1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Салавот айтмаслик оқибати

14:00 / 14.09.2021 2959 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда, пулини энг зарур жойларга ҳам сарфламайдиган кишини бахил дейишади. Лекин ўрни келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмайдиган кимса ҳам бахил саналар экан. Нима учун дейсизми? Бунинг сабабини қуйида баён этамиз.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Олдида зикр этилганимда менга салавот айтмаган кимса бахилдир”. (Термизий, Насоий, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).

Имом Шавконий бу ҳадисни шундай шарҳлаган: “Салавот айтмайдиган кимса энг зиқнадир. Чунки у – савоби улуғ бўлса ҳам – айтиш малол келмайдиган нарсага хасислик қилди”.

Салавот айтмаган кимсанинг бахил дейилишига сабаб киши салавотни тарк этиш билан улуғ савобдан маҳрум бўлади. Агар салавот айтганида, номаи аъмолига ажр ёзиларди. У зиқналиги учун шундай улуғ фазилатдан қуруқ қолди, нафсига бахиллик қилди.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олдида зикр қилинганимда менга салавот айтмаслиги кишининг бахиллигига етарли”, деб айтганларини эшитганман”. (Бу ҳадисни Ибн Касир “Тафсир”да, Ибн Қаййим “Жалоул афҳом”да келтирган. Ҳадис санади саҳиҳ).

Баъзи уламоларга кўра, салавот айтиш вожиб. Чунки мустаҳаб амални тарк этиш учун бунчалик қаттиқ тергалмайди.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:

“Олдида зикр қилинганимда салавот айтишни унутган (одам) жаннат йўлидан адашибди”. (Табароний “Кабир”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Ким салавот айтишни тарк этса, янглишибди. Бу хато бориб-бориб уни жаннат йўлидан ҳам адаштиради. Шундай экан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам номлари, сифатлари зикр этилганда, ақалли бир марта бўлса ҳам “соллаллоҳу алайҳи васаллам” дейишдан эринмайлик.

Муновийнинг “Файзул қодир” китобида “зикр қилинсам” бирикмаси “у зотнинг исмлари, сифатлари, кунялари эсланганда салавот айтилади”, дея шарҳланган. Бундан чиқди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Муҳаммад Мустафо”, “Аҳмад”, “Саййидул башар”, “Хотамул анбиё” деб зикр этилсалар, салавот айтилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким менга салавот айтишни унутса, жаннат йўлидан адашибди”. (Ибн Можа, Байҳақий, Табароний ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Жарод розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимнинг олдида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаса, (ўша одам) дўзахга киради”.

Жаннатга кириш умидидаги инсонлар учун бу жуда оғир гап. Чунки ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинг! Ким менга салавот айтишни эсидан чиқариб қўйса, жаннатга кира олмайди”, деб огоҳлантиряптилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимнинг олдида зикр қилинганимда менга салавот айтмаса, (ўша одам) сўзсиз бахтсиз бўлибди”. (Ибн Сунний “Амалул явми вал лайла”да заиф санад билан ривоят қилган).

Хуллас, вожиб ўринларда салавот айтмаган одам:
– Энг бахил кимса бўлади;
– жаннат йўлидан адашиб кетади;
– бахтсиз одамлар қаторидан жой олади.


Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб, уч марта “Омин” дедилар. Шунда хутбага қулоқ солиб ўтирган одамлар бунинг сабабини сўрашди. Пайғамбар алайҳиссалом нима учун “Омин” деганларини айта туриб, салавотни тарк этадиганларни огоҳлантирдилар. Келинг, шу ҳақидаги ривоятни қуйида батафсил кўриб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб: “Омин, омин, омин”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, нима қилаётган эдингиз?” деб сўралди. У зот: “Жаброил олдимга келиб, “Ота-онаси ёки улардан бири (ҳаёт) бўла туриб жаннатга кирмаган кишининг бурни ерга ишқалансин!” деди. Шунда мен: “Омин”, дедим. Кейин: “Рамазон ойига (соғ-саломат) етиб, гуноҳлари кечирилмаган кишининг бурни ерга ишқалансин!” деди. Мен: “Омин”, дедим. Сўнг: “Олдида зикр қилинганингизда сизга салавот айтмаганнинг бурни ерга ишқалансин!” деди. Мен: “Омин”, дедим”, дея бўлиб ўтган воқеани баён қилдилар. (Бухорий “Ал-адабул муфрад”да, Ибн Хузайма “Саҳиҳ”да, Баззор “Муснад”да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).

Араблар “бурни ерга ишқалансин!” жумласини “хор бўлсин” маъносида қўллашади.

Банда салавот айтишни кундалик вазифаси қилиб олмаса ҳам лоақал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исмлари, сифатлари эсланганда бир марта “соллаллоҳу алайҳи васаллам” дейиши керак. Йўқса, ривоятда саналган кимсалардан бири бўлиб қолади.

Бордию арабча талаффузга тил келишмаса, “Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!” дейиш ҳам жоиз. Арабча айтиш шарт эмас. Муҳими қайси тилда бўлса ҳам салавот йўлланса бўлди. Салавот ҳам дуо. Дуони ҳар ким ўз она тилида қилиши мумкин.

Бу ривоятда, шунингдек, ота-онага меҳр-мурувват кўрсатиш, рамазон ойи билан боғлиқ масала ҳам эслатилмоқда.

Ота-она кексайиб, меҳр-мурувватга муҳтож бўлганда уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиб, жаннатий бўла олмаган “фарзанд” ҳам Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўларкан.

Афсуски, нодонлик ёки тушунмаслик сабаб ота-она ҳаётлигида уларнинг дуосини олиш ўрнига дилозорлик қилиб, кўнгилларини ранжитадиган фарзандлар ҳам йўқ эмас. Уларга Аллоҳдан инсоф сўраймиз.

Ожиз банда туни билан жойнамозни тешиб юборадиган даражада минг ракат намоз ўқиб чиқса, кундузлари нафл рўза тутса, аммо ота-онаси дилини оғритса, ибодат савобидан айрилиб қолиши мумкин. Шунинг учун биринчи галда ота-онага эътиборли бўлинг, улардан бир оғиз ширин сўзингизни аяманг. Ана ўшанда ҳаммаси яхши бўлади. Ота-онангиз сиздан розими, демак, Аллоҳ ҳам рози бўлади.

Рўза ойининг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Рамазони шариф ойига тан-жони соғ-саломат кириб, биронта савобли иш қилмаган одам ҳам Аллоҳнинг раҳматидан йироқ бўлар экан.

Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиш, деган гапни енгил қабул қилмайлик. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан йироқ кимса дунёда ҳам, охиратда ҳам рўшнолик кўрмайди, қанча уринмасин бири икки бўлмайди. Салавот айтмаган, ота-онасига кўнгилдагидек хизмат қилмаган, рамазон ойига бепарво бўлган одам бошига мана шундай кўргилик тушади.

Бу ривоятни диққат билан ўқиб, хато-камчиликларимизни тўғрилаб , билмаганларга ўргатайлик. Токи яқинларимиз ҳам огоҳ бўлишсин.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

«РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ» китобидан фойдаланилди.

Maнба:Mehrob.uz матбуот хизмати.

Манба
Mehrob.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар .Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил ёшлигингни кексалигингдан, соғлигингни хасталигингдан, бойлигингни давоми...

1855 12:00 / 07.06.2022
. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аллоҳга қасам, шерикларим унутишганми ёки ўзларини унутганга солишяптими, билмайман, аммо давоми...

3841 11:01 / 07 февраль
Икки кундан бери Тошкентда чангли муҳит ҳукм сурмоқда. Кеча кечки пайт бундай ҳолат водий вилоятларига етиб борди. Чангтўзон ҳамма нарсада ўз изини қолдирмоқда. давоми...

4287 18:40 / 05.11.2021
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири намоздир.Намоз диннинг устунидир.Намоз тоатларнинг дуридир.Намоз нафсни поклаш ва ахлоқни давоми...

3394 14:00 / 19.09.2021