1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Меҳрибоним — намозингни ўқиб ол!

11:00 / 04.08.2022 3233 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-оналар фарзандини намоз ўқиганлигини билиб олиши учун турли хил усуллардан фойдаланадилар. Сиз қандай савол берган бўлсангиз ундан шундай жавоб қайтади. Фарзандингиз намоз ўқиганини бир нечта савол орқали аниқлаб олиш мумкин:

Ноўрин савол

Фарзандингизга қўпол тарзда: «Намоз ўқидингми?», деб худди туҳмат оҳангида мурожаат қилиш. Бундай пайтда фарзандингиз ўзини ҳимоя қилиш учун ёлғон гапиришга мажбур бўлади.

Мазах қилувчи савол

Худди уни устидан кулгандек: «Эй амаки, намозингизни қаерда ўқидингиз масжиддами? Таҳорат қилдингизми? Ёки ҳар доимгидек таҳоратсиз намоз ўқияпсизми?» каби саволлар орқали уни ғазабини келтириб, ранжитган бўласиз. Сиз фарзандингизни ҳурмат қилмаганингиздан кейин, унинг эътиборини йўқотган бўласиз.

Бефарқ ҳолатда савол бериш

Кўпроқ бошқа нарсага эътибор бериб, намоз ҳақида сўраш. Масалан, дарс қилганлиги ҳақида сўраб, намоз ўқиган ёки ўқимаганини билиб олиш мумкин. Бу вазиятда фарзандингиз намозни ҳаётда бошқа нарсалардан устун қўйиб, уни қолдиришни бошлайди.

Меъёрда савол бериш

Фарзандингизга мулойимлик билан,  жиддий, бироқ ақлни ишлатиб савол бериш.

Қизлардан бири айтади:«Менинг отам намоз ўқиганимни сўраш учун ўзларининг хос саволлари бор эди. Кечқурун ишдан қайтганларида биринчи бўлиб, намозим ҳақида: «Эй менинг севимли қизим, кўзимни ёруғи, намозингни ўқидингми?», деб сўрар эдилар. Агар мен: «Йўқ», деб жавоб берсам, улар хотиржамлик билан: «Тур меҳрибоним, намозингни ўқиб ол!» дер эдилар. Агар мен намоз ўқиганимни айтсам, хурсанд бўлиб мукофот берар эдилар. Отамнинг мукофотлари бағриларига босишдан бошлаб, токи катта миқдорда маблағ беришгача бўлар эди. Бироқ намозимни интизом билан ўқишим учун менга отамнинг юзларидаги қувонч ўзи кифоя қилар эди».

Фарзандингиз намоз ўқиганини билиш учун унга хуш келадиган саволлардан фойдаланинг. Шунда фарзандингиз сизга итоат қилади. Агар сиз уни ранжитиб, унга ёқмайдиган савол берсангиз, у сизни ғазабингизни келтирадиган иш қилади. Жумладан, фарзандингизга: «Эй бола, намоз ўқидингми?», деб савол берсангиз, саволингизга мос жавоб қайтаради. Аксинча, унга ёқадиган йўл орқали: «Эй яхши кўрган фарзандим, намоз ўқидингизми?», деб савол берсангиз, ундан ўзгача жавоб қайтади.

Агар сиз ишдан қайтганингиздан кейин фарзандингизга: «Намозингни ўқидингми?», деб қўполлик билан савол берадиган бўлсангиз, бу фарзандингизга ҳужум бўлиб, унинг намозга бефарқ эканлигини англатаётган бўласиз. У ўзини ҳимоя қилиш учун: «Ҳа, ўқидим», деб Аллоҳга қасам ичишга мажбур бўлади. Фарзандга бундай қаттиқ йўл билан савол беришингиз, у ўзини ҳимоя қилиш учун ёлғон гапириб, Аллоҳни номи билан қасам ичади.

Оталардан бири айтади: «Ишдан қайтганимда фарзандларимдан намози ҳақида сўрар эдим. Мен уларга: «Намоз ўқидингизми?», деб айтмас эдим, балки бу услуб фарзандларимни бироз қўрқитиб қўяди. Бу сўзни ўрнига мен: «Намоз ўқимаган одам хотиржам туриб намозини ўқиб олсин», деб айтар эдим. Шу йўл билан намоз ўқимаган ва уни кечиктирган фарзандимни кечириб, унга мулойим ва меҳрибон бўлар эдим. Шунда фарзандларим намозига қоим бўлиш учун мажбур бўлишар эди».

Йигитлардан бири айтади: «Отам ишдан қайтганларида биринчи бўлиб намоз ҳақида сўрар эдилар. Ким намозини ўқиган бўлса, совға билан хурсанд қилар эдилар. Аксинча, ким намозини ўқимаган бўлса: «Эй менинг севимли фарзандим, туриб намозингни ўқи! Намоз бизнинг ҳаётимизда барча нарсалардан муҳимдир!» деб айтар эдилар. Мана шу сўзларни биз отамиздан йиллар мобайнида эшитдик. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу сўзлар бизнинг қалбимизга сингиб кетган. Намоз бизнинг ҳаётимиздаги энг аҳамиятга эга нарса бўлиб қолган. Мана ҳозирги кунда ишимдаги катта аксияларни ташлаб намозимни қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ ўша ташлаган аксияларимни менга хайрли қилиб, ёмонликлардан асрар эди».

Қизлардан бири айтади: «Отам ишдан қайтганларида табассум билан намозимизни сўрар эдилар. Гоҳида онам намоз ўқимаган бўлсалар ҳазил қилиб: «Эй хотин ўтиравер, ўрнингдан туришингни ҳожати йўқ. Сериал намоздан кўра муҳимроқ, ҳали вақт бор. Бемалол улгурасан» деб айтганларида мен онамдан ҳам олдин туриб намоз ўқир эдим».

Оналардан бири айтади: «Мен етти ёшли ўғлимга ҳар доим: «Сен қўрқинчли тушлар кўришни хоҳламасанг, ухлашдан олдин намоз ўқишинг керак» дер эдим. Бу гапни мен унга жуда кўп маротаба айтганим учун бу унинг ҳаётида намоз қонун бўлиб қолди ва тунда ухлай олмаса: «Қайси намозимни тўлиқ адо этмадим?», деб намозга мурожаат қиладиган бўлди. Ҳеч бўлмаганда икки ракат намоз ўқиб, сўнгра ухлашга ётар эди. Бу нарса у хуфтон намозини мунтазам ўқиш учун ёрдам берди. Унга: «Намозларинг тўлиқ бўляпдими? Агар таҳоратсиз намоз ўқиган бўлсанг, уни бошидан адо эт! Негаки, намозинг қабул бўлмайди. Агар тез ўқийдиган бўлсанг, эртага Аллоҳга бундан ҳам чиройли ўқишни айт», деб тушунтирдим. Бунинг оқибатида менинг фарзандим гўзал намоз ўқийдиган бўлди».

Йигитлардан бири айтади: «Ёшлигимда отам хуфтон намозини ўқиб сўнг уйга қайтар эдилар. Мендан: «Намоз ўқидингми? Бугун хуфтонда ким имом бўлди? Имом намозда қайси сураларни ўқиди?» каби савол бермасдан, балки антиқа услуб билан: «Намозингда дуо қилишни унутмадингми?», деб сўрар эдилар. Отам мени намоз ўқиганим ҳақида ҳаяжонга солиб қўймайдиган саволлар берар эдилар. Мен отамнинг шундай берадиган саволлари учун ҳам намозимни вақтида масжидда ўқир эдим. Шу туфайли мен масжидда намоз ўқишни яхши кўриб қолдим».

«Қўрқинчлик тушларсиз ухлаш учун чиройли намоз бўлиши керак» мана шу гапни фарзандингизнинг қулоғига шу даражада қуйиб қўйингки, ҳатто бу нарса унинг ҳаётида қонунга айланиб қолсин!

Ҳабибуллоҳ Ахмадовнинг «Намоз» китоби асосида

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда турганларини кўрдим. Бошларида қора салла, унинг пешини кифтлари давоми...

5904 05:00 / 09.01.2017
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин ва Асрда .ВасСамаи ват Ториқ, ва .ВасСамаи затил Буруж, ва шунга ўхшаш давоми...

4142 05:00 / 09.01.2017
Намозда қироат, зикр, муножот ва амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам, қалб давоми...

4711 05:00 / 04.01.2017
Бизларга Исломни дин деб танлаган, Исломни эса поклик устига бино қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинОламларга раҳмат қилиб юборилган, Ҳабибимиз давоми...

5463 09:38 / 09.01.2017