1446 йил 9 зулқаъда | 2025 йил 06 май, сешанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Жулайбибни кўрмаяпман

10:49 / 30.05.2024 3988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жулайбиб розияллоҳу анҳу бадбашара, пакана ва камбағал киши эди. Бундай нуқсонларга эга йигитни қайси аёл яхши кўради. Ақалли бойлиги бўлганида ҳам бадбашаралигини бироз яширган бўлар эди.

Жулайбибнинг бор бойлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни яхши кўришлари эди. Зеро бунга соҳиб бўлган кишига бошқа неъматларнинг йўқлиги зарар берамайди. Киши севгани билан биргадир!

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Жулайбибни уйлантирмоқчи бўлдилар. Ансорлардан бирига дедилар:

– Мен сенинг қизингга совчи бўлдим.

Ансорий:

– Бош устига, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ўзимга эмас бошқага, дедилар.

Ансорий :

– Кимга?– деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Жулайбибга, дедилар.

Ансорий:

– Онаси билан маслаҳат қилишим лозим, деди.

Ансорий уйига бориб хотини билан маслаҳат қилди. Хотини:

– Қизимни Жулайбибга бермаймиз, деди. Шунда буни эшитиб турган қизи деди:

– Ким совчи бўлди?

Отаси:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ,деди.

Қиз:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини тарк қиласизларми? Мен қабул қилдим. Аллоҳ мени зое қилмайди, деди.

Никоҳ ўқилди. Кўп ўтмай жиҳодга чақирув бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жанг тугагандан сўнг «кимларни йўқотдингиз?» – деб сўрайдиган одатлари бор эди. Одатга кўра саҳобалардан сўрадилар:

– Йўқотишлар борми?

Саҳобалар:

– Йўқ!–дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Мен Жулайбибни кўрмаяпман, уни қатл қилинганлар орасидан қидириб кўринглар, дедилар.

  Саҳобалар уни бир жойдан топишди. У етти кишини ўлдирибди. Сўнгра уни ўлдиришибди.

Саҳобалар:

– Мана у, эй Аллоҳнинг расули!– дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. Боши тепасида туриб дедилар:

– У етти кишини ўлдирди. Сўнг уни ўлдиришди. У мендан, мен унданман. У мендан, мен унданман. У мендан, мен унданман.

Сўнгра қабр ковлангунича уни қучоқларига олиб турдилар. Сўнг уни қабрга қўйдилар.

Қиз гарчи ўз ҳавойи нафсига қарши чиқиб бўлса–да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига бўйсунди. Бу дегани, қизлар турмушга чиқадиган йигитлари чиройли бўлишини шарт қилишга ҳаққи йўқ дегани эмас.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтар эдилар:

«Қизларингизни бадбашара инсонга турмушга чиқишга мажбурламанглар. Улар ҳам сиз яхши кўрганингиз каби яхши кўришади».

Бунда одобсизлик ҳам, диёнатсизлик ҳам йўқ.

Қолаверса, амрларига қарши чиқмагани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо ҳам қилдилар:

«Аллоҳим! Унинг устига яхшиликларни ёғдиргин. Унга машаққатли ҳаёт бермагин!».

Дарҳақиқат, у қиз Жулайбиб шаҳид бўлганидан кейин бойиб кетди.

Ота–онанинг ҳам қизларига илм ва вазифа жиҳатидан афзалроқ куёв танлашга ҳақлари бор.

Тўғри, аввало биз диндорини танлашга даъват қилинганмиз. Аммо барча яхши сифатлар жамланса нур устига аъло нур бўлади. Агар қизнинг ота–онаси қизларини Жулайбибга беришга кўнишмаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мажбурламас эдилар. Улардан ғазабланмас эдилар. Ҳар бир оиланинг ўз меъёри бор. Кишиларнинг меъёри эҳтиром қилиниши лозим.

Шакл, гўзаллик ва молнинг мутлақ аҳамияти йўқ демаймиз. Аммо булар инсонлар ўртасида афзалликни аниқлайдиган мезон қилиб олиниши нотўғри.

Дунё сифатлари ила боғланишни қабул қилмаслигимиз бошқа нарса, инсонларни таҳқирлаш эса бошқа нарсадир.

Бу худди фарзандингизни кўча тозаловчи бўлишини эмас, олим бўлишини исташингизга ўхшайди. Бу эса сиз томондан кўча тозаловчини таҳқирлаш эмас албатта.

 

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақола Кейин Уҳуд уруши бўлди. Мусулмонлар учун ғоятда оғир кечган бу урушда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мислсиз жасорат ва мардлик намуналарини давоми...

2042 06:00 / 21.06.2023
Худди ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Басра шаҳри ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Бу қишлоқ Дажла ва Фурот дарёлари давоми...

1149 10:39 / 04.07.2024
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳдан Ислом динини истеҳзо қилувчилардан бирининг мактубини ўқиган ёки ўқимаганлари ҳақида сўрашганда, шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ давоми...

2912 11:00 / 03.07.2022
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа этиб сайлангач, оиласини тижорат билан боқмоқчи бўлди. У киши халифаликка сайланганидан бир кун ўтиб, бозорга сотиқ учун давоми...

1913 15:40 / 13.12.2024