1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

У гўзал ҳаёт кечиради...

09:38 / 10 сентябрь 1222 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумонинг тўлиқ исми Нўъмон ибн Башир ибн Саъд ибн Саълаба Ансорий Ҳазражий бўлган бу саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида энди саккиз ёшга тўлган эди. Лекин шунга қарамай айрим ёши улуғ саҳобаларга нисбатан кўпроқ ҳадис ривоят қилган.

Отаси – Башир розияллоҳу анҳу Ақоба байъати, Бадр, Уҳуд ва Хандақда қатнашган улуғ саҳобийлардан бўлиб, «Сақифа куни» Абу Бакр розияллоҳу анҳуга биринчилардан байъат қилган. Онаси – Амро бинти Равоҳа розияллоҳу анҳо эса улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг синглиси эди.

Нўъмон ибн Башир Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан саккиз йил олдин Мадинада таваллуд топган ва ҳижратдан сўнг бу ердан туғилган дастлабки чақалоқлардан бири бўлган. Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом ҳижратларининг иккинчи йили, яъни у зот Мадинага келганларидан ўн тўрт ой ўтиб, рабиус-соний ойида мунаввар шаҳарда кетма-кет икки чақалоқ – Нўъмон ҳамда Абдуллоҳ ибн Зубайр дунёга келади. Эътиборлиси, вақт ўтиб ёши улуғи Нўъмон ибн Башир тенгдоши Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат қилади). Нўъмон туғилган кунининг ўзидаёқ Ҳақ Пайғамбардан: «У гўзал ҳаёт кечиради, шаҳид бўлади ва жаннатга киради», деган башоратни олади.

Нўъмон ибн Башир айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан сўнг ансорлардан туғилган энг биринчи чақалоқ мен бўлганман».

Нўъмон ибн Башир айтади: «Отам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб, «Мен мана бу ўғлимга ўзимнинг бир ғуломимни тортиқ қилдим», дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамма болангга ҳам худди шундай нарса тортиқ қилганмисан?» дедилар. Отам: «Йўқ», деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қайтариб ол», дедилар».

Бошқа ривоятда Нўъмон ибн Башир шундай дейди: «Отам менга мол-дунёсининг бир қисмини садақа қилди. Шунда онам Амра бинт Равоҳа: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилмагунингча рози бўлмайман», деди. Отам менга қиладиган садақасига гувоҳ қилиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Болаларингнинг ҳаммасига ҳам шундай қилдингми?» дедилар. Отам: «Йўқ», деди. Шунда у зот: «Аллоҳга тақво қилинглар, фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар!» дедилар». Отам қайтиб келиб, бояги садақани қайтариб олди».

Яна бошқа бир ривоятда шундай дейди: «Отам менга бир туҳфа тортиқ қилди. Сўнгра мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотни гувоҳ қилиш учун олиб борди. У зот: «Ҳамма фарзандларингга ҳам мана шундай бердингми?» дедилар. У: «Йўқ», деди. У зот: «Сен улардан мана бундан истаганинг каби яхшилик етишини истамайсанми?» дедилар. У: «Йўқ, истайман», деди. У зот: «Ундай бўлса, мен гувоҳ бўлмайман», дедилар».

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Тоиф узумидан ҳадя қилинади. У зот алайҳиссалом Нўъмонни чақириб: «Мана бу узумни онангга олиб бор», дедилар. Пишиб етилган узумлар болакайнинг иштаҳасини қитиқлаб, онасига олиб боришдан олдин уни еб тугатиб қўйди. Кеч кирганда Набий алайҳиссалом: «Узумни нима қилдинг? Онангга олиб бордингми?» деб сўрадилар. Нўъмон: «Йўқ», деб жавоб берди. У зот алайҳиссалом Нўъмоннинг қулоғидан тортиб: «Ҳаҳ, хиёнаткор», деб қўйдилар.

Нўъмон ибн Башир ўз даврида давлат раҳбари – халифага яқин мартабали инсон бўлган эди.

Зирклийнинг «Аълом» китобида айтилишича, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида у зотнинг кўйлаклари қонга беланади. Шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг хотинлари Ноила бу кўйлакни Нўъмон ибн Баширга бериб, Муовия ибн Абу Суфёнга олиб боришни буюради. Нўъмон ибн Башир кўйлакни Шомга олиб бориб, Муовияга топширади, сўнгра у билан бирга Сиффийн урушида қатнашади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Муовия даврида Куфада волийлик қилади. Кейинчалик Фазола ибн Убайд қозилик фаолиятини тугатганидан кейин Дамашқда қозилик вазифасини адо этади. Сўнг Яман, Куфа, Ҳимс шаҳарларида амирлик қилади.

Нўъмон ибн Башир қўли очиқ сахий инсон бўлган. Ўша даврнинг машҳур шоири Аъша қийин аҳволда қолиб, Ҳимсга Нўъмондан ёрдам сўраб боради. Нўъмон: «Мени сенга берадиган маблағим йўқ, лекин истасанг одамларга бу ҳақида айтиб кўраман», деди ва минбарга чиқиб: «Биродарингиз қарзга ботиб, қийин аҳволда қолибди. Сизнинг ёрдамингиздан умидвор», деди. Жамоат: «Сиз бизга қанча маблағ беришимизни айтинг», деди. Нўъмон: «Йўқ, ўзингиз истаганингизни беринглар», деганида улар: «Ҳар биримиз бир динор берамиз», дейишди. У ерда йигирма минг киши яшар эди. Шу боис Нўъмон «Йўқ, икки киши бир динордан берсин», деди.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жами 124 та ҳадис ривоят қилган. Ундан Шаъбий, Ҳамид ибн Абдурраҳмон, Симок ибн Ҳарб, Солим ибн Абу Жаъд, шунингдек, ўғли Муҳаммад ва Башир каби кўплаб ровийлар ҳадис ривоят қилишган.

Ҳижратнинг 64-йили Язийд ибн Муовия вафот этади. Ўшанда Нўъмон ибн Башир тенгдоши – Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат беришга чақиради, лекин Ҳимс аҳли бунга рози бўлмайди.

Нўъмон ибн Башир ҳижрий 64-йили «Маржу Роҳит» воқеасида Абдуллоҳ ибн Зубайр лашкарбошиси Заҳҳок енгилганидан сўнг Ҳимсдан қочиб чиққанида Ҳимс аҳли томонидан ўлдирилади.

Аллоҳ таоло Нўъмон ибн Баширдан рози бўлсин!

 

Нўъмон ибн Башир ривоят қилган баъзи ҳадислар

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: – Нўъмон икки бармоғини икки қулоғига тутди – «Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир. Иккисининг орасида иштибоҳли нарсалар бор, уларни кўпчилик одамлар билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва шаънини пок тутибди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушиб қолади. Худди қўриқхона атрофида қўй боқаётган чўпон каби. (Қўйлари) ундан ўтлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Огоҳ бўлинглар! Ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бўлади. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг қўриқхонаси – Унинг ҳаром қилганларидир. Огоҳ бўлинглар! Танада бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади, у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинглар! У – қалбдир».

 

* * *

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то бизни англаб етди деб билмагунларича сафларимизни камоннинг ўқини тўғирлагандек тўғирлар эдилар. Сўнг бир куни чиқиб, (намозга) турдилар. Энди такбир(и таҳрима) айтмоқчи бўлган эдилар, кўкси сафдан чиқиб турган бир кишини кўриб қолдилар ва: «Аллоҳнинг бандалари! Ё сафларингизни тўғри қиласизлар, ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига тескари қилиб қўяди», дедилар».

 

Нодирбек Қаршибоев

«Ҳилол» журнали 2(59) сон

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар .Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у давоми...

1979 11:00 / 10.05.2021
Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу баланд бўйли, улов минсалар, оёқлари ерга тегай деб турадиган, соқоллари ингичка, ёноқлари давоми...

884 11:18 / 07.11.2023
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумога қўшни бўлган ери бор эди. Уларнинг ерларида деҳқончилик қиладиган, ерга ишлов давоми...

1687 16:00 / 03.12.2022
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Алига халифа сифатида байъат қилинганидан кейин фитначилардан ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қасосларини зудлик давоми...

1849 09:07 / 02.11.2023