб беринг» деб гапиртирардим. Унинг ҳужжати оғзида турарди. Яъни, бирор нарса ҳақида гапирса, айтган сўзига дарров ёддан далилларни батафсил келтирарди. Биз китобни очиб кўриб, қайта ўқиб кейин айтсак, у ёддан ҳужжатларни баён қиларди. Аллоҳ таоло унга шундай ноёб қобилият бергандики, бирор уламо ҳақида гапирса, унинг устози, шогирдлари ким, қандай китоблар ёзганлиги, илмда мартабаси ва маноқибларини аниқ айтарди. Ҳиндистонда ўқиб юрган пайтида улуғ тариқат пешволари билан учрашиб уларга қўл берганди. Ўзининг зикр вазифалари бор эди лекин уни ҳамма ҳам билмасди.

 Умрининг сўнгги пайтларида раҳматли муфтий Усмонхон Алимов ўзлари ташаббус қилиб унинг илмидан фойдаланиб қолиш керак деган ниятда Данғарада масжид ноиб имомлигига тайинлади. Орадан кўп ўтмай, у кишининг буйруғи келди. Масжид имом хатиби Салоҳиддин домла Ёрқинжонни қавмга таништириш ва буйруқни ўқиб бериш учун мени чақиртирди. Мен бориб масжидда у ҳақида гапириб таниширмоқчи бўлдим. Ўша куни бордим, унинг ўзи йўқ. Жума намозидан аввал буйруқни ўқиб, Ёрқинжонни имом ноиби этиб тайинланганини эълон қилдим. Намоздан кейин ўзи билан кўришганда: «Домла узр, таҳорат олиш билан бироз банд бўлиб меҳроб томонга ўта олмадим» деди. Камтаринлигини қарангки, бироз кеч қолгани учун жамоатга одамлар оралаб киришдан ўзини тортган. Афсуски, у билан ушбу учрашувимиз сўнгиси бўлди».

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Убайдуллоҳ ибн Маъмар раҳимаҳуллоҳ араблар орасида сахийлиги, шижоати билан ном чиқарган киши эди. Куняси Абу Ҳафс бўлган бу киши Қурайшнинг давоми...

2599 09:08 / 18.09.2021
Кўпчилик тил мутахассислари, тил ва адабиёт ўқитувчилари каминадан.Шайх ҳазратларининг китобларини ўқисак, худди ўзлари ёнимизда тургандек сезамиз ёки аудио давоми...

2386 19:29 / 21.10.2023
Исмоил ибн Абдуллоҳ ал Хузоий менга мана бу ривоятни айтиб берди.Басра аҳлидан, Муҳолаба уруғидан бўлган бир киши Бармакийлар даврида баъзи юмушлар билан давоми...

3299 17:02 / 24.12.2022
Абдулҳамид маҳдум 1951 йил Наманган шаҳри Заркент маҳалласи ҳозирги Аҳси кўчасида Собиржон ота 19291992 хонадонида таваллуд топди. Қиблагоҳи Собиржон ота халқ орасида давоми...

2422 17:00 / 13.02.2022
Аудиолар

134100 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7471 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54443 14:35 / 11.08.2021