1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тасаввуф нима?

15:45 / 17 июль 1554 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саодат асрининг аввалида тасаввуф ақоид, тафсир, фиқҳ ва бошқа илмлар каби алоҳида бўлмаган. Бу илм Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарада қарор топиб, номи ҳам бўлмаган. Тасаввуф аслида Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳаранинг айни моҳияти бўлгани учун ҳам салафларимиз уни алоҳида ном билан номламай, тўғридан-тўғри Қуръони Карим ва суннатга амал қилиш деб англашган.

Нубувват замони одамлардан бироз узоқлашгач, айни ўша Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳаранинг моҳиятини тушунишда нуқсонлар кўзга кўрина бошлади. Бу давр ҳижрий биринчи асрнинг охири ва иккинчи асрнинг бошларига тўғри келади. Мана шунда тобеъинлардан тасаввуфнинг пойдеворига илк асос солган буюк зотлар етишиб чиқди. Увайс Қароний ва Ҳасан Басрий каби буюк устозлар ана шундай кишилар эди. Улардан кейин бу силсилани табаъа тобеъинлардан Фузайл ибн Иёз ва Иброҳим ибн Адҳамлар давом эттиришган. Аммо ўшанда ҳам бу илм алоҳида ажраб чиқмаган эди.

Тасаввуф тарихига назар солсак, «тасаввуф» ва «суфийлар» истилоҳи иккинчи асрнинг ярмидан истеъмолга кирганига гувоҳ бўламиз. Бунга далил ўлароқ имом Молик ва имом Шофеъийларнинг сўзларини олиш мумкин. Имом Молик бундай деганлар: «Ким фиқҳни ўрганса-ю, тасаввуфни ўрганмаса, дарҳақиқат фосиқ бўлибди. Ким тасаввуфни ўрганса-ю, фиқҳни ўрганмаса, дарҳақиқат зиндиқ бўлибди. Ким иккисини жамласа, дарҳақиқат, ҳақиқатга эришибди», деганлар. Имом Шофеъий суфийлар ҳақида: «Суфийларга шогирд бўлиб, икки жумладан бошқа фойда топмадим. «Вақт қилич кабидир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади» ва «Агар нафсингни ҳақ ила машғул қилмасанг, сени ботил ила машғул қилиб қўяди» сўзларидир», деганлар.

Имом Шофеъий барча илмни ўзлаштиргач, суфийларни ҳақ тоифадан деб билиб, уларга шогирд тушганлар. Илм олиш асносида Шофеъий ҳазратлари ўзларида яхши ўзлаштирилмаган икки сифатни топганлари ва бу камчиликни тўлдиришда айнан ўша суфийларнинг фойдаси текканини эътироф этганлар.

 Тасаввуфнинг таърифи ҳақида уламолар сўзларига келсак, шайх Абдулқодир Ийсо «Ҳақоиқ анит-тасаввуф» номли китобида икки мингга яқин таъриф келганини айтади. Шайх Аҳмад ибн Ажийба: «Тасаввуф –Маликул-мулук ҳузурига қандай сайр қилиш ўрганиладиган, ботинни турли пасткаш иллатлардан мусаффо этадиган, уни турли фазилатлар ила зийнатлайдиган илмдир. Унинг аввали илм, ўртаси амал ва охири мавҳиба (ўзини баҳшида этиш)дир», деган. Шайхулислом қози Закариё Ансорий: «Тасаввуф – абадий саодатга эришиш учун нафсларни тазкия қилиш, ахлоқларни мусаффолаш ва зоҳиру ботинни обод қилиш илмидир», деган.

Тасаввуф илмининг буюк намояндалари билан бир қаторда ҳанафий фиқҳида шуҳрат қозонган фуқаҳоларимиз ҳам тасаввуфга оид мулоҳазаларини баён этишган. Машҳур фақиҳ, катта аллома Ибн Обидийн «Раддул мухтор»га ёзган ҳошиясида: «Албатта, ихлос, ужб, ҳасад ва риё илми фарзи айндир», деган. Шунингдек, «Мароқил-фалаҳ» китоби муаллифи аллома Шурунбилолий: «Зоҳирий таҳорат фақатгина ботиний таҳорат ила наф беради. Ҳамда ғил-ғаш, ҳиқд ва ҳасаддан покланиб ихлос қилиш билан ҳам. Яна қалбни Аллоҳдан бошқа барча нарсалардан поклаш ила нафи тегади», дейди. Шунингдек, «Ҳадийятул алоийя» китоби муаллифи, аллома Ибн Обидийннинг ўғли Муҳаммад Алоуддин Ҳанафий Димашқий: «Ҳасад, мусулмонларни ҳақоратлаш, уларга ёмонликни ирода қилиш, ужб, риё ва нифоқ каби қалб амалларидан бўлган ифлосликларнинг барчаси ҳаром эканига шаръий матнлар ҳамда ижмоъ ошкор бўлгандир. Қулоқ, кўз ва қалб – буларнинг барчаси ихтиёрнинг остига кирадиган нарсалардан масъулдир», дейди.

Демак, тасаввуф инсоннинг қалбий жиҳатига катта аҳамият берган. Шунингдек, молий ва баданий ибодатларни ҳам эътибордан четда қолдирмай, мусулмон шахсни ахлоқий-иймоний комил мақомотларнинг энг олийсига эришиши учун ҳақиқий йўл – тариқатни осонлаштириб чизиб берадиган илмдир. Бунда тасаввуф зикр ҳалқалари-ю, вирдларни қироат қилиш билан чекланиб қолмай, балки ишончли, шомилу-комил илмий амалий манҳаж бўлиб, оддий бир инсонни комил мусулмон даражасига кўтара олади. Бу борада суфийлар эришган муваффақиятлари саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга чин ихлос билан эргашишларига боғлиқ. Зотан, суфий – қалби соф, Аллоҳ билан муомаласи соф ҳамда Аллоҳ таоло томонидан унга берилган каромати ҳам соф кишидир.

Нақшбандия тариқати айни шу маъноларни тўлалигача ифода этади. Устозимиз Шайх ҳазратларининг китобларида келтирилишича, шайх Абдуллоҳ Деҳлавий Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Бу тариқат Ҳақ таолонинг ҳузурида доимий ҳозирликдир, Ислом ақийдасини, Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини мустаҳкамлашдир ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир».

Уламолар Муҳаммад Мурод Ўзбакийнинг нақшбандия тариқати ҳақида айтган қуйидаги гапларини ривоят қилишади: «У саҳобаи киромларнинг асл ҳолича, зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмаган тариқатидир. У ботинда ҳам, зоҳирда ҳам барча ҳаракат ва саканотларда суннатга ва азийматга комили илтизом қилган, бидъат ва рухсатдан батамом четлашган ҳолда ибодатда бардавом бўлишдан иборатдир». Шайх Амин Алоуддин Нақшбандий «Нақшбандия тариқати недир?» номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Муҳаққиқ уламолар Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни таъкидлайдилар: «Нақшбандия тасаввуфи ўртача ва мўътадилдир. У сулукдаги мўътадиллиги, шариатга эргашиши, тариқатининг осонлиги билан ажралиб туради. У хусусан дин уламолари ичида кенг тарқалган. Нақшбандий сўфийнинг қалби Аллоҳ билан, жисми банда биландир. Бу тариқатдаги эътиборни тортадиган энг муҳим жиҳат – сокинлик, яъни унинг риёдан холи бўлмайдиган бақир-чақир, тараннум ва тинглашлардан узоқдалигидир. Нақшбандия тариқатидаги зокир намоздан кейин пок ҳолида қиблага қараб ўтириб олиб, тилини танглайига теккизиб, қалби тил ҳаракати ила бирлашиб, Аллоҳни зикр қилади».

Нақшбандия тариқати мўътадиллиги, осонлиги ва суннатга эргашишдан иборат бўлгани учун кўпчилик, хусусан дин олимлари ичида кенг тарқалган. Нақшбандий суфийнинг қалби Аллоҳ таоло учун, жисми халойиқ учундир. Бу тариқат энг аввал шариатга эргашишга аҳамият беради. Кейин зикрда, фикрда, бандаликда, ихлосда, бошқаларни ўзидан устун қўйишда ва ўзини инкор қилишда бардавом бўлишни тарғиб қилади.

Зуфар Шосалимов.

«Ҳилол» журнали 7 сон.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маккага қадам қўйганимдан бери Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймолари хаёлимдан кетмади. Хаёлимда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

2199 11:00 / 20.02.2021
1933 йилда Франклин Рузвельт Америка Қўшма Штатларига президент этиб сайланди. У пайтлар Америкага ҳавас қилиб бўлмас эди. Мамлакат ҳар томонлама касодга учраган давоми...

1834 16:00 / 29.10.2023
Ишларимизни режалаштирар эканмиз, режага киритилаётган ишлар фақат шу дунёнинг ўзи билангина чегараланиб қолмасин.Режани каттароқ ва кенгроқ олишимиз лозим. давоми...

2261 11:30 / 19.03.2022
1. Тақволи бўлиш керак. Роббимиз Аъроф сурасининг 96 оятида .Агар қишлоқлар ахиллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону давоми...

2347 16:00 / 11.12.2021