1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мусулмон мусулмоннинг мусибатидан хурсанд бўлмайди

12:44 / 29.01.2024 2661 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон мусулмоннинг мусибатидан хурсанд бўлмайди, гарчи, у душмани ёки хасми бўлса ҳам. Бу исломий ухувватга зид келадиган иш. Тарихда энг ёмон фитналар мавжланган вақтларда тақдир тақозоси ва фитна таъсирида айрим саҳобалар бир-бирига қарама-қарши тарафда бўлиб қоладилар. Икки буюк саҳобий Зубайр ибн Аввом билан Али розияллоҳу анҳумо ўрталарида ана шундай ҳолат юз беради. Жамал жангидан аввал Али розияллоҳу анҳу, Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумо билан тўқнаш келиб, уларни бу жангда қатнашишдан қайтарадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларини эслатадилар.

Шундан сўнг, мазкур икки саҳобий ўз мавқифларини ўзгартириб, жангдан четга чиқадилар. Бироқ, фитна оловининг янада кучлироқ ёнишидан манфаатдор бўлган аъробийлардан бири Зубайр ибн Аввомни хиёнаткорона ўлдириб, у кишидан «салаб», яъни ўлжа сифатида олган қилични уялмай Али розияллоҳу анҳу ҳузурига олиб келади, гўёки, у зотдан бирор илтифотга эришиш илинжида. Али розияллоҳу анҳу уни ўз ҳузурларига киритмай қувиб юборадилар ва «Ибни Сафийя (яъни, Зубайр ибн Аввом)нинг қотилига дўзах «хушхабарини» бер!», дея уни лаънатлайдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўлимига қаттиқ маҳзун бўладилар ва у зотнинг эҳтиромини жойига қўйиб, дафн қиладилар. Биз ҳозир, бу воқеаларни ҳа, фитна бўлган-да, деб қўя қоламиз.

Осон ҳазм қилиб юборамиз. Жамал ва Сиффийн воқеаларини бир тасаввур қилинг, Усмон розияллоҳу анҳу ўлимидан сўнг мусулмонлар иккига бўлиниб, бир-бири билан қилич кўтариб жанг қилган. Сизга қарши биров қилич кўтариб эмас, мушт билан ёки тил билан жанг қилса, катта эҳтимол билан, уни қаттиқ ёмон кўриб қоласиз. Нафратланасиз. Ҳазрат Али нима қилдилар? Ўзларига қарши жанг қилаётган тарафда бўлган инсонлардан нафратланмадилар. Уларга насиҳат қилдилар. Ва улардан бирини ўзларига ёқиш учун қатл қилган малъунга дўзах «хушхабарини» бериб, ҳузурларига киритмадилар.

Бу аслида, осон иш эмасди. Олийжаноб инсонлардангина содир бўладиган улуғ иш эди. Оиша онамизни розияллоҳу анҳо ҳам ҳурмат-эҳтиром билан омонлик жойига кузатиб қўйдилар. Ҳимоя қилдилар ва у киши ҳақларида ёмон сўзларни гапирганларни дарралаб, жазоладилар. Инсон ўта ожиз махлуқ. Билмаймиз, қиёматда аҳволимиз нима бўлишини. Ўзимиз ёмон кўрган, нафратланадиган ва сўкиб-ҳақоратлайдиган, ёмон одам деб ўйлайдиганимиз кишилар умрининг охирида Аллоҳнинг раҳматига эришиб, яхши хотима топиб, нажот топиши ҳам мумкин. Аммо, нафратимиз, ҳақоратимиз ва маънавий зулмларимиз биз учун гуноҳлигича қолади, токи, тавба қилмас эканмиз. Аллоҳ ҳолимизни ислоҳ қилсин. Энг яхши ҳолатга ўзгартирсин. Мўминлар орасини ислоҳ қилсин.


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 25 январь 03-07/400-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларда турли хил қизиқиш бўлади. Бир одам замонасида қанча улуғ зот бўлса, ҳаммасининг ҳузурига бориб, .агар эртага охирги кунингиз экани маълум бўлса, ўша давоми...

3479 13:08 / 27.11.2024
Зикр қилувчининг ўзига яраша одоблари мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикрнинг қабул ва ижобат бўлишидан умид қилинади. 1. Аллоҳ таолодан давоми...

1219 11:26 / 10.12.2025
Али розияллоҳу анҳу ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳуга .Эй ўғлим, ҳақиқий ғариб бу дўсти йўқ кишидир,, дер эдилар.Муҳаммад бин Холид ҳикоя қилади.Бир куни Абу Сулаймон давоми...

8040 09:25 / 06.01.2024
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳаё фақат яхшилик келтиради, деб марҳамат қилганлар. Имом давоми...

2099 12:49 / 05.02.2024