1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ютуқларимизда ҳазратнинг ҳиссалари бор

09:34 / 10 июнь 1140 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(«Янги аср университети» ректори Қобилжон Зоҳидов билан суҳбат)

Қобилжон Тоиржонович Зоҳидов – 1972 йил Марғилон шаҳрида туғилган. 1989–1994 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институтида таҳсил олган. 1994–2010 йилларда мазкур институтда – аспирант, ўқитувчи, доцент, институт қошидаги лицей директорининг ўқув ишлари бўйича муовини, декан муовини, кафедра мудири, декан лавозимларида фаолият олиб борган. 2010–2017 йилларда Тошкент ислом университетида докторант, кафедра мудири, ўқув ишлари бўйича проректор, университет қошидаги «Зиё-зукко таълим маскани» нодавлат ўрта таълим муассасаси директори лавозимларини эгаллаган. 2017–2022 йилларда «GRAND TA’LIM» нодавлат таълим муассасаси филиали директори, академик ўқув-услубий бошқармаси раҳбари вазифасида фаолият олиб борган. 2022 йилдан «Янги аср университети» нодавлат олий таълим муассасаси ректори. Тарих фанлари номзоди, доцент.

 

Кейинги йилларда юртимизда очилаётган нодавлат олий таълим муассасалари, яъни хусусий университет ва олийгоҳлар сони ортиб бормоқда. Ҳолат ўз навбатида бу соҳада рақобат ва танловнинг юзага келишини таъминлайди. Хусусий ОТМлар бу турдаги давлат таълим муассасаларидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Нодавлат олий таълим муассасаларини келажакда қандай ўзгаришлар кутмоқда? Бундан икки йил аввал илм толиблари учун ўз эшикларини очган «Янги аср университети» ректори Қобилжон Зоҳидов шу саволларга жавоб берди.

 

– Қобилжон ака, аввало, «Янги аср университети» ҳақида умумий маълумот бериб ўтсангиз. Ҳозир олийгоҳда нечта йўналиш бўйича қанча талаба таҳсил олмоқда? Битирувчилар мазкур университет дипломи билан қаерда ишлашлари мумкин?

– Таълим муассасамиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2021 йил 28 декабрида берилган лицензия асосида хизмат кўрсатади. Айни кунда университетда ўзбек тили филологияси, араб тили филологияси, мумтоз шарқ тиллари филологияси, инглиз тили филологияси, рус тили филологияси, хитой тили филологияси, турк тили филологияси, дизайн (интерьерни лойиҳалаш), дефектология (логопедия), тарих, бошланғич таълим, мактабгача таълим, педагогика ва психология каби йўналишлар бўйича 1200 нафарга яқин талаба таҳсил оляпти.

Таълим жараёни тўлиқ давлат стандартларида олиб борилгани сабабли «Янги аср университети» томонидан бериладиган диплом давлат олий таълим муассасалари дипломи мақомига эга.

Ҳар бир йўналишда курс давомида талабалар учун малакавий ва педагогик амалиёт ташкил этилади. Сўнгги курсни тугатган талаба битирув малакавий ишини ҳимоя қилади.

Университетимиз дипломини олган йигит-қизлар, биринчи навбатда, ихтисослик бўйича магистратура босқичида ўқиш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, улар таълим муассасаларида тарбиячи, бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаш, диплом йўналишлари бўйича тил-адабиёт, психология, тарбия, тарих, технология каби фанлардан дарс беришлари мумкин. Қолаверса, маълум соҳа бўйича мутахассис бўлиб етишган битирувчилармиз ўз йўналишларига мувофиқ имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқитувчи-дефектологи, логопед лавозимларида ишлаш; бино ва иншоотлар, турар жой ҳамда жамоат бинолари дизайнери ва лойиҳачиси сифатида қурилиш корхоналарида, шунингдек, таржимонлик йўналишида фаолият кўрсатадиган ташкилотларда ишлаш имкониятини қўлга киритадилар.

– Бу университетни ташкил этиш ғояси кимдан чиққан?

– «Янги аср университети»ни очиш ғояси таъсисчимиз ва бош директоримиз Музаффар Саттиевга тегишли. Олий таълим муассасаси фаолиятини ташкил этиш осон иш эмас. Буни тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. «GRAND TA’LIM»да ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб юрганимда гуманитар фанлар, хоссатан, педагогика, филология ҳамда тилларни ўқитиш йўналиши бўйича ОТМ очишни режалаштириб, лойиҳаларни ўйлаб, миямда пишитиб юргандим. Шунинг учун Музаффар Саттиевнинг янги университет очиш ҳақидаги режасини эшитишим билан бу ғояни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимни айтдим. Умуман олганда, бу борадаги ишлар «GRAND TA’LIM» нодавлат таълим муассасасини ташкил этишдан бошланган, десак адашмаймиз.

2008 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган мазкур НТМ таркибида аввалроқ хорижий тиллар ўргатиладиган курслар очилди. Кейинчалик болаларни мактабга тайёрлаш ва ўрта таълим муассасалари ташкил этилди. Вақт ўтиб, юртимизда юзага келган муҳит, талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда олий таълим йўналишида ҳам хизматни кўрсатишни йўлга қўйдик.

Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритишимизга устозимиз, халқимизнинг севикли фарзанди, биздан ҳамиша ўзларининг кўрсатма, тавсия ва дуоларини аямаган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ сабабчи бўлганларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бошқача айтганда, барча ютуқларимизда Ҳазратнинг муносиб ҳиссалари бор.

– Келгусида университет фаолиятини кенгайтириш, талабалар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида нималар қилиш кўзда тутилган?

– Албатта, бу жараён узлуксиз давом этади. Халқаро тажрибаларни ўрганиб, жаҳон таълим соҳасини кузатиб боряпмиз. Ўргатилаётган хорижий тилларни яна бир нечтага кўпайтириш, қўшимча таълим йўналишларини очиш лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Хусусан, насиб этса, кейинги йилдан магистратурани йўлга қўйиш ҳамда «IT (ахборот технологиялари)» ва «иқтисодиёт» таълим йўналишларини очишни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари, айни кунда таълим муассасамиз ҳудудини кенгайтириш, янги биноларни қуриш, аудиторияларни замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, кутубхонадаги китоблар сонини ошириш ва сифатини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган режаларимизни босқичма-босқич амалга оширяпмиз. Ўз навбатида, кутубхонамиз фондини янгилашда «Hilol-Nashr» нашриёти билан манфаатли ҳамкорлик қилиб келаётганимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни истардим.

– «Янги аср университети»да ўқимоқчи бўлган ёшлар имтиҳондан қай тартибда ўтишади?

– Кириш имтиҳонлари икки босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич суҳбат кўринишида бўлиб, унда абитуриентнинг интеллектуал (IQ) ва эмоционал (EQ) салоҳияти аниқланади. Тест шаклида ўтказиладиган иккинчи босқичда талабаликка даъвогар йигит-қизларнинг умумий ўрта мактабда олинган билимлари қай даражада экани текширилади.

– Университетда ўқиш учун лозим тўловлар, бу борада бериладиган имтиёзлар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

– «Янги аср университети» билан шартнома тузган талаба ўқиш учун тўловларни бошқа олий таълим муассасаларда бўлгани каби нақд ёки пул ўтказиш йўли билан, тўлиқ ўқув йили учун ёки ҳар бир семестр учун алоҳида амалга ошириши мумкин. Бу йил ўзбек тили филологияси, рус тили филологияси, хитой тили филологияси, турк тили филологияси ҳамда Тарих йўналишлари бўйича ўқийдиганлар учун 20 фоизлик чегирмаларни жорий қилинди. Кейинги йилдан иқтидорли талабаларни имтиёз асосида ўқитишни режалаштиряпмиз.

– ОТМ раҳбарияти томонидан талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, соғлом турмуш тарзига риоя этишларини таъминлаш бўйича нималар қилинмоқда?

– Бундай ишларни амалга ошириш университетнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича проректори зиммасига юклатилган. Унинг назорати остида талабалар учун кутубхона, музей ҳамда театрларга экскурсиялар ташкил этилмоқда. Таниқли инсонлар билан учрашувлар, спорт тадбирлари мунтазам уюштирилиб турилади. Масалан, университетда таҳсил олувчи йигит-қизлар ўртасида спортнинг мини футбол, стол тенниси, шахмат турлари бўйича «Ректор кубоги», «Талабалар лигаси» каби мусобақаларни ташкил этиш анъанага айланган.

Бу борада эришган ютуқлар сирасига университет талабаларидан тузилган «Янги аср» жамоаси Ўзбекистон Қувноқлар ва зукколар ассоциацияси томонидан ўтказилган кўрик-танловда 1-ўринни қўлга киритганини қўшимча қилиш мумкин.

– Сир эмас, айрим ёшлар университетда «диплом учун» ўқийдилар. Сиз нима деб ўйлайсиз, «Янги аср университети»да диплом учун ўқийдиган талабалар сони кўпроқми ёки билим олиш учун таҳсил оладиган йигит-қизлар?

– Билим олиш учун интилувчи талабалар сони кўп, деб ишонч билан айта оламан. Нега десангиз, университет ректори сифатида абитуриентларни қабул қилиш пайтида улар билан ўтказган суҳбатларим, ота-оналар иштирокида ташкил этилган учрашувлар ҳамда таълим жараёнини бевосита кузатишим давомида чиқарилган хулосалар шундай дейишимга асос бўлди. Тўғри, бугун фарзандига «ўқиб, олим бўлармидинг» дейдиган замондошларимиз ҳали ҳам топилади, аммо илм олишга жиддий киришган, жону жаҳд билан ўқиётган ёшларимиз ҳам кўпчиликни ташкил қилаётгани айни ҳақиқат. Қўлидан китобни қўймаётган, олдига жуда катта, оламшумул мақсадларни қўйган ана шу йигит-қизларни кўрганимда Яратганга шукроналар айтиб, «келажагимизни қурадиган етук авлод ҳам шаклланаётган экан» деб қўяман ўзимга-ўзим.

– Сиз ўқиган даврдаги талабалар билан ҳозирги талабалар, уларга яратилган шароитлар орасида қандай фарқ бор? Ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Биз ўқиган давр билан ҳозирги талабалар шароитини солиштириб бўлмайди. Биз бирор фандан бўладиган семинарга тайёргарлик кўриш учун 2–3 кутубхонага бориб, навбат кутиб, китоб олиб, таржима қилиб тайёргарлик кўрардик. Ҳозирги талабаларнинг энг катта ёрдамчиси, таъбир жоиз бўлса уларни илмсизликка етакловчи «google» бўлиб қолди. Табиийки, бугун талабаларнинг барчасида интернет бор. Ундан унумли фойдалана олиш, ундаги илмларни ўзида жамлай олиш ўта муҳим масаладир.

Албатта ёшларга маслаҳат беришдан осони йўқ. Шундай бўлса-да, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим: Аллоҳ берган ҳар бир кунни қадрига етинг ва уни иложи борича мазмунли ўтказишга интилинг. Умрни орқага қайтариб бўлмаслигини ёшингиз улғайганда ҳис қила бошлар экансиз. Лекин унда бироз кеч бўлиб қолади. Инсон ўз турмуш тарзини тартибли ўтказишга ҳаракат қилиши шарт. Масалан, ибодат ўз ўрнида, илм олиш ўз вақтида бўлиш керак. Ҳордиқ чиқариш, оила учун вақт ажратиб, эътибор қаратишни ҳам унутмаслик лозим.

Энг асосийси, тушкунликка тушмаслик, ҳар доим олдинга ва юқорига интилиб яшаш керак. Аждодларимиз ҳеч қачон ўз асарларини машҳур бўлиш учун ёзмаганлар. Ваҳоланки, Яратганга бўлган ихлослари ўлароқ, улар бугун ҳам бутун дунёга устозлик қилиб келяптилар.

– «Ҳилол» журналини оммавийлигини ошириш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– «Ҳилол» ўз вақтида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ғоялари ва ташаббуслари билан ташкил этилгани учун ҳам уни мунтазам ўқиб боришга ҳаракат қиламан. Ҳамкасбларим ва оила аъзоларимга унда чоп этилган яхши мақолалар билан танишиб чиқишни тавсия қиламан. Шу йилнинг август ойида «Ҳилол» журналининг 50-юбилей сони нашр этилиши муносабати билан ташкил этилган ижодий-маърифий тадбирни алоҳида қизиқиш билан кузатдим.

Тадқиқотчи ва педагог сифатида таклифларим шундан иборатки, журналда илм олиш, китоб ўқиш, буюк аждодларимиз ҳаётларини ўрганиш, шу билан бирга қадриятларимизга эҳтиром кўрсатишни тарғиб қиладиган илмий, илмий-оммабоп мақолалар бериб борилса, илм аҳли вакиллари билан суҳбатлар уюштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Фурсатдан фойдаланиб, журналнинг келгусидаги фаолиятига ривож ва барака тилайман.

 

Шуҳрат Хўжаев суҳбатлашди

«Ҳилол» журнали 12(57) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу воқеа балиқни музлатиб сақлайдиган корхоналардан бирида бўлган эди. Бир куни корхона ишчиларидан бири шу кунги охирги ишини якунлаб қўйиш учун балиқ давоми...

1879 09:00 / 28.02.2023
Олтинчи тақсимАйблов воситасига қараб ғийбат беш қисмга бўлинади1. Тил билан ғийбат қилиш.Ҳикоя. Баъзи кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Хилол давоми...

5002 16:57 / 12.02.2018
Университетлардан бирида доктор талабалардан сўради .Агар дарахтда тўртта чумчуқ қўниб турган бўлса, улардан учтаси учишга қарор қилса, дарахтда нечта чумчуқ давоми...

2718 16:00 / 01 январь
Турмушга чиқди. Эр лаззатни ҳис этади, хотин оғриқни. Ҳомиладор бўлди. Эр хурсандчиликни ҳис этади, хотин кўнгил айниш, чарчоқни. Бола ташлади. Эрга таъзия давоми...

2836 09:23 / 04 январь