1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих омонатдир (олтинчи мақола)

09:44 / 22.09.2023 1328 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

15. Сўнги асрларда Ислом оламида нафақат ақлий илмлар, шаръий илмларда ҳам турғунлик даврлари бўлиб ўтган. Шунинг учун устозимиз шайх ҳазратлари айтардиларки, юртимизда исломий илмлар тараққий этган пайтларда бошқа илмлар ҳам ривожланган, исломий илмлардан узоқлашганимизда бошқа илмлар ҳам сутстлашиб кетган. Мана шу ҳақиқатни унутмаслигимиз керак.


Афсуски, айрим одамлар аксинча тушунади. Уларга кўра, кейинги асрларда халқимиз диндорлашиб кетиб, илм-фандан узоқлашган эмиш. Бу тарихий воқеликка зиддир. Аксинча, диндорлик ҳам, диний илмлар ҳам олдинги асрларда юқори бўлиб, кейин сустлашган. Шу боис, тараққиётдан ортда қолишга диний омилни сабаб қилиб кўрсатиш хато. Бордию кўрсатиш керак бўлса, диндорликни эмас, аксинча, динни англашдаги, унга атрофлича амал қилиш ва шаръий илмларни ўрганишдаги заифликни сабаб қилиб келтириш мумкин.


Бир куни шарқшунослик институтида очиқ дарсда Бухоро амирлигининг таназзули сабаблари муҳокама қилинди. Талабаларда бири одамларнинг диндорлашувини сабаблардан бири сифатида келтирди. Мен ундан: «Халқимиз олдин диндорроқ бўлганми ёки кейинги асрлардами? Яна ҳам аниқлаштирсак, Мирзо Улуғбекдан олдин кўпроқ диндор бўлганми ёки кейинми?» деб сўрадим. У йигит: «Менимча, кейин диндорлашган», деди. «Мен ҳам «менимча», деб хоҳлаганимни айтишим мумкин. Сўзингизга қандай далил келтира оласиз?» дедим. Табиийки, жавоб бера олмади. Шунда мен: «Халқимиз олдин диндорроқ бўлган. Бунга далиллар етарли. Муҳаддис, муфассир уламоларимизни оласизми, тасаввуф машойихларини айтасизми, барчаси олдинда кўп бўлган ва юқори даражада бўлган. Юртимизда ёзилган мўътабар диний манбалар ҳам асосан олдинги асрларда ёзилган. Қўлёзмалар институтида сақланаётган маънавий бойликларимиз, Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва илмнинг бошқа соҳаларида битилган асарларнинг аксари дастлабки ва ўрта ҳижрий асрларга тегишли. Кейинги даврларда жуда кам китоб ёзилган, бори ҳам кичик асарлар ва кўпроқ олдинги китоблардан кўчирмалардан иборат. Шариат аҳкомларига амал ҳам олдинги даврларда юқори бўлган, ишонмасангиз, сомонийлар, қорахонийлар ва темурийлар даврларини ўрганишингиз мумкин. Шунинг учун Бухоро амирлигининг таназзулига агар диний омилни ҳам қўшадиган бўлсангиз, диндорлик эмас, динни нотўғри англаш, уни чуқур ўрганмаслик сабаб бўлган десангиз, балки тўғри бўлади», дедим. Синфда ўтирган ҳамма бирдан қарсак чалиб юборди...


16. Танқид ва хилоф сизни алдаб қўймасин. Кўпчиликда кузатиладиган хатолардан бири ‒ ким танқид қилса, ўшани холис деб ўйлаш, унга ишониш, оммага хилоф қилган одамни олқишлаш бўлмоқда. Омма одатда юзаки қараб, чуқур фикрлай олмагани учун танқид ва хилофга ўч бўлади. «Хилоф қил, таниласан» деган қоида ҳам шундан келиб чиққан ва омма доирасига хос. Илм аҳли эса танқид ва хилофни тўғри баҳолай олади, чунки ҳамма танқид ҳам тўғри бўлавермайди, хилоф ҳар доим ҳам жасоратни англатмайди. 


Кўпинча танқидларнинг лоақал бир қисми нохолис бўлганини кўриш мумкин. Зеро, инсон омили шуни тақозо қилади. Бироқ, одамларга барибир танқид ёқимлироқ, мақтов номақбул бўлаверади. Шунинг учун бўлса керак, айрим кишилар танилишни исташса, ҳукуматни ёки машҳур шахсларни танқид қилишга ошиқади. 


Мазкур видеонинг кўпчилик эътиборини тортишига сабаб бўлган омиллардан бири ‒ унда танқидий фикрлар, мавжуд маълумотларга хилофлар кўплиги бўлса, ажаб эмас. Бироқ, оқил киши нима истеъмол қилаётганини яхши билиши лозим.


Кўпчилик ғарбликларнинг илмий танқидий ёндашувини холис деб фаҳмлаши ҳам юқоридаги хоссадан келиб чиқади. Аслида бир нарсага танқидий ёндашувда ҳам мўътадиллик, холислик ва қамровлилик керак. Танқидда ҳаддан ошиш ўринсиз шубҳалар сабабидан бор ҳақиқатларни инкор қилишга олиб бориши ҳам мумкин. Масалан, айрим ғарблик шарқшуносларнинг Қуръони Карим борасидаги ўта беўхшов танқидий ёндашувлари айни шу қабилда бўлган. Ҳатто юзлаб ашёвий ва тарихий далилларга қарамай, Қуръоннинг илк ҳижрий асрда битилганини инкор қилишган эди. Мусулмон уламоларининг раддиялари уларни шарманда қилгач, кейинги авлод тадқиқотчилари ҳам ўз ўтмишдошларига раддия бериб, алоҳида асарлар ёзишган. Бироқ, дастлабки хулосалар ҳалигача айримларни қизиқтириб келади. Бу ўша маълумотларнинг илмийлиги ёки ҳаққонийлиги сабабидан эмас, балки айнан танқидий бўлганидан эканини англаш қийин эмас. Ҳолбуки, озгина ўрганган киши бу танқидий фикрлар ҳаддан ташқари сафсата, хаёлпарастлик эканига шубҳа қилмайди.


Танқидда ҳаддан ошмаслик учун муҳаддис уламолар ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф, ўта заиф, тўқима каби турларга ажратиб чиқишган. Ҳатто биргина заиф турдаги ҳадисларни бир неча даражага бўлишган. Улар ҳам бошқалар каби осонгина фақат саҳиҳга чекланиб, қолганини инкор қилишлари мумкин эди. Бироқ, бунда жуда катта қисм чин ҳадисларни ҳам қўлдан бой бериш, ҳақиқатни инкор қилиш тайин бўлганини пайқаб, улар энг мўътадил ва илмий йўлни танлаганлар. Шундан келиб чиқиб, улар минглаб заиф ҳадисларни ёд ҳам олганлар, нақл қилганлар ва ўшаларда ҳам диннинг қайсидир ҳақиқатларини сақлай билганлар.


17. Бугун тарихни ўрганишда барча ишончли услублардан фойдаланиш керак, бир ёқламаликка чек қўйиш лозим. Замонавий тарихшунослигимизни аждодлар тажрибалари билан тўлдиришимиз даркор. 


Ғарб тарихшунослиги билан мусулмон тарихчилиги ўртасида айрим асосларда фарқ бор. Мисол учун, ғарбликларда илм ҳосил қилиш манбалари ҳис ва ақлга чекланган. Шу боис, улар қўл билан ушлаб, кўз билан кўрмаган нарсасига деярли ишонишмайди. Ана шундан келиб чиқиб, ҳар нарсага ҳаддан зиёд шубҳа билан қараш оқибатида уларда айрим одамлар ҳатто Ийсо алаҳиссаломни афсонавий шахс деб ўйлайдиган бўлиб қолишган. 


Исломда эса ҳис ва ақл билан бирга содиқ хабарга ҳам илм манбаси сифатида қаралади. Шу билан бирга, ўша хабарни таҳлил қилиш бўйича дунёда ҳеч бир ўхшаши йўқ илмий услуб ҳам ишлаб чиқишган. Унга кўра, ёлғонга келишиб бўлмайдиган ададдаги кишилар нақл қилган хабар мутавотир деб аталиб, ҳис аъзолари берган аниқ илмни тақдим этади. Ундан бошқа хабарлардан эса даражасига қараб фойдаланилади. Хабарларга баҳо беришда аввало уларни нақл қилаётган кишиларнинг ишончлилиги ўрганилади. Тарихни ўрганишда бугун ҳам ушбу ёндашувга эҳтиёж жуда катта. Мусулмонлардан бошқаларда бу илм йўқ. Кимлардир хабарларни буткул инкор қилса, бошқалар ҳеч бир қайдсиз ҳамма гапни қабул қилади. Бирида қанчадан-қанча зарур илм зое бўлса, бошқасида ботил ҳақиқатга айланиб кетади.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари ҳеч кимга билдирмай, одамларнинг ҳолларидан хабар олишни ҳам давоми...

1153 12:25 / 24 август
Ҳатто мусулмон бўлмаганлар билан ҳам тузилган шартномага амал килиш. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишиб чиққан киши, ушбу саҳоба давоми...

2464 11:34 / 21.12.2021
Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларидан қайтариш учун яна бир уриниш қилиб кўришди. Улар у зотни молу дунё, мансаб ва бошқа нарсалар билан давоми...

2381 11:08 / 05.02.2020
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлари жуда ҳам қисқа ndash икки йил уч ойу бир ҳафта бўлди. Ўзи қисқа бўлишига қарамай, бу давр буюк ишларга тўла давоми...

1694 11:57 / 03 январь
Аудиолар

137614 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57680 14:35 / 11.08.2021