1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тулайҳа ҳақида

18:37 / 25.10.2023 2879 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тулайҳа ибн Хувайлид Асадий аслида коҳин эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида пайғамбарлик даъвосини қилди. Унга ўз қавмидан ва бошқа араблардан турли хил тоифалар эргашишди. У Нажднинг шарқий тарафидаги Ироққа яқинроқ, Бану Асад қабиласининг Самийро номли ерида эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарши урушиш учун Зирор ибн Азвар Асадий розияллоҳу анҳуни юбордилар. У етиб борай деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳақида хабар келиб қолди. Тулайҳанинг иши юришиб, унга Ғатафон, Ҳавозин ва Той қабилалари ҳам қўшилишди. Зирор Мадинага қайтди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид ва унинг лашкарини Тулайҳага қарши урушга юборганларида, Холиднинг лашкари ичида Адий ибн Ҳотим Тоий ҳам бор эди. У Холиддан олдин бориб, ўз қавми, яъни Той қабиласини Аллоҳнинг динига қайтишга даъват қилиш учун изн сўради. Шунга кўра бориб, қабиладошларини даъват қилди. Улар қабул қилиб, Тулайҳани тарк қилишди ва Холиднинг лашкарига қўшилишди. Адий розияллоҳу анҳу Тулайҳа билан бирга бўлган Бану Жадийла уруғини ҳам даъват қилган эди, улар ҳам қабул қилишди. Сўнг Холид муртадлар билан Бузоха деган жойда тўқнашди ва улар билан қаттиқ жанг қилди.

Тулайҳа уруша олмаслигини билганидан кейин хотини билан олдиндан тайёрлаб қўйилган икки отга миниб, Шомга қочиб кетди. Унинг лашкари мағлуб бўлди.

Бану Асад ва Ғатафон қабилалари мусулмон бўлганидан кейин Тулайҳа ҳам Исломга кирди. У Ироқни фатҳ қилиш ишларида таҳсинга сазовор ишларни қилди ва Наҳованд жангида шаҳид бўлди.

Тулайҳа қочганидан кейин унинг одамлари ҳавъаблик Умму Зимл Салмо бинт Молик ибн Ҳузайфа Фазорийя исмли аёл атрофида тўпланишди. Бу аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мусулмонларга асир тушган, уни Оиша онамиз озод қилган эдилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни уйга кирсалар, ўша аёл бир гуруҳ аёллар даврасида Оиша онамиз билан ўтирган экан. Шунда у зот унга: «Сизлардан бирингиз Ҳавъаб итларини ҳурдиради», дедилар. Мазкур аёлнинг ушбу қилган иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу гапларининг тасдиғи эди.[1]

 

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бориб, у аёлнинг лашкарига қарши жанг қилдилар. Аёл туяга миниб олган эди. Уни ҳимоя қиламан деб, юзта эркак ўлди. Сўнг унинг ўзи ҳам қатл этилди ва лашкари мағлуб бўлди.

Бану омирликлар Бану Асад ва Ғатафон қабилаларининг ҳолини кўриб, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг олдига келишди ва: «Ўзимиз чиққан нарсага қайтамиз: Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирамиз», дейишди. Холид улардан буни қабул қилди ва намозни ўқиб, закотни бериш учун байъат олди. Ана шу шарт асосида болалари ва аёллари ҳам байъат қилишди. Сўнг Холид Исломга қарши иш қилганларни келтиришни талаб қилди. Улар келтирилди ва қилмишларига яраша жазоланишди.

Бану Сулайм қабиласини Турайфа ибн Ҳожиз лашкари Исломга қайтарди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

 

[1] Аҳмад, Абу Яъло, Баззор, Ҳоким, Байҳақий ва Абу Нуъаймлар ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган. Заҳабий тасдиқлаган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу бошчилигидаги саккиз ёки ўн икки нафар муҳожирни Нахлага ndash Макка билан Тоиф орасидаги давоми...

2399 19:39 / 05.09.2020
Пойдеворга асос солинишиАбу Зарр розияллоҳу анҳу айтади.Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган, дедим. У зот .Масжидул Ҳаром,, дедилар. давоми...

42023 15:06 / 18.06.2020
Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми Ҳолбуки, ўшалар булардан кўра қувватлироқ эдилар. На осмонларда ва на давоми...

5233 10:37 / 22.03.2018
Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий. Отаснинг исми Юсуф ибн Абу Ақийл Сақафий. Онаси Ҳумом ибн Урва ибн Масъуд Сақафий. Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий 41 ҳижрий санада, давоми...

9411 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

213157 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132378 14:35 / 11.08.2021