1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (2-қисм)

16:38 / 21.04.2017 5902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

Бозордаги воқеа

(2-қисм) 

 

 Укоз бозори нафақат Макка, бутун Арабистон жазирасида машҳур, маъмур, гавжум бозорлардан эди. Бунда дунёнинг ҳамма ёғидан келган тужжорларнинг молини мақтаб қичқиришлари, сархуш ичимликлар ичиб олган маккаликларнинг мастона бақир- чақирлари, баланд жойларга чиқиб олиб шеър ўқиётган ёки қисса айтаётган сўзамол воиз-шоирларнинг хитоблари бир зум тинмасди. Аммо мушриклар ва бутлар, фаҳш ва чиркинликларга тўлиб-тошган шаҳарда бир неча покиза, бутпарастликдан воз кечган кишилар ҳам бор эдики, улар ҳамиша жаҳолат ва жамият ифлосликларидан ўзларини сақлар эдилар. Ана шундай кишилардан бири Қусс ибн Соида қизил туяси устида туриб бозорда тўпланганларга шундай хитоб қилар эди:

– Эй инсонлар, келинглар, тингланглар, доимо эсда тутинглар, ибратланинглар! Яшаганлар ўлар, ўлганлар фано бўлар! Ёзилгани бўлар. Ёмғир ёғар, майсалар унар. Болалар туғилар ва ота-оналарининг ўрнини олар. Сўнгра ҳаммаси йўқ бўлиб кетади. Бу ҳолатнинг ораси узилмас, ҳамон бирин-кетин давом этади. Қулоқ тутинглар, диққат этинглар. Кўкдан хабар бор. Ерда ибрат бўларли нарсалар бор. Ер юзи бир ёйиқ айвон, кўк юзи юксак бир шифт. Юлдузлар юради, денгизлар туради. Келган қолмайди, кетган келмайди. Ажабо, борган ерларида хушнуд бўлиб қолишармикин? Йўқса, у ерда уйқуга кетадиларми? Онт ичаман: Аллоҳнинг ҳузурида бир дин борки, ҳозирги топган динингиздан янада суюмлидир. Яна Аллоҳнинг бир келажак пайғамбари бордирки, келишига жуда ҳам оз қолди. Сояси бошингизнинг устига келди. Унга иймон келтириб, ҳидоятга етиш нақадар олий бахт! Унга исён ва мухолафат айлаган бадбахтларнинг ҳолларига вой! Умрлари ғафлат ичра кечган умматларга афсуслар бўлсин!

Эй жамоат! Қани ўтган аждодларимиз? Қани муаззам кошоналар, тошдан хоналар қурган Од ва Самуд қавми? Қани кибр ва ғурурдан туғёнга кетиб «Мен сизнинг энг буюк Раббингизман», деган Фиръавн ва Намруд? Улар сизга қараганда бадавлат ва кучли эмасмидилар? Бу замин уларни ўз тегирмонида талқон қилди, чанг-тўзонга айлантириб ташлади. Суяклари чириб йўқ бўлди. Уйлари вайронага айланди. Ерларида, юртларида ҳозир кўппаклар изғиб юришибди. Кўзингизни очинг, улар каби ғафлатда қолманг! Уларнинг йўлига кирманг! Ҳар нарса фонийдир. Фақат Жаноб Ҳақ боқийдир! У ягонадир, шериги, тенги, ўхшаши йўқдир! Сиғиниш фақат Унгадир! Туғилмади, туғмади. Аввал келиб-кетганларда бизга ибрат бўладиган нарсалар кўпдир. Ўлим ирмоғининг кирадиган ерлари бор, аммо чиқадиган жойи йўқ. Катта-кичик – ҳамма кўчиб кетади. Кетганлар қайтиб келмайди. Жазм этдимки, ҳаммага бўлган менга ҳам бўлади!

Хотибнинг оташин сўзларини эътибор билан тинглаётган оломон орасида уларга ўхшамаган икки киши бор эди. Бири – аминлиги, ростгўйлиги, ҳалоллиги билан бутун Маккада ном чиқарган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ бўлса, иккинчиси – Қурайш ашрофлари ичида қон даъвосида тортишганларга ҳакамлик қилиб юрувчи бадавлат тожирлардан Абдуллоҳ ибн Абу Куҳофа эдилар. Биринчиси келажакда Қусс ибн Соида ҳозир башоратини эълон қилаётган Аллоҳнинг охирги пайғамбари рутбасига мушарраф бўлишларини, иккинчиси эса ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўсти, вазири, у зотдан кейин Ислом давлатининг биринчи халифаси бўлишларини ҳали билмасдилар. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги элчисига илоҳий ваҳий келтиришига, Хиро ғоридан инсониятга қарата «Ўқи, яратган Парвардигоринг номи билан ўқи!» деган амрлар янграшига ҳали бироз вақт бор эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сиёсат, футуҳот, волийлар, шаҳарлар қуриш, аскарий ишлар ва шунга ўхшаш бошқа тадбирлар билангина чегараланиб қолишлари мумкин давоми...

1263 10:40 / 08 август
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар ҚУРЪОННИНГ ЖАМЛАНИШИ 21қисмМуртадларга, сохта пайғамбарларга қарши давоми...

4864 16:51 / 20.04.2017
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императори Ҳирақл Ираклий Iга юборган мактублариУшбу мактуб Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида 10 йил давоми...

2854 09:01 / 27.12.2021
Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек, бошқа исломий ишларда ҳам биринчилардан бўлиш у кишига насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн давоми...

1287 16:59 / 21.11.2023