1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Тавба намози

05:00 / 04.01.2017 68461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَلِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ رَجُلًا إِذَا سَمِعْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم حَدِيثًا نَفَعَنِي اللهُ مِنْهُ بِمَا شَاءَ أَنْ يَنْفَعَنِي، وَإِذَا حَدَّثَنِي رَجُلٌ مِنْ أَصْحَابِهِ اسْتَحْلَفْتُهُ، فَإِذَا حَلَفَ لِي صَدَّقْتُهُ، وَإِنَّهُ حَدَّثَنِي أَبُو بَكْرٍ وَهُوَ صاَدِقٌ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: مَا مِنْ رَجُلٍ يُذْنِبُ ذَنْبًا ثُمَّ يَقُومُ فَيَتَطَهَّرُ، ثُمَّ يُصَلِّي، ثُمَّ يَسْتَغْفِرُ اللهَ إِلَّا غَفَرَ اللهُ لَهُ، ثُمَّ قَرَأَ هَذِهِ الْآيَةَ -ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ- الْآيَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича наф берадиган одам эдим. Қачон у зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса, (гапини) уни тасдиқлар эдим. Албатта, шаън шулки, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан, у содиқдир:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйса, сўнгра туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот:

«Ва улар фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдилар» (Олим Имрон 135-оят) оятини қироат қилдилар», деди».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аслида тавба хоҳлаган пайтда, намозсиз ҳам қилиниши матлуб. Лекин у намоз билан бўлса, кучли ва қабули осон бўлади. «Намоз мўминнинг силоҳи» дейилиши ҳам шундан. Мўмин киши намоз билан ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чорлаши зарур. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб, тавба намози нияти ила икки ракъат намоз ўқиб олишга ўтмоғи лозим. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.

Ушбу ҳадислардаги бош масала шундан иборат. Лекин эътибор билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, бундан бошқа муҳим масалалар ҳам борлигини кўрамиз.

Ана шундай масалалардан бири ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг:

«Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича наф берадиган одам эдим», деган гапларида ўз аксини топгандир.

Ўйлаб кўринг. Эшитган ҳар бир ҳадисдан наф топиш қандай бахт! Бу қандай саодат!  Бундай олий мақомга эришиш осонми?  Бундай пурсаодат ҳаётга соҳиб бўлиш учун нималар қилиш лозим?

Аввало ихлос қилиш керак. Амал қилиш керак.

Ҳадисларни пухта ва аниқ ўрганиш керак.

Ушбу ҳадисда мулоҳаза қилинадиган муҳим масалалардан яна бири айнан ўша ихлос, амал ва ҳадисларни пухта ўрганиш билан боғлиқдир.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қайси саҳобийдан ҳадис эшитсалар, ўша ҳадиснинг тўғри эканлигига қасам ичишини талаб қилишлари айнан шуни кўрсатади.

Маълумки, саҳобаларнинг адолатларига, зеҳнларининг ўткирлигига, ишончли кишилар эканлигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам, ҳазрати Али ҳадис айтган ҳар бир кишидан қасам ичишни талаб қилганлар. Чунки ҳадис эшитиб қўйиб, кетаверадиган нарса эмас. Унга иймон келтириш, амал қилиш керак. Ҳадиси шариф инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсани баён қилиб беради. Қуръонни шарҳлайди, қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатади ҳамда бошқа кўплаб хизматларни адо этади.

Шунинг учун дийн илмини кимдан олаётганига катта эътибор ва аҳамият бериш ҳар бир мусулмон учун муҳимдир. Дийндорликни, фидойиликни, олимликни, устозликни даъво қилувчилар жуда ҳам кўп. Улар ҳар хил бўладилар. Кўплари бузуқ фикрли ва ғаразгўй бўлишини тажриба кўрсатиб турибди. Шунинг учун Аҳли Сунна ва жамоа мазҳабидаги тақводор, инсофли, ҳақиқий олим кишидан илм олиш лозим.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни эшитган, ўрганган ҳар бир ҳадисимиздан кўплаб наф оладиган, илмни ишонч­ли манбалардан ўрганадиган бандалардан қилсин. Бандалик билан баъзи хатоларни содир этган чоғимизда дарҳол тавбага шошиладиганлардан қилсин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб давоми...

7811 05:00 / 04.01.2017
Шарҳ .Витр, сўзи луғатда .тоқ, маъносини англатади. Ушбу фаслда ўша намознинг ҳукми, фазли, ракатлари сони ва унга тегишли бошқа масалалар ҳақида сўз боради.Али давоми...

20042 05:00 / 09.01.2017
Бир йигит айтади .Отам олти ёш бўлганимда вафод этдилар. Отам раҳматлини масжидга бўлган меҳрлари ўзгача эди. Масжидни қуришни, таъмирлашни ва у ерда намоз ўқишни давоми...

4235 16:00 / 17.10.2021
Икки азондан мурод азон ва иқомадир.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас,, дедилар,. давоми...

5243 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

210866 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130131 14:35 / 11.08.2021