1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Рамазондан кейинги энг афзал рўза | Сийрат дарслари (285-дарс)

19:00 / 08.06.2024 1532 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

430. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмай инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлади. Унинг эрига эса, касб қилгани туфайли ажр бўлади. Хазиначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмаслар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

431. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди. «Ҳа», дедилар у зот. «Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унинг номидан садақа бўлсин», деди».

Бухорий ривоят қилган.

432. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

433. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Шунда у зот: «Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дер эдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

434. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

435. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача кўпайтириб берилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен берурман. У (рўзадор) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади», дейди. Рўзадорга икки хурсандлик бордир: ифтор қилса, хурсанд бўлади ва Роббига рўбарў бўлганда рўзаси билан хурсанд бўлади. Албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Менинг учундир ва унинг мукофотини  Ўзим берурман»,  деди. Рўза сақловчидир. Бирингизнинг рўза куни бўлса, фаҳш гап гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «мен рўзадорман», десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва Роббига рўбарў бўлганда рўзаси билан хурсанд бўлгай».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
568. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Ҳинд бинт Утба .Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён хасис одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат давоми...

2148 19:00 / 24.01.2025
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РОСУЛ 3қисмРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингҳаётларини ўрганишИЙМОН 15 Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига давоми...

5344 20:19 / 28.04.2017
755. Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот .Яхшилик гўзал давоми...

4001 19:00 / 12.08.2022
Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар давоми...

5145 19:03 / 28.04.2017
Аудиолар

230207 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар