1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Ватанпарварлик асл исломий қадриятдир

05:00 / 13.03.2017 4018 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у  тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.


Ватанни севишни Пайғамбар (с.а.в.)дан ўрганайлик...


Пайғамбар (с.а.в.) асҳоблари билан таҳқирлаш ва азоблаш тўхтамаган аламли кунларда ҳам Маккада сабр билан яшадилар. Ҳатто айрим саҳобалар аҳвол жуда танглашганидан Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Аллоҳга биз ҳақимизда дуо қилмайсизми, бизга нусрат бермайдими?”, деб юборишди. Шунда  ҳам у зот (с.а.в.) уларни сабр қилишга буюрдилар. 

Ёсир, хотини Сумайя ва ўғли Аммор олдидан улар алвон-алвон азобларни тотишаётганида ўтардилар, лекин уларга ҳеч қачон: “Эй оли Ёсир, сабр қилинглар, қасос кунлари яқин!”, демасдилар. Балки: “Сабр қилинг, албатта борар жойингиз жаннат!”, дея насиҳат қилардилар. Бу ватан тинчлигига ҳарисликдан, аҳлига меҳрибонликдан эди. Бу ватанни фуқаролар уруши, қон тўкилиши ва вайронагарчиликдан сақлашдан эди. Бу бугунги кун тили билан айтганда ватаннинг олий манфаатларига хизмат қилишдан эди.

Пайғамбар (с.а.в.) Маккани ўз ихтиёрларисиз, мажбуран тарк қилиб, Мадинага ҳижрат этадилар. Ул зотни Маккадан қавмлари қуваётганди. Шунда Макка атрофларида Маккага хитоб қиладилар. Унинг тоғлари ва водийларига хитоб қиладилар. Кўчалари ва биноларига хитоб қиладилар. Маҳзунлик қалбларини эзиб, ёш кўзларига тўлиб, шундай хитоб қиладилар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганда сендан бошқада яшамасдим!” (Имом Термизий ривояти).

Ҳижрат қилгандан кейин ул зот (с.а.в.) Мадинани иккинчи ватан тутдилар. Ул зотнинг ватанпарварликлари, тупроғида яшаётган маконга мансубликлари жуда кўп ўринда яққол кўзга ташланади;


1— Мадина ҳаққига шундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, бизга Маккани маҳбуб қилганингдек, балки ундан ҳам қаттиқроқ Мадинани маҳбуб қил!”.

Кейинчалик Мадинага яқинлашганларини билдирадиган аломатларни кўрган пайтда севиниб кетардилар. Анас ибн Молик ривоят қилишларича: “Расулуллоҳ (с.а.в.) сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган пайтларида туяларини тезлатардилар. Агар уловда бўлсалар уни ниқтардилар. Абу Абдуллоҳ айтади: Ровийлардан Ҳорис ибн Умайр: Уни (Мадинани) севганларидан уловни ниқтардилар”. (Бухорий ривояти).


2 – Ички жабҳани кучайтириш. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасида ака-укачиликни жорий қилдилар. Улар бошланишида ўзаро мерос оладиган даражада биродар бўлишди.


3 - Ички жабҳанинг тинчлигини таъминлаш. Мусулмонлар билан Мадинада яшаётган яҳудий ва мушрик араблар каби, мусулмон бўлмаганлар ўртасида аҳднома ва шартномалар тузилиши. 

Шунингдек Мадинани ватан бирлигига таҳдид соладиган хавф ва хатарлардан ҳимоя қилиш. Бу қуйидаги ҳолатларда кўринади;

•    Яҳудийлар Авс ва Ҳазраж қабиласидан бўлган ансорлар ўртасига фитна солишмоқчи бўлганда, уни тўхтатишга зудлик билан киришилди. Уларга жоҳилиятда бўлган ҳолатлари ва Буос кунидага қирғин эсга солинди. Пайғамбар (с.а.в.) машҳур сўзларини шунда айтганлар: “Аллоҳ, Аллоҳ, мен ичингизда бўла туриб жоҳилият даъвосими?!” (Аҳмад ривояти).

•    Мадина аҳли бир кеч қўрқинчли овоз эшитишганда, шаҳар ботирлари, чавандозлари бу овоз нима эканини билиш учун отланишди. Бу пайтда эса Пайғамбар (с.а.в.) овоз келган томондан қайтаётган эдилар ва уларга: “Қўрқманглар, қўрқманглар”, дедилар. Бу сўз одатда хавф ариганда қўрқиб кетганларга меҳрибонлик қилиб айтилади. Пайғамбар (с.а.в.) Мадина аҳлига муҳаббатлари ва меҳрибонликлари туфайли ҳаммадан олдин хавф томонга қўрқмасдан бориб, шаҳар аҳлини тинчлантирганлар.

•    Шунингдек, яҳудий бузғунчиларнинг фитналаридан кўп марта кўз юмганлар. 

3-Ватан мудофааси, қўшинни қуроллантириш ва ҳарбий тайёргарлигига бошчилик қилиш, бир қанча маъракаларда қатнашиш ва Мадинадаги давлатчиликни муҳофаза этиш.


Ватанни севиш ёки ватанпарварлик оддий шиор ёки қуруқ ҳис-туйғугина эмас, балки у амал ва ишдир. Сўзимизга қуйидаги нуқталар билан хулоса қилишимиз мумкин:


1-Бор яхшиликларни тилаб ватан ҳаққига дуо қилиш. Пайғамбар (с.а.в.) ватанлари ҳаққига шундай дуо қилганлар: “Аллоҳим Маккага қилган баракангни Мадинага чандон қилгин!”. (Муттафақун алайҳ). Қайси биримиз ватанимизни шунақа дуо қиламиз?

2-Жамият биносини кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш. Бу ҳаракат қуйидаги ишлар билан бўлади:


•    Силаи раҳм билан; “Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар!”, (Муҳаммад сураси, 22-оят.)

•    Қўшниларимизга яхшилик қилиш билан; Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар: “Қўшниси ёмонликларидан омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”. (Мунзирий, “Ат-тарғиб ват-тарҳиб”).

•    Бир-биримизга яхшилик соғиниш билан; Пайғамбар (с.а.в) айтадилар: “Сизлардан бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани то биродарига яхши кўрмагунча мўмин бўлмайди”. (Бухорий ривояти).

•    Ўзаро ёрдам билан; Аллоҳ таоло айтади: “Яхшилик ва тақвода ўзаро ёрдамлашингиз. Гуноҳ ва адоватда ўзаро ёрдамлашмангиз.” (Моида сураси, 2-оят).

•    Мусулмон бўлмаган ватандаги шериклар билан яхшилик, адолат ва эҳсон қилган ҳолда, метин алоқада бўлиш билан; Пайғамбар (с.а.в.)дан шундай ривоят келган: “Огоҳ бўлинг, ким биз билан аҳдлашган кишига зулм қилса, ёки камситса, ёки тоқатидан ортиққа буюрса, ёки норози этиб бир нарсасини олса, мен бу одамнинг қиёматдаги даъвогариман”. (Абу Довуд ривояти).

•    Гинахонлик, ҳасадгўйлик, манманлик ва ғирромлик каби салбий ахлоқ, тутум ва ишлардан холи бўлиш.


3- Ватан салоҳиятини ошириш ва унинг муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш. Булар эса қуйидагилар билаг амалга ошади:


•    Ватан мол-мулки, муаассасалари ва иншоотларини асраб-авайлаш.

•    Ватан юксалиши ва тараққиёти йўлида тер тўкиш.

•    Ватан хизматида жонни фидо қилиш.

•    Ватан учун ўзни бағишлаш. Бу йўлда раҳмат, мақтов ва эътибор кутмаслик.


4-Ватан ўзлиги, тупроғи ёки обрўсига қилинган фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Зикр қилганларимиздан кўриниб турибдики, ватанни севиш ёки айримлар истеҳзо билан тилга оладиган сўз – ватанпарварлик, ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир. Мана шулардан кейин ҳам мусулмон кишиларнинг ватанфидо эканликларига, ўзлари яшаб турган тупроқларига нисбатан муҳаббатларига шубҳа билан қараш мумкинми?


Мубашшир Аҳмад



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсинИлмий майдон кенгайиб, инсонларнинг таълифга эҳтиёжлари туша бошлагач илк таснифотлар давоми...

4276 05:00 / 09.03.2017
Шариати исломия ҳаётнинг барча жиҳатларига ўзининг эътиборини қаратган, ўзининг асосли ва қониқарли ҳукмини баён қилган буюк таълимотлар мажмуидир. Ана шундай давоми...

15929 05:00 / 09.03.2017
Бу йилдан ўрганган нарсам шу бўлдики, биз режа тузаверар эканмиз, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи қарор қилар экан.Изоҳ 2020йил бошидан бери ўта қисқа фурсатлар ичида жаҳонни давоми...

2158 11:00 / 08.01.2021
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Мен уларни на осмонлару ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилмаганман ва адаштиргувчиларни ёрдамчи қилиб олган эмасман1rdquo давоми...

4320 05:00 / 09.03.2017