1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Маънавий ҳақ (Ёҳуд омонат юки)

05:00 / 09.03.2017 4275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!

Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсин!

Илмий майдон кенгайиб, инсонларнинг таълифга эҳтиёжлари туша бошлагач илк таснифотлар юзага чиқди. Ўша даврларда таълиф ҳаққи борасидаги баҳслар у қадар долзарб эмасди. Чунки муаллифлик ҳуқуқини бугунги савиядагидек фақат моддий манфаат борасида тушунилмасди. Тўғри, айрим ўринлардаги қизғин баҳсларни муаллифлик ҳуқуқи баҳслари доирасига қўшиш мумкин. Фақат бу ўринда маънавий ҳақларнинг тақсимотини тўғри тушуниб олишимиз лозим.

Масалан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ёлғон тўқиш оғир жиноятлардан бири сифатида эътироф қиниши. Мутавотир ҳадислардан бирида Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга қастдан ёлғон тўқиса жойини жаҳаннамдан хозирлаб олсин!” деганлар. Яъни бу ҳадиснинг бир қанча маънолари, фиқҳий жиҳатлари, ҳикматлари орасида кишининг айтмаган гапини айтди дейиш ҳам муаллифга нисбатан хиёнат эканини маъноси мавжуд. Оддий инсонларнинг гапларини орасига қўшимча қўшиб юбориш хиёнати билан Пайғамбарнинг гапи орасига қўшимча қўшиш гуноҳи тенг бўлмайди, албатта. Шу билан бирга аҳли илмнинг гапини ҳам бузиб талқин қилиш, унинг шаънидан фойдаланиб ўз мақсадларини рўёбга чиқаришга уриниш каби ишлар ҳам қабеҳликлардан бири ҳисобланади. Мен муаллифлик ҳуқуқи борасидаги мавзуга чуқур киришмоқчи эмасман. Фақат бу ўринда муаллифлик ҳуқуқининг ҳимояланиши айнан шариат мезонларида мавжуд эканини эслатиб қўймоқчиман! Тўғри, масалага хилоф ёндошувлар ҳам мавжуд ва муаллифлик ҳуқуқи бўлмаслиги керак, дейдиганлар кам бўлсада бор. Аммо аксар илм аҳллари бу ҳуқуқнинг ҳимояланиши шаръий асосга эга эканини айтишади. Асосан бу ҳуқуқни йўқ дейдиганларнинг бир нечта эътирозлари мавжуд. Шу эътирозларга эса берилган жавобларнинг қисқача мазмуни билан танишиб чиқсак.

 Бу ҳуқуқни йўқ, дейдиганлар қуйидаги эътирозларни айтишади:



1-эътироз:

Агар муаллифлик ҳуқуқини жорий қилинса илмий таснифотлар маълум доирада чегараланиб қолади ва кўпчилик ундан манфаат олишга имкон топа олмайди. Шу билан бирга илмий асарлар молиявий манфаат манбаига айланиб қолади. Бу эса илмни яшириш қабилидан ҳисобланиб, Аллоҳ таоло илмни яширишни ман қилган.  

إن الذين يكتمون ما أنزلنا من البينات والهدى من بعد ما بيناه للناس في الكتاب أولئك يلعنهم الله ويلعنهم اللاعنون

Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни–ўшаларни Аллоҳ лаънатлайди. Ва лаънатловчилар лаънатлайди. Бақара сураси, 159-оят.

Бу эътирозга шундай жавоб берамиз:

Илмни яшириш муаллифнинг ўз асаридан ўқишни, истифода олишни, унинг маъноларини муаллифини айтароқ бошқаларга етказишни ман қилиб қўйганида юзага чиқади. Лекин бугунги муаллифлар ўз  асарларидан фойдаланиш, ўқиш ва бошқаларга етказиш маъносини чегаралашмайди. Ҳатто аксарлари китоб савдосига ҳам тўсқинлик қилишмайди. Фақат муаллиф изнисиз китобчи чоп қилиш, ундан тижорий мақсадда фойда кўзлаш ва бу йўлда китобнинг сифатини бузиш, ундаги масъулият юкини бўйнига олмай, фақат фойдани кўзлашни чегаралашади. Бу эса илмни беркитишдан ҳисобланмайди! “Буҳус” Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ!



2-эътироз:

 Илм ибодат ва қурбат амалларидан бўлиб, ундан тижорий мақсадда фойдаланиш мумкин эмас.  Қурбат амалларнинг эвазига молиявий ужра олиш тўғри бўлмайди. Шундай экан олим инсон ўз илмини эвазсиз тарқатиши вожибдир. Олимнинг кунлик харажатларини эса давлат хазинасидан қоплаш лозим.



Бу эътирозга шундай жавоб берамиз:

Бу гап мутақаддимлар даврида ўз кучида эди. Кейинроқ фақат илм билан машғул бўлиш кишиларнинг кундалик ҳаётида қийинчиликларни юзага келтирди. Натижада қурбат амаллари учун вақт ажратадиган инсонлар камайиб кетди. Вазият шу даражага келдики, мадрасаларда илм бериш учун олимлар топилмай қолди. Илм зое бўла бошлади. Бу ҳолатни ҳисобга олиб  мутааххир уламолар қурбат амаллар учун, яъни имомлик, муаззинлик, мударрислик, Қуръон таълими каби амаллар учун ойлик олиш жоиз эканини айтишди. Бу билан эса илмнинг тарқалишига уринилди. Кўпчилик уламолар шу фикрга таслим бўлишди. Фақат савоб учун илм бериш лозим, деган гапда туравериш оқибатида айнан яна шу илм зое бўла бошлаган эди. Мақсадга эришиш йўлида василанинг ҳукмини тортишиб ўтириш тўғри бўлмайди. Василанинг ўзгариши билан мақсад ҳосил бўлса ва бу билан уммат манфаатланса василани ўзгартиришга имкон берилади. 

Демак бу борада ҳам кенглик мавжуд экан. Имконияти бор кишилар савоб умидида ойлик олмасдан бу амалларни бажаришса нур устига нур! Аммо илмни тарқатиш эвазига ойлик олаётган азизларимизни ҳам маломат қилиш тўғри эмас. Шу билан бирга муаллифлик ҳаққини ҳимоялаш ҳам айнан илмни ҳимоялаш, уни зое бўлишини олдини олишдир. 



3-эътироз:

Китобларни рухсатсиз чоп қилишдан қайтариш илмнинг тарқалишига тўсқинлик қилади. Агар китобларни чоп қилиш ва тарқатиш ҳуқуқи ҳар кимда бўлса уларнинг тарқалиш доираси анча кенгаяди. Фойдаси ҳам комил ва шомил бўлади!

Бу эътирозга шундай жавоб берамиз:

Масалага бошқа тарафдан қаралса бу фикрнинг ҳам нуқсони кўринади. Яъни илм ва кашфиёт аҳли умрини фидо қилиб бир натижага эришганида ва бунинг эвази ўлароқ манфаатга эришганида “экинда йўқ, бошоқда йўқ, хирмонда ҳозирлар” тайёр китобни ёки ихтирони нусхасини кўчириб оладида, уни ўз манфаати йўлида арзон баҳога сотиб, муаллифнинг илмий маҳсулини қадрини туширади. Табиийки муаллифлар бу каби қадрсиз муомалага дучор бўлгач, ғайрати сўнади, илмий ҳаракатдан совийди. Қадр кўрмагач амалдан тўхтаб қолади. Натижада жамият яхши мутахассиснинг иқтидоридан фойда ололмай қолади. (“Буҳус” 125 саҳифа.)

Муаллифларнинг ҳуқуқи қонун томонидан ҳимояланиши илм аҳлига шижоат ва ишонч баҳш этади. Ўз илмий заҳматлари учун фойда олиш умиди уларни янада янгиликлар кашф этишга ундайди. Унинг янги фикрларидан жамият фойда топади. (Ал-Мадхал фиқҳий ъом 3/21)

Замонамиз уламоларидан жуда кўплари муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш кераклиги борасида китоблар, мақолалар, илмий баҳслар тасниф қилишган. Улар жумласига шайх Мустафо Зарқо, доктор Муҳаммад Усмон Шубайр, доктор Муҳаммад Саъид Бутий, доктор Ваҳба Зуҳайли, доктор Муҳаммад Фатҳий Дурайний, шайх Муҳаммад Тақий Усмоний, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ҳиндистон уламоларидан Фатҳ Муҳаммад Лакнавий, шайх муфтий Муҳаммад Кифоятуллоҳ, шайх Низомуддиншайх Абдурраҳим Ложбурий ва бошқа бир қанча алломалар киришади. Улардан вафот топганларини Аллоҳ раҳмат қилсин, ҳаётларини эса Ўзи муҳофаза қилсин!

Таълиф ҳаққини ҳимоялаш  борасидаги қарашларга асосан манфаатнинг таърифидаги маънавий манафаатлар ҳам қиймат касб қилиши мумкинлиги туртки бўлган. Яъни манфаат фақатгина моддий нарсаларда эмас, балки маънавий нарсаларда ҳам ҳосил бўлади. Шундай фикрлар, ғоялар борки уларнинг нархи тиллолардан қиммат туради. Ҳатто бу борада бугунги кун тараққиёти анча одимлади. Тижорий фикрлар, номлар, махсулот таркиби сирлари, интелектуал мулк сифатида қаралиб, катта миқдордаги маблағ билан баҳоланмоқда. Шундай экан молнинг фақат моддий нарса – айн дейиш тўғри эмас. Мол деганда барча манфаат турини тушуниш маъқул. Шунинг учун ҳам шариатда ижара ҳаққи жорий қилинган. Яъни бир тараф манфаат эвазига бошқа тараф ҳақ беради. Бу ҳудди нарса сотиб олганда пул бергандек, манфаат сотиб олганда ҳам пул бериш жоизлигини кўрсатади. (16)

Жумҳурнинг наздида  қиймат касб қиладиган молни манфаат деб эътибор қилиш кучли фикр дея олинади. Шундай экан манфаат бермайдиган нарсалар мол сифатида эътиборга олинмайди. Масалан, чўчқанинг бирор нарсасидан фойдаланиб бўлмайди ва шу маънода уни савдо моли сифатида кўрилмади. Яъни нарсаларнинг қиймати унинг ўзида эмас, балки ундан олинадиган манфаатидадир. Ер, ҳовли, кийм кабиларнинг ўзидан қиймат билинмади. Балки ердан ҳосил олиш, уйда туриш, кийимни кийишдаги манфаат уларнинг қийматини билдирди. Мана шу таърифлар асосида мулкнинг манфаати кенг эканини тушуниб етамиз. Доктор Рафиқ Юнус Мисрий ёзади:

-Муаллифлик ҳақи икки қисмга бўлинади:

 1.Маънавий ҳақ;

2.Молиявий ҳақ;

Муаллифга ёзган нарсасинини нисбат беришлик маънавий ҳақ ҳисобланади. Ушбу ҳақни ўзлаштириш ва ўғирлаш ҳаромдир. 

Молиявий ҳақ тўғрисида ҳамаср уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилар бу қурбат ва тоат қабилидаги амаллар жумласидан бўлганлиги учун, уни бир кишига ҳақ қилиб беришни ман қилганлар. Муаллиф ўзи ёзган асарини бошқалар тарқатишига рухсат бермаслиги илмни яширишдир деганлар.

Баъзилар молиявий ҳақни муаллифга бериш жоиз деганлар. Чунки урфга кўра муаллиф ёзган нарсасига эваз олишлиги ва шуҳратининг ёйилиши унинг яна китоблар таълиф қилишига туртки бўлади. Муаллифнинг молиявий ҳақи ҳалқаро қонунларда муаллиф вафот топгандан сўнг эллик йилгача давом этишлиги белгиланган. (Ал-Васит лис-Санҳурий 8/282).

-Ихтиро ҳақи:

Ихтиро ҳақи муаллифлик ҳақига хилоф ўлароқ асосан  ишлаб чиқариш амалларига тегишли бўлади. Муаллифлик ҳақи эса адабиёт, фан ва санъатда мавжуддир. Ихтиро ҳақи ҳам муаллифлик ҳақида зикр қилинганидек татбиқ этилади. Чунки муаллифнинг ва ихтирочининг ҳақи фикр ва изланишнинг самарасидир. (Ал-Васит лис-Санҳурий 8/430). 

-Тижорий исм ҳақи:

Тижорий исмлар тижорий ишлаб чиқарувчиларни ажратиб туришга хизмат қилади. Бугунги кунда тижорий аломатлар (маркалар) тижорий ишлаб чиқарувчиларни ажратиб беради. Баъзи ҳамаср уламолар тижорий исм ёки аломатларни сотиш жоиз деганлар. Фақат сотиб олган тараф сотувчининг ишлаб чиқарган нарсасидан сифатсиз қилиб ишлаб чиқармаслиги ва ушбу тижорий исмни бошқа ишлаб чиқарувчи сотиб олганлигини эълон қилиш ҳам шартдир. 

-Бўшатиш ҳақи:

1-Ижара ҳақига қўшимча ижара турган кишидан мулк эгаси оладиган мол;

2-Ижара турган киши ижара муддатидан олдин чиқиб кетиш эвазига мулк эгасидан оладиган мол;

3-Ижара турган киши бошқа кишини ижарага қўйиб, уни муддатдан олдин бўшатишлиги учун берадиган мол;

Ушбу кўринишлар жоиздир. 1-суратда олинган мол ижаранинг бир бўлаги ҳисобланади, 2-суратдаги олинадиган мол ўз ҳақидан тушиб беришдир. 3-сурат 2-суратга ўхшайди. (Мажаллатул мажмаъ 4-сон 2329-саҳифа).  (Иқтибос тугади. Доктор Рафиқ Юнус Мисрийнинг “Молиявий муомалалар фиқҳи” номли китоби)

Демак, бу мавзунинг қисқача хулосасига кўра маънавий ҳақларнинг эътиборга олиниши урф тақозосига кўра жоиздир. Зотан шариат урфнинг далил сифатида олинишини қабул қилади. Модомики урф шариатнинг мақсадларига зид келмас экан уни далил бўла олишини эътироф қилади. Шундай экан биз бугунги кунларимизда бу ҳақларнинг поймол бўлишига йўл қўймаслигимиз, бировнинг мулкини ўзлаштириш ҳаром эканини билган ҳолда бошқанинг маънавий мулкини ҳам ҳимояланганлигини билишимиз лозим. Ижтимоий тармоқларда бировнинг номидан фойдаланиб, ўз қарашларини сингдиришга уринишлар бўлаётганини кўпчигимизга маълум. Шундай ҳолатлардан огоҳ бўлишимиз, фалончи айтган, деган гапларнинг манбасини сўрашимиз, фалончининг номидан очилган “БОТ”, “САҲИФА”ларнинг асли асосли эканлигини яхшилаб суриштиришимиз даркор. Илмни кимдан олаётганимизга қарашимиз, омонатга вафо қилишимиз лозим. Ҳа, дин омонатдир. Тоғлар, осмонлар кўтара олмаган, ғариб ИНСОН зиммасига олган омонат!

Шу билан бирга бировнинг номидан фойдаланиб, ўз фикрий қарашларини сингдиришга уринаётганларни аввало Аллоҳдан қўрқишга чақираман! Бировнинг маънавий ҳаққини поймол қилиш гуноҳ эканини эслатиб қўймоқчиман. Зотан эслатма мўъминга фойда беради!

Салоту саломларимиз Пайғамбаримизга бўлсин!



Аброр Мухтор Алий


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ато қилган нознеъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамдлар, Унинг бизларга юборган Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотнинг оли асҳобларига давоми...

5775 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ азза ва жалла бу дунё ҳаётини яратиб, уни бизга берди ва зиммамизга юклаган вазифаларни ўргатгани каби бизларга унинг мазмунмоҳиятини ҳам ўргатди. Бу давоми...

4516 10:25 / 31.12.2017
Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини давоми...

257091 05:00 / 09.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимМуқаддима олдидан кириш сўзиУшбу китоб салафийлар раъйлари ва уларни маъруф қилган мафкуралари хусусидаги бирор мунозарани ўз ичига давоми...

4746 05:00 / 09.03.2017