1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Таҳажжуд намозининг фойдалари

10:07 / 20.11.2023 3849 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَن النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا أَيْقَظَ الرَّجُلُ أَهْلَهُ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّيَا جَمِيعًا كُتِبَا فِي الذَّاكِرِينَ وَالذَّاكِرَاتِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».

Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганлигини айтгандир.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон эркак кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб турсалар, ниҳоятда яхши бўлади.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنْ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: عَلَيْكُمْ بِقِيَامِ اللَّيْلِ فَإِنَّهُ دَأْبُ الصَّالِحِينَ قَبْلَكُمْ، وَهُوَ قُرْبَةٌ إِلَى رَبِّكُمْ، وَمَكْفَرَةٌ لِلسَّيِّئَاتِ، وَمَنْهَاةٌ لِلإِثْمِ.

وَفِي رِوَايَةٍ: وَمَطْرَدَةٌ لِلدَّاءِ عَنِ الْجَسَدِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳлардан қайтарувчидир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«У жисмдан дардни қувгувчидир» ҳам деганлар.

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Намознинг фойдаларини санаб, саноғига етиб бўлмайди. Унинг турли фойдаларини қадимда ҳам, ҳозирда ҳам яхши билиб, тарғиб қилиб келганлар.

Ушбу ҳадисда эса тунги намознинг ўзига хос баъзи фойдалари зикр қилинмоқда:

1. «У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир».

Ислом умматидан олдин қанча умматлар ўтган бўлса, уларнинг барчаларининг солиҳлари кечаси намоз ўқишни ўзларига одат қилиб олган эканлар. Ислом умматининг солиҳлари ҳам бу ибодатни ўзларига одат қилиб олишлари лозим экан. Демак, ким кечаси таҳажжуд намози ўқишни ўзига лозим тутса, инсоният тарихида ўтган барча умматларнинг аҳли солиҳларининг ибодат силсиласига қўшил­­ган бўлар экан. Ҳар биримиз ушбу саодатга эришиш пайидан бўлмоғимиз лозим.

2. «У Роббингизга қурбатдир».

Роббил оламинга яқин бўлиш ҳар бир мўминнинг олий ғояси, орзу-умидидир. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун ҳар қандай ишга рози бўлганлар кўп. Ана шу қурбатга эришишнинг энг осон йўлларидан бири кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Ким Аллоҳга муқарраб банда бўлай, деса, кечаси таҳажжуд намози ўқисин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган нарса бўлмай қолмайди. У инсон албатта Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.

3. «У ёмонликларга каффоротдир».

Бандаи ожиз ёмонликларни қилиб қўйиб, уларни қандай ювишни ўйлаб юради. Содир этилган ёмонликларнинг энг яхши каффороти кечаси ўқиладиган таҳажжуд намози экан. Бас, шундай экан, бу намозни ўқишга ҳар бир мусулмон банда ҳаракат қилмоғи керак.

4. «У гуноҳлардан қайтарувчидир».

Инсон ҳал қилиш чорасини топа олмайдиган муаммолардан бири қандай қилиб гуноҳдан четланиб қолишдир. Бу муаммони ҳал қилишнинг энг самарали чораси – кечаси таҳажжуд намози ўқиш экан. Бу намозни етарлича ўқиган одамда малака ҳосил бўлиб боради. Бошқалардан кўра гуноҳлардан четланиши осон бўлиб қолади. Аллоҳга етишган, валийлик даражасига эга бўлган азизларнинг барчалари тунги таҳажжуд намозидан тўла фойдаланганликлари ҳеч кимга сир эмас.

5. «У жисмдан дардни қувгувчидир».

Демак, таҳажжуд намозининг саломатликка ҳам фойдаси бор экан. Бу иш ҳам тажриба ва илм ила собит бўлган ҳақиқатдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, таҳажжуд намозида бу дунё яхшилигию охират саодати мужассамдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мажлисга кирган одам икки кишининг орасига фақатгина уларнинг рухсати билан ўтириши мумкин. Чунки мазкур икки кишининг ўзаро муҳаббати, сирли гапи ёки давоми...

3702 13:02 / 05.02.2019
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла давоми...

2086 16:28 / 11.04.2021
. . . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва давоми...

920 16:48 / 27 октябрь
.Суннат, сўзи араб тилида .тариқат,, яъни .маънавий йўл, деган маънони англатади. .Фалончининг суннати, дегани .унинг ҳаётий йўли, демакдир. Шундан келиб чиқиб, давоми...

35900 10:48 / 11.09.2018