1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Исмоил Муҳаммад Юсуф: Отамнинг вафотидан кейинги сабоғи

12:00 / 17.05.2023 1514 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини олим ўлароқ биламиз, сиз у кишини оила бошлиғи, яъни ота сифатида таърифлаб берсангиз.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Падари бузрукворимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида сўзлаш, хотиралар ёзиш, ҳақларида ўтган замонда гапириш биз учун жуда оғир. Аммо Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, бугун у киши ҳақидаги гаплар ўтган замонда айтилмаяпти. Зеро, шайх ҳазратлари бошлаган ишлар давом этяпти, ёзган китоблари ўқиляпти, қолдирган улкан илмий мерослари садақаи жория бўлиб, мўмин-мусулмонларга манфаат келтиряпти. Шунинг учун устозимиз ҳақида сўзласак, ҳозирги кунда ҳам орамизда яшаётган инсон ҳақида сўзлагандек бўламиз.

Падари бузрукворимиз динини чуқур ўрганган олим сифатида ўзларига ато этилган илмларга ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан, оилада ҳам тўлақонли риоя қилишга интилар эдилар. Талабчан ва айни пайтда меҳрибон ота эдилар, барчамизнинг устозимиз эдилар. Ақлимизни танибмизки, биз у кишининг илм билан машғул бўлишларини, ҳаётларини динимизга, мўмин-мусулмонларга хизмат қилишларини кўриб катта бўлганмиз. Ҳазрат бизнинг ҳам ақлий, ҳам руҳий, ҳам жисмоний тарбиямиз билан бевосита шуғулланганлар. Ҳазрат фарзанд тарбиясида, оилада отанинг ўрнини, масъулиятини ўз навбатида падари бузрукворлари – Муҳаммад Юсуф ҳожи дадамиздан ўрганганлар, сўнг худди шу анъанани давом эттирганлар. Ҳазратимизнинг бу қадар етук аллома, дин пешвоси, сиёсат арбоби бўлиб етишишларида падари бузрукворларининг хизматлари беқиёсдир. Бир куни бир киши келиб, «Ҳазрат, сизга ҳавас қилиб, яхши ният билан ўғлимизга Муҳаммад Содиқ деб исм қўйган эдик. Лекин улғайган сари бизни кўп ранжитяпти, кутганимиздек ўғил бўлмаяпти», деб арзиҳол қилди. Шунда ҳазрат «Ўғлингиз Муҳаммад Содиқ бўлиши учун унинг отаси Муҳаммад Юсуф бўлиши керак», деганлар.

Ҳазратимизнинг укалари Муҳаммад Амин амакимиз у киши ҳақларида «Исломга бағишланган умр» номли китоб ёзганлар. Ана шу китобда оилада отанинг ўрни ҳақида шундай дейилган:

«Талабалик йиллари ёш ота-она илм йўлида турли қийинчиликларни бошдан ўтказдилар, аммо шунинг билан бирга фарзандларига ҳам чиройли тарбия бердилар. Буюкларнинг бир сўзи бор: «Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак». Бизнинг ота-оналаримиз бу нақлга амал қилиб, ўз устиларида тинимсиз ишладилар. Динимиз таълимотларини қунт билан ўрганиб, амал қилдилар. Кейинчалик бу руҳни ўз фарзандларига ҳам сингдирдилар».

Ҳазрат оила бошлиғи, ота сифатида ўзлари амал қилган барча шаръий қоидаларни бошқаларга ҳам раво кўриб, оила, силаи раҳм, ота-онага яхшилик, фарзанд тарбияси каби мавзуларда қатор китоблар ёздилар. Ана шу китобларни ўқиб, мўмин-мусулмон кишининг оиладаги мавқеи қандай бўлишини ўрганишимиз мумкин.

Журналимизни асосан талабалар ўқийди. Келинг, аввало отангизнинг талабалик йиллари қандай бўлгани ҳақида гаплашсак. Бу барчамизга қизиқ. Ўзингизнинг талабалигингиз ҳақида ҳам айтиб беринг?

Юқорида айтганимиздек, падари бузрукворимиз бошланғич диний таълимни бобомиз Муҳаммад Юсуф домладан олганлар. 1979-69 йилларда ўрта мактабда ўқиб, сўнг 1970 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирганлар. Мир Араб мадрасаси ўша даврда собиқ иттифоқ бўйича ягона диний таълим муассасаси эди. Бирга ўқиган кўплаб сабоқдошларининг эътирофига кўра, отамиз пешқадам, аълочи талаба бўлган эканлар.

Мадрасадан сўнг ҳазрат Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳадида ўқиб, уни 1975 йили тамомлаганлар ва шу йили Ливия Араб Жамоҳириясидаги Ислом даъвати куллиётига ўқишга қабул қилинганлар. Бу куллиётда ўша даврнинг машҳур олимларидан, жумладан, Тоййиб Ан-Наос, Муҳаммад Робитий, Иброҳим Руфайда, доктор Ҳулайл, Комил Банно каби машҳур уламолардан дарс олганлар. Ҳазрат барча босқичларда пешқадамлар сафида бўлиб, 1980 йили куллиётни имтиёзли диплом билан тамомлаганлар.

Кейинчалик, падари бузрукворимизнинг тавсиялари билан бизга ҳам ушбу табаррук даргоҳда талаба бўлиш насиб қилди, алҳамдулиллаҳ.

Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Туркистон, Мовароуннаҳр заминида Исломнинг ривожига катта ҳисса қўшган улуғ олимлар етишиб чиққан ва чиқмоқда. Аммо шайх ҳазратлари қайси жиҳатлари билан халқимизнинг, мўмин-мусулмонларнинг бу қадар катта ҳурмат-эътиборига сазовор бўлганлар?

Агар нокамтарликка йўйилмаса, фарзанд сифатида эмас, шу юртнинг бир вакили сифатида падари бузрукворимизнинг шонли ҳаёт йўлларини қисқача келтириб ўтсам.

Шайх ҳазратлари Ливияда таҳсил олиб, Ватанга қайтгач, ўзлари ўқиган Тошкент Ислом институтида фаолият кўрсатдилар, 1981 йилдан мударрис, 1982 йилдан ректор муовини вазифасида ишладилар, 1984 йилдан шу даргоҳга мудир бўлдилар, тафсир, ҳадис, Қуръон илмлари, ақийда фанларидан дарс бердилар, таълим дастурига кўплаб янгиликлар киритиб, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк бор жорий қилдилар.

Аллоҳ таоло ҳазратга юртимиз тарихидаги энг қийин ва айни пайтда шарафли вазифани насиб этди. У киши 1989 йил 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси этиб сайландилар, бутун куч-ғайратини диний идора фаолиятини янги поғонага кўтариш, мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш, масжид-мадрасалар фаолиятини ривожлантириш, диний адабиёт чоп этишни йўлга қўйишга йўналтирдилар.

Ҳазратнинг муфтийлик фаолияти даврида Тошкентдаги тарих музейида сақланаётган Усмон мусҳафи Диний идорага топширилди. Бутунжаҳон исломий робита ташкилоти билан ҳамкорликда собиқ иттифоқда яшовчи мусулмонлар учун миллион нусха мусҳафи шариф олиб келинди, Ватанимиз ёшларининг хориждаги нуфузли исломий таълим муассасаларида ўқитиш йўлга қўйилди, шу каби кўп хайрли ишлар қилинди.

Мустақиллик арафасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайландилар.

Шайх ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматига мусулмонларнинг аҳволи ёритилган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш, ибодатларини эмин-эркин адо этиш имкониятини қайта тиклаш масаласи кўтарилган баённомани тақдим этдилар. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида кескин бурилиш юз бериб, ижобий ўзгаришлар амалга оширила бошлади, кўплаб масжидлар, мадрасалар очилди, нафақат Ўрта Осиё, балки бутун иттифоқ ҳудудида чеклаб қўйилган ҳаж ва умра сафарларига боришда жуда катта эркинликлар қўлга киритилди.


Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, юртимизнинг улуғ фарзанди, етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бутун умрини, куч-қувватини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, Ислом динига, бутун дунё мусулмонларига, Ватанига, ўзбек халқига фидокорона хизмат қилдилар.

Шайх ҳазратлари чинакам мўмин, ҳақиқий мусулмон сифатида нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё минтақасида, Ислом оламида, бутун дунёда тинчликни сақлаш, Исломнинг асл моҳиятини танитиш, этноконфессионал зиддиятларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли, баракали илмий фаолият олиб бордилар. Ушбу фаолиятнинг нечоғли самарали бўлганини бугунги кунда юртимиздаги тинчлик, турли дин ва миллат вакиллари орасидаги тотувлик, турли мазҳаб ва ақийдалар ўртасидаги ихтилофларга барҳам берилганидан билиш мумкин.

Ҳазрат юртимизда ҳам, муҳожирликда ҳам доим она ватанга садоқат намунасини кўрсатдилар, илм-маърифат тарқатишдан тўхтамадилар. Ватанга қайтгач, умрларининг охирига қадар улкан диний-маърифий фаолият кўрсатдилар, юздан ортиқ китоблар, рисолалар, мақолалар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалар, интернет орқали савол-жавоблари билан юртимизда Ислом динининг ривожига, халқимизнинг диний савиясини оширишга салмоқли ҳисса қўшдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги халқаро ташкилотларнинг аъзоси эдилар:

• Маккаи мукаррамадаги Ислом олами Робитаси таъсис мажлиси;

• Бутун жаҳон тасаввуф уюшмаси;

• Бутунжаҳон исломий халқ бошқарувининг бош котибияти;

• Бутун дунё даъват уюшмаси;

• Бутун жаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси;

• Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси;

• Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси;

• Бутун дунё масжидлар уюшмаси;

• Урдундаги Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур ташкилотларнинг аъзоси сифатида кўплаб давлатларда бўлган халқаро илмий анжуманларда фаол иштирок этганлар, Ислом оламининг кўплаб олимлари билан ижодий мулоқотлар, учрашувлар ўтказдилар, замонамизнинг пешқадам уламолари билан илмий ҳамкорлик қилдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мусулмонлар, халқ, миллат ва дин йўлидаги хизматлари юксак эътироф этилиб, халқаро миқёсдаги бир неча мукофотлар билан, жумладан, Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерацияси каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланган.

Кўриб турганингиздек, ҳазрат мўмин-мусулмон сифатида, диний уламо сифатида, ватанпарвар инсон, халқнинг вакили сифатида бир инсон қилиши мумкин бўлган барча ишларни қилдилар, дейиш мумкин. Ўйлайманки, ҳазрат халқимизнинг меҳр-муҳаббатига, ҳурмат-эъзозига ҳақли равишда сазовор бўлдилар.

Мана, сўнгги йилларда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг динимизнинг равнақи, миллатнинг юксалиши, Ватанимизнинг порлоқ истиқболи йўлидаги фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам юксак эътироф этилди, шахсан юртбошимизнинг ташаббуслари билан муҳташам масжид мажмуаси қурилиб, унга устозимизнинг номлари берилди, ҳазратимизнинг улкан илмий меросини халққа етказиш борасида авваллари мисли кўрилмаган имкониятлар муҳайё қилинди, ушбу масжидда хизмат қилиш шарафи каминага ҳам насиб этди. Бу қадар улкан эътибор учун давлатимиз раҳбариятига оиламиз номидан, ҳазратимизнинг барча сафдош ва шогирдлари, миллионлаб мухлислари номидан, бутун ўзбек халқи номидан ташаккурлар айтиб, чин юракдан миннатдорчиликлар билдираман. Бугунги кунда ана шу масжидда хизмат қилаётганимдан, падари бузрукворимизнинг илмий меросини халқимизга етказиш борасида меҳнат қилаётганимдан, ана шундай улуғ юртнинг фуқароси, ана шундай улуғ инсоннинг фарзанди эканимдан фахрланаман, Аллоҳ таолодан бу неъматларга муносиб бўлиш бахтини насиб этишини дуоларимда сўрайман.

Шайх ҳазратларининг спортга бўлган қизиқишлари, хусусан, у кишининг баскетбол ўйнаганлари ҳақида эшитганмиз. Ҳазратнинг яна қандай қизиқишлари бор эди? Бўш вақтларини, агар шундай вақтлари бўлган бўлса, қандай ўтказар эдилар?


Бу саволингизга ҳам «Исломга бағишланган умр» китобидан иқтибос келтирсак бўлади:

«Акам мактабда ўқиш билан бирга, жамоат ишларида фаол қатнашардилар. Айниқса спортга қаттиқ қизиқар, уйда мунтазам шуғулланар эдилар. Мактаб олимпиадаларида доим ғолиб чиқардилар. Шу билан бирга, дадам топширган диний вазифаларни ўз вақтида бажарар, барчасига улгурар эдилар. Бир куни дадам «Ким бир пора Қуръон ёдласа, мукофот бор», деб эълон қилдилар. Мен астойдил ҳаракат қила бошладим. Лекин акам бир ҳафтага қолмай, бир порани ўқиб бериб, мукофотни олдилар. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша мукофот «Югидон» деган радио эди. Кейинчалик билсам, акам бир порани дадамнинг эълонларига қадар ёдлаб бўлган эканлар…

Ҳаётлари давомида тез-тез бўлиб турган сафарларида ҳам ё овоз ёзиш мосламасига бир нарсаларни ёзар, ё китоб мутолаа қилар эдилар. Бирор кун бекор қолмасдилар. Дунё хабарлари, спорт янгиликлари, иқтисодиётдаги ўзгаришлар, сиёсий янгиликлар, қўйингки, ҳамма-ҳаммасидан ўз вақтида хабардор бўлиб турардилар. Буларнинг ҳаммасига қандай қилиб улгураётганларига ҳамма ҳайрон қоларди. Ҳеч нарса эсларидан чиқмасди. Хотиралари ҳайрон қоларли даражада кучли эди. Айниқса китоб борасида ҳассос эдилар. Бирор китоб ҳақида сўз кетса, унинг муқоваси, ранги, муаллифи, номи, саҳифалари – ҳамма-ҳаммасини айтиб берардилар…».

Падари бузрукворимиз етук аллома сифатида имкон қадар ҳар бир ишни, ҳар бир амални Қуръон ва Суннатга мувофиқ қилишга интилиб келганлар. Хусусан, жисмоний тарбия билан шуғулланишлари ҳам оддий ҳавас ёки ишқибозлик эмас, балки Аллоҳ берган неъматнинг шукрини адо этиш, «кучсиз мўминдан кучли мўмин афзал» деган набавий ўгитга амал қилиш бўлган. Мақсадлари спортнинг бирор турида маълум бир даражага эришиш эмас, балки динимизда кўрсатилганидек соғлом турмуш тарзини кечириш, инсондан ҳам маънавий, ҳам жисмоний куч-қувват, ғайрат-шижоат талаб қиладиган улкан хизматларга ҳар тарафлама тайёр бўлишдан иборат бўлган. Айни пайтда, ҳазратимиз спортга ҳарчанд қизиққан бўлсалар ҳам, бирор спорт тури билан кўпроқ шуғулланган бўлсалар ҳам, бу нарса у кишини тоат-ибодатдан, илмий фаолиятдан, Аллоҳнинг зикридан заррача чалғитиб қўймас эди. Ҳар бир ишни ўз вақтида, ўз ўрнида қилар эдилар. Бошқа ишларда вақтни қанчалик қадрласалар, тартиб-интизомга қанчалик қаттиқ амал қилсалар, спорт машғулотларига ҳам худди шундай аҳамият берар эдилар, машғулотларни бирор марта ҳам канда қилмас эдилар. Ана шундай юқори даражадаги жисмоний тайёргарлик умрларининг охирига қадар эртаю кеч тинмай дин, халқ, ватан хизматида бўлишларига, тонг саҳардан ярим тунгача тинимсиз илм билан шуғулланиб, китоб ёзиб, машаққатли меҳнат қилишларига имкон берганига гувоҳмиз.

Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарз. Динимизда қайси илмларни эгаллашга тарғиб этилган?


Динимизнинг тамал тоши, бош масдари бўлмиш Қуръони Каримнинг илк нозил бўлган оятлари «Ўқинг!» деган тарғиб билан бошланган. Шунинг ўзи ҳам Исломнинг илм-маърифат дини эканини кўрсатиб турибди. Илм туфайли инсон азизу мукаррам бўлади, ўзини англайди, Роббини таниб, Унга тўғри ибодат қилади. Инсоннинг Аллоҳ наздидаги даражасини тақво белгилайди, ана шу тақво эса илм билан ҳосил бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?» деб марҳамат қилади (Зумар сураси, 9-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради», деганлар» (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Уламоларимиз айтадиларки, илмнинг аввали – Аллоҳни таниш, илмнинг охири – Аллоҳдан қўрқишдир. Демак, илм олишдан мақсад ниҳоятда улуғ бўлиши керак экан. Илм олишдан мақсад – Аллоҳ таолонинг фарзини адо қилиш, У Зотни таниш ва ниҳоят, У Зотдан қўрқиш бўлиши керак.

Шариат манфаатли илм деб атаган нарса ҳақиқий илм бўлади, яъни бу – инсоннинг, бутун башариятнинг динига, дунёсига ва охиратига фойдаси тегадиган илмдир. Ислом дини инсоннинг икки дунё саодатига эришуви учун зарур бўлган ҳар қандай манфаатли илмни ўрганишни буюради.

Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак? Чинакам аҳли илмлар, олимлар кимлар? Хоссатан диний илм олиш ҳақида тавсиялар берсангиз.

 

Бу саволга ҳам юқоридаги жавобни такрорлаш мумкин: илм олиш, талаба бўлишдан аввал ниятни поклаш керак. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Амаллар ниятга боғлиқдир», деганлар. Илм олишдан, талаба бўлишдан мақсад ҳам дунёвий, ҳам ухровий манфаатларга эришиш, ўзининг, оиласининг, маҳалласининг, юртининг, миллатининг, Ватанининг ва ниҳоят, бутун башариятнинг рушду ҳидоятда бўлишига, фаровонлигига хизмат қилиш, ҳисса қўшиш бўлиши керак.

Уламоларимиз айтадиларки, илм икки йўл билан – илмга амал қилиш ҳамда тақво билан зиёда бўлади. Толиби илмлар буни билиб, унга амал қилишлари керак.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким билган илмига амал қилса, Аллоҳ таоло унга билмаган илмини билдиради», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти).

Инсон ўзи олаётган илмнинг асл манбаини билса, бу илмни олиш учун унга ҳаёт неъматини, кўриш, эшитиш, ақл юритиш, хотира неъматларини берган Аллоҳни таниса, шундагина У Зотдан қўрқади, тақво қилади, олаётган илмини ана шу Зот рози бўладиган мақсадларгагина сарфлайди. Тақво эса илмнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Қуръони Каримда бу ҳақда кўплаб оятлар келган. Масалан,  бир оятда «Аллоҳга тақво қилинг, шунда Аллоҳ сизга илм беради»[1] дейилган бўлса, бошқа бир оятда «Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар»[2] деб марҳамат қилинган.

Бугунги кунда илм соҳасида ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлиб турган яна бир масала – одобдир. Инсоннинг илми бўлиб, одоби бўлмаса, бу илм унинг дунёсига бироз фойда, обрў, шуҳрат келтирса ҳам, охирати учун хайрли бўлмайди. Одобсиз одам ҳар қанча илмли бўлмасин, олим деган юксак номга доғ туширади, кўплаб инсонларнинг илмдан, уламолардан, ҳатто диндан четланишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Набий алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: «Олимлар – пайғамбарларнинг ворисларидир» (Имом Термизий ривояти).

Анбиёларга ворис бўлиш – улкан шараф бўлиши билан бирга ниҳоятда катта, оғир масъулият ҳамдир. Инсон вақти келса ўз оиласида ўзи хоҳлаганидек муҳит шакллантира олмайди. Уламоларнинг зиммасида эса юртнинг, халқнинг, миллатнинг масъулияти ётади. Ана шундай улкан вазифани уддалай олиш учун инсон ўз олдига буюк мақсадлар қўйиши, эзгу ниятлар билан астойдил меҳнат қилиши, бу йўлда шайтоннинг васвасасидан, нафснинг ҳою ҳавасидан, маломатчиларнинг маломатидан қўрқмаслиги, ҳар бир ишни фақат Аллоҳ таоло учун, холис қилиши керак.

 

Азиз Абдумалик суҳбатлашди.

«Ўзбекистон талабаси» журналининг 2023 йил 4-сонидан



[1] Бақара сураси, 282-оят

[2] Фотир сураси, 28-оят

Мавзуга оид мақолалар
Машҳур Қуръон ҳофизи Сайдуллоҳ қори мулла Ортиқ қори ўғли 1900 йилда Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, ҳозирги Марғилон кўчасида маърифатли хонадонда дунёга келди. давоми...

9181 14:30 / 12.05.2022
XIX асрнинг охири XX асрнинг 90йилларида яшаб ўтган ҳофизи Қуръон, олим ва шоир Насимхон тўра Надимий 1892 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ .Тўра, маҳалласи давоми...

1442 12:09 / 07.12.2023
Мавлоно Абдулваҳҳоб қори 1907 йил, Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Оғлуқ маҳалласи ҳозирги Қўқон кўчасида Баҳодир қори хонадонларида таваллуд топди.Отаси давоми...

2548 17:00 / 28.03.2022
Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ давримизнинг улуғ олимларидан саналади. Ўзбекистонга ташриф буюрмасларидан аввал у зотнинг бир неча асарлари билан танишиб чиққан давоми...

3805 12:02 / 10.10.2018
Аудиолар

137637 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57703 14:35 / 11.08.2021