1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Эртага тобутга тушадиганлар бугун нафас олмоқда!

14:00 / 09.01.2024 3596 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ажойиб давра бўлган эди-да, ўшанда. Нега ажойиб бўлмасин?! Ахир, улар орасида Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар-ку!


Саҳобалар у зотнинг юзларига боқиб тўйишмасди. Қандай буюк насиба! Шу пайт уларнинг олдидан тобут кўтарган одамлар ўтиб қолди. Саҳобалар маййитни мақташди. Эҳтимол, уни вафоли дўст, суюкли ёр, яхши фарзанд, ажойиб қўшни, уришганларни яраштирувчи, мискинларга садақа қилувчи, бошқаларнинг хатоларини кечирувчи, қалби масжидга боғланган киши... деб мақташгандир!


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вожиб бўлди!» деб қўйдилар. Сўнгра бошқа тобутни кўтариб ўтишди. Одамлар маййитни ёмон сўзлар билан қоралашди.


У зот яна: «Вожиб бўлди», дедилар. Саҳобалар сўрашди: «Нима вожиб бўлди, Аллоҳнинг Расули?» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлар кимни мақтаган бўлсанглар, унга жаннат вожиб бўлди. Сизлар кимни ёмон деган бўлсанглар, унга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз».
(Имом Муслим ривояти, «Жаноза» китоби, 949).


Ҳали, куни келиб, барчамиз елкаларда кўтариламиз. Ҳар бир жон ўлим тамини тотади. Ҳаммамиз ҳадемай тобутга тушамиз. Тобутга тушганимизда Аллоҳнинг ердаги гувоҳлари биз ҳақимизда нима дейишини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?


Бугун биз муомала қилаётган ҳар бир киши ё бизнинг фойдамизга, ёки зараримизга гувоҳдир.


Инсонларга аралашар эканмиз, шу нарсани ёдимизда тутишимиз лозим. Нимани унутсак унутайлик, аммо «вожиб бўлди»ни эмас!
Биз вафот этсак, ота-онамиз нима дейишади?


«Раббим! Бу ўғлим бизга кўп хизматлар қилди. Ажойиб фарзанд эди!» дейишадими ёки «Унинг бизга оқ бўлганини Ўзинг биласан!» дейишадими?!


Биз вафот этсак, хотинимиз нима дейди?
«Раббим! У жуда яхши эр эди», дейдими ёки «Ундан менинг хаққимни олиб бер!» деб ёқамиздан оладими?!


Фарзандларимиз нима дейишади?
«Эй Раббимиз! У жуда яхши, адолатли, бизни тенг кўрадиган ота эди!», дейишадими ёки «Эй Аллоҳ! У бизга зулм этди, биримизни бошқамиздан устун билди, омонатни зое қилди, яхши тарбия бермади!» дейишадими?!


Қўшниларимизчи, улар нима дейишса экан?
«Раббим! Уни Ўзингга қўшни қил. Чунки у энг яхши қўшни эди!» дейишадими ёки «Ўзингга шукр. Бу бандангдан қутилдик!» дейишадими?!
Ҳамкасбларимизчи?! 


«Аллоҳим! Унга раҳм қил. У яхши инсон эди. Бизга насиҳат қиларди, ёрдам берарди, сиримизни сақларди!» дейишадими ёки «Аллоҳ! Ўзинг биласан, у ишониб бўлмайдиган чақимчи, чидаб бўлмайдиган дилозор инсон эди!», дейишадими?!


Йиқилганида қўлидан тутганингиз ҳар бир инсон сизга гувоҳлик беради. Йиғлаганида кўз ёшларини артганингиз ҳар бир инсон сизнинг фойдангизга гувоҳлик беради. Пулингиз чўғидан аввал табассумингиз тафтини туйган ҳар бир фақир сизни ёқлаб гувоҳлик беради. Сиз ёрдам берган мискин, тўйдирганингиз оч, йўл кўрсатганингиз гумроҳ, ёрдам берганингиз мазлум - ҳамма-ҳаммаси сиз учун гувоҳлик беради!
Яхши гувоҳларингизни кўпайтиринглар.
Эртага тобутга тушадиганлар бугун нафас олмоқда!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким қўлини ювмасдан, ундаги таом юқи билан ухлаб қолсаю, унга давоми...

874 15:41 / 13 октябрь
. .Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг давоми...

4040 18:00 / 03.10.2021
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ўз биродарини кафанласа, унинг кафанини яхшиласин,, давоми...

1440 09:02 / 14.09.2024
. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир банданинг боласи ўлса, Аллоҳ давоми...

1893 11:33 / 07.07.2024
Аудиолар

210872 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130137 14:35 / 11.08.2021