1446 йил 15 жумадул аввал | 2024 йил 17 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Ибн Синонинг асарлари Европа нигоҳида

16:00 / 14.08.2023 1572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Сино қаламига мансуб фалсафий асарларнинг илк таржималари Европада XII асрда, Испаниянинг Толедо шаҳрида таржимонлар мактаби ташкил қилинган пайтда пайдо бўлди. Ушбу мактабнинг олдига насроний дунёсини юнон ва араб мутафаккирларининг асарлари билан таништириш вазифаси қўйилган эди. Ушбу мактаб вакиллари томонидан араб тилидан қилинган дастлабки таржималар Ибн Синонинг «Метафизика» ҳамда «Руҳ ҳақидаги китоб» асарлари бўлди. Аслини олганда, айнан мана шу асарлар туфайли Европа Ибн Сино фалсафаси билан биринчи бор танишган эди. «Тиб китоби»нинг руҳиятга доир қисми Европада лотинча «Liber de Anima» («Руҳ ҳақида китоб») «Opus egregium de Anima» («Руҳ ҳақидаги ажойиб асар»), «Liber sextus naturalium» ёки «Liber sextus de naturalibus» («Олтинчи физика китоби») деган номлар билан танилди.


«Руҳ ҳақидаги китоб»нинг лотинча таржимасида Толедо архиепископига бағишлов бор. Бу бағишловдаги бир қатор қўлёзмаларда архиепископ Жаннинг (Иоганн) номи зикр қилингани туфайли, бу таржима унинг ҳузурида, яъни 1152 ва 1166 йиллар орасида қилинган деб тахмин қилиш мумкин. Бағишловда Толедо епископидан ташқари яна икки киши: жайдари лотин тилига (Кастилия шаҳрининг лаҳжаси) оғзаки таржима қилган Авендует ҳамда матнни классик лотин тилида қайта ишлаган архидьякон Доминик ҳам зикр қилинган.


Бағишловда айтиб ўтилган Доминик - Доминик Гундисалинус ёки Доминик Гундисальвидир. У 1180 йилда Ибн Синонинг «Метафизика» асари таржимасини якунлаган (у матнни қайта ишлаган деб гумон қилишга етарли асос бор, чунки бу сафар таржима воситачисиз амалга оширилган). Гундисальви Ибн Синонинг таъсири остида ўзининг «Руҳ ҳақида» деб номланган асарини ёзган. Доминик шунингдек Арастунинг «Физика» асарини ҳамда унинг яна 10 та китобини, Ибн Синонинг «Метафизика»сини, Ғаззолийнинг «Фалсафа»сини, Форобийнинг «Илмлар ҳақида» ҳамда Авицеброннинг «Ҳаёт манбаи» асарларини таржима қилган.


Авендут деган киши, эҳтимол, тахминан 1148 йилдан бошлаб Толедода яшаган (ва ўша ерда 1180 йилда вафот этган) Авендаут ёки Абраам ибн Давуд бўлса керак. У ўзининг араб тилида ёзилган «Юксак иймон» деб аталган асари ҳамда «Анъаналар китоби» деган тарихий рисоласи билан машҳурдир. Аммо бир қатор тадқиқотчилар Ибн Довудни Авендеут деб нисбат беришга қарши фикр билдирган.


Толедода бир муддат Михаил Скот (1175–1235) ҳам ишлаган бўлиб, у Падуя, Болонья ва Римда узоқ вақт таҳсил олгандан кейинг Сицилияда, Фридрих II саройида қарор топган эди. У дўсти, Валенсиялик Беренгар (1313) билан бирга Ибн Синонинг кўпгина асарларини таржима қилган. 


У яна бир сафдоши Герман Немец билан бирга 1217 йилдан 1256 йилгача Ибн Рушднинг Арасту қаламига мансуб «Осмон ҳақида», «Руҳ ҳақида», «Метафизика», «Риторика», «Поэтика», «Никомах этикаси» ва Стагиритнинг табиий фанларга оид майда асарларига кичик изоҳларни таржима қилган. 


Унинг ўз таржималари ҳам бўлган. У Севильялик Батракийнинг (Альпетрагий ҳам дейилади) астрономияга оид китобини таржима қилган бўлиб, бу китобда Николай Коперникка нисбат берилган кўпгина ғоялар аввалроқ айтиб ўтилган. Скотт лотин дунёсини Ибн Рушднинг ғоялари ҳамда Арастунинг биологияга оид асарлари билан таништирди. Фридрих II нинг дўсти, черковнинг душмани бўлмиш бу одам ҳақида «У сеҳр-жоду билан шуғулланади» деган мишмишлар юрарди. Данте уни жаҳаннамнинг тўртинчи доирасига, пайғамбарлар билан сеҳргарлар ўртасига жойлаштирган эди. Данте «У сеҳр-жодунинг шайтоннинг ўйинига айлантира олганлардан эди», деган эди.


Шунингдек, толедолик яна икки таржимонни: англиялик таржимон, Сарешеллик Альфред ҳамда унинг сафдоши Морлилик Даниэлларни ҳам ҳам айтиб ўтиш лозим. Улар туфайли хато равишда Арастуники деб ҳисобланган илмий асарлар («Сабаблар ҳақидаги китоб» ва «Теология») таржима қилиниб қолган. 1160 йилда палермолик адмирал Эудженио араб тилидан Батлимуснинг «Оптика» асарини таржима қилди, ваҳоланки ҳамма уни юнон тилининг билимдони деб биларди. Герарддан 12 йил аввал Эудженио «Альмагест» асарини айнан юнон тилидан таржима қилган бўлиб, бу нусхадан XV асрнинг охиригача фойдаланиб келинган. Англияда араб илм-фанини илк бор тарқатган одам чўқинтирилганда Petrus Alphonsi деб номланган испаниялик яҳудий бўлиб, Генрих I нинг даволовчи табиби бўлган. Бундан кейин Англиялик Карлнинг буюртмасига кўра асли яҳудий бўлган сицилиялик Моисей Фараки (1285 йилда вафот этган) «Liber continent» китобини– Закариё Ар-Розийнинг қаламига мансуб бўлган, юнон, шом ва араб тиббий рисолларининг кенг антологияси бўлмиш «Қамровли китоб» асарини таржима қилган.


Европаликлар ўша пайтдаёқ қудратли илмий маданият соҳибига айланган Шарққа эҳтиром билан муносабатда бўлар эдилар. Академик В.В. Бартольд қизиқ бир тарихий фактни келтиради: «Франциянинг жанубидаги Виенна шаҳрининг черковида (1311-1312 йилларда) Рим, Париж, Болонья, Оксфорд ва Саламанка университетларида араб, яҳудий ва халдей тиллари бўйича профессура ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилинган; бироқ мутахассислар йўқлиги туфайли бу қарор XVI асргача амалга оширилмаган».


Испанияда ўн биринчи асрда бошланган араб-юнон меросини ўзлаштириш жараёни Европанинг турли минтақаларида ўн олтинчи, ўн еттинчи асрларгача давом этди. Масалан, XVI асрнинг бошида Италияда Андрэа Альпаго фақатгина Ибн Сино, Ибн Рушд ва бошқа мусулмон олимларнинг асарларини янгитдан таржима қилиш билан банд бўлган. Араб китобларининг лотинча нусхалари тайёр бўлиши билан Болонья, Монпелье, Париж ва Оксфордда дарҳол уларни ўрганишга киришишар эди. Юқорида номи айтиб ўтилган дастлабки икки мактаб асосан араб тиббиётини ўрганишга ихтисослашган бўлса, кейинги иккиси – Париж ва Оксфорд – араб олимларининг фалсафа ва илоҳиётга оид асарларини ўрганишга қизиқар эди.


«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи башорат.Аллоҳ Набийлардан .Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон давоми...

2377 11:05 / 31.10.2019
Мусулмонлар ўз динларини маҳкам тутган даврда, Қуръон ва Суннатга амал қилган пайтларида, ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларга ҳам яхши амал қилганлар. Бунинг натижаси давоми...

1623 11:00 / 07.03.2023
Мусулмонларнинг энг кўзга кўринган физик олимларидан бири 1029 йилда вафот топган Ҳасан ибн Ҳайсам ёруғлик илмини кашф қилган олим ҳисобланади. У ўзининг илмий давоми...

2669 11:00 / 14.03.2020
Насронийларнинг аксарияти Инжил бевосита Ийсонинг ҳаётига гувоҳ бўлганлар томонидан ёзилган, деб ҳисоблашади. Шунинг учун бу китоблар Ийсонинг ҳаёт йўли ва давоми...

4007 19:15 / 15.01.2019
Аудиолар

134655 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54965 14:35 / 11.08.2021