1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Умматнинг чироғи — Имоми Аъзам Абу Ҳанифа

11:00 / 19.01.2021 2704 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Алий розияллоҳу анҳу Абу Ҳанифанинг боболари ва зурриётларига қилган дуолари ҳамда Шаъбийнинг Абу Ҳанифани тўғри йўлга йўналтириши натижасида у зот фиқҳ илмини ўрганишга киришдилар. Фиқҳ Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳаранинг мағзидир. Қуръони Каримдаги ҳукм оятларининг тафсири, далолати, маъноси ва мақсадлари фиқҳда мужассам. Суннати мутоҳҳаранинг шарҳи, далолати, маъноси ва мақсадини билиш ҳам фиқҳдадир. Чунки фиқҳ динни тушунишдир. Динни тушуниш унинг усуллари, мақсадлари, ечимлари, далолатлари ҳамда ишоратларини билиш билангина бўлади.

Абу Ҳанифанинг фиқҳ илмини танлагани сабабини имом Зуфар қуйидагича ривоят қилади: «Мен Абу Ҳанифанинг бундай деганини эшитганман: «Одамлар «Мана бу фалончи» деб бармоқлари билан менга ишора қилиб кўрсатадиган даражага етгунимга қадар калом илми билан шуғулланиб келдим. Бизнинг илмий ҳалқамиз Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннининг ҳалқасига яқинроқ жойда бўларди. Кунларнинг бирида ҳузуримизга бир аёл келиб: «Бир киши хотинини суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлса, нечта талоқ қилади?» деб сўради. Шунда мен у аёлдан бу масалани Ҳаммоддан сўраб, кейин менга унинг жавобини айтишини илтимос қилдим. Шундан сўнг ҳалиги аёл Ҳаммоддан ўша масала ҳақида сўраган эди, Ҳаммод бу саволга: «Эр хотинини ҳайздан пок пайтида битта талоқ қилади. Сўнгра аёлини уч ҳайз кўргунча тарк қилади. Уч ҳайз тугагач, хотини ғусл қилиши билан бошқага турмушга чиқа олади», деб жавоб берибди. Ҳалиги аёл Ҳаммоднинг жавобини менга айтганида калом илмига ҳожат йўқлигини тушундим ва шу заҳоти оёғимни қўлимга олиб, Ҳаммоддан масала эшитишга бордим. У зот айтган барча сўзларни ёдлаб олиб, эртаси куни ўтган масалани қайтарганида ёддан айтиб берардим, ёнимдаги шерикларим эса хато қилишарди. Шунда Ҳаммод: «Ҳалқанинг рўпарамдаги биринчи қаторида Абу Ҳанифадан бошқа ҳеч ким ўтирмасин», деди».

Халифа Ҳорун ар-Рашид даврида (747–748 йилларда) Абу Ҳанифани Ироқ волийи Ибн Хубайр уни давлат ишларига, қозикалонликка тортмоқчи бўлади. Аммо Абу Ҳанифа қозиликда ноҳақ ишларга қўшилиб гуноҳга қоламан, деб бундан бош тортди ва ватанни тарк этиб, Маккаи Мукаррамага борди ҳамда ўша ерда яшай бошлади. Аббосийлар давлат тепасига келгач яна Ироққа, Басрага қайтиб, илм ва савдогарлик билан шуғуллана бошлади. Аббосийлар халифаси Мансур Абу Ҳанифани пойтахт Бағдодга келиб, қозикалон ёки бошқа юксак мансабда ишлашга таклиф этди, бироқ Абу Ҳанифа бу таклифни ҳам рад этди. Халифа олимни кўндириш учун ҳатто бир неча муддат қамаб ҳам қўйди.

Имом Абу Ҳанифанинг устозлари тўрт мингга етгани, улардан етти нафари саҳоба, тўқсон уч нафари тобеъин ва қолганлари табаа тобеинлар экани зикр қилинган эди. Бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Абу Ҳанифа етмиш йил яшаб, эллик беш марта ҳаж қилдилар. Ҳаж мавсумида уламолар Ҳарамайнга тўпланар, шу даврда у киши Маккада қолардилар. Кейинчалик Абу Ҳанифа Куфага қози бўлишга рози бўлмаганлари учун Ибн Хубайра томонидан дарра уришга ҳукм қилинди. Сўнгра Куфадан қочиб, олти йил давомида Маккада юрдилар. Куфа илм ва ҳадис маркази бўлиб, бу шаҳар буюк уламоларга тўла эди. Абу Ҳанифа Куфадаги илмдан ва унинг аҳлидан баҳраманд бўлишни ва улар билан кўришишни жуда хоҳлар эдилар. Шу мақсадда Абу Ҳанифа эллик беш йил мобайнида тўрт мингта шайх билан учрашдилар. Уларда қандай илм бўлса, барчасини олдилар. Биттагина ҳадис бўлса ҳам ёки битта масала бўлса ҳам, уни яхшилаб ўргандилар.

Абу Ҳанифа шайх Ҳаммоддан фиқҳ илмини ўрганишга қаттиқ киришиб, шайхларининг ҳалқаларида дарс олаётган тенгдошлари орасида илмда ҳам, зеҳнда ҳам анча ўзиб кетди. Ҳатто ҳалқанинг аввалги сафида, устозлари ёнида ўтирадиган бўлди. Абу Ҳанифанинг устозларига нисбатан одоблари ҳавас қиладиган даражада эди. Агар Абу Ҳанифа у зотнинг уйларига келса, устозлари намоз ёки бирор ҳожат учун чиқмагунларича эшиклари ёнида кутарди. Уйларидан чиққанларида у зот билан бирга юриб, савол сўрарди. Агар шайхларининг бирор нарсага эҳтиёжлари тушса, у зотнинг хизматларида бўларди. Уйларида ўтирганларида шайхлари Ҳаммоднинг уйлари томонга оёқ узатмас, намоз ўқиганларида доимо устозлари ва у зотнинг ота-оналари ҳаққига дуо қиларди.

Абу Ҳанифа ўн саккиз йил мобайнида устозларининг этагини тутиб, илм олди. Устози ўлимидан олдин ўрнига Абу Ҳанифани қолдириб, бошқа барча шогирдларига у кишидан илм олишни васият қилиб кетди. Чунки Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ энг яхши салафдан энг яхши ўринбосар эди.

Хатиб Бағдодий «Тарих» китобида қуйидагиларни келтиради: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Абу Жаъфар Мансурнинг ҳузурларига кирганларида олдиларида Ийсо ибн Мусо бор эди. Ийсо ибн Мусо: «Эй мўминлар амири, бу одам бугунги кунда дунёнинг энг билимдонидир», деди. Шунда Мансур: «Эй Нуъмон! Илмни кимдан олгансан?» деб сўради. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен Умар розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан, улар Умардан, Алийнинг шогирдларидан, улар Алийдан, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдларидан, улар Абдуллоҳдан олишган. Абдуллоҳ ибн Аббос даврларида ер юзида у зотдан илмлироқ киши бўлмаган», дедилар. Мансур Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга: «Баракаллоҳ, ўзингнинг ишончли инсон эканлигингни исбот қилдинг!» деди.

Абу Ҳанифа: «Нимага эришган бўлсам, ҳамд ва шукр билан эришдим. Қачон билсам ёки илм, фиқҳ ва ҳикматга эга бўлсам, Аллоҳга ҳамд айтардим. Натижада Аллоҳнинг фазли ила илмим зиёда бўларди», дер эди».

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ оқимтир буғдой рангли, ўрта бўйли, гўзал суратли, ташқи кўринишлари ҳайбатли, узун соқолли, салобатли, кийим, салла ва оёқ кийимда ниҳоятда нозик дидли, хушмуомалали, сўзлари равон бўлиб, бир жойдан ўтиб кетсалар, ортларидан хуш ифор келиб турадиган даражада хушбўйланадиган, Аллоҳга бўлган қўрқувлари, доимий муроқаба ва кўп ибодатлари сабабли озғин зот эдилар.

Муваффақ Маккий Букайр ибн Маъруфдан ривоят қилади: «Мен Абу Ҳанифага сафарда ҳам, муқимликда ҳам энг яқин инсон эдим. Кечалари уйларида қиладиган ишларига гувоҳ бўлардим. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг аксарият қилган ишларидан хабардорман. Ибодат борасида биронта инсоннинг у зотчалик кўп тиришқоқлик қилганини кўрмаганман! Кундузи рўзадор, кечаси қоим, Аллоҳнинг каломини тиловат қилувчи, қўрқувчи ва Аллоҳнинг тоатида ғайратли, таълимда ва инсонларга тушунмаган нарсаларини баён қилиб беришда сабр-тоқатли эдилар. У зотнинг барча сифатларини айтишга қодир эмасман. Ўғиллари Ҳаммод айтади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари у зотнинг кўп йиллар давомида қилиб юрган амалларини кузатиб, бомдод намозини хуфтон намозига қилган таҳоратлари билан ўқиганларига шоҳид бўлдилар».

Абу Ҳанифанинг «Муснад» номли ҳадислар тўплами, «Фиқҳул акбар» ёки «Асл ат-Тавҳид», «Фиқҳул абсат», «Ал-олим ва ал-мутааллим» каби асарлари бизгача етиб келган. Фиқҳ илмининг энг пешқадами бўлгани учун Ислом оламининг деярли ярми, жумладан, юртимиз мусулмонлари ҳам у зотнинг мазҳабига эргашишади. Абу Ҳанифа «Аҳли суннат вал жамоа»нинг биринчи имомидир. У киши ҳижрий 150 йили вафот этган.

(Тамом)

Муҳаммад Айюб Ҳомидов

«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан

Муаллиф
Муҳаммад Айюб Ҳомидов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таваллуд санаси 21.07.137115.04.1952. Таваллуд ери Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи. Миллати ўзбек. Дини Ислом. Ақидавий мазҳаби давоми...

4231 11:54 / 27.03.2017
Мулла Абдулбоқи тўра Мавлонхон тўра ўғли 1903 йил Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси ҳозирги Хожам қабри маҳалласида зиёлилар оиласида дунёга келди. Насаби бир давоми...

2414 19:00 / 21.12.2021
Умарали Эшон каромат соҳиби ва валий зот бўлганлар. Шоли экиш мавсуми яқинлашганда Умарали халифа ҳазратлари муридларига бу йил шоли экиш ниятида бўлган давоми...

1809 15:30 / 14.10.2021
Улуғ султон, Абул Фатҳ Маликшоҳ ибн султон Алп Арслон Муҳаммад ибн Чағирбек Салжуқий Туркий.Оталаридан кейин ҳукмронлик қилганлар. Алп Арслоннинг кўрсатмаларига давоми...

2075 11:00 / 30.08.2021
Аудиолар

137629 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57694 14:35 / 11.08.2021