1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих омонатдир

11:00 / 31.08.2023 2347 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)


6. Хос ҳолатларни умумлаштириш тарихчиларнинг энг катта хатоларидандир. «Шумбола» асарида Ғофир Ғулом воқеликни ёзганини иддао қилади. Биз уни бунда ёлғончига чиқара олмаймиз. Бироқ, у ердаги талқинни қабул ҳам қила олмаймиз, чунки бошқа тарихий ҳужжатлар у манзарани инкор этади. 


Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар бир шаҳарида ўнлаб мадрасаси, сон‑саноқсиз вақф‑хайриялари бор, қатор рўзномаю мажаллалар чоп қилаётган, рус босқинига қарши юзлаб, минглаб қўзғолон қилган, Европа билан алоқаларни тиклаб, завод‑фабрикалар қурган, ўзидан ошиб, Макка‑Мадинада ҳожиларга работлар кўтарган, хорижда масжид‑мадрасалар бино этган, вакиллари Икки Ҳарамда мударрислик қилаётган халқ Олмония нималигини билмайдиган даражада саводсиз, самоворнинг паққилашига юраги ёрилиб кетай дейдиган даражада қўрқоқ бўлиши мумкинми? Йўқ, асло. 


Аждодларимиз биздан кўра ғайратли, ғурурли ва албатта маърифатли бўлганига шубҳа йўқ. Бироқ, замонавий илм‑фанда ортда қолганлари уларнинг бошқа ютуқлари, фазилатлари юзига парда тортди. 


Хуллас, қайси бир қишлоқнинг қайси бир чеккасида Ғофур Ғулом тавсифлагандек ҳолат бўлиб ўтган бўлса бордир, бироқ битта ҳодисани бутун бошли халққа умумлаштириш тарихга нисбатан туҳмат бўлади, хиёнат саналади. ....


Суҳбат асносида Нозим Сафари мийиғида кулганча «аждодларимиз баъзи ишларни қилган, уларни айтиб бўмайди‑ку», деган мазмунда сўзлаб, афтидан, баччавозликка ишора қилган. Билмадим, унинг боболари шунақа ишлар қилган бўлса бордир, лекин бизнинг аждодлар ундай бўлмаганини биз яхши биламиз. Юртимизда бир қатор аждоди тайин, шажарали кишилар бор. Ўргансангиз, ҳаммаси ҳам ўз даврида илм‑маърифатли, тавқоли инсонлар, бир қанчалари машойихлар бўлишган. (Отамлардан эшитганманки, у кишининг юқоридаги 11 та боболари барчалари қози ва уламолар бўлган экан).


Барча жамиятларда жиноятчилар, бузуқилар бўлган ва ҳозир ҳам бор, бироқ, ҳеч бир ақли бор халқ уларни умумлаштириб, «аждодларимиз» деб эсламайди, улардан ибрат ҳам олмайди. Бирор одат ёки ҳодисани умумжамият қабул қилса, ўшанда уни ўша жамиятга нисбат бериш мумкин. Масалан, боболаримиз минг йил оша мусулмон бўлган, деса ёки Исломдан олдин аждодларимиз мажусий бўлган, деса, жоиз, чунки бу умумхалқ ҳолати, аммо бир‑иккита ўғри‑жиноятчиларга шама қилиб, «аждодларимиз ўғрилар бўлишган экан», деса, бу ўтмишга туҳмат, тарихга хиёнат бўлади.  Шоввозларимиз ёш болалар каби бу қоидани ҳам оёғини осмондан қилишибди.


7. Исмлар алдаб қўймасин. Баъзан исмлар бир хил бўлиши мумкин, аммо ҳодисалар бошқа‑бошқа бўлади. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг даврларида ҳабашийлар масжидда рақс қилганлари саҳиҳ ривоятларда келади. Буни ўқиган одам гурузинча рақс ёки анжанполкасини тушуниб олса, бу хато бўлади. У ерда рақс деб айтилган иш ҳарбийча сакраш, қилич ўйнатишдан иборат енгил ҳаракатлар бўлган, холос. Бинобарин, бу ҳадисни бугунги енгилтак рақсларга далил қилиб бўлмаслиги ақлга ишора, буни барча уламолар таъкидлайдилар.


Набиз (хурмони ивитиб тайёрланадиган ичимлик) ҳанафийларда ҳалол, бошқаларда ҳаром дейилгани айтилади. Айримлар ушбу масаладан ҳанафийларни маст қилувчи ичимликка фатво берганликда айблашга уринган. Аслида бу ерда исм бир, холос, номланмишлар бошқа‑бошқа. Набизни ҳаром деганлар унинг маст қиладиган турини айтган ва кўпинча у шундай бўлган. Уни ҳалол деганлар эса маст қилмайдиган турини назарда тутган. Шунинг учун «шароб ичдик», дейилса, дарров хамрни тушунмаслик керак, балки нордон ичимликларни ҳам баъзан шароб деб аташганини унутмаслик даркор. 


Олдинда барча жамиятларда қулдорлик мавжуд бўлган. Бироқ, мусулмонлардаги қулдорлик сиёсати билан Ғарбдаги қулдорчилик ўртасида ер билан осмон ўртасича ёки Ғарб билан Шарқ орасича фарқ бўлган. Бу мавзуда жуда кўп гапириш мумкин. Муҳими, қулдорлик деган сўз Ғарбу Шарқда бир мазмунни англатса‑да, воқеликда улар бир хил ҳолатга далолат қилмаган, бошқа‑бошқа вазиятларни билдирган.


Ёшлигимизда Андижон марказий бозорида дорбозлар ўйини бўларди. Унда полвонлар тош отиб, дорда юриб ўйин кўрсатишар эди. Буни бугунги кундаги рақсларга умуман алоқаси ҳам, ўхшаш жойи ҳам йўқ.

Бундай эркакча ўйинларни ҳозирги енгилтак ёки ҳирсни уйғотадиган ўйин‑кулгиларга асос қилишга уриниш алдовдан бошқа нарса эмас.


Куйлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида дуф чалиб қизларнинг ашула айтиб, ўйин‑кулги қилиши ҳозирги зарубежный қўшиқлар ва уларда ярим‑ялонғоч ёки шаҳвоний ҳаракатлар билан қилинган рақсларни жоиз дейишга асос бўлмайди. Шориъ ўзи гувоҳ бўлганига рухсат берган, кейинги бузилган шаклига жавобгар эмас.


Мумтоз куй‑ашулаларимизни ҳозирги эстрадага таққослаш ақлан ҳам, шаръан ҳам дуруст бўлмайди. Айрим олимлар мусиқага рухсат берганида ҳам маълум қайдлар билан жоиз дейишган. Мумтоз куйларимизда айни шу нарсани кўриш мумкин. Бироқ, ҳирсни уйғотадиган, ғафлатга тортадиган куй‑қўшиқ ножоиз эканида ихтилоф бўлмаган ва Ислом оламида бунга рухсат берилмаган. Бинобарин, бугунги ножоиз ишларни ҳаспўслашда исмдаги ўхшашликдан фойдаланишга уриниш қаллобликдан бошқа нарса эмас.


Бир ҳодисани айтсам, фикрим янада ойдинлашса керак. Водий уламолари тўй тузаладиган наҳорги ошларда ҳофизларнинг ашула айтиши борасида ихтилофда бўлишган экан. Баъзи олимлар жоиз билса, бошқалари ҳаром санаган ва ҳар ким ўз фикрида бўлган. Жоиз деб билган олимлардан бири ўғлига қилган тўйда бўлиб ўтган ҳолатни катталардан эшитганман. 1905 йил ўтказилган ушбу тўйда ҳофиз танбур чертганча форсий ғазални куйлар экан, бир байтнинг мазмунидан тўйхона аҳли ларзага келади ва ҳамма хўнг‑хўнг йиғлайди. Яъни ғазал шунчалар ибратли ва мазмунли бўлган. 


Ўзингиз айтинг, ўша мажлисни шаҳвоний ҳаракатларга тўлган ҳозирги айрим тўйларга таққослаш мумкинми? Йўқ, албатта. 


Айтишим жоизки, мен бу ерда куй‑қўшиқнинг ҳукми устида баҳс қилмоқчи эмасман, балки исмлардаги ўхашашлик воқеликнинг бир хил эканини англатмаслигини такъидламоқчиман, холос.


Айрим бойлар, амирлар ҳузурида раққосалар ўйини бўлганини айтишибди. Бўлса бордир, лекин ундан ибрат олиш шарт эмас. Қолаверса, у пайтларда қулодорлик мавжуд бўлиб, канизаклар хўжасига ҳалол саналган. Шу боис, буни номаҳрамларнинг рақсини томоша қилишга далил қилиш ярамайди.  Шу билан бирга, бу каби ҳодисалар нодир ҳолатлар бўлиб, ўшанда ҳам уламолар бундай маъишатга берилишни қаттиқ қоралашган, ўзини билган амиру бойлар бу каби ишларни ўзига раво кўрмаган. Зотан, у пайтларда ижтимоий назорат ниҳоятда қаттиқ бўлган. Шаҳватга берилган киши жамиятда мавқеини йўқотиб қўйиши тайин эди. Шу билан бирга, ўша маишатпарастликлар кейин анча қимматга тушганини ҳам унутмаслик керак.


Тарихимиздан ўйин‑кулги қидираётган жаноблар яна бир гапни айтишмабди.

 «Шашмақом» китобида такъидланишича, мусулмон ўлкаларида, жумладан, бизда ҳам қўшиқчилар асосан қул ва номусулмонлардан иборат бўлган, чунки у пайтларда ашулачилик паст касб саналиб, ўзини ҳурмат қилган одамлар бундай ишлардан узоқ бўлишган. Бироқ, суҳбатдошлар тарихий воқеликни бошқача тавсифлашга уринишибди.
Адиблар айрим сўзларни ҳақиқий маънода ҳам, мажозий маънода ҳам ишлатаверишган. Улар базм ва шароб деганда кўпинча маънавий ҳолни ҳам назарда тутган. Ғарб тадқиқотчилари ва биздаги улардан ранг олган тарихчилар бу ҳақиқат олдидан ҳам ҳамиша кўзни юмиб ўтиб кетишади.


8. Ўзбек тарихчиси ғарб ва рус адабиётларини ўрганиш билан бирга, араб ва форс тилини билмаса, тарих ҳақида хулоса қилишга ҳаққи йўқ. Подкастдаги суҳбатдошларнинг энг катта камчилиги ва барча хатоларининг сабаби ҳам шунда, улар номусулмонларнинг фикрлари таъсирида қолиб кетган, асл манбалардан баҳра олмаган.


Кўпинча шарқшунослар имом Табарийдан ёки имом Заҳабийдан иқтибос келтиришади. Манбаларни саҳифасигача қайд қилганини кўрган одам уларнинг сўзларига тўлиқ ишонади. Бироқ, агар қунт қилиб асл манбага мурожаат этилса, кўпинча воқеа тўғри берилган‑у, талқин бузуқ бўлганини равшан бўлади. Юртимизга илк Ислом кириб келган асрлар ва сўнги хонликлар даврига оид тарихимиз борасида битилган асарларда ҳам бунга мисоллар кўп.


Аниқки, Бахтиёр ҳам, унинг шериги ҳам на Ибн Синонинг китобини, на Берунийнинг китобини бевосита ўз асл тилида ўқиган. Уларнинг тарихимиз ҳақида гапираётган ҳамма сўзлари бировларнинг хулосаси. Бўлганда ҳам, кўпи мустамлакачиларнинг фикрлари. Бундай кўчирмачилар ҳеч қачон ҳақиқий тадқиқотчи саналмайди. Камига ана ўша ғаразли фикрларни бор ҳақиқат деб уқтиришлари ортиқча. Ундан ҳам ўтиб, ўзи ҳали бирор китобини асл тилида ўқиб тадқиқ этмасдан муаллифи ҳақида, бўлганда ҳам, энг нозик жиҳати ‒ иймони масаласида валдираш сўзловчининг қанчалар масъулиятсиз, бефарқ эканини билдиради. Тадқиқотчи бундай бўлмайди.


Рус тарихчилари ичида энг холиси В. Бартолд бўлса, у ҳам айрим нохолис фикрлар айтганини ёки фикрлари баъзан маълум мафкурага бўйсундирилганини кўриш мумкин. Мен уларнинг асарларидан умуман фойдаланмаслик керак, уларнинг ҳамма фикрлари хато, демоқчи эмасман. Балки мутахассислик мақомини касб этмоқчи бўлган одам уларнинг хулосаларини ўрганиш билан бирга, аждодларимиз, мусулмон тарихчилар ёзган асарларни ҳам бевосита ўзи ўқиб, тадқиқ этадиган даражада салоҳиятга эга бўлиши даркор. Акс ҳолда, тарихимиз ҳақида хулоса айтишга ўзини тўлақонли ҳақдор билмаслиги лозим.


9. Мусулмонлар илм‑фанга ҳеч қандай ҳисса қўшмагану, фақат Юнон файласуфлари ва Форс мажусийларининг асарларини таржима қилишган, деган фикрни илгари суриш ўша нохолис ғарбликларнинг услубидир. Суҳбатда мана шу фикр ҳам сиздирилган.


Аслида илм‑фан башариятники, уни халқлар даврлар оша қўлма‑қўл қилиб, ривожлантириб, бир‑бирига узатиб келган. Масалан, оддий ёзувни олинг, дастлаб қадимги Мисрда иероглиф шаклида бошланган бўлса, кейин уни Батродаги (Петра) набатийлар ривожлантирган ва бутун дунёга ёзув шундан тарқаган. Бироқ, у Шарқда ўзига хос, Ғарбда ўзига хос тараққиёт босқичларини босиб ўтган. Шу боис, ёзув ихтиросини битта халққа чеклаш хато, балки у Ғарбу Шарқ халқларининг асрлар оша бир‑бирларидан олган илмларини ривожлантириши натижасида юзага келгандир.


Бу худди мукаммал қилиб қурилган муҳташам бинога ўхшайди. Кимдир унга чуқур ковлаган бўлса, кимдир лойини қориган. Кимдир пойдеворини, яна бошқаси девор ёки томини кўтарган. Кимлардир унинг эшик‑комини, яна кимлардир бўёғу чироғини қўйган. Уйнинг биносини бир кишига нисбат бериб бўлмаганидек, илм‑фан ютуқларини ҳам бир соҳа кишиларига ёки бир давр ёхуд маълум минтақа вакилларига чеклаш адолатсизлик ҳисобланади.


Илм‑фан ҳам умумбашарий бойлик саналади, фақат унинг ривожига ким кўпроқ ҳисса қўшганини таҳлил қилиш мумкин, бироқ, барча ютуқларни бир тарафга буришга уриниш нохолисликдан бошқа нарса эмас.


Илм‑фан бир давр Юнонда ривожланган бўлса, бошқа бир давр Хитойда, яна қайси бир асрларда Ҳиндистонда тараққий этган. Баъзи илмлар Шарқда, баъзилари Ғарбда етилган.

 Ўз навбатида мусулмон олами ҳам бир неча аср мобайнида илм‑фаннинг барча соҳаларида дунёда етакчилик қилган ва инсониятга сон‑саноқсиз илмий янгиликлар, ихтиро ва кашфиётларни тақдим этган. Бу пайтда мусулмон олимлари фақат таржимонлик қилмаган, балки улар илмларни ўзлаштириб, сақлаб, қайта тиҳрир қилиб, мавжуд хатоларни тўғрилаб, ривожлантиришган, тартиблашган ва кейинги авлодларга узатишган. Буни инсофи бор ҳар қандай олим эътироф этиши аниқ. Бироқ, нохолис фикрлар таъсирига тушиб қолган, ўз аждодини танимайдиган гўрсўхталар бу ҳақиқатни англай олмайдилар.


Форобий бежизга «Иккинчи муаллим» деб аталмаган. У ўз асарларида ақлий қоидалар билан Юнон фалсафасини таҳлил қилган ва Яратувчининг биру борлигини фалсафий асосда тушунтирган. Бу билан у Ислом ақийдаларини ҳам ҳимоя қилган. 


Абу Алий ибн Синонинг тиб илмида ёзган асарлари бир олам бўлса, фалсафа ва мантиқдаги асарлари яна бир дунё. У ўз асарларида ўрни келганда Афлотуннинг фикрларини танқид қилиб, ўз таклифларини илгари суради. Муҳаммад Хоразмийнинг ҳисоб илмига оид таҳлиллари, Аҳмад Фарғонийнинг ихтиролари, Абулқосим Заҳровийнинг ҳанузгача ишлатилаётган жарроҳлик қуроллари, Ибн Нафиснинг тиб илмидаги кашфиёт ва ихтиролари ‒ бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин ‒ буларнинг барчаси илм‑фан ривожидаги тарихий ютуқлар бўлган. 


Хўш, нега уларнинг бу хизматларини инкор қилиш керак? Нега уларни фақат кўчирмачидек тавсифлаш керак? Бошқаларнинг мусулмон ихтирочиларининг янгиликларини ўзлаштириб олгани камми?


Автомобиллар тарихини ўргансангиз, бир ёқда олмонлар, бир ёқда руслар, яна бир тарафда америкаликлар, бошқа тарафда японлар ўзларини автомобилнинг биринчи ихтирочиси деб иддао қилишга уринади. Аслида уларнинг барчаси бу ишда муштарак, бир‑бирларининг тажрибасига суянган, илмидан фойдаланган. Худди шу каби мусулмонлар ҳам ўзларидан олдинги миллатларнинг илмий ютуқларидан фойдаланган ва ўзлари ҳам бу бемисл янгиликлар тақдим қилган. Бу кўчирмачилик ёки таржимонлик эмас. Бироқ, кўпроқ Ғарб манбаларига чекланган кишилар бу ҳақиқатни қабул қила олмайдиган бўлиб қолишади. Зотан, инсон ўзи олган илк маълумотлар таъсиридан чиқиши қийин.


10. Баъзи кимсалар тарихимиздан тўрттагина олимни таниб, ўшани қайта‑қайта гапирилишини айтибди. Тўғри, биз шунга одатланиб қолдик. Бироқ, бу дегани биздан фақат ўша тўртта олим чиққан дегани эмас. Ўша тўртта олим билан чекланиш бизнинг айбимиз, аждодларнинг камчилиги эмас. 


Биринчидан, буюк олимлар осмондан тушиб қолмайди, уларга таълим берган устозлар, улар ўқиши учун асарлар, улар беллашадиган шериклар, уларни тинглайдиган шогирдлар бўлиши, хуллас, улар учун етарли илмий муҳит бўлиши керак, шундагина улар етишиб чиқади.


Иккинчидан, динсизлик, мустамлакачилик сиёсати бизни ҳақиқий тарихдан маҳрум қилган. Биз тарихимизни улар истагандек ўрганишга мажбур эдик. Шунинг учун тўрттагина олимимизни танишдан нарига ўта олмаганмиз. Аслида тажрибий илмларда етук олим аждодларимиз кўп бўлган, бироқ, уларни ҳануз керагича ўргана олганимиз йўқ. 


Аллома Насафий «Ал‑Қанд фи зикри уламои Самарқанд» китобида 3000 дан зиёд олимни зикр қилади. Агар ўша пайтдаги аҳоли сони эътиборга олинса, халқимиз ичида олимлар адади қанчалар юқори бўлганини англаш мумкин. Уларнинг ичида илм‑фаннинг турли соҳаларида ижод қилган олимлар ҳам ўрин олган. Муаллиф асарда ўзигача бўлган биргина вилоят олимларини эслаб ўтган. Бошқа вилоят ва шаҳарларни қўшса, у кишидан кейинги даврларни ҳисобга олинса, уламоларимиз адади қанча бўлишини ўзингиз билиб олсангиз бўлаверади.


Доктор Нажиб ибн Хайра «Шарқдаги мусулмонларнинг табиий фанларга қўшган ҳиссалари» номли рисоласида фалакиёт, тиббиёт, ҳандаса, математика ва бошқа илмларда етишиб чиққан юртимизнинг ўнлаб олимларини санаб ўтади. Жумладан, табиб Алий ибн Саҳл Марвазий, файласуф, табиб Абулҳасан Муҳаммад Куҳистоний, «Шарҳу Иқлидис», «Ал‑Ҳисабул‑ҳиндий» ва бошқа бир қанча китоблар муаллифи, самарқандлик математик олим Аҳмад ибн Умар Каробисий, маетматикада мутахассис бўлгани учун «Ҳосиб» деб лақаб олган Абу Алий Ҳасан ибн Муҳаммад Фароизий, фалакиётшунос олим Жаъфар ибн Муҳаммад Балхий, фалакиётшунос, файласуф, «Ал‑Вужуд», «Ал‑ъадад вал‑муъдудат» ва бошқа қатор асарлар муаллифи Мансур ибн Талҳа, фалакиётшунос, математик, муҳандис олим Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Иёдий, фақиҳ, фалакиётшунос олим Абу Ҳотим Бустий каби олимларни зикр қилган. 
(Давоми бор)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фитнабошилар Мадинадан қайтиб боришлари билан халифага қарши чиқишга махфий равишда тайёргарликни бошлаб юборишди. Улар ўзаро мактуб ёзишиб, ўзларини ҳажга давоми...

1311 14:15 / 04 ноябрь
ЭЛХОНЛАР12601320. ҲАЛОКУ. Ислом тарихи яна Бағдодга қайтади. IV бобда айтиб ўтилганидек, бу шаҳар Ҳалокухон ва унинг монгол сафдошлари томонидан вайрон қилинди. Бироқ давоми...

5715 05:00 / 24.02.2017
ҳижратдан аввалги 15 йил, Рамазон ойи милодий 608 йил, августсентябрь.Бу пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда ўттиз саккиз ярим давоми...

2773 19:04 / 22.10.2019
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга тақдим қилган улкан хизматларидан бири дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни давоми...

2004 14:00 / 26.07.2023
Аудиолар

137632 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57697 14:35 / 11.08.2021