1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳазрати Умарнинг даҳоликлари

14:58 / 08 июнь 1612 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Саъд Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади:

«Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу вафот қилган куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан бирга эдик.

Мен: «Бугун одамларнинг олими вафот қилди», дедим.

У: «Аллоҳ уни бугун раҳмат қилсин! У Умарнинг халифалигида одамларнинг олими ва илм денгизи эди. Умар уни турли юртларга юборди ва ўз фикрларидан фатво айтишдан қайтарди. Зайд ибн Собит Мадинада ўтириб, Мадина аҳлига ва келганларга фатво берар эди», деди.

Ҳазрати Умарнинг Мадина аҳлига устоз бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни эҳтиром қилишлари ва унга таълим учун шароит яратиб беришлари ниҳоятда катта гап эди. Раҳбар илмга бу даражада аҳамият берган жойда илм албатта ривож топади. Ҳазрати Умарнинг олим одамга бошқа турли юмушларни буюрмай, унга таълим ишлари учун шароит яратиб беришлари, уни ўз ўринларига қўйиб кетишлари ўша вақтда Мадинаи мунавварада илмнинг ривож топиши учун катта омил ҳисобланган.

Ушбу ривоятга диққат билан назар ташласак, ҳазрати Умарнинг яна бир улкан даҳоликларини кўрамиз. У кишининг ўзлари катта олим бўлганлари учун илм соҳиблари ила муомала қилишни ўрнига қўйганлар. Ҳазрати Умарнинг ташқарига иш билан кетган саҳобаи киромларга фатво беришга изн бермаганлари катта ҳикматга молик ишдир. Бу билан марказдан, раҳбарнинг назаридан узоқда бўлган кишиларнинг ўз шароитларидан келиб чиқиб, бир юртда, бир вақт­да ва бир хил масалада ҳар хил фатво бериб қўйишларининг ҳамда ихтилоф чиқишининг олдини олганлар.

Шунингдек, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг бошқа тарафларига ҳам илм тарқатишга катта аҳамият берганлар.

Ибн Саъд Басрий Ҳориса ибн Музаррибдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Куфа аҳлига ёзган мактубини ўқидим: «Аммо баъд: Мен сизларга Амморни амир, Абдуллоҳни муаллим ва вазир қилиб юбордим. Иккови ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатли саҳобаларидан. Уларга қулоқ осинг ва эргашинг. Мен Абдуллоҳни ўзимга олиб қолмай, сизларга илиндим».

Ибн Саъд Абул Асвад Дуалийдан ривоят қилади:

«Басрага борсам, Имрон ибн Ҳусойн Абу Нажуд розияллоҳу анҳу бор экан. Уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Басра аҳлига фиқҳни ўргатиш учун юборган экан».

Демак, ҳазрати Умар ўзлари бошқарган Ислом жамиятининг вилоятларига амирлар кўйишга қанчалик эътибор берсалар, таълим ишларига ҳам шунчалик эътибор берганлар. У киши таълим ишларига масъул кишиларни вазир даражасига кўтарганлар. Гоҳида ўзларига керак бўлиб турган етук мутахассисларни ҳам вилоятларга юборганлар. Куфа ва Басра шаҳарларининг кейинчалик катта илм марказларига айланишига ҳазрати Умар сабабчи бўлганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Ибн Саъд, Ҳоким ва имом Бухорий «Тарихи сағир»да мухтасар қилиб, Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ансорлардан беш киши, яъни Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Убай ибн Каъб, Абу Айюб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳулар Қуръонни жамлаган, яъни тўлиқ ёд олган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонида унга Язид ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу: «Шом аҳли кўпайиб, шаҳарларни тўлдирдилар ва ўзларига Қуръон, фиқҳ ўргатадиган кишиларга муҳтож бўлдилар. Эй мўминларнинг амири, менга уларга таълим берадиган кишилардан ёрдам беринг», деб ёзди.

Умар ҳалиги беш кишини чақириб, уларга: «Шомлик биродарларингиз мендан уларга Қуръондан таълим берадиган ва динни ўргатадиган кишилардан ёрдам беришни сўрадилар. Аллоҳ хайрингизни берсин, сизлар ўзингиздан учтангиз ила менга ёрдам беринглар. Агар хоҳласангиз, қуръа ташланглар. Агар учтангиз кўнгилли бўлиб чиқсалар, чиқсинлар», дедилар. Улар: «Қуръа ташлашга ҳожат йўқ. Бу киши қариб қолган», дейишди Абу Айюбни кўрсатиб. «Бу киши эса бемор», дейишди Убай ибн Каъбни кўрсатиб. Муоз ибн Жабал, Убода ва Абу Дардолар чиқишди. Умар: «Ҳимсдан бошланглар. У ерда турли-туман одамларни учратасизлар. Уларнинг ичида Қуръонни шоша-пиша ёдлаб оладиганлари ҳам бор. Қачон шундайларни кўрсангиз, уларга (Қуръонни тўғри ўқишни ўргатиш учун) бир тоифа одам юборинглар. Қачон улардан (уларнинг Қуръон ўқишидан) рози бўлсангиз, у ерда бир киши қолсин. Бир киши Дамашққа борсин, бошқаси Фаластинга», дедилар.

Улар Ҳимсга бориб, у ердагиларнинг ўқишидан рози бўлгунларича турдилар. Кейин у ерда Убода қолди. Абу Дардо Дамашққа, Муоз эса Фаластинга кетди.

Муоз Амвосда ўлат тарқалган йили вафот этди. Кейин Убода Фаластинга бориб, ўша ерда вафот топди. Абу Дардо ҳам вафот этгунча Дамашқда турди».

Бу ерда ҳам вилоят раҳбарининг, ҳам давлат раҳбари ва таълим бўйича масъул кишиларнинг фидокорликлари намоён бўлмоқда.

Язид ибн Абу Суфён ўз вилоятидаги илмий ишларнинг ривожи ҳақида қайғуриб, раҳбардан ёрдам сўрамоқдалар. Эътибор берайлик-а, у киши хазина учун қўшимча маблағ сўраётганлари йўқ, миршаблик ёки жосуслик учун одамлар сўраётганлари йўқ. Шом ўлкаси аҳолисига илм ўргатиш учун олимлар сўрамоқдалар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу масаланинг ва ўлканинг аҳамиятини яхши билганлари учун у ерга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръонни жамлаган ва тўлиқ ёд олиб ўзлаштирган улуғ саҳобаларни юбормоқдалар. Уларни чақириб, ёлвориш оҳангида муомала қилмоқдалар. Ҳазрати Умарнинг уларга ёлворишлари, ишга борувчиларни қуръа ташлаб аниқлашни маслаҳат беришлари – ҳамма-ҳаммаси бу ишнинг нечоғлик машаққатли иш эканини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам ишга кетаётган зотларга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари алоҳида маслаҳатлар бермоқдалар.

Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумнинг илм йўлидаги фидокорликларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Улар ўзларининг қари ва бемор шерикларини эҳтиром қилиб, барча оғирликни ўзларига олдилар ва бу машаққатли ишни умрларининг охиригача шараф билан адо этдилар.

Ҳимс, Дамашқ ва Фаластиндан ҳозиргача тинимсиз машҳур уламолар етишиб чиқмоқда. Бунга эса юқорида исмлари зикр этилган азиз инсонлар асос солган бўлсалар, ажаб эмас.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари олим бўлганлари учун илм ва илм олиш қоидалари ҳамда одобларини жуда яхши билар эдилар. Кишиларни ҳам ўша қоидаларга амал қилишга чорлар эдилар.

 

«Ислом тарихи» китоби биринчи жузи

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бану исроилликлар Шамвил алайҳиссаломдан уларга бир подшоҳ тайин этишларини талаб қилишди ва ўша подшоҳнинг раҳбарлиги остида урушда қатнашишларини айтишди. давоми...

2730 12:30 / 31.03.2019
.Зотур риқоъ, сўзи луғатда .ямоқли, деган маънони билдиради. Айрим тарихчиларнинг фикрича, бу ғазот иштирокчилари оёқларига латталарни боғлаб олганлари учун давоми...

2365 11:03 / 29.08.2021
Бану Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди. Уларнинг орасида машҳур бузғунчи Мусайлима Каззоб ҳам бор эди. Бу нобакор давоми...

1494 17:20 / 08.11.2023
Пешво, имом, ориф, зоҳидлар саййиди Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам ибн Мансур ибн Язид ибн Жобир Ижлий Шомда истиқомат қилганлар.Оталаридан, Абу Ҳурайранинг давоми...

6682 18:40 / 12.01.2019
Аудиолар

137639 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57706 14:35 / 11.08.2021