1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Бирдамликка даъват»

14:47 / 07 май 1344 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Алҳамду лиллаҳи роббил аъламийн, вал ақибату лил муттақийн вас солату вас саламу ала расулиҳи Муҳаммад. Ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Ҳурматли азизларимиз! Муҳтарам уламоларимиз!

Диний идорамиз Уламолар Кенгашининг навбатдаги йиғинини очиқ деб эълон қилишга ижозат бергайсиз. Бу ерда тўпланишимиздан мақсад диёримиз мўъмин-мусулмонлари ҳаётида охирги пайтларда бўлиб ўтган баъзи бир воқеаларни муҳокама қилиб, келажак юмушларимиз режасини тузиб олишдир.

Шу боисдан ижозат берсангиз, сўнгги воқеалардан озми-кўпми хабардор бўлганим учун сизларга ахборот берсам ва уларни кўплашиб муҳокама қилсак.

Барчамизга маълумки, Ҳаж мавсумида диёримиз мўъмин-мусулмонлари бошидан катта мусибат ўтди. Буларнинг ҳаммасига ўзимиз гувоҳмиз. Энг қизғин нуқталарида сизларнинг ўзларингиз иштирок этдингиз. Бу воқеаларнинг ҳикматини Аллоҳ таолонинг ўзи билади, лекин биз ҳам қосир ақлимиз етганича муҳокама қилмоғимиз керак.

Ўзингизга маълумки, кейинги даврда юртимиз мўъмин-мусулмонлари ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар меҳнаткаш халқимизни хурсанд қилди, унинг қувончига сабаб бўлди. Шу билан бирга орамизда бўлаётган бу эзгу ишларни кўролмайдиган, бундан кўнгиллари ниҳоятда ғаш тортаётган кишилар ҳам бор. Улар узоқ-яқиндан, билдириб-билдирмай сиз билан бизнинг ҳаракатимизга тўсқинлик қилишга, одамларимизни динга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилишади. Жумладан, уларнинг сўнгги уриниши шу бўлдики, идорамиз мўъмин-мусулмонларининг кўпчилиги Ҳажга кетган пайтда, асосан, ҳукуматнинг баъзи бир масъул кишилари бошчилигида сиз билан бизнинг ҳаракатимизга қарши иғво, фитна уюштиришди. Уларга содиқ бўлган, уларнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган, хоҳлаган пайтида динни ҳам, иймонни ҳам сотишга тайёр баъзи бир кишиларни чақириб, топшириқлар бердилар ва қўпорувчилик ишларини амалга оширдилар: Ҳаждан қайтган кунимизнинг эртасига 5 июль куни Тошкентдаги Тилла шайх масжидида тўполон уюштиришди.

Улар қилаётган бўҳтон-туҳматлар, асосан, икки нуқтага келиб тақалади: биринчиси – муфтий Қуръони Каримни сотиб, пулини ўз гумашталари билан бўлишиб олган.

Иккинчиси – Ҳаж. Демак, Ҳажга боришда муфтий ҳам, идора ходимлари ҳам пора олганлар. У ердан юборилган ёрдамлардан еб қолишган каби асоссиз ва иғвогарона даъволар. Бу фитна ва фасоднинг илдизлари ўрганиб чиқилса, қуйидаги манзара намоён бўлади: биринчиси Қуръони Каримни подшоҳ ҳадя қилганидан сўнг жуда кўп масъул идоралар ва шахслар тўсқинлик қилдилар. Китоблар бир йил келмай туриб қолди. Бироқ Горбачевнинг аралашиши ва бошқалар туфайли душманларимизнинг ихтиёрларига қарши ўлароқ Қуръон келди.

Қуръони Карим келиб мусулмонларимизнинг уйига кирди. Улар бу муаззам ва улуғ дастуримизни мутолаа қила бошлагандан сўнг коммунистларнинг етмиш йил давомида олиб борган ёвуз ва адолатсиз сиёсати пучга чиқди. Бунга улар чидашармиди? Йўқ, албатта. Ана шундан кейин тазйиқ уюштира бошлашди. Иғвонинг тўхтовсиз авж олиши боиси шундаки, уларнинг хом ақидасига кўра, бу ҳол давом эттираверилса, жонидан тўйган муфтий Қуръон келтиришдан бош тортади. Иккинчиси, Ҳаж масаласи.

1989 йили Ўзбекистон жумҳуриятидан Ҳажга икки нафар киши борган холос. Бу йил, эса, Аллоҳга шукурлар бўлсинким, икки минг одам борди. Ўрта Осиё бўйича ундан ҳам кўп. Икки минг одамнинг оғзини ёпиб бўлмайди. Улар чин мусулмон оламида кўрган-кечирганларини бу ерга келиб гапириб берадилар. Бу ҳол динимиз душманларига жуда катта зарба бўлади. Шу боисдан ҳам улуғ айёмдан олдин Ҳажга борувчилар сонини 600 га туширишга ҳаракат қилишди. Демак, бошимизга ёғилаётган фитна ва маломат тошларидан яна бир муддао – Ҳаж йўлини тўсишдир. Ана шунинг учун ҳам улар ўз малайларига йўл-йўриқлар кўрсатишга ўтишди ва тўполон, ур-сур билан диний идорани босиб олишди. Идора эшикларини қулфлаб, одамларимизни ҳайдаб чиқардилар, мошинларни тақсимлаб миндилар. Бу фитналар маъсул шахсларнинг гувоҳлигида ва иштирокида амалга оширилди. Йигирма кишидан иборат комиссия тузилди. Комиссия аъзоларининг тўрт нафари ҳукуматнинг маъсул одамлари. Ғаразли бу жамоанинг муддаоси тезда аён бўлди. Биз уларга қарата очиқчасига айтдик: «Тафтиш қилмоқчи бўлсангиз, илгариги тафтиш натижаларини халққа етказинг. Тафтиш талаб қилганларни ноҳақ даъволари учун жавобгарликка тортинг. Бизга, идорага босқинчилик қилганлар ва уюштирганлар ҳам қонун олдида жавоб берсин. Ундан сўнг тафтишни бошлайверинг. Биз тафтишдан қўрқмаймиз…»

Ўша маълум давлат тўнтариши рўй берган куни (19 август) молия вазирлигидан тафтишчи келди. Биз ижозат бермадик. Тафтишчи эртасига, бу гал прокурор билан келди. Келди-кетдилардан муддао аён: бизни яна етмиш йил ортга қайтариш, халқимизни гумроҳлик ва жаҳолат ботқоғида тутиб туриш.

Ана шу тариқа, иғво ва бўҳтонлар тўрт томондан ёғила бошлади. Бунинг пировард нуқтаси шу бўлдики, улар диний идорамизни бўлиб ташлаш пайига тушдилар. 11 сентябрь куни Тошкентдаги Яккасарой масжидида йиғин ўтказишди. Унда Тошкент шаҳридан етти масжид, вилоятдан беш масжид иштирок этди. Юқори идораларга юборилган ҳужжатга олтмиш масжид иштирок этди деб қайд қилдилар ва ўз ҳомийлари ташаббуси билан Тошкент вилояти ҳуқуқий бўлимидан рўйхатдан ўтдилар. Тошкент шаҳри ва вилояти алоҳида диний идора бўлди, деб бутун оламга жар солдилар. Алҳамдулиллаҳ, бу фитнага бошқа масжидлар бош қўшмади. Уларнинг имомлари жамоатлари билан: «Биз бу фитнага қўшилмаймиз. Диний идора билан қоламиз», деб қатъий айтишди. Юқорида қайд қилинган воқеалар жараёнида кўплаб вилоятларга фармон юборилган. Фармоннинг мазмуни қуйидагилардан иборат: ҳар бир вилоят ўзининг мустақил диний идорасини ташкил қилсин. Идора (яъни Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний идораси) тарқатиб юборилди. Ва ҳоказо.

Бу фармон борганидан сўнг, алҳамдулиллаҳ, имом-домлаларимиз, бош хатибларимиз жуда катта жасорат кўрсатишди. Динимизга астойдил хизмат қилишди. Бу шум фармон мусулмонлар уюшган айрим минтақаларга тарқатилгани йўқ. Чунончи: Наманган, Андижон, Хоразмга бу хабар етиб бормаган. Мусулмонларни маҳаллий минтақаларга тақсимлаш ҳақидаги фармонни дастлаб бизга Мустафоқул ҳожи оғамиз етказдилар ва хушёрликка чақирдилар. Бошқа имомларимиз ҳам худди шу фикрни билдиришди. Термиз шаҳар масжидининг бош имом хатиби Абдулҳафиз оғамиз худди шу фармонни етказган масъул вакилга шундай жавоб бердилар: «Сиз Ўзбекистондан ажралиб чиқинг, биз ҳам диний идорамиздан ажралайлик…» Қолган вилоятдагилар ҳам худди шу жавобни берганлар. Бу тазйиқлар юқори идоралар томонидан уюштирилаётгани маълум бўлганидан сўнг, биз уларга қарши мусулмонларни оёққа кўтаришга мажбур бўлдик. Бунга, алҳамдулиллаҳ, Фарғона водийси уламолари, шу ерда ўтирган азизларимиз ва бошқа мўмин-мусулмонлар бош қўшишди. Ўттиз, қирқ минг ва ундан зиёд мусулмонлар иштирок этган йиғинларда бу фитна-фасодларнинг ҳомийлари шаънига асосли гап-сўзлар бўлди. Бошқа вилоятларда ҳам шу ҳолатда турли хил йиғинлар бўлиб, фитнага қарши норозилик билдирилди. Бунинг оқибатида иғвогарлар оқими бирмунча сусайгандек бўлди. Аммо бу аслида зоҳирий аломатдир.

Бу ерда номлари зикр қилинган ва қилинмаган жуда кўпчилик мусулмонларимиз динимиз учун фидокорлик намунасини кўрсатишди. Аллоҳ таоло барчаларига ўз ажру савобини беради. Бундан кейин ҳам уларнинг ҳимматларига ҳиммат, ғайратларига ғайрат, шижоатларига шижоат қўшилишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраб қоламиз.

Азизлар, энг улкан имтиҳон, энг катта машаққат Тожикистон жумҳуриятида юз берди. Ҳаммамизга маълум, Тожикистонда жуда яхши ривожланиб келаётган эркинлик ҳаракатини коммунистлар тўсиб, аввалги ҳолатга қайтармоқчи бўлдилар. Тожикистон мусулмонлари ва уларга ҳамқадамлик қилган зиёлилар, барча демократик кучлар иғвога қарши фаол курашга қўзғалдилар. Бу хайрли ишга Тожикистон мусулмонларининг қозиси ҳожи домла Акбаржон Тўражонзода бош бўлдилар. Аллоҳ таоло бу кишига шижоат ва ғайрат берган. Ана шу шижоатни жуда ўрнида ишлатиб, бутун дунёнинг зикрига тушадиган меҳнатни амалга оширдилар. Тожикистон мусулмонлари кўрсатган жасорат, ғайрат ва чидам, иншааллоҳ, аста-секинлик билан ҳаммаёққа тарқалажак. Заҳматкаш халқ эрки ва ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб майдонга чиққан мусулмонлар саккиз кун тинмай ёққан ёмғир остида ҳам руҳий тушкунликка тушмадилар. Бир қадам ҳам ортга қайтмадилар. Саккиз кунлик ёмғир остида устлари очиқ ҳолда намозни адо этиб, рўза тутдилар. Аллоҳ таолодан фатҳ-нусрат тиладилар. Норозилик намойиши яна етти кун давом этди. Қози домланинг падари бузрукворлари Тўражон бувамиз ва бошқа азизларимиз: «Бу майдонда бир соат туриш юз ракаат нафл намози ўқиш билан баробар», деб фатво чиқардилар. Мусулмонлар ана шу йўл билан коммунистларнинг навбатдаги иғвогарона фитнасига қарши кескин бош кўтардилар ва жуда катта жасорат кўрсатдилар.

Алҳамдулиллаҳ, бу ҳаракат зафар ва нусрат билан тугади. Мусулмонларнинг деярли ҳамма талаблари қондирилди. Баъзилари маслаҳат учун қолдирилди. Иншааллоҳ, улар ҳам яхшилик билан якунланади, деб умид қиламиз.

Мўъмин-мусулмонларни ким устига чиқиб тепса ҳам индамасдан тураверадиган замонлар ўтиб кетди. Улар ҳам ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила бошлаганликларини бутун дунё кўриб қўйди.

Бу мусибатлар ҳаммамиз учун бир синов бўлди. Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмас экан, бу ҳодисалар аввало мўмин-мусулмонларимизнинг бирлашувига сабаб бўлди. Тожикистонда ҳам худди шундай низолар чиқиб, бир-бирлари билан келишолмай турган тоифалар синов пайтида бирлашдилар. Бу эса, динимиз душманлари қалбига қўрқинч солди. Бунинг учун Аллоҳ таолога зиёда ҳамдлар айтамиз.

Иккинчидан, ичимизда юрган мунофиқларни ажратиб олишга ана шу воқеалар сабаб бўлди.

Учинчидан, ўзимизнинг куч ва қудратимизни ҳис қилдик. Хоҳлаган нарсамизни Аллоҳ таолодан сўрасак, уюшган ҳолда ҳаракат қилсак, имкон борлигини англаб етдик.

Худди шу вазият барчамизни бир ёқадан бош чиқариб, баҳамжиҳат бўлиб, истиқбол режаларимизни белгилашга ва ўтган воқеаларни ижтимоий-сиёсий шароит кўзгусига солишга даъват этади. Шунинг учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятлари мусулмонларини бирлаштириш мақсадида йирик бир анжуман ўтказишга қарор қилдик. Бу анжуманда бўлиб ўтган воқеаларга баҳо берайлик, олдимизда турган вазифаларни белгилаб олайлик. Мўмин-мусулмонларимиз ўртасидан ихтилоф ва низо кўтариб, Парвардигоримизнинг ҳикмати билан ваҳдат – бирдамлик, якдиллик юзага келганини эълон қилайлик. Ҳукуматга ўз талаб ва эътирозларимизни расмий тарзда таклиф этайлик.

Азизлар, бугунги йиғинимизни катта анжуманнинг дебочаси, деб билишингизни сўрайман. Анжуманда кўриладиган масалалар ғоятда муҳим. Уламоларимизнинг фикрича, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалардан бири – мўмин-мусулмон фарзандларига боғчадан тортиб олий ўқув юртигача, умуман, барча ўқув-таълим ўчоқларида диний тарбияни йўлга қўйиш, ҳафтанинг жума кунини мусулмонлар учун ҳордиқ деб эълон қилиш, радио, газит ва жўрноллар ҳамда ойнаи жаҳон кўрсатувларида мусулмон уламоларига кенг йўл бериш, халқ маърифатини оширишда уламоларимиз тажрибасидан етарлича фойдаланиш ва ҳоказо, ва ҳоказо…

Бугун мўмин-мусулмонлар ўз истак ва талабларини қаттиқ туриб талаб қиладиган пайтдир.

Азизлар, бу таклифлар орасида Ўзбекистон президентлигига намзодларга мусулмонларнинг муносабати, Ислом динини расман тан олиш каби қатор сиёсий муаммолар ҳам бор. Биз ана шу муаммоларни ҳам биргаликда ҳал қилмоғимиз керак. Зеро бугун сиёсатсиз дин ҳам, мафкура ҳам бекордир. Биз ўз талаб ва хоҳишларимизни бошимиз устида турган ҳукумат билан, у қандай бўлишидан қатъий назар, кенгашар эканмиз, шунинг учун ўзи сиёсатдир. Бизга маълумки, баъзи бир давлатларда Ислом расман тан олинган. Аммо шу нарса ҳам маълумки, тан олинган дин кейин ҳукуматнинг қўлидаги қўғирчоққа айланиши ҳеч гап эмас. Ҳукумат динни тан олган тақдирда мўмин-мусулмонлар учун манфаатли бўладими ёки йўқми? Биз ана шу саволга жавоб беришимиз лозим бўлади. Дин мўмин-мусулмонларни йўлга солиб турувчи ҳукумат илкидаги бир восита бўлмаслиги керак. Уламоларимиз «Савод ул аъзам» хайрия жамиятини расмийлаштириш фикрини ўртага қўйишяпти. Бу жамият Тошкент ва Фарғона водийсида бир-мунча ишларни амалга оширди. Андижонда эллик мингдан зиёд аъзоси бор. Наманганда ундан ҳам кўп. Бу хайрия жамияти биз мўмин-мусулмонлар учун ниҳоятда зарур эканини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Маълумки, католикларнинг «Тереза» номли хайрия жамияти бор. Ана шу жамиятнинг тўрт нафар роҳиба вакиласи Тожикистонга келади. Ўз русумида кийинган ва масиҳий дини қонун-қоидаларини пухта эгаллаган бу роҳибалар бева-бечора, ногирон, кимсасиз кишиларнинг уйига бориб уларга холис ёрдам кўрсата бошлайдилар. Беморларга ғамхўрлик қиладилар. Табиийки бу ҳол маҳаллий халқ меҳрини қозонишга қаратилган тадбирдир. Бу меҳр охири унинг динига кириш билан хотима топади. Уларнинг эса мақсади шу. Буни кўринг: улар тўғридан-тўғри келиб: «Қани, менинг динимга кирларинг!..» – дейишмайди. Индамай, бекас-бечоранинг пинжига киради, уни суяйди, жонига малҳам бўлади. Кўрибсизки, секин-аста кўнгил тубларида унга нисбатан, унинг тимсолида динига нисбатан эътиқод бўй кўрсата бошлайди. Тошкентда ҳам, Душанбеда ҳам турфа динларни қабул қилган талайгина биродарларимиз борлиги ҳеч кимга сир эмас. Биз қилишимиз лозим ва шарт бўлган, динимиз шунга чақирган хайрли ишларни ўзгалар қилса, унинг ортидан юрган мусулмонлар диндан чиқсалар, бу гуноҳ сиз ва бизнинг бўйнимиздадир. Умид қиламизки, «Савод ул аъзам» уюшган бир жамият сифатида катта қувватга эга бўлади ва оғир аҳволда қолган мўмин-мусулмонларга, бева-бечораларга,етим-есирларга, бекас ва бенаволарга пушт-паноҳ бўлади, уларни қўллаб-қувватлайди.

Замон ўзгарган сайин сиз билан бизга нисбатан бўлган талаблар ҳам ўзгариб боряпти. Бундан кейин ҳам ўзгариши тайин. Ҳаммамиз уюшган ҳолда ҳамқадамлик билан ишлашимиз зарур.

Тажрибалар кўрсатди ва ўзимизга аён бўлдики, динимиз душманлари аввало орамиздан ихтилоф чиқариб, бир-биримизни ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қилишади. Уларнинг низоми шунақа. Бу кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. «Орасини бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил», деган мазмундаги низомлари бор.

Азизлар, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бирдамлик ва ҳамжиҳатлик йўлида қилаётган хайрли ишларимизни қўллаеин. Омин.

Ҳижрий Робиул-соний ойинииг 5-куни (1991 йил, 14 октябрь) Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг вакиллари билан Андижондаги учрашувда сўзланган.

«Мовароуннаҳр мусулмонлари» журнали, 4-сон, 1991 йил.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мақолада Наманган вилояти, Чортоқ тумани, Пиштқўрғон қишлоғида жойлашган Хожа Дониёр эшон мақбарасининг тарихи мавзусида бўлиб, унда нақшбандия давоми...

1827 16:00 / 27.12.2021
Жалолиддин қори 1904 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ .Йикчи, кўчаси ҳозирги .Исфархон, савдо мажмуасининг орқасидаги эски маҳаллада дину диёнатли, зиёли давоми...

1438 14:00 / 02.12.2022
Абулқосим Заҳровий дорини беморнинг қонига аралаштириб томирдан юборилса, унинг таъсири тез бўлишини тажрибалар орқали кашф қилди. Шунинг учун у киши ҳозирги давоми...

2532 15:00 / 17.01.2021
Машҳур Қуръон ҳофизи Сайдуллоҳ қори мулла Ортиқ қори ўғли 1900 йилда Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, ҳозирги Марғилон кўчасида маърифатли хонадонда дунёга келди. давоми...

9181 14:30 / 12.05.2022
Аудиолар

137636 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57702 14:35 / 11.08.2021