Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Доктор Саъид ан-Наҳид Ал-Аховайн университети
«Фас шаҳри чинакам исломий шаҳарнинг тимсолидир. Шаҳар энди қурила бошлаган пайтда муайян тартибга кўра ташкил қилинган алоҳида кварталлар қаторидан иборат бўлиб, шаҳар аҳолиси бу кварталларда маълум қабила, элат ва дин вакиллари яшар эди. Ҳар бир квартал ўзининг асосий эҳтиёжларини ўзи қондира олган. Масалан, мана бу ерда фаввора бўлган. Квартал аҳолиси сувни шу ердан олган. Йўловчиларни сув билан таъминлаш савоб амал ҳисобланади. Табиийки, ҳар бир кварталда масжид бўлган. Одатда бу масжидлар шаҳар марказидаги жомеъ масжиддан кичикроқ бўлиб, квартал аҳолиси уларда кундалик беш маҳал фарз намозларни адо этишган. Жума кунлари эса бутун шаҳар аҳолиси шаҳарнинг бош жомеъ масжидига тўпланган. Ҳар бир кварталда бошланғич мактаб бўлган. Бу ерда болаларга бошланғич диний таълим берилган. Кварталда бир неча дўконлар бўлган. Дўкон деганда мен асосий эҳтиёжларни қондирувчи озиқ-овқат дўконларини назарда тутяпман. Ҳар бир кварталда шу ер аҳоли учун нон ёпадиган новвойхоналар бўлган».
Бутун Ислом салтанати бўйлаб қурилаётган барча янги шаҳарларнинг режаси ана шундай аниқ структурали кварталларга асосланган. Тор кўчалар орқали бир-бирига боғланган кварталлар антик дунёда қабул қилинган очиқ, тўғри бурчакли шаҳар режасидан кескин фарқ қилган. Яқин Шарқ ва Шимолий Африка шаҳарларининг манзараси мутлақо ўзгарди.
VII асрнинг охирига келиб Ислом салтанати улкан ҳудудларни ўз ичига олар эди. Энди унинг ҳукмдорлари салтанатнинг яхлитлиги ва бардавомлигини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўра бошладилар. Аввало ягона тил жорий қилинди. Табиийки, Ислом тили араб тили бўлди. Бироқ, дастлаб араб тили иш юритиш тили бўлмади. Фатҳ қилинган ҳар бир ҳудудда бошқарув ерлик аҳолининг тилида олиб бориларди. Энди салтанатнинг расмий тили араб тили бўлди. Бугунги кунда араб тилида сўзлашувчилар сони 280 миллион кишидан ортади.
Милодий 622 йил. Ислом давлатининг пайдо бўлди.
Милодий 634 йил. Дамашқ фатҳ қилинди
Милодий 637 йил. Қуддуси шариф фатҳ қилинди
Милодий 641 йил. Миср фатҳ қилинди
Милодий 644 йил. Форс фатҳ қилинди
Милодий 685 йил. Салтанатда илк танга зарб қилинди
Милодий 688 йил. Араб тили салтанат тили деб эълон қилинди
Ислом пайдо бўлганидан кейин орадан 60 йил ўтмай Ислом давлатининг тили, маданияти ва меъморчилиги Форс еридан то Шимолий Африкагача бўлган улкан ҳудудга тарқалди. Энди уммавийлар сулоласининг ҳукмдорлари ўз ҳокимиятининг мутлақ рамзи бўлмиш улкан жомеъ масжидини барпо қилдилар.
VIII асрнинг бошига келиб, Ислом халифалиги бутун Яқин Шарқ ва Шимолий Африкани эгаллади ва ғарб томон кенгайишда давом этди. Марокаш соҳилларидан атиги 13 километрда, Гибралтар бўғози ортида Ислом лашкарининг янги мўлжали – Испания ястаниб ётарди. Бундан аввал Мисрда бўлгани каби, Испаниянинг унумдор ерлари Ислом салтанатига янги иқтисодий имкониятлар эшигини очар эди. Испания сиёсий инқирозга юз тутган бўлиб, фотиҳлар учун осон ўлжага айланган эди».
Азиз ўқувчи, Испаниянинг катта қисми Андалуснинг қандай фатҳ қилингани ҳақидаги иқтибосни тақдим қилишга ижозат бергайсиз:
Андалусия
Испанияда авваллари Голлдан келган келтлар ҳамда келиб чиқиши унчалик маълум бўлмаган халқлар: иберлар ва лигурлар истиқомат қилиб келарди. Кейинчалик ушбу ерлар финикияликлар, юнонликлар ва карфагенликларнинг мустамлакасига айлантирилди. Иккинчи пунликлар (Иккинчи пунлар уруши – шунингдек, Ҳаннибалга қарши уруш деб ҳам номланган (римликлар томонидан), Карфаген ва Рим ўртасидаги Ўрта ер денгизи ҳудудида ҳукмронлик учун олиб борилган уруш. Римликлар карфагенликларни пунлар (Poeni) деб атаганлари учун шундай номланади)
урушдан кейин ҳудуд римликлар қўлига ўтди. Улар Испанияда бешинчи асргача ҳукмронлик қилишди. Худди Рим каби, Испания ҳам инқирозга учраши керак эди. Шимолдан келган вандаллар, аленлар, суевлар ва бошқа шу каби олмон қабилалари Голлни вайрон қилгандан сўнг мамлакатга бостириб кирдилар, аммо улар ҳам кейин келган истилочилар – визиготлар томонидан мағлубиятга учрадилар. Булар Испанияни саккизинчи асрда забт этиб, то мусулмонлар келгунича тўла қонли ҳукмдор бўлиб келдилар. Ижтимоий табақаланиш, доимий можаролар, ўзаро жанжаллар, ҳарбий нўноқлик, ерга ишлов бериш нафақат асосий машғулоти, балки миллий хусусияти бўлган қишлоқ аҳолисининг лоқайдлиги – мусулмонлар келишидан олдин визиготлар ҳукмронлигининг хусусиятлари шулардан иборат эди. Давлатни ичдан бузаётган рақобат шу даражада кучли эдики, ҳатто ўша даврнинг икки обрўли шахси: граф Юлиан ва Севилья епископи фотиҳлар келишини маъқулладилар.
Мазкур фатҳ эса Арабистондан то Атлантика уммонигача довюрак ва қўрқмас амир Ториқ ибн Зиёд бошчилигида бутун Шимолий Африкани шиддат билан босиб ўтган мусулмонлар 711 милодий йилда Шимолий Африкани Овруподан ажратиб турувчи бўғозни кесиб ўтиб, Испания жанубига келиб тушганларида бошланди. Ўша пайтдан буён ушбу бўғоз афсонавий амир номи билан аталиб келмоқда — Гибралтар, бу араб тилидаги “Жабал Тариқ” — “Тариқ тоғи” иборасининг бузилган шаклидир.
Барбарлар Африкасини фатҳ этиш учун араблар эллик йил сарфладилар, насронийлар Испаниясини забт этиш учун эса бир неча ой кифоя қилди. Илк йирик жанг Готтлар қироллигининг тақдирини ҳал этди. Бу жангда Севилья епископи мусулмонлар тарафида чиқди. Қирол ҳам, Испаниянинг ўзи ҳам бир кунда тор-мор қилинди. Мусулмонлар қўшинининг амири Тариқ ибн Зиёд бундай тезкор ғалабага таажубланди. Африкани фатҳ этиш қанчалик узоқ чўзилгани унинг ёдида бўлиб, у овруполикларда худди барбарлардаги каби довюраклик ва мустақилликка интилиш бўлишини кутган эди. Ва у йигирма минг аскардан (улардан саккиз минги барбарлар эди) иборат қўшин билан фатҳини давом эттириш учун ушбу мамлакатга кириб келди.
Мамлакат фатҳи тез равишда амалга ошди. Фотиҳлар олдида энг йирик шаҳарлар ўз дарвозаларини очар эдилар. Қуртуба, Малага, Гренада, Толедо ва бошқалари деярли қаршиликсиз таслим бўлдилар. Насронийлар пойтахти бўлмиш Толедода араблар йигирма беш нафар Готтлар қиролларига тегишли тожларни топдилар.
Фотиҳларнинг Испания аҳолисига муносабати бошқа фатҳ этилган мамлакатлар халқлари каби одилона эди. Мусулмонлар маҳаллий аҳолига уларнинг мулкларини, черковларини, қонунларини, ўз ҳакамлари томонидан ҳукм қилиниш ҳуқуқини қолдирдилар. Ягона қўйган шартлари, жизъя тўлаш эди – бу, йиллик солиқ бўлиб, зодагонлар учун 15 франк (бир динордан ортиқроқ), қароллар учун эса ярим динор миқдорида белгиланган эди. Мазкур шартлар аҳолига шунчалик енгил туюлган эдики, улар ҳеч бир норозиликсиз буни қабул қилдилар. Атиги икки йилдан сўнг Испания тўлиқлигича мусулмонларга буйсунди. Яъни, мусулмонлар Иберия ярим оролига илк бора 711 йилда келган бўлсалар, 713 йилга келиб уни деярли тўлиқлигича фатҳ қилдилар. Ва бу фатҳ асосан тинч йўл билан амалга оширилди. Бунга алоҳида вилоят ва шаҳарларнинг ҳокимлари билан келишув тузиш орқали эришилиб, улар, айтиб ўтилганидек, ўзларини халифанинг фуқаролари сифатида тан олиш эвазига нафақат ўз ерлари ва мулкларини, балки насронийликка эътиқод қилиш ҳуқуқини ҳам сақлаб қолишарди. Фотиҳларнинг диний бағрикенглиги улар тарафига аҳолининг кўпчилик қисмини жалб этди. Шу ўринда айтиш жоизки, насронийларга мамлакатни қайта забт этиш учун саккиз аср керак бўлди.
Таниқли француз файласуфи, сайёҳатчи, археолог, табиб ва ижтимоий руҳшунослик асосчиси Гюстав Лебон ўзининг “Араблар маданияти” номли китобида жумладан қуйидаги фикрни билдирди: «Испанияни забт этганидан сўнг Мусо Тариқ Сурияга Голь ва Олмония орқали қайтмоқчи, ортга қайтиш йўлида эса Қунстантинияни ҳам фатҳ қилиб, Қуръонга бутун Қўҳна Оламни (Қўҳна Олам – яъни Оврупо) бўйсундирмоқчи эди. Ушбу тадбирни амалга оширишда унга Дамашққа қайтиб келишни буюрган халифа ҳалал берди. Барчаси бошқача бўлиши мумкин эди: бутун Оврупо Муҳаммаднинг динига кирар ва барча маданиятли халқларнинг диний бирлиги таркиб топар эди; бу эса, эҳтимол, бутун Оврупога, араблар туфайли баъзи давлатларга номаълум бўлган, ўрта асрлар даврини четлаб ўтиш имкониятини берар эди». Шу ўринда айтиш керак, мазкур китоб 1884 йилда нашр этилган бўлиб, арабларнинг исломий маданияти ҳамда унинг жаҳоннинг бошқа маданиятларига таъсирининг фундаментал тарихий-маданий таҳлилидан иборат.
Алоҳида урғу берадиган жойи шундан иборат-ки, Лебоннинг ушбу китобдаги марказий фикрларидан бири қуйидагича, айнан мусулмонлар Оврупо фани, фалсафаси ва бутун маданий жараёнининг устозлари бўлишган, ва бу жараёнда мусулмонларнинг маданияти ёрдамида яримёввойи ўрта асрлар Оврупоси Ўйғониш даврининг маданий асрларига чиқиб олди. Бугунги Оврупо ўзининг ривожи билан айнан мусулмонларга қарздор. Лебоннинг ёзишича, араблар бошқа халқлар ва маданиятларга ўз маданиятлари кўламидан таъсир қилган бўлсалар, Оврупога улар асосан ўзларининг аниқ фанлар, тарих ва фалсафа каби соҳалардаги илмий ютуқлари билан таъсир кўрсатдилар.
711 йилдан, яъни мусулмонлар илк бора келганларидан, то 756 йилга қадар Андалусия Дамашқдаги халифалар империясининг бир қисми сифатида унинг манфаатлари йўлида амирлар томонидан бошқариб келинди. 756 йилда эса, Аббосийлар халифалигидан ажралиб чиқди ва мустақил давлат ташкил қилинди, у ўз пойтахти номи билан Қуртуба халифалиги деб атала бошлади. Аббосийлар халифалигидан ажралиб чиққан Андалусиянинг биринчи амири Уммавийлар сулоласидан бўлиб, Испанияга Аббосийлардан қочиб келган мазкур йигитнинг исми Абдураҳмон бин Муовия бин Ҳишом бин Абдулмалик эди. Андалус мамлакати нафақат Испания, балки Португалия ҳудудини эгаллаган деб ҳисобланади, Қуртуба XI асргача унинг пойтахти бўлган, кейин эса биринчи ўринга Севилья ва Гранада чиқиб олади.
Гапларга қараганда мусулмонлар фатҳ этилган мамлакатни Нуҳ алайҳиссаломнинг афсонавий авлоди — Андалус ибн Тубал исмига бағишлаб номлаганлар. Кўпроқ далилларга эга ривоятга кўра эса, араблар Мағрибда бўлганларида маҳаллий барбарлардан денгиз ортида “вандаллар мамлакати” (араб тилида «билад алвандалус») борлигини эшитганлар, чунки вандаллар Мағрибга Гибралтар бўғози орқали ўтиб, жанг қилганлар.
Мусулмонлар ҳукмронлигининг илк ўн йилликларидаёқ маҳаллий аҳолининг оммавий равишда Исломга ўтиши кузатилган. Савдогарлар ва ҳунармандлар, деҳқонлар ва қуллар (жумладан вестготлар томонидан асир олинган ўзга юртликлар ҳам) Исломни қабул қилар эдилар. Улар учун бу шахсий озодлик, хусусий мулкка эгалик қилиш ва уни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқини билдирарди. Шунингдек, кўпгина вестгот зодагонлари ҳам Исломни қабул қилар эдилар. Улардан энг машҳурлари Бану Қаси — Сарагоса ҳокимлари сулоласи бўлиб, 880—917 йилларда ал-Андалуснинг жануби шарқида мустақил исёнкор қироллик тузишган.
Шу билан бирга, аҳолининг бошқа қисми, жумладан зодагонлар вакиллари, насронийликда қолдилар. Аммо X асрга келиб уларнинг авлодлари мусулмон бўлдилар, ёки тўлиқлигича арабийлашдилар. IX асрдан бошлаб Андалусиядаги кўпчилик насронийлар «мусарраб» (араб тилида «мустаъараб» — араблашган) бўлиб қолдилар, улар арабларнинг тили ва маданиятини ҳамда кундалик турмуши ва ҳаёт тарзини ўзлаштириб олдилар, аммо уйда роман тилидан фойдаланишни давом эттирдилар. Айтиш жоиз, романлар тилида баъзан Қуртуба халифалари саройида ҳам сўзлашар эдилар. Мазкур тилдан масжидлардаги қозилар ҳам кўпинча фойдаланар эдилар, айниқса янги мусулмон бўлганлар билан сўзлашиш вақтида. Бинобарин, нафақат насронийлар, балки Андалусиядаги кўпгина мусулмонлар ҳам аслида икки забонли эдилар.
Андалус мамлакатини шон-шуҳратга тўлдирган ажойиб ва ёрқин маданият у билан тил ва дин ягоналиги, иқтисодий ва инсоний алоқалар ёрдамида яқиндан боғланган араб ва испан маданиятининг бир қисми сифатида шаклланган эди.
Визигот қиролларининг ҳукмронлиги йилларида Испания ривожланган мамлакат бўлмаган. Унинг маданияти яримёввойи эди. Мусулмонлар томонидан фатҳ этилганидан сўнг Испания маданиятнинг гуллаб, яшнашини билди. Юз йилдан камроқ вақт мобайнида шу пайтгача ишлов берилмаган ерлар хайдалди, бўшаб ётган шаҳарлар одамларга тўлди, ажойиб обидалар қурилди, бошқа халқлар билан савдо алоқалари ўрнатилди. Мусулмонлар жадал равишда фан ва меъморчилик санъатини ривожлантирдилар, улар узоқ вақт давомида бутун Оврупо бўйича илмнинг ягона манбаи бўлиб келган олийгоҳларга асос солдилар, юнон ва лотин муаллифларининг асарлари таржима қилинди. Уч аср давомида Қуртуба, шубҳасиз, Қўҳна Оламнинг энг ёрқин шаҳарларидан бўлиб келди.
Тарихга Андалусия номи билан кириб келган мусулмонлар қўли остидаги Испания гуллаб, яшнади. Андалусиядан етишиб чиққан буюк олимлар, файласуфлар, ёзувчилар, меъморлар, рассомлар ва амалий санъат усталари номларини санаб ўтишнинг ўзи бир неча жилдга чўзилиши мумкин.
Авиамуҳандис Аббос ибн Фирнас, фалакиётчилар Абу Исҳоқ Иброҳим Зарқалий, Ибн Шатр, риёзиётчи Ибн Юнус, ёзувчилар Ибн Қутия, Ибн Фирру, Ибн Туфайл, шоирлар Мутамид, Ибн Кузман, файласуф Ибн Рушд, яҳудий файласуф Маймонид ва юзлаб ва минглаб бошқа исмлар…»
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.