1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари (ўн биринчи мақола)

18:01 / 25.10.2023 1652 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу даврга келиб, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланган эдилар. Ҳатто ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга бир гап бўлиб қолса, ўринларига Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни халифа қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган.

عَنْ مَرْوَانَ بْنِ الْحَكَمِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَصَابَ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ رُعَافٌ شَدِيدٌ سَنَةَ الرُّعَافِ حَتَّى حَبَسَهُ عَنِ الْحَجِّ وَأَوْصَى، فَدَخَلَ عَلَيْهِ رَجُلٌ مِنْ قُرَيْشٍ فَقَالَ: اسْتَخْلِفْ، قَالَ: وَقَالُوهُ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: وَمَنْ؟ فَسَكَتَ، ثُمَّ دَخَلَ عَلَيْهِ رَجُلٌ آخَرُ فَقَالَ: اسْتَخْلِفْ، فَقَالَ عُثْمَانُ: وَقَالُوا؟ فَقَالَ: نَعَمْ، قَالَ: وَمَنْ هُوَ؟ فَسَكَتَ، قَالَ: فَلَعَلَّهُمْ قَالُوا الزُّبَيْرُ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّهُ لَخَيْرُهُمْ مَا عَلِمْتُ وَإِنْ كَانَ لَأَحَبَّهُمْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

2978. Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бурун қонаш йили Усмон шиддатли бурун қонашга мубтало бўлди. Ҳатто бу(хасталик) уни ҳаждан қолдирди. У васият ҳам қилди. Бас, Қурайшдан бир одам унинг олдига кириб:

«Ўрнингга халифа қолдир», деди.

«Ҳали шуни ҳам айтишдими?» деди у.

«Ҳа», деди.

«Кимни?» деди у.

Ҳалиги одам жим қолди. Сўнгра унинг олдига бошқа бир одам кирди ва:

 «Ўрнингга халифа қолдир», деди.

«Ҳали шуни ҳам айтишдими?» деди у.

«Ҳа», деди.

«Кимни?» деди у.

У одам жим қолди. Шунда у:

«Эҳтимол, Зубайрни айтишгандир?» деди.

«Ҳа», деди ҳалиги одам.

«Аммо, жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, менинг билишимча, у уларнинг ичида энг яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбублари эди», деди у».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: 31-ҳижрий санада Мадинаи Мунавварада оммавий бурун қонаш касали тар­қалган. Шунинг учун ўша йил Бурун қонаш йили номини олган. Ўшанда халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳам бу дардга мубтало бўлганлар. Ушбу ривоятда зикр қилинган гап-сўзлар ана шу пайтда бўлиб ўтган.

Бу ривоятдан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг халифа Усмон розияллоҳу анҳу ва мусулмонлар ҳузурида обрўлари жуда ҳам катта бўлганлиги келиб чиқади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг:

«Аммо, жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, менинг билишимча, у уларнинг ичида энг яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбублари эди», деганларини шарҳ қилиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Кейин ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу тузалиб кетдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эса у кишига ёрдам беришда давом этдилар. У кишини фитначилар хуружидан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўғилларини халифани фитначилардан ҳимоя қилиш гуруҳига қўшдилар. Фитначилар халифа Усмон Зуннурайнни номардларча қатл этганларида эса қаттиқ надомат қилдилар. Бу ишда бўлган зулмни рад қилиш учун халифанинг ўчини олиш ҳақидаги талабнинг бошлиқларидан бирига айландилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Мушриклар мусумонларни диндан қайтариш мақсадида турли туман азоб уқубатларни ишга солганларини билиб олинади. Бировни бўйрага ўраб осиб қўйиб остидан ўт ёқиб давоми...

27788 20:10 / 21.04.2017
Ўша кунлари, яъни биринчи кун ndash Армос кунлари Саъд ибн Абу Ваққос қаттиқ хаста эдилар. Бутун баданларига яра тошиб кетган, ҳатто ўтиролмас эдилар. Аммо шундай давоми...

2776 14:30 / 30.05.2024
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумога қўшни бўлган ери бор эди. Уларнинг ерларида деҳқончилик қиладиган, ерга ишлов давоми...

2372 16:00 / 03.12.2022
Улуғ саҳобий Саъад ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу форс қўшини ҳақида маълумот олиб келиш учун етти нафар аскарни душман қўшини томонга юбордилар ва имкон давоми...

2705 11:00 / 03.04.2022