1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Қодисия жанги паҳлавонларидан бири — Тулайҳа

11:00 / 03.04.2022 2068 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улуғ саҳобий Саъад ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу форс қўшини ҳақида маълумот олиб келиш учун етти нафар аскарни душман қўшини томонга юбордилар ва имкон қилсалар душман аскарларидан бирини асир қилиб олиб келишни буюрдилар. Муҳим вазифа юклатилган еттовлон кўп юрмаслариданоқ форс қўшинига дуч келдилар. Улар душман қўшинини анча узоқда деб ўйлаган эдилар. Шунда улар: «Ортга қайтамиз» дейишди. Ораларидан фақат бир киши қўмондон Саъад топширган вазифани бажармагунча ортга қайтишдан бош тортди. Шундай қилиб олтиталари ортга қайтдилар. Қаҳрамонимиз эса форс қўшинини ёриб ўтиш учун якка ўзи йўлга тушди. У аста-секин душман қўшини ёнидан ўтиб борар, ўзини билдирмасликка уринар, эҳтиёткорлик билан иш тутар эди. Охири қирқ минг сонли аскарни ошиб ўтиб, қўшиннинг олди томонига етиб борди ва юришда давом этиб, қўшин олдида жойлашган улкан чодирни топди. Ва билдики, ушбу чодир душман қўшини қўмондони Рустамники эди. Қаҳрамонимиз кун кеч бўлишини кутди. Қош қорайгач чодир олдига бориб, унинг ипларни қилич билан узиб ташлади. Натижада чодир унинг ичида ўтирган қўмондон Рустам ва шериклари устига ағнади. Сўнгра отлар боғланган арқонларни узиб ташладида, отлардан бирига миниб чоптириб кетди. Унинг мақсади форс қўшинини хорлаш, камситиш ва душман қўшини қалбига қўрқув солиш эди. У отни олиб қочганда форслардан баъзи чавандозлар унинг кетидан қувлаб кетдилар. Қаҳрамонимиз душман яқинлашганда отни тезлатар, душман узоқлашганда секинлатар эди. Бундай қилишдан мақсад улардан бирини асир олиб Саъад ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг олдиларига олиб бориш эди. Қувлаб келаётганлардан фақат уч нафари қаҳрамонимизга етиб олди. У етиб олганлардан иккитасини ўлдирди, бирини асир қилиб олди. Шунча ишларнинг ҳаммасини воқеамиз қаҳрамони бир ўзи амалга оширди. Асирни қўлга олгач найзани унинг кўксига қадаган ҳолда то мусулмонлар қўним топган қароргоҳга етиб боргунича олдига солиб югуртирди. Манзилга етиб боришгач уни Саъад ибн Абу Ваққос олдиларига олиб кирди. Асирга тушган душман аскари қўмондон Саъад розияллоҳу анҳуга «Менга омонлик берсангиз сизга рост гапираман» деди. Саъад розияллоҳу анҳу «Сенга омонлик бердик, биз ростгўй қавммиз, бироқ омонликни бир шарти бор, бизга ёлғон гапирмайсан», дедилар.

Шундан сўнг савол-жавоб бошланди. Саъад розияллоҳу анҳу ундан «Қўшининг ҳақида хабар бер», деб сўрадилар. У: «Сизга қўшиним ҳақида хабар беришдан олдин, анави аскарингиз ҳақида сўзлаб берсам» деди ва қуйидагича гап бошлади. «Албатта биз бунга ўхшаган одамни ҳеч кўрмаганмиз. Болалигимдан бери жангу-жадал, урушлар ичидаман. Бу одам икки ҳарбий қароргоҳимизни ошиб ўтди, у қароргоҳни бутун бир қўшин ошиб ўтолмайди. Сўнг қўмондоннинг чодирини арқонларини узиб, унинг отини олиб қочиб кетди. Уч нафаримиз унинг ортидан қувлаб кетдик. У аввал битта шеригимни ўлдирди. У шеригим мингта аскарга тенг эди. Кейин иккинчи шеригимни ўлдирди. У ҳам мингта аскарга тенг келадиган жангчи эди. Уларнинг иккови ҳам амакимнинг ўғиллари эди. Охирида мен амакиваччаларимнинг ўчини олиш учун унинг ортидан қувишда давом этдим. Ўзимга келсак, форс қўшини ичида куч-қувватда менга бас келадигани борлигини билмайман. Бироқ бу аскар олдида ожиз эканимни сездим. Кўзимга ўлим кўриндида ундан мени асир қилиб олишини сўрадим. Агар орангизда ана шунга ўхшаган аскарлар бор экан, сизлар мағлубият кўрмайсиз».

Сўнг ўша форс аскари Исломни қабул қилди.

Форсларни қўшинини ёриб ўтиб, қўмондонини хорлаб, душман паҳлавонларини ўлдирган қаҳрамонимиз кимлигини биласизми? У Тулайҳа ибн Хувайлид Ал Асадий роҳматуллоҳи алайҳдир.

Ибн Саъад ўзининг «Ат Тобақот» китобида шундай дейди: «Тулайҳа ўзининг шижоати ва қаттиққўллиги сабабли мингта чавандозга тенг деб ҳисобланар эди».

Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий аслида коҳин одам эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида пайғамбарлик даъвосини қилган эди. Унга Бани Исроилдан афорийқлар эргашган эди. У Нажднинг шарқий тарафидаги Ироққа яқинроқ, Бани Асаднинг Самийро номли юртида эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарши урушиш учун Зирор ибн ал-Азвар ал-Асадийни юборган эдилар. У етиб борай деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳақида хабар келиб қолди. Тулайҳанинг иши юришиб, унга Ғатафон, Ҳавазон ва Той қабилалари ҳам қўшилдилар. Зирор Мадинага қайтди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидни ва унинг лашкарини Тулайҳага қарши урушга юборганида Холиднинг лашкари ичида Адий ибн Ҳотим Тоий ҳам бор эди. У Холиддан олдин бориб, ўз қавми, яъни Бани Тойни Аллоҳнинг динига қайтишга даъват қилиш учун изн сўради. У бориб, уларни даъват қилди. Улар уни қабул қилдилар ва Тулайҳани тарк қилиб, Холиднинг лашкарига қўшилдилар. Адий розияллоҳу анҳу Тулайҳа билан бирга бўлган Бани Жудайлани ҳам даъват қилган эди, улар ҳам қабул қилдилар. Сўнгра Холид муртадлар билан Бузохада тўқнашди ва улар билан қаттиқ жанг қилди.

Тулайҳа урушга тоқати йўқлигини билганидан кейин хотини билан олдиндан тайёрлаб қўйилган икки отга миниб, Шомга қочиб кетди. Унинг лашкари мағлуб бўлди.

Бани Асад ва Ғатафон қабилалари мусулмон бўлганидан кейин Тулайҳа ҳам Исломга кирди. У Ироқнинг фатҳ қилиш ишларида таҳсинга сазовор ишларни қилди. «Тарихи ал-Хумийс»да зикр қилинишича, Тулайҳа Ноҳаванд жангида шаҳид бўлган.

Фойдаланилган манба

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муҳаррир Хуршид Маъруф

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу оз сонли кишилар ичида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Уҳуд урушида тутган ўринлари ҳақида .Уҳуд куни олти кишидан бошқа давоми...

1360 14:05 / 03 май
У кишининг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманноф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир. Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

1693 15:07 / 18.11.2023
У киши иймонда аввали бўлдиУ киши тасдиқлашда ягона бўлдиУ киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси бўлдиУ киши умматга энг раҳмли, сиддиқ, сахий давоми...

1696 16:21 / 17.01.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар.Сафарнинг оғир йўллари,7қисмПайғамбаримиз алайҳиссалом ва Абу Бакр давоми...

5186 16:33 / 21.04.2017