1446 йил 17 Рамазон | 2025 йил 17 март, душанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Мусулмонлар ҳар соҳада пешқадам бўлган

11:00 / 16.06.2023 971 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўртинчи мақола)

Ўрта аср манбаларига кўра, Қуртуба шаҳарида оддий аҳолининг 100 мингта уйи ва бой табақа вакилларининг 60 мингдан ортиқ уйи мавжуд бўлган. Гуллаб-яшнаши даврида Қуртубада бир миллиондан ортиқ аҳоли яшаган, ҳозир эса атиги 300 минг.


Қуртубада аҳоли орасидаги саводхонлик деярли тўлиқ эди. Унинг аҳолиси, олимлари ва савдогарлари, жангчилари ва меҳнаткашлари, барча-барчаси илм олиш, илмий мубоҳасалар олиб бориш, китобларни ўқиш ва муҳокама қилишга берилган эдилар. Ҳатто Қуртуба аёллари орасида ҳам китоб йиғишга иштиёқ кенг тарқалган эди.


Саноат ва савдо ҳам шу даражада жадал ривожланган эди. Конлар маҳсулоти, саноат маҳсулотлари, қурол-аслаҳа, ипак матолар, сахтиён ва шакар Машриқ тарафга овруполиклар ҳамда савдо асосий машғулоти бўлиб қолган барбарлар воситачилигида юборилар эди.


Мусулмонлар қишлоқ хўжалигига ҳам илм-фан ёки саноатга каби қобилият намойиш қилдилар. Испанияда бугунги кунгача мавжуд бўлган ягона суғориш иншоати араблар томонидан қурилгандир (Гюстав Лебон «Араблар маданияти», 1884). Улар серҳосил ерларда шакарқамиш, тут дарахти, шоли, пахта, банан ва бошқа зироат маҳсулотларини етиштира бошладилар. Ерга моҳирона ишлов бериш натижасида Испания, мамлакат жанубидаги кичик бир қисмини истисно қилган ҳолда, улкан бир боғга айланди.


Ўрта аср Оврупосида полизлар мавжуд эди, аммо айнан мусулмонлар боғларни хордиқ чиқариш ва осойишталик маскани сифатида қабул қилганлар. Ва бундай турдаги илк қирол боғлари XI асрда айнан мусулмонлар Испаниясида пайдо бўлган.


Мусулмонлар фаолияти илм-фан, саноат ва санъатнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Улар томонидан амалга оширилган жамоатчилик ишлари римликлар фаолиятидан ҳам каттароқ эди. Кўприклар, йўллар, сайёҳлар учун меҳмонхоналар барча ерларда пайдо бўлар, уларнинг адади борган сайин ошиб борар эди. Архиепископ Хименес кейинчалик Гранадада араб қўлёзмаларини ёқар экан (улардан саксон минг атрофида тўплаган эди), ўзининг дин душманлари ҳақидаги хотирани тарих саҳифаларидан бутунлай ўчириб ташламоқчи бўлди, аммо аён бўлди-ки, уларнинг номлари нафақат ёзма мерослари, балки мусулмонлар ер юзида қолдирган барча меҳнат маҳсуллари туфайли сақланиб қолди.


Денгиз флоти жуда ривожланган бўлиб, унинг воситасида Оврупо, Осиё ва Африканинг барча денгиз бўйи шаҳарлари билан савдо олиб борилган. Узоқ вақт давомида мусулмонлар Ўрта ер денгизининг ягона хўжайинлари бўлишган (Гюстав Лебон «Араблар маданияти», 1884).


Бир неча юз йил ичида Испанияни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан ўзгартирган мусулмонлар уни Овруподаги барча халқлар устидан энг юқори даражага чиқариб қўйишди. Хатто одоб-ахлоқ ҳам улкан ўзгаришларга учради. Мусулмонлар насронийларни энг қимматли инсоний сифат – бағрикенгликка ўргатдилар (барча, ҳеч бўлмаганда, шундай бўлишга ҳаракат қиларди). Уларнинг фатҳ этилган мамлакат аҳолисига нисбатан марҳамати шу даражада эди-ки, хатто насроний руҳонийлари черков йиғилишларини ўтказишларига ижозат берилган эди: мисол учун, 782 йилда Севильядаги йиғилиш ёки 852 йилда Қуртубадаги йиғилиш. Араблар ҳукмронлиги даврида қурилган кўплаб черковлар ҳам уларнинг ўз қўллари остидаги халқлар эътиқодига нисбатан ҳурматини исботлайди. Мусулмонлар Испанияси яҳудийлар паноҳ топган Овруподаги ягона мамлакат эди, шунинг учун улар бу ерларга кўплаб кўчиб келишган.


Гюстав Лебон ёзишича «Испания арабларини бағрикенгликдан ташқари, шунингдек, олижаноблик одатлари ҳам ажратиб турарди. Рицарлик қонунлари: заифларга шафқат қилиш, мағлубга нисбатан марҳаматли бўлиш, берилган сўзга содиқ туриш ва бошқаларни насроний мамлакатлар кейинроқ қабул қилдилар; мазкур қонунлар одамлар қалбига диндан кўра кўпроқ таъсир кўрсатдилар, булар эса Оврупода араблар туфайли тарқалган эдилар».
(Давоми бор)


«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1144 йилнинг декабрь ойида Мосул амири Имадуд Дин Занги Эдессани босиб олганидан сўнг, 1145 йили папа Евгений III 1145ndash1153 янги салб юришига чақириқ билан чиқди. Жўшқин давоми...

2416 11:00 / 05.10.2023
Христианлар учун муқаддас саналган Тавротда Одам Атога ейиши ман қилинган дарахт илм ва маърифат дарахти эди. Аллоҳ инсонга илму маърифатни раво кўрмагани учун давоми...

2442 11:02 / 06.09.2020
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ғарбликлар яхшилик қилиш ва эзгуликка бўлган рағбатларини йўқотган, соғлом тамойиллар ва асосларни зое қилган, қалблари тўғри давоми...

1138 11:27 / 20.08.2024
Илм бир нарсага ишонч ҳосил қилмай туриб, далилини билмай туриб, тақлид қилишдан қайтаради. Бу борада ҳозирги замон илми эски илмга тўғри келмайди. Чунки, қадимда, давоми...

4466 11:37 / 09.02.2020