1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари (ўн иккинчи мақола)

09:07 / 02.11.2023 1849 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Алига халифа сифатида байъат қилинганидан кейин фитначилардан ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қасосларини зудлик билан олишни талаб қилганлардан бўлдилар. Тўртинчи халифанинг қасос олиш учун қулай вақтни топиш кераклиги ҳақидаги гаплари ҳам у кишини тинчита олмади.

Умр бўйи ҳар қандай душманни енгиб ўрганган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бир тўп фитначилардан Ислом жамияти бошлиғининг ҳимоя қилина олинмаганидан қаттиқ афсусда эдилар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу фитначиларни тезроқ йўқ қилиб, ҳамма ёқни тинчитиш тарафдори эдилар.

Шунинг учун ҳам халифадан изн олиб, Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан бирга умрага борганларида ўша ерда бу масалани кўтараётганларга қўшилдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бу иш тезроқ тинчитилмаса, гап кўпайиб, мусулмонлар ичида катта ихтилофлар бўлишини англаб етдилар. Одамлар орасини ислоҳ қилиш мақсадида ҳажга келган вақтларида Маккада турган Оиша онамизни ва халифанинг ўчини олиш тарафдорларини олиб, Басрага қараб юрдилар.

Бу хабарни эшитган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам Шомга кетаётган жойларида йўлни Басра томон бурдилар.

Ҳамманинг фикри ва режасида мусулмонлар орасини ислоҳ қилишдан бошқа нарса йўқ эди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг ҳузурларига Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳуни юбордилар. У киши мўминларнинг онаси олдиларига бориб:

«Онажон, сизни бу юртга нима олиб келди?» деди.

«Одамлар орасини ислоҳ қилиш», дедилар.

Сўнгра Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумога юзланиб:
«Сиз иккингизни нима олиб келди?» деди.
«Одамлар орасини ислоҳ қилиш», дейишди.
«Менга айтинглар-чи, бу ислоҳ қандай бўлади?» деди.
«Усмоннинг ўчини олиш, унинг қотилларини қатл қилиш билан бўлади», дейишди.
«Икковингиз Басра аҳлидан унинг қотилларини қатл қилдингиз. Икковингиз уларни қатл қилмасингиздан олдин қатл қилганингиздан кейиндагига қараганда яхши ҳолатда эдингиз. Олти юз кишини қатл қилдингиз, олти минг киши уларнинг ёнини олиб чиқди.

Мана, сизлар қотиллардан бири Ҳурқус ибн Зуҳайрни изламоқдасиз, аммо топа олмаяпсиз. Чунки уни олти минг киши беркитмоқда ва ҳимоя қилмоқда. Сизлар мўминларнинг амири Алининг имкон бўлгунча Усмоннинг қотилларини қатл қилишни орқага суриб турганини кечира олмайсизларми?

Ҳозир барча Ислом юртларида ихтилоф бўлиб турибди. Робийъа ва Музардан кўплаб одамлар аёвсиз урушга тайёргарлик кўрмоқдалар!!» деди.

«Сен нимани маъқул кўрасан, эй Қаъқоъ?» дедилар Оиша розияллоҳу анҳо.
«Мен офиятни устун кўриб, байъат беришингларни маъқул кўраман. Аввал бўлганингиздек, ҳозир ҳам яхшилик калитлари бўлишингизни маъқул кўраман. Бизни балога йўлиқтирманглар!» деди.

Улар Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг гапларидан қаноат ҳосил қилишди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг Басрага келгач, сулҳни ҳаммага эълон қилишга, жиноятчиларга жазо беришни халифага ҳавола қилишга, у киши имконини топиб, уларни тезда жазолашига келишилди.

Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу Али ибн Абу Толибнинг ҳузурларига бориб, суюнчилик хабарни айтганида, у киши беҳад қувондилар.
Ўша куни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу тўнғич ўғилларига қуйидаги ривоятда келган гапларни айтган эдилар.

عَنْ عُرْوَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَوْصَى الزُّبَيْرُ إِلَى ابْنِهِ عَبْدِ اللهِ صَبِيحَةَ الْجَمَلِ، فَقَالَ: مَا مِنِّي عُضْوٌ إِلَّا وَقَدْ جُرِحَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، حَتَّى انْتَهَى ذَاكَ إِلَى فَرْجِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ حَسَنٍ.

Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зубайр Туя куни тонгида ўз ўғли Абдуллоҳга:
«Менинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан (бўлган жангларда) жароҳатланмаган аъзом йўқ», деб айтган, ҳатто у нарса фаржида ҳам бўлганини таъкидлаган эди».

Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бу гапларни ўз ўғиллари Абдуллоҳга кўнгиллари бирор нохушликни сезгани учун айтган бўлсалар керак.

Дарҳақиқат, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг баданларининг соғ жойи қолмаганига кўпчилик гувоҳ бўлган.

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Ҳафс ибн Холиддан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Мусилдан ҳузуримизга келган бир шайх менга мана буларни айтиб берди:
«Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга унинг сафарларидан бирида ҳамсафар бўлдим. Бир очиқлик жойда унга жунублик етиб қолди. У «Мени тўсиб тур», деди. Мен уни тўсиб турдим. Қўққисдан унинг бадани қилич теккан тиртиқларга тўла эканлигига кўзим тушиб қолди. Шунда:
«Аллоҳга қасамки, сенда ҳеч кимда кўрмаган асарларни кўрдим», дедим.
«Ҳали уларни кўрдингми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳаммаси фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ва Аллоҳнинг йўлида бўлган жароҳатлар», деди».

Ана шундай ишларни кўрган киши ҳам сулҳга кўнган бир пайтда фитначилар ўша кечаси жойларида игнанинг устида ётгандек ётдилар. Улар тонг қоронғисида нима қилиб бўлса ҳам орада уруш қўзғашга келишиб олган эдилар.

Тонг қоронғисида ададлари икки минг атрофида бўлган фитначиларнинг кучлари ширин орзулар оғушида ухлаб ётган кишилар устига бирдан ҳужум бошладилар. Одамлар шошилиб туриб, силоҳларига ёпишдилар. Ўйлаб ўтиришга, нима бўлганини суриштиришга имкон ҳам, вақт ҳам йўқ эди.

Басраликлар «Алининг одамлари бизни алдашган экан», деган фикрдан бошқа нарсани ўйламас эдилар. 
Бўлаётган ишлар Али ибн Абу Толибга етиб борганида:
«Одамларга нима бўлди?!» деб сўрадилар.
«Басра аҳли бизни уйқумизда босишди! Улар бизни алдадилар!» деб жавоб беришди кишилар.

Ана шундай тарзда сулҳ тузиб турган икки тараф ўртасида тарихда «Туя жанги» номини олган қаттиқ жанг бошланиб кетди. 
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу атрофларида шиддат билан ўйнаётган қиличлар, санчилаётган найзалар ўрмони ичида, отилаётган камон ўқлари ёмғири остида, сафларнинг орасида тинмасдан:
«Менга Толҳани чақиринглар!!! Менга Зубайрни чақиринглар!!!» деб тинмай жар солар эдилар.

Бу нидолар нариги тараф бошлиқлари бўлган Толҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумога етиб борди. Улар Али ибн Абу Толибнинг рўпараларига чиқдилар. 

Шунда бутун вужудини дард-алам ўти ёндираётган Али ибн Абу Толиб:
«Эй Зубайр! Эслагин! Бир куни менинг Расулуллоҳга қараб келаётганимни кўриб, кулган эдинг! Расулуллоҳ сендан «Уни яхши кўрасанми, эй Зубайр?» деб сўрадилар. Сен «Ҳа», дединг.
У зот сенга «Аммо сен унга қарши золим ҳолингда жанг қилурсан», дедилар».
Шунда Али ибн Абу Толибнинг соф қалбларидан чиққан нидо ҳақиқий иймонгина содир этиши мумкин бўлган мўъжизанинг содир этилишига сабаб бўлди. Иймон мўъжизаси содир бўлди.

Зубайр розияллоҳу анҳу Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг гапларига жавобан:
«Тўғри! Сен менга эсимдан чиққан нарсани эслатдинг!» дедилар-да, қўлларидаги қилични ерга ташлаб, сафларни ёриб, жанг майдонидан чиқиб кетдилар. У киши билан бир вақтда Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам чиқиб кетдилар.
Ўшанда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг фақат мард эмас, мардларнинг марди эканликлари намоён бўлди. 

Ўз ижтиҳодлари билан, кўпчилик манфаати учун деб қилаётган ишлари нотўғри эканлигини англаган лаҳзада ундан қайтган бу икки мард инсонни ўша куни номардлар номардларча қатл этдилар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу жанг майдонини ташлаб чиқиб, Йиртқичлар водийси номли водийда Роббиларига илтижо қилиб, намоз ўқиётган пайтларида Амр ибн Журмуз исмли бадбахт томонидан қатл этилдилар.

Жангдан сўнг Али ибн Абу Толиб ўз одамлари билан қароргоҳларида ўтирган эдилар, бир киши келиб:
«Зубайр розияллоҳу анҳуни ўлдирган Амр ибн Журмуз киришга изн сўрамоқда», деди. 
Ҳазрати Али изн бердилар.

Қотил халифадан мукофот олиш умидида мағрур ҳолида шахдам қадамлар билан кириб келди. Аммо унинг кўзи Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга тушиши билан попуги пасайиб қолди.

«Қўлингдаги Зубайрнинг қиличими?» дедилар у киши.
«Ҳа, уни ўлдирганимдан кейин олдим», деди у титраб-қақшаб.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қилични ўнг қўллари билан олдилар. Сўнг икки қўллари билан ушлаб оғизларига олиб келиб, ҳам меҳр, ҳам маҳзунлик ила ўпдилар, кўзларидан дув-дув ёшлар тўкилиб, ёноқларини ювди. Ва:
«Бу қиличнинг эгаси у билан Расулуллоҳдан ғамни кетказган эди!» дедилар.
Бир оздан сўнг Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қаҳру ғазаб тўла кўзларини қотилга тикиб туриб:
«Аммо сен, эй Ибн Софийянинг қотили, дўзахнинг башоратини олавер!» дедилар.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.
 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бомдод намозини ўқидилар, сўнг .Фалончи келдими, давоми...

2370 11:00 / 06.01.2022
УМАР ИБНИ ҲАТТОБНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛЛАРИ СИФАТ ВА ОИЛАЛАРИУмар ибни Ҳаттоб қорувли, узун бўйли, қуюқсоқол мўйловли, бошларининг олд томони сочсиз, икки қўллари билан давоми...

19574 20:19 / 21.04.2017
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганимда, албатта, у зотнинг юзлари каззобнинг юзи эмаслигини билдим.Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуУ зот соллаллоҳу давоми...

1719 11:00 / 10.01.2022
Муҳаббат бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул аълога интиқол қилганларидан сўнг Мадинада тура олмай, азон айтолмай қолган Билол розияллоҳу давоми...

1389 17:00 / 23.11.2022